Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Республикамизда буғдой етиштириш ғаллачилик соҳасининг асосини ташкил этиб, халқимизнинг ризқ-рўзи, дастурхонимиз кўрки бўлган нон ва нон маҳсулотлари тайёрлашда қимматли хомашё ҳисобланади. Ғалла етиштириш ва уни қайта ишлаш қадим замонлардан буён жамият ижтимоий ҳаётида муҳим ўрин тутиб, инсон организми эҳтиёжи учун доимий зарур бўлган углеводлар, оқсил ва бошқа фаол моддаларнинг табиий манбаи ҳамдир.
Шунинг учун ҳам, дунёда озиқ-овқат муаммоси ўткирлашиб бораётган ҳозирги мураккаб шароитда ғаллачиликни ривожлантириш, табиатнинг турли экстремал шароитларига чидамли, сифатли дон берадиган ғалла навларини яратиш, етиштирилган маҳсулотлардан тежамкорлик билан фойдаланиш, ғалла етиштиришга инновация ва инвестицияларни кенг кўламда жалб этиш, ғаллани қайта ишлаш саноатини модернизациялаш каби масалаларни ҳал этиш долзарб вазифалар ҳисобланади.
2014 йил 5–6 июнда Тошкентда «Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари» мавзуида бўлиб ўтган халқаро конференцияда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш фонди, Жаҳон банки, Ислом тараққиёт банки, нуфузли халқаро ташкилотлар ва молия институтлари вакиллари, дипломатик миссия раҳбарлари, АҚШ, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Буюк Британия, Франция, Германия, Австрия сингари 40 дан зиёд мамлакатдан етакчи эксперт ва ишбилармонлар иштирок этди. Халқаро конференцияда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов нутқ сўзлаб, «Ерларнинг экологик жиҳатдан бузилиши кимёвий моддалар, минерал ўғит ва пестицидларни тинимсиз ишлатилиши оқибатида янада кучаймоқда», деган эдилар.
Бугунги кунда ғаллачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришда тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорлигини оширишда органик ўғитлар, биофунгицид, биоўғитлардан фойдаланиш зарурати янада долзарб масалага айланди. Ушбу зарурат ота-боболаримиз фойдаланган анъаналардан, яъни, полиз экинлари, сабзавот, мойли экинлар ҳамда дон маҳсулотларини кимёвий воситаларсиз етиштириш, жумладан, тупроқ таркибида гумус миқдорини кўпайтириш биринчи навбатдаги асосий тадбирлардан бири бўлмоғи зарур. Бунинг учун биринчидан, маҳаллий ўғит жамғариш, ундан компост тайёрлаш, маҳаллий биоўғит, биофунгицидлар тайёрлаш ва улардан фойдаланиш зарур.
Фермер хўжаликларида ғаллачиликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишларни ўрганиш мақсадида Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманидаги «Найнаво оқшоми» фермер хўжалигида сўровнома ўтказилди.
Фермер хўжалиги ер майдонининг 20 гектарига ғалла экилган бўлиб, хўжалик ва дон корхонаси ўртасида гектаридан 36 центнер, жами 72 тонна буғдойни давлат эҳтиёжлари учун харид қилиш юзасидан контрактация шартномаси имзоланган.
Фермер хўжалиги томонидан амалда гектаридан 56 центнер ёки жами 112 тонна ҳосил олинган. Давлат буюртмасидан ортиқча олинган 40 тонна ҳосилнинг бир қисми ишчи-ходимларга иш ҳақи сифатида тақсимланган, ички истеъмолга ишлатилган ва қайта ишланган. Фермер хўжалигининг юқори ҳосил олишида маҳаллий биоўғит ва биофунгицидлардан фойдаланиш муҳим омил бўлиб хизмат қилган.
Ҳашарот ва зараркунандаларнинг ғалла ҳосилдорлиги пасайишига сабаб бўлаётгани, шунинг учун фермер хўжаликларида заҳарли химикатлардан фойдаланиш зарурати пайдо бўлишига олиб келмоқда.
Агарда ҳисоб-китоб қилиб кўриладиган бўлса, бир гектар майдонга 0,5 литр инсектицид ва гербицид қўлланилишини, бир литрини нархи 200 минг сўмдан 650 минг сўмгачани ташкил этишини инобатга оладиган бўлсак, фермер хўжалигига ўртача сарф этиладиган кимёвий воситанинг умумий қиймати 2,5 млн сўмни ташкил этади. Бу эса, ғалла таннархининг ошишига, хўжалик фойдасининг камайишига ва дон сифатининг ёмонлашишига олиб келади.
Юқоридагиларни ҳисобга олиб, «Найнаво оқшоми» фермер хўжалигида зараркунанда ва ҳашаротларга қарши курашишда заҳарли кимёвий воситадан эмас, балки маҳаллий хомашёлардан, яъни зубтурм, ялпиз, райҳон, исириқ, ёнғоқ, аччиқ қалампир каби ўсимликларнинг япроқ ва мевалари асосида тайёрланган препаратлардан фойдаланиб, бир гектар майдон ҳисобига сарф-харажатларни сезиларли даражада камайтиришга эришилган.
Мазкур препарат маҳаллий хомашёлардан тайёрланган экологик соф биологик восита бўлиб, у кимёвий воситалардан бир неча баробар арзонлиги ва дон таркибига заҳарли таъсир қилмаслиги билан ажралиб туради. Шу билан бирга, бошқа заҳарли инсектицид ва гербицидларга сарфланадиган 2375 минг сўмлик маблағлар иқтисод қилиб қолинганлиги унинг инновацион ишланма сифатида нечоғли аҳамиятли эканлигидан далолат беради.
Фермер хўжалиги ғаллазорларига маҳаллий мутахассислар томонидан ишлаб чиқарилган экологик соф «Биоэнергия-М» препарати қўлланган, бир литр препаратнинг нархи 8000 сўмдан, 20 гектар ғаллазорга жами 160 минг сўмлик препарат ишлатилган. Фермер хўжалиги раҳбарининг таъкидлашича, шу ҳисобидан гектаридан ўртача саккиз центнердан, жами 16 тонна қўшимча ҳосил олинган. Бу бозор нархида жами 19,2 млн сўм қўшимча даромад олиш имконини берган.
Олтинкўл тумани «Истиқлол» илмий-экспериментал фермер хўжалигида «Биоэнергия-М» препарати қўлланилганда «Андижон-4» кузги буғдой нави ҳосилдорлиги 65ц/га етган ва ўсув даври 5–6 кунга қисқарган. Шу тумандаги «Асадбек Туркистон» илмий-экспериментал ф/хўжалигида «Биоэнергия-М» препарати «Андижон-4» кузги буғдой навига қўлланганда вегетация даври 5–7 кунга қисқариб, ҳосилдорлик 11,5 центнерга ошганлиги аниқланган.
Қўрғонтепа туманидаги «Оқ сув» илмий-экспериментал ф/ хўжалигини 150 гектар ғалла майдонида буюртма бўйича гектаридан 32 центнердан, жами 480 тонна буғдой топшириш режалаштирилган. Фермер хўжалигида амалда гектаридан 40 центнердан, жами 600 тонна ёки режага нисбатан 120 тонна кўп буғдой олинган.
Фермер хўжалиги қўшимча олган буғдой ҳосилини ички истеъмолига ишлатган, яъни ишчи-ходимларига тарқатган ва ўз тегирмонида қайта ишлаб, ишчиларини мавсум давомида иссиқ овқат билан таъминлаб келган. Фермер хўжалиги қўшимча ҳосилдорликка эришиш учун инновацион техникалардан унумли фойдаланмоқда, ғалла майдонларига ҳайдов ва ишлов беришда аммиакли селитра махсус ясалган агрегатда сепилади. Аммиакли селитра таркибида 85 фоиз азотнинг мавжудлиги ўсувни тезлаштириб, тупроқдаги зараркунанда ва ҳашаротларни йўқотади.
Ғаллани экишда агротехникаларга риоя этиш, экиш меъёри, муддатига амал қилиш кўплаб муаммоларни бартараф этмоқда. Мазкур масалада яхши самара бераётган янги универсал сеялкада ҳам культивация қилиш, ҳам экиш ҳисобига гектарига 15 литр ёнилғи сарфланади. Анъанавий сеялкада эса, ҳайдов, чизел ва борона қилиш учун гектарига жами 40 литр ёки ўртача 30 гектар ғалла майдонига 1200 литр ёнилғи ишлатилади. Ёнилғи нархи ўртача 3000 сўм деб ҳисобланса, ёнилғининг умумий қиймати 3,6 млн сўмни ташкил этади, инновацион универсал сеялка билан экилганда эса ушбу майдонга 450 литр ёки 1,35 млн сўмлик ёнилғи сарфланиб, жами 2,25 млн сўм маблағ ва вақт тежаб қолинади.
Яна бир инновацион технологиялардан бири – Американинг «Тримбил» компаниясининг универсал трактори бўлиб, у замонавий технологиялар билан жиҳозланган ва сунъий йўлдош орқали бошқарилади. Унинг афзалликлари ерни тайёрлаш лозим бўлган далани контур бўйича йўналиши киритилади ва трактор ҳайдов, культивация барча агротехник тадбирларни бажаради, қаерга ва қанча миқдорда ўғит бериш кераклиги дастур орқали амалга оширилади, бу эса ёнилғи ва вақтни тежаш имконини беради.
Юқорида келтирилган соф экологик препарат ва технологиялардан фойдаланиш орқали экологик тоза нон ва нон маҳсулотлари билан аҳолини таъминлаш, яъни маҳаллий навларни катта майдонларга экиш ҳисобига қўшимча даромад олиш, четдан уруғлик олиб келиш учун сарфланадиган валютани тежаш, замонавий, инновацион техника ва технологиялардан кенг миқёсда унумли фойдаланиш, ёнилғи, меҳнат сарфини камайтириш фермер хўжаликлари молиявий барқарорлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Илмий-тадқиқот ишлари, истиқболли янги навларнинг яратилаётгани, деҳқонларнинг фидокорона меҳнати, фермерларнинг ғалла етиштиришдан манфаатдорлигининг ортиб бориши, ғаллачиликнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, бу соҳанинг давлат томонидан қўллаб-қувватланаётганлиги республика ғаллачилигини янги босқичга кўтариш имконини бермоқда. Ўзбекистон ўз аҳолисини дон маҳсулотлари билан таъминлаб қолмасдан, балки хорижга ҳам ғалла экспорт қилувчи давлатлар сафига қўшилди.
Айни пайтда республикада инновацион жараёнларни чуқурлаштиришга ва инновация базасини мустаҳкамлаш учун барча зарур ижтимоий-иқтисодий асослар мавжуд. Бироқ, ғаллачилик тармоғини инновацион тартиб бўйича ривожлантиришга ўтказишда айрим муаммолар мавжуд, жумладан:
● биринчидан, фермер хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчи субъектларнинг илмий-тадқиқот ишларига буюртма бериш ҳамда тадқиқотларни молиялаштиришдаги иштирокининг сустлиги;
● иккинчидан, илғор инновацион технологияларни ишлаб чиқариш бўйича тадқиқот олиб бориш ва илмий-тадқиқотларни молиялаштиришни хўжалик субъекти ўзи амалга ошира олмаслиги;
● учинчидан, замонавий технологиялар, янги навлардан фойдаланиш бўйича маҳсулот ишлаб чиқарувчилар ва қайта ишловчиларнинг етарли даражадаги билимга эга эмаслиги;
● тўртинчидан, олий таълим ва илмий-тадқиқот институтлари олимлари томонидан тайёрланган инновацион ишланмаларда маҳсулот ишлаб чиқарувчиларнинг талаблари етарли даражада қондирилмаслиги, улар ўртасида узвий боғлиқлик йўқлиги.
Келгусида ғаллачилик тармоғини инновацион асосда ривожлантириш учун қуйидаги чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш мақсадга мувофиқ, жумладан:
● фермер хўжаликларининг инновацион ишланмалари ва инновацион ғояларини молиявий қўллаб-қувватлаш ва ҳар томонлама рағбатлантириш орқали амалиётга кенг кўламда жорий этиш;
● инновацион фаолиятни татбиқ этишни таъминловчи меъёрий-ҳуқуқий базани шакллантириш ва мавжудларини такомиллаштириш;
● ғалла етиштириш агротехнологиясини оқилона йўлга қўйиш, ресурс тежовчи усулларни жорий этиш ҳамда маҳсулот таннархини пасайтиришга эришиш;
● сув ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланишни таъминловчи агротехнологияларни ишлаб чиқаришга жорий этишга устуворлик бериш;
● инновацион жараёнларни фаоллаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш ҳамда изчиллигини таъминлаш бўйича мониторинг тизимини йўлга қўйиш;
● инновацион маҳсулотларни амалиётга жорий этишни талаб даражасига етказиш ва уни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмини янада такомиллаштириш;
● ғаллачиликда инновацион йўналиш ва инновацион маҳсулот борасида аниқ маълумотлар базасини шакллантириш ва тизимлаштириш, улардан фойдаланиш механизмини соддалаштириш;
● ғаллачилик фермер хўжалиги раҳбарларининг инновацион йўналиш, инновацион фаолият ва инновацион маҳсулотлардан фойдаланиш борасидаги билимини ошириш, уларнинг инновацион муҳитга қаратилган дунёқарашини кенгайтириш ва бошқалар.
Хулоса қилиб айтганда, юқоридаги таклифлар асосида мақсадли давлат дастурини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш-ғаллачилик тармоғида илмий сиғимли инновацион технологияларни қўллашга ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга ҳамда соҳани барқарор ривожлантиришга кенг йўллар очиб бериши мумкин.
Умир ХАЛИЛОВ,
ҚХИИТИ катта илмий ходими