Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Ўзбекистоннинг мустақилликдан аввалги на ижтимоий, на иқтисодий аҳволини бугун ҳеч ким ҳавас билан эслаётгани йўқ. Агар кимки, аввалги ачинарли сиёсий, иқтисодий, ижтимоий аҳволимизни бошқача талқин қилар экан, бундай шахсларда миллий ғурур ҳам ўзига яраша! Нега деганда, оддий халқдан сир тутилган барча маълумотлардан бугун ҳамма хабардор. Барча кўрсаткичлар бўйича тоталитар тузумда энг охирги ўринни эгаллаганимиз, аҳоли ўртасидаги тушкунлик, ишончсизлик кайфияти, қўрқув ва ваҳима кенг тарқалганини ким инкор этади? Ана шундай мураккаб, нозик ва таҳликали даврда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов мамлакат мустақиллигини эълон қилиб, дунё харитасида янги давлатнинг пайдо бўлишига асос солди.
Миллий Раҳнамо сифатида ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ўзига хос ва ўзига мос йўли – мафкурадан ҳоли иқтисодиётнинг сиёсатдан устунлиги, барча ислоҳотларда давлатнинг бош ислоҳотчи сифатида намоён бўлиши, қонуннинг устувор аҳамият касб этиши, кучли ижтимоий сиёсат юритиш ҳамда ислоҳотларни босқичма-босқич, тадрижий равишда амалга ошириш тамойилига асосланган, марказлаштирилган режали иқтисодиётдан ижтимоий йўналтирилган эркин бозор иқтисодиётига ўтишни назарда тутган машҳур «ўзбек модели»ни изчил татбиқ этди. Ўзбекистон иқтисодиёти бир ёқлама шаклланган, фақат хомашё етказиб берувчи қолоқ республикадан барча соҳалар жадал суръатларда ўсиб бораётган, тараққий этаётган давлатга айланди. Мустақил тараққиёт йилларида мамлакат иқтисодиёти беш баробар, аҳоли жон бошига даромадлар эса 8,7 баробарга кўпайди.
Дастлабки йилларда иқтисодий кўрсаткичлар паст натижаларни қайд этди. Бу ҳол ўтиш даврининг ўзига хос мураккабликлари билан боғлиқ эди. Хусусан, 1991–1995 йилларда аҳоли жон бошига ЯИМ ишлаб чиқариш ҳажми пасайиб борди. 1992 йилда 13,2, 1995 йилда эса 24,8 фоизга қадар пасайди. Солиқ-бюджет ва монетар сиёсатдаги муваффақиятли ислоҳотлар туфайли, иқтисодиётда таназзул тўхтатилгани ва 1996 йилдан бошлаб иқтисодий ўсиш бошлангани, зарурий қонунчилик базаси яратилгани инвестициялар ҳажми ошишига ва таркиби ижобий тарафга ўзгаришига олиб келди. Агар 1991 йилда мамлакат инвестиция портфели уч манба (бюджет, корхоналар ва аҳоли маблағлари)дан шакллантирилган бўлса, 1995 йилдан бошлаб капитал маблағлар тузилмасида хорижий инвестиция ва тижорат банклари кредити пайдо бўлди. 1996 йилдан эътиборан ҳар йили Инвестиция дастурини амалга ошириш йўлга қўйилди. Ислоҳотларни чуқурлаштириш, ташкилий-ҳуқуқий базанинг такомиллаштирилиши натижасида 2004 йилдан барқарор ўсиш даври бошланишига эришилди. 2007 йилга келиб эса, энг юқори натижа – 109,5 фоизлик кўрсаткичга эришилди. Аммо, 2008 йилдан бошланган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам ўз таъсирини ўтказди. Шу сабабли, 2008 йилги мамлакат ЯИМнинг ўсиш суръати 2007 йилга нисбатан 0,5 фоизга пасайди, 2009 йили бу фарқ янада катталашиб, 1,4 фоизни ташкил этди. Ўз вақтида ишлаб чиқилган чора-тадбирлар натижасида юртимизда барқарор ва юқори иқтисодий ўсиш суръатлари сақлаб қолинди. Яъни, 2010–2011 йилларда мос равишда 8,5 ва 8,3 фоизни ташкил этди. 2012 йили ЯИМ ўсиши 8,2 ва 2013 йилда саккиз фоизга тенг бўлди.
Мазкур йилларда автомобилсозлик, нефть-газ-кимё, фармацевтика, озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати каби янги тармоқлар ташкил қилинди. Қулай инвестиция муҳити яратилиши ҳамда фаол инвестиция сиёсати юритилиши иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим омилига айланди. Бунинг натижасида Ўзбекистон тайёр маҳсулот олиб келинадиган мамлакатдан юқори қўшимча қийматли экспорт маҳсулоти чиқарадиган давлатга айланди.
Истиқлол йилларида мамлакатимизда мутлақо янги банк-молия тизими йўлга қўйилди. Кенг кўламли ислоҳотлар туфайли, 2005 йилдан дефицитсиз давлат бюджетини таъминлашга эришилди. Ўтган давр мобайнида кўплаб солиқ ставкалари 1,5–2 баробарга камайтирилди, давлат бюджети таркибида ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун сарфланадиган харажатлар улуши эса 59 фоизга қадар оширилди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги салмоқли ўзгаришлар натижасида ғалла мустақиллигига эришилиб, ишлаб чиқариш ҳажми 1,8 баробарга оширилди. Барқарор пахта етиштириш билан бирга, ғалла ҳажми 3,7, гўшт тайёрлаш 1,9 баробарга ўсди. Ўзбекистон жаҳон бозорида мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирадиган ва экспорт қиладиган етакчи мамлакатдан бирига айланди. Айни пайтда 5 миллиард АҚШ долларидан зиёд озиқ-овқат ва мева-сабзавот экспорт қилинмоқда. Яъни, 80 дан ортиқ давлатга 180 турдан зиёд маҳсулот, шунингдек, қўшимча қийматга эга чуқур қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилиниши натижасида ташқи бозорга чиқариш ҳажми уч баробардан ошди.
Мустақиллик йилларида жон бошига реал пул даромадлари хусусий мулк ва тадбиркорлик фаолияти ҳисобига 3,7 баробарга ошди. Айни пайтда, хусусий мулк ва тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромадлар аҳоли умумий даромадининг 47 фоизини ташкил этмоқда. Даромадларнинг ошиши билан бир қаторда, аҳолининг истеъмол харажатлари таркибида ҳам сифат ўзгаришлари рўй берди, жон бошига ўртача гўшт, сут, сабзавот, картошка, мева каби озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш кўпайди. Сифатли ноозиқ-овқат товарларидан фойдаланиш, айниқса, мураккаб маиший техника, компьютер, автомобиль, шунингдек, турли хизматлар билан таъминланганлик даражаси ҳам сезиларли ўсди. Бунга ўтган йиллар давомида кенг турдаги истеъмол товарларини ишлаб чиқариш ва маиший хизматларни ташкил этиш, уларни тегишли равишда 4,7 ва 8,3 баробарга ошириш ҳисобига эришилди.
2016 йилда экспорт қилиш ҳажми ортиши, миллий маҳсулотларимизни харид қилаётган мамлакатлар географияси узоқ хориж давлатлари ҳисобига кенгайиши кузатилди. Маҳаллий маҳсулотларни четга чиқариш географияси 52 та янги бозорга кўпайди. Хусусан, Бирлашган Араб Амирликлари, Ливан, Иордания, Ироқ, Гана, Сенегал, Кот-д’Ивуар, Сомали, Нигерия, Руминия, Япония, Хитой, АҚШ, Исроил, Польша, Туркия, Жанубий Корея, Латвия, Афғонистон, Швеция, Болгария, Беларусь, Озарбайжонга турли хил буюмлар ва маҳсулотлар экспорт қилинмоқда.
Кенг кўламли ислоҳотлар туфайли Ўзбекистоннинг жаҳон мамлакатлари ўртасидаги рейтинг кўрсаткичи ҳам йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Хусусан, Жаҳон иқтисодий форуми рейтингида 2014–2015 йиллардаги ривожланиш якунлари ҳамда 2016–2017 йиллардаги иқтисодий ўсиш прогнозлари бўйича дунёдаги энг тез ривожланаётган бешта мамлакатдан бири эканлиги қайд этилди. Бундан ташқари, 2015 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)га аъзо давлатларнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Минг йиллик ривожланиш мақсадларига эришгани учун бериладиган мукофотига сазовор бўлган 14 та давлатдан бири сифатида эътироф этилди.
Хуллас, эришилаётган ютуқлар, қўлга киритилган натижалар тўғрисида фикр юритганда узоқ ва яқин истиқболга мўлжалланган дастурлар, режалар ва чора-тадбирлар мамлакатимиз келажаги тўғрисида ижобий башоратларни илгари суришга замин яратади. Айни пайтда, иқтисодиётни диверсификация қилиш, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга кенг урғу бериш, бутунлай янги босқичга олиб чиқиш борасидаги ўзгаришлар янада долзарблик касб этмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони муҳим аҳамият касб этади. Унда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка берилган эркинлик миқёсини кенгайтириш, давлат идоралари аралашувини тубдан қисқартириш, ҳуқуқбузарликлар олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ноқонуний аралашувларга йўл қўймаслик давлат сиёсатининг устувор йўналиши ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгиланди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2017–2021 йилларда мамлакатимизни ҳар тарафлама ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида қуйидагиларни амалга оширишга алоҳида урғу берилди:
● давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш;
● қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш;
● иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш;
● ижтимоий соҳани ривожлантириш;
● хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш.
Қисқача хулоса қилганда, мамлакат иқтисодиётини модернизациялаш, ишлаб чиқариш қувватларини қайта жиҳозлаш, сўнгги русумдаги техника ва технологияларни тўлиқ жорий этиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва импорт ҳажмини камайтириш ҳисобига кичик тадбиркорликни ривожлантиришга жалб этилаётган сармоялар ишлатилишини жиддий назорат қилишга алоҳида эътибор қаратилади.
Шу жумладан, истиқболли корхоналарга турли ресурсларни самарали жалб этишда молиявий идораларнинг назорат тизими мувофиқлаштирилиши ҳам модернизация даврида муҳим аҳамият касб этади, яъни:
● мамлакатда банк-молия сиёсатини ислоҳ қилиш, яъни эркин рақобатни ривожлантиришга қаратилган туб ислоҳотларни амалга ошириш, хусусан, талаб ва таклиф асосида ўзини тўлиқ оқлаш имконини берадиган валюталар курсига ўтиш механизмини яратиш;
● мамлакатда хуфиёна ва норасмий иқтисодиёт шаклланишига хизмат қилувчи механизмлар ҳамда маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, қонуний ва эркин иқтисодиётни шакллантиришнинг дунё тажрибасида қўлланаётган самарали усулларини жорий қилиш;
● ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларида жаҳоннинг йирик молия муассасалари ҳамда халқаро ташкилотлари, жамғарма ва трансмиллий корпорациялари иштирокини ошириш, ислоҳотлар режасини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда хорижий экспертлар фаолиятини кенгайтириш;
● эркин иқтисодий зоналар билан бир қаторда йирик шаҳарларда махсус халқаро молия марказларини ташкил этиш, чет эл инвестициясини жалб этиш ва ўзлаштиришда тўсиқ бўлаётган ортиқча тартиблар, маъмурий тўсиқлар, қоғозбозлик ва расмиятчиликларни халқаро қонунчилик меъёрлари асосида тубдан қисқартириш.
Албатта, ушбу таклифлар ўз навбатида мамлакатимиз Президентининг Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда кичик бир мурват бўлиши билан бирга, ижтимоий-иқтисодий фаолиятимизда мавжуд бўлган баъзи бир «тиқин»лардан воз кечишга, халқ билан очиқ мулоқотдан кутилаётган самарадорликни оширишга хизмат қилади.
Асқар САМАДОВ,
иқтисод фанлари номзоди