Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Айни пайтда глобаллашув шиддатли кечаётган даврда бозор муносабатларининг йўлга қўйилиши, мамлакатнинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашуви ҳамда иқтисодий тизимдаги ахборот ролининг ўсиши, янги технологиялар, капитал бозорлари ўртасидаги алоқаларнинг кучайиши иқтисодиётнинг инновацион ривожланиш йўлига ўтишини тақозо этмоқда. Дунёнинг ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлари тажрибасини ўрганиш, шунингдек, республикамизнинг бой табиий ва ижтимоий ресурслари, ишлаб чиқариш ва илмий-техник салоҳиятини ҳисобга олиб, инновацион ривожланиш йўлини танлаб олиш муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, мамлакатимиз ривожланишини максимал даражада ташкил этиш учун, энг аввало, инновацион ҳамда илмий-техник салоҳиятдан самарали фойдаланишга жиддий эътибор қаратиш лозим. Бу борада мамлакатимизнинг комплексли инновацион сиёсатини шакллантириш бўйича қонунчилик асосларини яратиш зарур.
Инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш ва ривожлантириш учун эса, мазкур фаолиятнинг стратегик ва тактик чора-тадбирлар тизимини ишлаб чиқиш талаб этилади. Маълумки, мазкур тизимни ишлаб чиқиш фақатгина илмий асосларда амалга оширилади. Шу сабабли мутахассислар, тегишли соҳа ходимлари инновацион фаолиятни ташкил этиш ва бошқариш амалиётини, стратегик қоидаларини ва инновацион сиёсатни шакллантириш ҳамда амалга ошириш хусусиятларини билиши зарур.
Инновация, бу – янада мукаммалроқ ҳолатга ўтиш учун яратилувчи янгиликлардан иборат бўлиб, ўйлаб топиш, ишлаб чиқариш ва ихтиро қилиш лозим бўлган янги восита, янги усул, янги маҳсулот, янги технологиялар, демакдир. Инновация – янги билимларнинг йиғиндиси сифатида амалда қўлланиши ва мос келувчи соҳаларда самара бериши лозим.
Бугунги кунда инновация ишлаб чиқаришда, иқтисодий, ҳуқуқий ва ижтимоий муносабатларда, илм-фан, маданият, таълим соҳаларида кенг қўлланмоқда. Бу эса, ҳар бир соҳанинг ривожи учун янгича ёндашув билан қараш, деганидир.
Ўзбекистон иқтисодиётида миллий саноатнинг роли ва аҳамияти салмоқли бўлиб, давлат мустақиллигига эришилгандан кейин бу соҳада туб хўжалик-иқтисодий, ташкилий-институционал ва таркибий ислоҳотлар амалга оширилди. Саноат корхоналарини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш, давлат – акциядорлик, корпоратив, жамоа ва хусусий мулк шаклларига айлантириш, саноат тармоқларида таркибий ўзгаришлар амалга оширилиб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, чет эл капитали иштирокидаги қўшма корхоналар ташкил этилди. Миллий саноат ривожланиши, янги даврнинг макроиқтисодий вазиятларини, бозор муносабатларини шакллантириш ва таркибий ўзгаришлар тавсифини саноатлаштириш стратегиясидан келиб чиқиб бир неча босқичга ажратиш мумкин. Бозор муносабатларига ўтишнинг устувор йўналишларидан бири, бу – иқтисодиёт тармоқларида инновацион ислоҳотлар, туб янгиланишларнинг модернизация қилиниши ҳисобланиб, у макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, корхоналарни янги технологиялар билан жиҳозлаш, иқтисодиётда нодавлат сектор улушини оширишга асосланади. Ушбу жараён, шубҳасиз, мамлакатнинг инновацион, иқтисодий салоҳиятини ошириш билан бир пайтда, ундан унумли фойдаланишни назарда тутади. Мамлакатимиз иқтисодиётининг ҳозирги ҳолати миллий иқтисодиётда инновацион ўзгаришларни амалга ошириш суръатларини жадаллаштиришни талаб этмоқда. Таъкидлаш жоизки, иқтисодиёти тараққий этган мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, самарали инновацион стратегияга эришиш учун иқтисодий ва табиий омиллардан оқилона фойдаланиш зарур. Мамлакат саноат-инновацион сиёсатида потенциал рақобатбардошликни юзага келтириш учун, энг аввало, иқтисодиётнинг хомашё йўналишига ихтисослашган тармоқларида таркибий ўзгаришлар ҳисобига экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришни ривожлантириш устувор аҳамиятга эга. Инвестицияларнинг жалб этилишини мувофиқлаштириш, ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш ва дунё бозорларида мустаҳкам ўрин эгаллаш бўйича давлат сиёсатини юритиш асосий ёндашувларимиз моҳиятини намоён этиши лозим.
Саноат тармоқларида инновацион стратегияларни мунтазам равишда қўллашни йўлга қўйиш ва татбиқ этишни амалга ошириш учун ишлаб чиқарилаётган рақобатбардош маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқариш давомийлигига эришиш саноат ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлашда муҳим омиллардан бири ҳисобланади.
Фан-техника тараққиётини таъминлашнинг энг муҳим йўналишларидан бири, бу – илғор, энг замонавий технологияларни мунтазам равишда ўзлаштириб боришдан иборат. Илғор технологиялар, бу – синовдан ўтган технологик жараёнларни бирлаштириш, турли-туман физик – кимёвий усулларни қўллаш, вакуумлаш, нанотехнологиялардан самарали фойдаланиш каби бир қанча усуллар мажмуини ўзлаштиришни ташкил этишга қаратилган жараёндир.
Яна бир йўналиш – ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва механизациялаштириш, электрлаштириш ва компьютерлаштиришдан иборат.Ривожланган мамлакатларнинг барча тармоқларида қайд этилаётган жиҳатларнинг тўлиқ амалга оширилиши учун қатъий риоя қилинади. Бу борада талаб этилаётган биронта омилга иккиламчи вазифа, дея қаралмайди. Аксинча, техник фаолиятни ташкил этиш учун зарур бўлган барча талабларнинг ўз ўрнида бўлишига жиддий эътибор қаратилади. Шунингдек, автоматлаштиришнинг юксак чўққиси ҳисобланмиш ва самарадорликни таъминлайдиган робот техникаларини қўллашга эътибор бериш ҳам ишлаб чиқаришнинг энг олий мақсадларидан бирига айланиши лозим.
Техника илм-фан ютуқлари асосида яратилаётган инсон куч-қудратини, унинг иш қобилиятини, ижодий салоҳиятини чексиз оширувчи қурол ҳисобланади. Технология эса, илм-фан ва замонавий техник воситалар асосида маълум моддий бойликларни яратувчи ёки шу моддий бойликларни амалга оширувчи омилдир. Янги технология ва инновацион стратегия, техник жараёнларнинг бир-бирига боғлиқлиги, бир-бирини тўлдириб туриши, уларнинг мунтазам равишда такомиллаштирилиши жамият тараққиётига хизмат қилади.
Технологик инновациялар юридик шахснинг биринчи маротаба ишлаб чиқараётган маҳсулотлари, жараёнлар, хизматлар ва усуллар шаклида (уларни бошқа юридик шахслар қўллаётган бўлса ҳам) бўлиши мумкин. Технологик инновациянинг иккита тури мавжуд бўлиб, улар маҳсулотлар инновациялари ва жараёнлар инновацияларидан иборат. Саноат ишлаб чиқаришда маҳсулот инновациялари технологик жиҳатдан янги ва ҳар тарафлама такомиллаштирилган маҳсулотни тайёрлаш ва жорий этишни ўз ичига олади. Технологик янги маҳсулот, бу – технологик хусусиятлари (функционал белгилари, конструктив йўл билан бажарилиши, қўшимча операциялари, қўлланиладиган таркибий қисмлари ҳамда материаллар таркиби) ёки қўлланилиш мақсади принципиал жиҳатдан янги ёки юридик шахс томонидан илгари ишлаб чиқарилган шунга ўхшаш маҳсулотлардан сезиларли даражада фарқ қилувчи маҳсулотдир. Бундай инновациялар принципиал жиҳатдан янги технологияларга ёки мавжуд технологиялардан, тадқиқот ва ишланмалар натижаларидан фойдаланишга асосланган бўлиши мумкин. Технологик жиҳатдан такомиллаштирилган маҳсулот, бу – юқори самарали таркибий қисмлар ва материаллардан фойдаланиш, бир ёки ундан ортиқ техник таркибий қисмларни қисман ўзгартириш (комплекс маҳсулотлар) йўли билан ишлаб чиқаришнинг сифат хусусиятлари яхшиланадиган ва иқтисодий самарадорлиги ошириладиган маҳсулотдир.
Мамлакатимизда корхоналарни ривожлантириш учун республикамизнинг истеъмол бозорларини аҳоли ўртасида харидоргир бўлган сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, тармоқнинг экспорт салоҳиятини ошириш, кичик корхоналар томонидан рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, тармоқда янги техник ва технологик, инвестиция сиёсатини юритиш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳисобига янги ва сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни мунтазам ўзлаштириш, тармоқ корхоналарини янги техникалар билан жиҳозлашга жиддий эътибор қаратиш учун хорижий сармояларни кенг кўламда жалб этиш чора-тадбирларини амалга ошириш назарда тутилади.
Хуллас, инновацион муносабат тадбиркорлик фаолияти ривожланишининг асосини ташкил қилади. Яъни, бозор муносабатлари шароитида фаолият юритаётган корхоналар ва хўжаликларнинг рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришлари, хизматлар кўрсатишда муваффақиятга эришишлари учун мунтазам равишда янгиликларни излашга интилишлари ва ўз фаолиятларига татбиқ этишлари бу борадаги энг муҳим жиҳатлар ҳисобланади.
Ортиқ ЭРНАЗАРОВ,
мустақил тадқиқотчи