Бугунги кунда Ўзбекистонда барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар республика иқтисодиётида хусусий мулкнинг ўрни ва ролини, ЯИМдаги улушини изчил ошириш, уларнинг моддий ва кредит ресурсларидан фойдаланишини кенгайтириш, бизнес муҳитини яхшилаш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтиришга қаратилган. Шу боис, республикада самарали тарзда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ЯИМда кичик бизнеснинг улуши 2000 йилдаги 31 фоиздан бугунги кунда 56,7 фоизга етди ва 1,8 баробар ошди. Жами саноат маҳсулотларининг 31,7 фоизи, кўрсатилаётган бозор хизматларининг деярли барчаси, иш билан банд аҳолининг 77 фоиздан ортиғи кичик бизнес улушига тўғри келди.
Кичик бизнеснинг жадал ўсишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги баъзи маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, республикада инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш орқали уни халқаро меъёрларга тўлиқ жавоб беришини таъминлаш юзасидан тегишли ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш талаб этилмоқда.
Республикада ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида иш билан бандлар сони 2016 йилда 2000 йилга нисбатан 2,2 бараварга ўсган. Шу ҳисобидан иқтисодиётнинг етакчи тармоқларида кичик бизнеснинг таркибий тузилмаси ва унда бандлар улуши ҳам ўзгариб бормоқда.
2000–2016 йилларда мамлакатимизда КБХТ барқарор суръатларда ривожланиш тенденциясига эга бўлиб, рўйхатга олинган субъектлар сони 2,6 баравар, фаолият юритаётган кичик бизнес субъектлари сони эса 2,9 мартага ошган.
ЯИМ ва бандликдаги кўрсаткичлар бўйича ҳудудлар миқёсида жиддий фарқлар мавжуд. Хусусан, Андижон, Самарқанд, Хоразм, Сирдарё, Наманган, Жиззах вилоятларида ялпи банд аҳолидаги улуши (78–80 %) юқори бўлгани ҳолда, ушбу кўрсаткич Навоий вилоятида (58,2 %) ва Тошкент шаҳрида (57,1 %) республика ўртача кўрсаткичидан паст даражада қайд этилган.
Бугунги кунда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг асосий устувор йўналишларидан бири сифатида мамлакатимизни иқтисодий ривожлантиришга қаратилган узоқ муддатли стратегик мақсадни амалга ошириш ва Ўзбекистоннинг жаҳон бозоридаги рақобатдошлигини таъминлаш ва мавқеини мустаҳкамлашга йўналтирилган таркибий ўзгаришлар ва юксак технологияларга асосланган замонавий тармоқлар ва ишлаб чиқариш соҳаларини жадал ривожлантириш билан бир қаторда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини изчил ривожлантириш сиёсатини давом эттириш талаб этилмоқда.
Амалга оширган тадқиқотларимиз шуни кўрсатмоқдаки, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ўзининг хўжалик фаолиятида ташқи омиллар, жумладан, аниқ башорат қилиб бўлмайдиган омиллар таъсирига мослашиб боришга мажбур. Шу сабабли, ташқи муҳитда рўй бераётган барча ўзгаришларни мунтазам кузатиб бориш, уларни баҳолаш ва корхонанинг барқарор ривожланишига, айниқса, ноқулай ташқи шароитлар юзага келганда муҳитнинг салбий таъсирини пасайтиришга йўналтирилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш маркетинг фаолиятининг энг муҳим тамойилларидан бирига айланиши лозим.
Маълумки, бозор кучларининг ишлаб чиқаришга таъсири маҳсулот сифати ва нарх даражасига, шунингдек, қувватларнинг иш билан юкланганлик даражасига жиддий таъсир кўрсатувчи рақобат шаклини юзага келтиради. Шу сабабли, товарни ва корхонанинг ички муҳитини ўрганиш, корхонанинг мақсадли йўналтирилган товар ва нарх сиёсатини тўғри режалаштириш билан боғлиқ таҳлилий тадқиқотлар олиб бориш зарур. Шу боисдан, маркетинг концепцияси корхонани узоқ муддатли ва қисқа муддатли режалар ишлаб чиқишни кўзда тутадиган стратегик режалаштиришга йўналтиради. Бу эса, ҳақиқатга яқин ишлаб чиқариш ва сотув дастурларини тузишда бозор ўзгаришларига тезроқ жавоб беради ва рақобат курашида жиддий устунликлар яратади.
Шу билан бирга, кичик бизнесда маркетингни қўллаш амалиёти шуни кўрсатадики, фақат айрим таркибий қисмлардан фойдаланиш, масалан, товарни ўрганиш ёки бозорни башорат қилиш етарли натижа бермайди. Фақат комплексли ёндашувгина корхонага, айниқса, бу янги маҳсулотга алоқадор бўлса, бозорга ўз маҳсулоти билан кириб бориш имконини беради. Шу сабабли, маркетинг бошқарув концепциясига йўналтирилган корхона учун асосийси, бу – комплекслилик, яъни тадбиркорлик фаолияти, хўжалик юритиш фаолияти, ишлаб чиқариш фаолияти ва сотув фаолиятини бирлаштириш ҳисобланади.
Кичик бизнес амалиётида товарлар бозори бошқа бозорлардан ўзининг товарлар тури ва истеъмолчиларнинг хилма-хиллиги, уларнинг географик, миллий, тарихий, минтақавий хусусиятлари билан ажралиб туради ҳамда маркетинг тадқиқотини ўзига хос усул ва услубиятларда олиб боришни тақозо этади.
Бизнинг фикримизча, ушбу хусусиятлар қуйидагилардан иборат:
● маркетинг тадқиқотларини ишлаб чиқишда махсус тадқиқотнинг усул ва услубиятидан фойдаланиш;
● бошқа аниқ фанлар, илмий йўналишларда ишлаб чиқилган ва амалиётда қўлланилаётган усуллардан фойдаланиш;
● маркетинг тадқиқотларида инсон омилининг алоҳида ролини очиб бериш;
● товарлар нархини белгилашда ишлаб чиқарувчилардан кўра харидорларнинг ҳал қилувчи роль ўйнашига эътибор бериш;
● истеъмол бозорига товарларнинг асосий қисми агросаноат комплекси томонидан етказиб берилиши ва бошқалар.
Тадбиркорлик фаолиятида товар сиёсатини бошқаришда корпоратив стратегия қўлланилади. Ушбу стратегия корхонанинг хўжалик фаолиятини муқобиллаштириш, ресурсларни бўлимлар ва стратегик хўжалик зоналари ўртасида тақсимлаш, келажакда амалга ошириладиган фаолият турларини танлашга доир масалаларни ҳал қилишга қаратилган бўлади.
Тадқиқотлар натижалари шуни кўрсатдики, кичик бизнес корхоналарида энг муҳим йўналишлардан бири товар сиёсатисиз аниқ мақсадларга эришиш қийин. Шунинг учун ҳам, товар сиёсатини шакллантириш учун аввало тегишли стратегияни ишлаб чиқиш талаб этилади.
Товар сиёсати асосида ассортимент шакллантирилади, унинг рақобатбардошлик даражаси таъминланишига ҳаракат қилинади, улар учун оптимал сегментлар белгиланади, дизайн яратиш стратегияси ишлаб чиқилади ва амалга оширилади ҳамда қарорлар қабул қилинади. Кўрсатиладиган ҳаракатлар тўплами мавжуд бўлмаса, корхона ўз барқарорлигини йўқотади, мағлубиятга учрайди, товар ассортименти эса тасодифий конъюнктура омилларига ҳам ўта таъсирчан бўлиб қолади. Товар ассортиментини шакллантириш жараёнида раҳбариятнинг роли корхона ресурсларини ташқи ва ички омиллар, имкониятлар билан моҳирона уйғунлаштириб, юқори самарали рақобатбардош товарларни сотиш ҳисобига корхонанинг барқарор мавқеини таъминлайдиган товар сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳисобланади. Пухта ташкил этилган товар сиёсати нафақат ассортиментнинг янгиланиш жараёнини оптималлаштиришга, балки корхона раҳбарияти учун мавжуд ҳолатни тўғрилаш ва ҳаракатларни умумий йўналишини белгилашда ёрдам беради.
Бироқ, товар сиёсати деганда нафақат ассортиментни бир мақсад йўлида шакллантириш ва уни бошқариш, балки товарга таъсир этувчи ички, ташқи омилларни ҳисобга олиш, уни яратиш, ишлаб чиқариш, бозорга чиқариш ҳамда сотишни инобатга олиш зарур.
Кичик бизнес субъектлари фаолиятида товар сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш қуйидаги масалаларнинг ҳал этилишини талаб қилади:
● товар ассортиментини оптималлаштириш;
● товар ассортименти ва маҳсулотларнинг янгиланиш суръатларини белгилаш;
● товар ишлаб чиқариш дастурида янги ва эски маҳсулотлар ўртасида оптимал нисбатни белгилаш;
● товар ассортиментидаги маҳсулотларнинг янгиланиш йўлларини аниқлаш;
● ташқи ва ички бозорларга янги товарлар билан киришни режалаштириш;
● маънавий эскирган товарларни ишлаб чиқаришнинг оптимал муддатларини белгилаш ва уни амалга ошириш.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, бугунги кунда маҳсулот ишлаб чиқариш ассортиментини кенгайтириш ва диверсификация қилиш, мамлакатимиздаги хомашё ва ресурсларга бой мавжуд манбалардан оқилона фойдаланиш асосида юқори қўшимча қийматга эга бўлган юксак технологик маҳсулотларни ишлаб чиқаришни таъминлайдиган истиқболли иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш масаласи тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бахтиёр БОБОХЎЖАЕВ,
ТДИУ тадқиқотчиси