Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тури ҳамда ҳажмини ошириш иқтисодий ривожланишнинг муҳим шартларидан ҳисобланади. Бу борада мамлакатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан аниқ вазифалар белгиланган бўлиб, маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш ва унинг миқёсларини кенгайтиришни жадаллаштириш, юқори қўшилган қийматни шакллантириш, мавжуд хом ашё ресурслари ва имкониятлардан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тизимли олиб борилмоқда.
Маҳаллийлаштириш дастури ижросини таъминлаш Навоий кон-металлургия комбинати фаолиятининг ажралмас қисми сифатида асосий иқтисодий кўрсаткичларни яхшилашга шароит яратмоқда. Бугунги кунда бошқа маҳаллий корхоналар қатори НКМК маҳаллийлаштирилган маҳсулотларни ишлаб чиқаришнинг локомотивларидан саналади.
Маҳаллийлаштириш дастури, аввало, технологик, кон-шахта, майдалаш-саралаш ва бошқа маҳсулотлар учун олдин импорт қилиб келтирилган бутловчи буюмлар ҳамда эҳтиёт қисмларга бўлган талабни таъминлашга йўналтирилган.
Президентимизнинг 2016 йил 26 декабрдаги «2017-2019 йилларда тайёр маҳсулот турлари, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришнинг истиқболли лойиҳаларини амалга оширишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори доирасида НКМК томонидан умумий қиймати 403,9 млрд. сўм бўлган 86 та лойиҳа рўёбга чиқарилди. Натижада 1М63Н, НТ-425 моделидаги токарлик дастгоҳларининг янги турлари, НФ-1200 моделидаги универсал фрезалаш дастгоҳи, технологик жиҳатдан ишлаб чиқарилиши мураккаб бўлган Ц-50 қуюлтиргичи, гидроциклон қурилмалари, скрепер лебёдкаси, янги турдаги насослар, импорт редукторларининг аналоглари, беркитиш арматуралари, кон-шахта ва технологик ускуналар учун эҳтиёт қисмлар, оғир юк ташувчи кон машиналарини капитал таъмирлаш каби маҳсулот ва хизматлар маҳаллийлаштирилди.
2019 йил 25 сентябрда давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида Навоий кон-металлургия комбинатига Маҳаллийлаштириш дастурига мувофиқ ишлаб чиқариш ҳажмини камида 30 фоизга ошириш топширилган эди. Шунга кўра, биргина ўтган йилнинг ўзида 352,3 млрд. сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилди ва 2019 йилга нисбатан ўсиш суръати 152 фоизни ташкил этди. Жорий йилда эса 154 та маҳаллийлаштириш лойиҳаси бўйича 432,9 млрд. сўмлик маҳсулотларни етказиб бериш режалаштирилган.
Корхона нафақат маҳаллийлаштириладиган ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ҳажмини ошириш, балки уларнинг номенклатурасини кенгайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Маҳаллийлаштириш дастури доирасидаги маҳсулотлар турлари йилдан-йилга кўпаймоқда.
Таъкидлаш лозимки, комбинатнинг ҳар бир бўлинмаси, шу жумладан, янги турдаги ҳамда юқори ликвидли маҳсулотларни ўзлаштириш ҳисобига Маҳаллийлаштириш дастурини амалга оширишда ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшмоқда.
Марказий Осиёдаги энг йирик машинасозлик корхоналаридан бири бўлган ва маҳаллийлаштирилган маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича асосий бўлинма ҳисобланувчи Навоий машинасозлик заводида ўтган йили инвестиция лойиҳаси доирасида 5-гидрометаллургия заводи учун илғор технологиялар асосида илк марта МШР 2,1 × 3 м шарли тегирмон ишлаб чиқарилди.
2020-2021 йилларда техник аудит натижаларига кўра Марказий кон бошқармаси 2-гидрометаллургия заводи учун МШЦ 5,5 × 6,5 м шарли тегирмонини импорт бўйича харид қилиниши режалаштирилган эди. Бироқ, технология жараёнларининг мураккаблиги билан боғлиқ хатарларга қарамасдан, шунингдек, валюта маблағларини иқтисод қилиш мақсадида комбинат раҳбарияти томонидан Навоий машинасозлик заводида ушбу турдаги шарли тегирмонни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш юзасидан қарор қабул қилинди.
2021 йилнинг I чорагида ўзлаштирилиши режалаштирилган йирик ўлчамли МШЦ 5,5 × 6,5 м шарли тегирмонни ишлаб чиқариш саъй-ҳаракатлари 2020 йилнинг декабрь ойида якунига етди. Тегирмон Марказий кон бошқармаси 2-гидрометаллургия заводида ишга туширилди. Импорт ўрнини босиш самараси ва валюта маблағларини иқтисод қилиш 2,5 млн. АҚШ долларини ташкил этди.
Корхонада маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида «шатакка олиш» механизми жорий этилган. Бунда эҳтиёт қисмлар ва бутловчиларни ишлаб чиқариш ҳамда ўзлаштириш ҳажмларини технологик ва муҳандислик йўналишларида кўмаклашган ҳолда маҳаллий корхоналарга қисман ўтказиш кўзда тутилган.
Улуғбек САНАҚУЛОВ,
Навоий кон-металлургия комбинати Маҳаллийлаштириш дастурларини
шакллантириш ва мониторинг қилиш бўлими бошлиғи