Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимидаги Бурчмулла ўрмон хўжалиги кипарис дарахти хариди бўйича танлов ўтказди. Унда учта иштирокчи қатнашди – учала корхона ҳам айни бир шахсга тегишли. Хўжаликнинг аввалги танловларидан бирида эса раҳбарнинг ўғлига тегишли корхона ғолиб деб топилган.
Бурчмулла давлат ўрмон хўжалиги корхонаси Қайнарсой комплексида кўкаламзорлаштириш ишлари учун кўчат харид қилиш мақсадида танлов эълон қилган.
Танлов натижаларига кўра, «МТМ Таъминот» МЧЖ 2,5–3 метрлик кипарис дарахтининг ҳар бирини 270 минг сўмдан, жами 1640 та кўчат харид қилиш учун танлаб олган ва шартнома тузилган. Шартнома қиймати – 442,8 млн сўм.
Танловда, шунингдек, «Мунис Келажак Иқбол» ХК (ҳар бир кипарис дарахт учун 275 минг сўм таклиф қилган) ва «Мега Барака Соф» МЧЖ (ҳар бир кипарис дарахт учун 300 минг сўм таклиф қилган) ҳам ўз таклифлари билан иштирок этган.
Telegram’даги davletovuz каналининг эътибор қаратишича, юқоридаги учала корхона ҳам бир кишига – Эгамбердиев Равшан Валиевичга тегишли.
Ушбу шахсга тегишли бошқа бир корхона – «Эрв Султон Томорқа Хизмати» МЧЖ май ойида Бурчмулла давлат ўрмон хўжалигига 377,4 миллион сўмлик туядарахт етказиб берган.
Davletovuz бошқа бир ҳолатга ҳам диққат қаратган. Маълум бўлишича, Бурчмулла ўрмон хўжалиги 2021 йил май ойида ўтказган бошқа бир танловда хўжалик раҳбарининг ўғлига тегишли корхона ғолиб чиққан.
Қайнарсой комплексида кўкаламзорлаштириш ишлари учун кўчат харид қилиш мақсадида 203,6 миллион сўмлик қора арча ва туядарахт учун етказиб берувчи сифатида «Хожимурод-Абдували ўғли» фермер хўжалиги танланган. Бу хўжалик Абдужалилов Абдували Абдур (реестрда шариф тугамай қолган)га тегишли. Маълумотларга кўра, у Бурчмулла давлат ўрмон хўжалиги корхонаси раҳбари Абдужамилов Абдукарим Абдураимовичнинг ўғли ҳисобланади.
Қайд этиш лозим, Бурчмулла ўрмон хўжалиги корхонаси Тошкент вилояти ўрмон хўжалиги бошқармасига қарашли.
Kun.uz айни масалалар юзасидан Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси матбуот котиби Отабек Ашуровдан изоҳ сўради. Қўмита расмийси тегишли маълумот тез орада тақдим этилишини билдирди.
Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқовнинг Kun.uz’га берган интервьюсида, давлат харидларида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида бир тадбиркор томонидан тузилган 3-4 та фирма аукцион ёки тендерда қатнашиши ва ўша фирмалардан бирининг ғолиб бўлиши, бу ҳақиқий рақобатни билдирмаслигини таъкидлаб ўтганди.
Шунинг учун мазкур жараёнда каффилланган шахслар (расмий равишда бириктирилган шахслар жамоаси) битта лотда қатнашиши тақиқланиши айтилганди.
Янги таҳрирдаги «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунда давлат харидлари бўйича 4 та масъул давлат органлари белгиланган. Булар – Молия вазирлиги (регулятор сифатида), Ҳисоб палатаси, прокуратура ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги.
Аввалроқ, республика бўйича бюджет буюртмачилари томонидан қиймати 141 млрд сўмлик 458та танловда «Давлат харидлари тўғрисида»ги ва «Рақобат тўғрисида»ги қонунларнинг талаблари бузилишига йўл қўйилгани хабар қилинганди.