Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Жорий йилнинг 3 май куни Ар-Риёд шаҳрида Саудия Арабистонининг етакчи компаниялар раҳбарлари билан давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов, Саудия Арабистони Подшоҳлиги инвестициялар вазири Холид Ал-Фалиҳ ҳамда Ўзбекистон томонидан вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этди.
Тадбир ўзаро манфаатли қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назарда тутган ҳолда, йирик Саудия Арабистони компаниялари ва саноат холдинглари орасидан бўлажак шериклар билан муносабатларни йўлга қўйиш ва кенгайтириш мақсадида ташкил этилди.
Давра суҳбатида сўзга чиққан С.Умурзоқов Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар йўлида ўзига ишонч билан қадам босиб келаётганлигини ҳамда иқтисодиётнинг шаффофлигини ошириш ва жаҳон иқтисодий маконига интеграциялашувни давом эттиришни мақсад қилиб қўйганлигини таъкидлади. Шунингдек, у Саудия Арабистони компанияларини Ўзбекистонда ишбилармонлик билан шуғулланиш учун жорий этилган ноёб имкониятлардан фойдаланишга таклиф этди ва тегишли масалаларни ҳал этишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирди.
Саудия делегацияси раҳбари Ўзбекистон – Саудия Арабистони ўртасида иқтисодий ҳамкорлик ривожланишининг юқори динамикасини ва Ўзбекистонга инвестициялар киритиш учун сезиларли ишга солинмаган салоҳият мавжудлигини таъкидлаб, Саудия Арабистони компанияларини ўзбекистонлик шериклар билан фаол ҳамкорлик қилишга чақирди.
Саудия Арабистони ишбилармонлари тақдимотлар шаклида ўз компаниялари ҳақида сўзлаб бердилар ва Ўзбекистонда фаолият юритиш бўйича ўз тасаввурларини баён қилдилар. Шунингдек, улар ҳамкорлик қилиш учун устувор йўналиш ва тармоқлар ҳамда қўшма лойиҳалар доирасида шериклик ва ўзаро манфаатли муносабатларни ўрнатиш механизмлари ҳақида фикрларини билдирдилар.
Айрим Саудия Арабистони тадбиркорлари Республикада бизнес юритишга тайёр эканликларини билдирдилар. Жумладан, давра суҳбати доирасида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва “Аль-Раджхи Интернешнл” компанияси ўртасида Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисида Меморандум имзоланди.