Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Шавкат Мирзиёев балиқчилик соҳасини ривожлантиришга бағишланган йиғилишда балиқ етиштирувчи хонадон эгалари учун ер ва мулк солиқлари 50 фоизга камайтирилишини маълум қилди. Бундан ташқари, хонадонларда кооперация асосида йилига 80 тоннадан ортиқ балиқ етиштирган кластерлар уч йил муддатга солиқлардан озод этилади.
Балиқ етиштирувчи хонадон эгалари учун ер ва мулк солиқлари 50 фоизга камайтирилиб, улар ўзини ўзи банд қилган аҳоли тоифасига ўтказилади. Бу ҳақда 20 декабрь куни президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, бу борадаги ишларнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида балиқчилик соҳасини ривожлантириш ва кооперация асосида балиқ етиштириш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилишда маълум қилинди.
Йиғилишда давлат раҳбари аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш соҳасида молиявий масалалар ҳал қилиниб, барча имкониятлар яратиб берилганига қарамай, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда камчиликлар сақланиб қолаётганига эътибор қаратди.
«Дунёда озиқ-овқат нархларининг ўсиши, инфляция хавф-хатарлари келгуси йилда озиқ-овқат хавфсизлиги энг долзарб масала бўлиб қолишини яққол кўрсатмоқда. Шу боис, вилоят ҳокимлари ўз ҳудудида балиқ етиштириш ҳолатини таҳлил қилиб, тадбиркорлар ва аҳоли хонадонларига барча шароитларни яратиб бериш бўйича тизимли шуғулланиши зарур», — деди президент.
Қайд этилишича, ўтган беш йилда Ўзбекистонда балиқчилик тармоғида умумий қиймати 2,2 трлн сўмлик 1016 та лойиҳа амалга оширилган ва бунинг натижасида балиқ етиштириш ҳажми 6 бараварга ошган. Мамлакатда 2021 йилда 400 минг тоннага балиқ етиштирилган. Балиқ истеъмол қилиш ҳажми 2016 йилга нисбатан 5,7 баробарга ошган. Йиғилишда бу кўрсаткичлар етарли эмаслиги, мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга солинмаётгани танқид қилинди.
Навоий, Наманган, Сирдарё, Фарғона, Тошкент вилоятларида ҳосилдорлик ҳалигача гектарига 3−4 тоннани ташкил этаётгани, ушбу ҳудудларда интенсив балиқ етиштириш ҳажми умумий ишлаб чиқаришнинг 10 фоизидан ошмаётгани қайд этилди. Келгуси йилда балиқ етиштириш ҳажмини 600 минг тоннага етказиш вазифаси қўйилди.
Бунга эришиш учун Шароф Рашидов тумани тажрибаси асосида келгуси йилда 10 мингта хонадонда интенсив балиқ етиштириш йўлга қўйилади. Хонадонларда кооперация асосида йилига 80 тоннадан ортиқ балиқ етиштирган кластерлар уч йил муддатга солиқлардан озод этилади. Хориждан мутахассис жалб қилган кластерларга эса харажатларнинг бир қисмини қоплаб бериш тартиби ўрнатилади.
Шунингдек, уйида балиқ етиштирувчилар учун «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида ажратиладиган кредитлар миқдори 2 баробарга оширилиши айтилди. Бу мақсадларга келгуси йилда 400 млрд сўм ва 20 млн доллар йўналтирилиши таъкидланди. Шу билан бирга, йирик балиқчилик лойиҳаларига келгуси йилда 20 млн евро жалб қилиш режалаштирилган.
Янгийўл ва Қуйичирчиқ туманларида аҳолини балиқ етиштиришга ўргатиш бўйича тажриба ўтказилиб, 2022 йил 1 июндан Навоий, Сирдарё ва Фарғонада ҳам кенг жорий қилиш топширилди.
Ҳосилдорлиги паст бўлган 21 минг гектар сунъий ҳавзаларда ҳосилдорликни 3 баробарга ошириш ва қўшимча 190 минг тонна балиқ етиштириш зарурлиги таъкидланди. Бунинг учун 2,2 мингта хўжаликни 50 мингта сувни кислород билан бойитиш ускунаси — аэратор билан жиҳозлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.