Хитой АҚШнинг қимматли қоғозларини сотишни бошлаши ва шу орқали доллар курсининг тушиб кетишини юзага келтириши мумкин, деб ёзмоқда South China Morning Post.
Нашрнинг қайд этишича, Пекин АҚШнинг 1,1 триллион долларлик давлат облигацияларига эга ва коронавирус сабабли икки мамлакат ўртасида пайдо бўлган келишмовчилик ортидан АҚШ қимматли қоғозларини сотиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
«Бу ўз навбатида, АҚШ давлат облигациялари бозори учун муаммолар келтириб чиқариши мумкин, чунки Вашингтон пандемияга ва у билан боғлиқ иқтисодий зарарга қарши кураш бўйича қатор дастурларни молиялаштириш учун янги қимматли қоғозларни чиқаришни сезиларли даражада оширмоқда», — дейилади газетада.
Таҳлилчиларнинг фикрича, бу АҚШнинг обрўсига путур етказади ва унинг бутун дунёдаги инвесторларга тўлай олиш лаёқатини савол остига қўяди.
Мақола муаллифларининг қайд этишича, бу қадам Пекин томонидан охирги чора сифатида кўрилмоқда ва Хитой раҳбарияти Вашингтонга дастлаб бошқа йўл билан босим ўтказишга уриниб кўради.
АҚШ апрелда коронавирус қандай пайдо бўлгани ва Хитой қандай қилиб унинг тарқалишини тезда тўхтата олгани борасида суриштирув бошлагани маълум қилинганди. Айрим тахминларга кўра, вирус Уҳандаги лабораториядан тарқалган.
Шу билан бирга, АҚШ разведкаси вируснинг сунъий равишда яратилмаганини билдирган.
АҚШ президенти Дональд Трамп Хитой COVID-19 коронавирусини атайлабдан тарқатганига ишонмаслигини айтганди.
Хитой Уҳандаги вирусология институти пандемия манбаи бўлганлигини рад этмоқда.
Манба: Kun.uz