Ҳукумат қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат кадастри соҳасида давлат хизматлари нархларини белгилашда табақалаштирилган ёндашув тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига ўзгартиришлар киритилди.
Адлия вазирлиги хабарига кўра, кўчмас мулк объектларининг давлат кадастри соҳасида давлат хизматлари нархларини белгилаш тартиби ўзгартирилди.
Кўчмас мулк объектларининг нотурар бино ва иншоотларга оид қисмига кадастр паспортини тайёрлаш ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича кўрсатиладиган давлат хизмати учун ундириладиган йиғим миқдори янгиланди.
Бунда кўчмас мулкнинг умумий майдонига қараб қуйидаги нархлар белгиланди:
100 кв метргача – базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари (илгари мазкур нарх базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,25 баравари миқдорида бўлган);
100 кв метрдан 1000 кв метргача – объектнинг 1 квадрат метр майдони учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,15 фоизи (илгари объектнинг 1 кв метр майдони учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 фоизи, 25 фоизга кўпайтирилган ҳолда ҳисобланган);
1000 кв метрдан 5000 квадрат метргача – базавий ҳисоблаш миқдорининг 17,25 баравари (илгари базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баравари, 25 фоизга кўпайтирилган ҳолда ҳисобланган);
5 минг кв метрдан 15 минг квадрат метргача – базавий ҳисоблаш миқдорининг 34,5 баравари (илгари базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари, 25 фоизга кўпайтирилган ҳолда ҳисобланган);
15 минг кв метрдан 50 минг квадрат метргача – базавий ҳисоблаш миқдорининг 57,5 баравари (илгари базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари, 25 фоизга кўпайтирилган ҳолда ҳисобланган);
50 минг кв метрдан ортиқ бўлган – базавий ҳисоблаш миқдорининг 80,5 баравари (илгари базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 баравари, 25 фоизга кўпайтирилган ҳолда ҳисобланган).
Манба: kun.uz