Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Ислом тараққиёт банки Бошқарувчилар Кенгашининг йиллик анжумани доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов Миср Араб Республикасининг режалаштириш ва иқтисодий ривожланиш вазири Ҳалла Ҳелми Элсаид билан учрашди.
Мулоқот чоғида томонлар савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар соҳалардаги Ўзбекистон – Миср ҳамкорлигининг бугунги кун тартибини ҳамда икки томонлама ҳамкорликни янада кучайтириш чора-тадбирларини муҳокама қилдилар.
Жумладан, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, электротехника, чарм-пойабзал ва тўқимачилик саноати соҳаларида қўшма корхоналар ташкил этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Ўзаро савдо ҳажмини ошириш учун кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидланди. Биринчи ярим йилликда икки мамлакат ўртасида товар айирбошлаш ҳажми икки баробардан зиёд кўпайди, шу муносабат билан томонлар Ўзбекистон ва Мисрда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни икки мамлакат бозорларига етказиб беришни ошириш бўйича аниқ амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Томонлар эришилган келишувларни ўз вақтида рўёбга чиқариш ҳамда икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг янги йўналишларини ишлаб чиқиш учун қўшма гуруҳ тузишга келишиб олдилар. Икки томонлама асосда ўзаро савдода мавжуд тўсиқларни бартараф этиш ва келгусида ҳаётга татбиқ этиладиган энг истиқболли лойиҳаларни аниқлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ишлари амалга оширилади.
Учрашув якунида икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни фаоллаштириш, шунингдек, ҳар икки мамлакат ишлаб чиқарувчилари ўртасида саноат ҳамкорлигини кучайтириш мақсадида икки мамлакат бизнес ҳамжамиятларини бир-бирига яқинлаштириш вазифаси қўйиладиган Ўзбекистон-Миср бизнес Кенгашини тузиш тўғрисида келишувга эришилди.
Шунингдек, яқин вақт ичида савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон-Миср Ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ва икки мамлакатнинг йирик компаниялари вакиллари иштирокида бизнес-форум ўтказиш масалалари муҳокама қилинди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.