Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Туркия Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар билан учрашув ўтказди.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари дастлаб Олган Бекарни масъулиятли лавозимга тайинлангани билан табриклади ва келгуси касбий фаолиятида муваффақият тилади.
Икки томонлама сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар муносабатнинг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболи, кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.
Мулоқот чоғида иккала томон ҳам манфаатдор бўлган кенг кўламли масалаларни ҳал этишда юқори даражадаги ўзаро англашув юзага келгани, турли жабҳадаги алоқалар фаоллашгани қайд этилди.
Инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди: 2019 йилдан бошлаб Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган турк инвестициялари ҳажми қарийб 950 миллион долларни, Республикада турк капитали иштирокида фаолият кўрсатаётган корхоналар сони эса 1576 тани ташкил этгани таъкидланди. Ўзбекистонда лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга турк инвесторларини жалб қилиш бўйича навбатдаги тадбирлар белгиланиб, Республикада инвестиция ва ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширишда турк тадбиркорларига ҳар томонлама кўмак беришга ўзаро тайёрлик билдирилди.
Алоҳида тартибда Ўзбекистонда Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TICA) билан ҳамкорликда амалга оширилаётган техник ҳамкорлик лойиҳалари кўриб чиқилди.
Товар айирбошлаш ҳажми ўсишида ижобий ўзгариш давомий экани қайд этилди. Масалан, жорий йилнинг дастлабки икки ойида ўзаро савдо ҳажми 27,6 фоиз ошди. Томонлар савдо соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва товар айирбошлаш ҳажмини яқин келажакда 5 миллиард долларга етказиш бўйича навбатдаги тадбирларни белгилаб олдилар.
Шу нуқтаи назардан, Имтиёзли савдо бўйича битимни ишлаб чиқиш масаласи муҳокама қилинди. Мазкур ҳужжатнинг имзоланиши ўзаро савдо ҳажмини жадал суръатда ошириш имконини беради.
Мулоқотда қатор икки томонлама тадбирлар, жумладан, жорий йил апрель ойида Туркия ҳукумати ва ишбилармон доираларининг юртимизга ташрифини ташкил этиш ҳамда май ойида Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссия йиғилишини, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форум ташкил этишнинг амалий жиҳатига тўхталиб ўтилди.
Туркиянинг инвестиция муҳитини яхшилаш, ҳудудларни ривожлантириш ва эркин иқтисодий зоналарни бошқариш самарадорлигини ошириш бўйича тажрибасини мамлакатимизда жорий этиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш истиқболи кўриб чиқилди. Бундан ташқари, қурилиш, транспорт, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларидаги етакчи турк эксперт-маслаҳатчиларини Ўзбекистонда ишлашга таклиф этиш имконияти муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар муҳокама этилган ҳамкорлик йўналишлари доирасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича навбатдаги тадбирларни белгилаб олдилар.