Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда давлат молияси соҳасидаги самарадорлик, шаффофлик ва манзиллилик муҳим омил ҳисобланади. Шу боис, Ўзбекистон Республикасида сўнгги йилларда давлат молиясини бошқариш (ДМБ) тизимини ислоҳ қилиш, ҳисобдорликни оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, халқаро молиявий бошқарув стандартларига ўтиш, бюджет жараёнини рақамлаштириш, давлат харажатлари устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш ва очиқ бюджет механизмларини жорий этиш бу борадаги ислоҳотларнинг асосий йўналишларини ташкил этмоқда.
Давлат молиясини бошқариш тизими – мамлакат иқтисодиётининг «қон айланиш тизими» ҳисобланади. Унинг самарадорлиги давлатнинг ҳар бир сўми солиқ тўловчиларнинг фаровонлигига қанчалик хизмат қилаётганини белгилаб беради. Замонавий давлат бошқарувининг самарадорлиги ва халқнинг фаровонлиги бевосита ДМБ тизимининг шаффофлиги ва натижадорлигига боғлиқ.
ДМБ тизимини модернизация қилиш жараёнида бюджетни режалаштириш ва ижро этишда натижадорликка эътиборни кучайтириш, молиявий ахборотларнинг ишончлилиги ва очиқлигини таъминлашга қаратилган қатор ютуқларга эришилди. Шу билан бирга мавжуд институционал чекловлар, кадрлар салоҳияти, ахборот тизимларининг ўзаро интеграцияси ҳамда харажатлар самарадорлигини баҳолаш механизмларининг етарлича ривожланмагани каби муаммолар ҳам сақланиб қолмоқда.
2017 йилга қадар Ўзбекистон молия тизими кўпроқ ёпиқ, қатъий марказлашган ва «смета харажатларини қоплаш» тамойилига асосланган механизм сифатида фаолият юритган, бюджет маблағларини шакллантириш ва тақсимлаш жараёнларида очиқлик ва жамоатчилик назорати етарли даражада таъминланмаган эди. 2007 йилдан бошлаб ғазна ижроси элементлари жорий қилина бошлаган бўлса-да, 2017 йилга келиб ҳам ғазначилик тизими тўлиқ шаклланмаган эди. ДМБ соҳасида халқаро стандартларга ўтиш зарурияти пайдо бўлди. Халқаро стандартларга ўтиш Ўзбекистон учун бир қанча стратегик мақсадларни амалга оширишга қаратилган. Бу мақсадлар асосан молиявий барқарорликни таъминлаш, самарадорликни ошириш ва халқаро ҳамжамият олдидаги ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарорлигини таъминлашда ДМБ тизимини ислоҳ қилиш энг устувор вазифалардан бирига айланди. 2017-2020 йиллар мобайнида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисидаги маълумотларнинг очиқлиги ва шаффофлигини ҳамда фуқароларнинг бюджет жараёнидаги иштирокини таъминлашга қаратилган бир қатор тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, Давлат бюджети парламент томонидан тасдиқланиши, «Фуқаролар учун бюджет» ахборот нашри чоп этилиши, Openbudget.uz ахборот портали ишга туширилиши, давлат бюджети ижроси тўғрисидаги маълумотлар миллий ҳамда Халқаро валюта жамғармасининг Давлат молиявий статистикаси стандартларига мувофиқ эълон қилиниши тизими йўлга қўйилди.
2018 йилда амалга оширилган PEFA – Давлат молиясини бошқаришни давлат харажатлари ва молиявий ҳисобдорлик мезонлари асосида баҳолаш натижаларига кўра Ўзбекистон барқарор ва самарали тарзда фаолият юритаётган давлат молиясини бошқариш тизимига эга эканлиги таъкидланди. Шунга қарамай, давлат молияси тизимида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилиши зарурлиги аниқланди. Мазкур баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб ҳамда юқоридаги амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотларни тизимлаштириш мақсадида 2020-2024 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси ДМБ тизимини такомиллаштириш стратегияси тасдиқланди.
Ушбу стратегия асосида бир қатор ижобий натижаларга эришилди. Хусусан, 2020 йилдан бошлаб илк бор Давлат бюджети параметрларини Ўзбекистон Республикаси қонуни шаклида тасдиқлаш тартиби жорий этилди ва парламент назорати кучайтирилди. Консолидациялашган бюджет қамрови барча давлат мақсадли жамғармалари ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан кенгайтирилди. Бюджетни шакллантиришнинг ўрта муддатли режалаштириш механизмига ўтилди. Бюджетни шакллантиришда ўрта муддатли давр учун Фискал стратегияни ишлаб чиқиш амалиёти йўлга қўйилди. Бюджетнинг натижадорлиги ва самарадорлигини ошириш мақсадида натижага йўналтирилган бюджетлаштириш тизимига ўтиш ислоҳотининг ҳуқуқий асослари яратилди. Фискал хатарларни мониторинг қилиш, баҳолаш ва натижаларини эълон қилиш йўлга қўйилди. Фуқароларнинг бюджет жараёнидаги иштирокини кенгайтиришга эришилди. Шунингдек, «Давлат қарзи тўғрисида»ги қонун қабул қилиниб, давлат қарзини самарали бошқаришда стратегик ёндашув таъминланди.
ДМБ тизимини трансформация қилишда институционал ўзгаришлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди. Бошқа ваколатли органлар билан бир қаторда Ғазначилик тизими ушбу ўзгаришларда марказий ўринни эгаллади. Бюджет тизими бюджетлари ижросини таъминлашда солиқли ва солиқсиз давлат тушумларини тўплаш, сақлаш ва давлат харажатларини амалга ошириш учун Ғазначиликнинг ягона ҳисобрақами очилди. 2013 йилда Бюджет кодекси тасдиқланди. Бюджет кодекси билан барқарор макроиқтисодий ўсиш, давлат қарзини самарали бошқариш учун зарур институционал шарт-шароитлар яратилди. Усиз 2017-2025 йилларда Ўзбекистон иқтисодиёти ва давлат бошқарувидаги кенг кўламли ўзгаришларни бундай суръат ва жамоатчилик ишончи билан амалга ошириш мумкин эмас эди.
2018-2024 йилларда амалга оширилган рақамли трансформация нафақат молиявий самарадорликни оширди, балки давлат бошқарувида очиқлик, ҳисобдорлик ва натижадорлик тамойилларини кучайтириш орқали Ўзбекистон молия тизимини янги босқичга олиб чиқди.
Бюджет жараёнини янада такомиллаштириш мақсадида 2026 йилдан бошлаб доимий харажатлар сметалари асосида харажатларни молиялаштиришга ўтиш белгиланди. Ўрта муддатли бюджетни шакллантириш тартиб-қоидаларини кучайтириш мақсадида бюджет маблағларини тақсимловчилар томонидан базавий ва соҳа сиёсатига боғлиқ ўзгаришлар асосидаги харажатларни баҳолаш ва шакллантириш услубиёти ишлаб чиқилади.
Ҳар йили тасдиқланадиган Фискал стратегия доирасида бюджет сўровларини чекланган маблағлар миқдорида ишлаб чиқиш ва уларга ўзгартириш киритиш шартлари белгилаб берилади. Шу билан бирга вазирлик, идора ва маҳаллий ҳокимият органлари ходимларининг бюджет сўровлари ҳамда ўрта муддатли бюджетни тайёрлаш салоҳияти оширилади. «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида «Фискал барқарорликни таъминлаш ва давлат мажбуриятларини самарали бошқариш» мақсадига эришишнинг самарадорлик кўрсаткичларидан бири сифатида 2030 йилгача «Натижага йўналтирилган бюджетлаштириш» (дастурий бюджетлаштириш) амалиётига тўлиқ ўтиш белгиланган.
Қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш стратегиясининг асосий мақсадларидан бири – йиллик бюджетни шакллантиришнинг янги «натижага йўналтирилган бюджет» (Дастурий бюджетлаштириш) тизимини жорий этиш ҳисобланади. Дастурий бюджетлаштириш тизимига ўтишнинг дастлабки босқичида вазирлик ва идораларнинг бюджет маблағларидан фойдаланиши билан боғлиқ мақсадли индикаторлари тасдиқланиб, уларнинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокама қилиниб келинмоқда.
Дастурий бюджетлаштириш тизимини тўлақонли жорий этишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш мақсадида 2024 йилда Ўзбекистон Республикасида дастурий бюджетлаштириш тизимини жорий этишда бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг бюджет дастурларини ишлаб чиқиш, мониторингини юритиш ва уларнинг самарадорлигини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом қабул қилинди. Бюджет тизими бюджетлари самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш мақсадида дастурий бюджетлаштириш тизимининг кейинги босқичида вазирлик ҳамда идораларнинг бюджетларини «бюджет дастурлари» кесимида шакллантириш тартиби жорий этилмоқда. Умуман олганда, сўнгги йилларда бюджетнинг натижадорлиги ва самарадорлигини ошириш мақсадида ҳисобдорлик ва шаффофлик тамойиллари асосида натижага йўналтирилган бюджетлаштириш тизимига ўтиш ислоҳотининг ҳуқуқий асослари яратилди.
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати
Добавить комментарий