Бугунги кунда «Navoiyazot» акциядорлик жамияти жадал ривожланаётган кўп тармоқли саноат мажмуаси сифатида халқаро ҳамкор мақомига эга бўлиб, минерал ўғитлар, кимёвий реагентлар ва бошқа кичик ҳажмдаги кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш дастурини амалга оширмоқда.
«Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамиятининг асосий сегментларидан бири, Ўзбекистонда барча кимё маҳсулотлари ҳажмининг 30 фоиздан ортиғини ишлаб чиқарадиган «Navoiyazot» акциядорлик жамияти деярли барча саноат, транспорт, қишлоқ хўжалиги, ёқилғи-энергетика комплекси эҳтиёжларини қоплайди.
Корхонанинг асосий мақсадларидан бири маҳсулот сифатининг юқори стандартлари ва истеъмолчилар талабларига мувофиқлигини таъминлашдир. Шунинг учун биз республикада биринчилардан бўлиб, маҳсулот ишлаб чиқаришда технологик регламентларга риоя этилишини кафолатлайдиган халқаро сифат менежменти тизимини жорий қилдик. Корхона мутахассисларининг ишлаб чиқаришни жаҳон стандартлари даражасида бошқариш қобилияти республика ва халқаро миқёсдаги обрў-эътибори ва ишчанлигини оширади.
Бугунги кунда «Navoiyazot» акциядорлик жамияти бўлинмаларида тугалланган ишлаб чиқариш цикли амалга оширилмоқда. Бу ерда янги технологиялар ўзлаштирилмоқда, ишлаб чиқариш ва бошқарувнинг автоматлаштирилган тизимлари жорий этилмоқда, мавжуд комплекслар модернизация қилинмоқда, янги ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилмоқда.
«Navoiyazot» AЖ 2023 йилда 80 дан ортиқ турдаги, жами 5,22 трлн. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарди (асосий турдаги маҳсулотлар: аммиакли селитра 745 минг тонна, карбамид 492 минг тонна, поливинилхлорид 47 минг тонна, натрий 50 минг тонна, нитрат кислотаси 609 минг тонна, аммиак 682 минг тонна, каустик сода 53,5 минг тонна, аммоний сульфат 18 минг тонна, метанол 18 минг тонна).
«Navoiyazot» акциядорлик жамияти томонидан 2024 йилда 6,36 трлн. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган (аммиак селитраси 784,5 минг тонна, карбамид 574,5 минг тонна, поливинилхлорид 60 минг тонна, натрий цианид 54 минг тонна, 646,5 минг тонна, аммиак 768,3 минг тонна, каустик сода 53,5 минг тонна, аммоний сулфат 20 минг тонна, метанол 34 минг тонна).
Бугунги кунда акциядорлик жамиятимиз «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти таркибида ва қолаверса, Ўзбекистон Республикасидаги етакчи саноат корхонаси сифатида инновацион технологияларни жорий этиш, фаолият турларини диверсификация қилиш, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, янги қувват яратиш ҳисобига капиталлаштириш ва даромад келтиришни ўстириш борасида кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда.
Акциядорлик жамиятимизда бугунги кунда 25 дан зиёд асосий ва 20 дан зиёд ёрдамчи цехлар фаолият юритади. Уларнинг ишини ўзаро мувофиқлаштириш, ўз вақтида жорий ва капитал таъмир ишларини амалга оширишни ташкиллаштириш жуда муҳим ҳисобланади. Таъмир ишлари билан бир қаторда корхонанинг инновацион фаолиятини охирги фан ва техника ютуқлари асосида ташкил этиш, республикамизнинг етакчи олимлари билан ҳамкорликда ишлаш ва янги ишланмаларни жорий қилишда ишлаб турган цехларни модернизация қилиш ҳам долзарб вазифалардандир. Ўз вақтида амалга оширилмаган таъмир ишлари эса ўз навбатида, катта иқтисодий ва моддий талофатларга олиб келиши мумкинлигини тарих саҳифаларимиздан биламиз.
Ишлаб турган цехлар иш фаолиятининг узлуксиз ва барқарорлигини таъминлаш мақсадида бугунги кунда аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш мажмуасида кўпгина навбатдан ташқари тўхташларга сабабчи бўлган табиий газ таркибидаги механик аралашмаларни тозалаш бўйича Россиянинг Промволокно фирмаси билан ҳамкорликда табиий газ фильтрлари модернизацияси амалга оширилди. Бунинг эвазига мажмуада йилига камида 10 марта навбатдан ташқари тўхталишлар камайтирилишига эришилди. Маълумот ўрнида қайд этиш керакки, ҳар бир тўхталишда мажмуада қарийб 6 млн. доллар товар маҳсулоти ишлаб чиқарилмай қолади.
«Navoiyazot» АЖда синтез газни аммиак ишлаб чиқаришнинг 3 навбатида қайта ишлаб, ундан аммиак ишлаб чиқаришга эришилди. Бунинг эвазига синтез газдан 15 тонна аммиак олиниб, 15 минг м3 ёки соатига 22,5 млн. сўмлик табиий газ иқтисод қилинмоқда. Соатига тахминан 30 тонна ёки 89,7 млн. сўмлик қўшимча аммиакли селитра ишлаб чиқаришга эришилди.
Алишер МИРЗАЕВ, бошқарув раисининг ишлаб чиқариш, локализация, саноатда кооперацион алоқаларни кенгайтириш ва ахборот технологиялар бўйича биринчи ўринбосари