(O´zbek) Ахборотнинг молия бозоридаги аҳамияти

1/2020

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Ҳозирги вақтда ахборот хизматлари бозори фаол ривож­ланмоқда. Умуман ахборот ва, хусусан, молиявий ахборот замонавий жамиятнинг энг муҳим тавсифларига айланиб бормоқда. Доу Жонс корпорацияси, Тенфор халқаро ахборот тизими, Блумберг ахборот агентлиги кабилар дунёдаги энг йирик молиявий ахборот провайдерлари ҳисобланади.
     Cbonds компаниялар гуруҳи – бу молия бозорлари соҳасига ихтисослашган Россия ахборот агентлиги. Cbonds молия бозори янгиликлари ва конъюнктурасини кузатиб боради ҳамда барча қарз қоғозлари: облигациялар, еврооблигациялар, синдициялаштирилган кредитлар ва секьюритизация бўйича битимлар базасини қўллаб-қувватлаш билан шуғулланади. Cbonds сайтида етакчи инвестиция уйларидан бозор бўйича изоҳлар, асосий индекслар, қарзлар ташкилотчилари ва етакчи эмитентлар ҳисобланган инвестиция банклари рэнкинглари, эмитентлар рейтинглари, молиявий ҳисоботлар ва кўплаб бошқа материаллар чоп эти­лади.
     19 йиллик фаолияти давомида у кўп ютуқларга эришди. Cbonds компаниялар гуруҳи бош директори Сергей ЛЯЛИН «ЎзИА» мухбирига Агентликнинг қандай ташкил этилгани, молиявий ахборот соҳасидаги бугунги тенденциялар ва Ўзбекистон капитал бозорини ривожлантириш учун нималар зарурлиги ҳақида сўзлаб берди.
 

     – Сергей Владимирович, сиз бошқараётган агентлик 2000 йилда ташкил топган. Суҳбатимиз бошида унинг дастлабки ва бугунги фаолияти ҳақида сўзлаб берсангиз…
     – Йигирма йил эҳтимол, тарих олдида киприк қоққулик лаҳзага тенгдек туюлар, лекин муайян даврда яшаётган инсонлар учун озмунча вақт эмас. Энг муҳими, ўтган давр оралиғида дунёда сон-саноқсиз ва мислсиз ижобий ўзгаришлар рўй берди. Айниқса, Интернет олами, умуман олганда, АТ-технологиялари жадал ривожланди.
     Асримиз бошида Интернет-бизнесга «кириш чегараси» жуда паст эди. Ўша кезлар ўзим, агар мавзу қизиқарли ва унга талаб бўлса, оддий сайт ёзсам бўларди, лекин у ҳолда бу бизнесга айланиши мумкин эди. Аслида Cbonds ахборот агентлиги тахминан шу зайл вужудга келган – сайтнинг биринчи версиясини менга астойдил ёрдамлашган дастурчи дўстим билан бирга ёзганман. Ҳозир эса бунинг иложи ҳам, ҳожати ҳам йўқ, чунки фойдаланувчиларнинг интерфейслар, дизайн, тезлик учун талаблари бир неча бараварга ошиб кетди. Қандайлигидан қатъий назар ҳар бир лойиҳа ортида АТ-жамоа туриши керак. Бизда бундай жамоа мавжуд, 12 нафар ходимимиз лойи­ҳаларимизни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш устида тинимсиз изланишмоқда.
     – Молия бозори иқтисодиёт­нинг ахборотга энг бой секторларидан бири сифатида тавсифланади. Бу бозорда ахборот катта функционал юкламага эга. У замонавий иқтисодиёт учун нечоғли муҳим?
     – Бу ўринда мен «Биз ахборот асрида яшаяпмиз!» қабилидаги сий­қаси чиққан иборалар хусусида тўх­талмоқчи эмасман. Боиси, қанчалик ғалати туюлмасин, сўнгги йилларда иқтисодиётнинг бошқа секторларига нисбатан молия бозорининг «ахборот орқали ёритилишида», менимча, ўзгаришлар кам бўлди. Бу молия бозорининг «қолоқ»лиги оқи­бати эмас, негаки, унинг ахборот нуқ­таи назаридан ривожланиши иқтисо­диётнинг бошқа секторларидан анча илгари бошланган.
     Масаланинг яна бир жиҳати шундаки, сўнгги йилларда молия бозорлари тўғрисидаги маълумотларга эга бўлиш имкониятлари тубдан ўзгарди. Айтайлик, бундан 20 йил аввал бундай маълумотлардан фақат унинг учун анча-мунча пул тўлашга тайёр профессионал иштирокчилар фойдаланишган бўлса, эндиликда вазият тамомила ўзгача. Масалан, Cbonds обуначилари орасида шу тариқа катта молиявий институтлар қўлга киритадиган ахборот пакети билан мутлақо бир хил ахборот пакетига эга бўладиган кўплаб хусусий инвес­торлар бор.
     – Cbonds Ўзбекистонда 2006-2007 йилларда муайян мавзуларда конференциялар ўтказди. Кейин кўринмай қолди, 2018 йилда эса яна юртимизга келди. Хўш, республика капитал бозорига қи­зиқиш қай­та тикланишига нима сабаб бўлди ва Сизнинг назарингизда у қан­чалик истиқболли?
     – 2006–2007 йилларда бозорга бўлган қизиқиш ўша кезлар Ўзбекис­тонда ички корпоратив облигациялар бозорини ривожлантиришга уринишлар бошлангани билан боғ­лиқ эди. Бу трендда биз ҳам қатнаш­дик. Аммо 2008 йилдан эътиборан ушбу фаоллик сўнди ва узоқ йиллар давомида Ўзбекистон қим­матли қо­ғозлар бозорида тайинли ижобий ўзгариш рўй бермади. 2018 йилда эса уни қайта тиклаш жараёнлари бошланди, хусусан, Ўзбекистонда биринчи бўлиб «Кварц» компаниясининг IPO си бўлиб ўтди. 2019 йил эса Ўзбекистон суверен евробондининг жойлаштирилиши, ички давлат қоғозлари бозорининг ишга туширилиши, ички бозорда корпоратив облигациялар, «Ўзсаноатқури­лишбанк» евробонди ва бир неча IPO/SPO жойлаштирилиши каби во­қеаларга анча бой бўлди. Ўз навбатида, ҳам маҳаллий, ҳам хорижий иштирокчилар томонидан қимматли қоғозлар бозори мавзусига, демакки, айни йўналишдаги конференцияларга ҳам қизиқиш кучайди. Чунончи, ўтган йили сентябрда Тошкентда капитал бозори мавзусида ўтказилган II хал­қаро Cbonds конференциясида 150 дан ортиқ киши қатнашди. Улар орасида ўзбекистонликлардан ташқари Россия, Қозо­ғистон, Буюк Британия, АҚШ ва континентал Европа мамлакатларидан келган иштирокчилар ҳам бор эди. Бу албатта, дунёда Ўзбекистон бозорига қизиқиш катталигини, унинг ривожланиши учун юксак салоҳият мавжудлигини англатади.
     – «Ўзсаноатқурилишбанк» Лондон фонд биржасига ўзининг хал­қаро облигацияларини чиқар­ди. Сиз мамлакатимиз молия бозорининг бугунги ҳолатини қандай баҳо­лайсиз? Ўзбекистон суверен облигацияларининг жойлаштирилиши банклар ва корхоналар учун қан­дай янги имкониятлар эшигини очади? Юртимизга олис-яқин давлатлардан ташриф буюраётган инвесторлар ва эмитентларнинг Ўзбекистон капитал бозорига чиқишга бўлган қизиқишини қай тарзда янада кучайтириш мумкин?
     – Фикримча, ташқи ва ички бозорларга маблағларни жалб қилиш рақобатлашувчи эмас, балки бир-бирини тўлдирувчи воситалардир. Масалан, мен Россияда облигациялар бозори қандай ривожланганини жуда яхши эслайман. Корпоратив облигацияларнинг ички бозори 2000 йиллар бошида пайдо бўлса-да, 2010 йилга қадар унинг ҳажми еврооблигациялар бозори ҳажмидан анча паст бўлиб келди. Аммо евробондлар бозори туфайли эмитентлар унинг ўзига одатланиб, қимматли қоғозлар бозорида ишлаш маданиятини оширдилар. Ички бозор ривожланишига қараб ички инвестор шаклланди, россиялик қарз олувчилар ички бозордан борган сари фаол фойдалана бошлашди ва жойлаштириш улуши худди шу ерга кўчди. Айни пайтда ички бозор Россия компаниялари учун маблағлар манбаи сифатида еврооблигациялар бозоридан анча илгарилаб кетгани аниқ. Менимча, Ўзбекистондаги облигациялар бозорининг ривожланиши ҳам мантиқан шу йўсинда кечиши мумкин.
     Албатта, суверен облигациялар ҳам ички, ҳам ташқи бозорда жойлаштирилгани жуда яхши. Бу облигациялар бенчмарк деб аталувчи мўлжални ифодалайди ва шу асосда корпоратив облигациялар нархи шаклланади. Бундай бенчмарк пайдо бўлишини фақат олқишлаш лозим.
     Табиийки, чет эллик сармоядорлар бошқа мамлакатларга юқори даромад олиш истиқболлари мавжуд бўлган ҳамда қулай ва шаффоф инфратузилма яратилган тақдирда кўп­роқ келишади. Ҳозирча улар Ўзбекистонда ҳам юқори даромад олиш имконлари етарли эканлигини эътироф этишмоқда. Афсуски, бу мамлакат бозори хорижий инвесторлар учун жуда кичик. Шунинг учун ҳам пул қилиш, қимматли қоғозларни сотиб олиш, пулни олиб чиқиш, со­лиқлар тўлаш ва бошқа жараёнларни қулайлаштириш, бир сўз билан айтганда, инфратузилмани кенгайтириш орқали инвесторларнинг қи­зиқишини кескин ошириш зарур.
     – Cbonds фаолиятининг кўплаб йўналишлари мавжуд: ахборот сайт­лари (Cbonds.ru, Investfunds.ru, Preqveca.ru, Mergers.ru)ни ривожлантириш, молия бозорлари бўйича тематик конференциялар ва кўргазмалар ўтказиш, ноширлик билан шуғулланиш (Cbonds Review журнали ва йиллик маълумотномалар). Агентликнинг Ўзбекистон билан ҳамкорлиги тўғрисида гап кетганда қандай қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, ахборот алмашинувини яхши йўлга қўйиш учун нималар қилиш керак, деб ўйлайсиз?

 
Сиз интервьюнинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • Вышел в свет

    1/2020

    № 1/2020

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • РЕКЛАМА

  • Купить журнал

  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    chekIn г. Ташкент, ул. Ислама Каримова, 55.

    mailSmall info@evu.uz

    phone+99871 239-11-25, +99897 773-22-91.

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.