(O´zbek) Mehnat bozori rivojlanishining istiqbollari

1-2/2018

Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Маълумки, мамлакатимиз­да амалга оширилаётган иқти­содий ислоҳотлар аҳо­лининг иш билан банд­ли­гини тубдан ўзгартирди. Бу бир томондан, унинг иқти­содий тоифа сифатидаги мазмунини бойитди, шу билан бирга бошқа бозорлар (озиқ-овқат, ишлаб чиқариш, молия бозорлари ва ҳоказолар) билан бир қаторда меҳнат бозорининг шаклла­ниши ва уни самарали ри­вожлан­тиришга объектив жиҳатдан янгича ёндашувни талаб этади. Бу ҳолат меҳ­нат муносабатлари соҳа­сидаги вазиятнинг мураккаблашганлиги билан белгиланади. Шу билан бирга бозор иқтисодиёти шароитида аҳо­лининг ички ва ташқи миграцияси жараёни янада фаоллашди.
     Юқорида келтирилган ҳолатлар меҳнат бозорини тартибга солишнинг самарали механизмини шакллантиришни тақозо этади. Бу механизмлар қуйидагилардан иборат:
     ● аҳолининг иш билан бандлигини таъминлашга янгича ёндашувларни шакллантириш;
     ● меҳнатга лаёқатли аҳолининг иш билан бандлиги прогнозларини ишлаб чиқиш;
     ● истиқболда иқтисодиёт тармоқ ва соҳаларида ишлаб чиқарувчилар сони қанча бўлишини аниқлаш.
     Албатта, бу борада хориж тажрибасини ўрганиш зарур ва фойдали. Лекин мамлакатдаги муаммоларни ҳал этишда миллий анъаналарга таянган ҳолда маҳаллий ижтимоий-иқ­тисодий шароитларни ҳисобга олиб, ўз усул ва ёндашувларимиздан фойдаланиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
     Инновацион ривожлантириш ша­роитида меҳнат бозорининг самарали амал қилиши, меҳнат ресурсларини шакллантириш ва аҳолининг иш билан оқилона бандлигига жуда кўп омиллар таъсир этиши туфайли буни прогноз қилишга ёндашувлар ҳам турлича бўлиши талаб қилинади. Аммо бу ёндашувларнинг ҳар бири мамлакатда амалда бўлган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни чуқур ўрганиш, аҳолининг такрор барпо бўлишига хос қонуниятларни билишга асосланиши керак. Бундан ташқари ижтимоий-иқтисодий жараёнларнинг ўзига хос хусусиятлари иқти­содий таҳлил этилиши керак.
     Ишчи кучига талаб ва таклиф ўртасидаги оқилона нисбатни аниқлаш – аҳоли иш билан бандлигини ишончли истиқболлаштиришнинг якуний натижасидир.
     Иқтисодий кўрсаткичларни ис­тиқболлашда кўп томонламали ва омилли ёндашув талаб этилади. Чунки келгусида рўй бериши мумкин бўлган воқеа-ҳодисалар ва жараёнлар бир неча омиллар таъсирида юз беради. Жумладан, табиий-иқлимий, экологик, демографик, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий омиллар. Санаб ўтилган омиллар барча иқтисодий жараёнлар каби меҳнат бозори ривожланишининг истиқбол кўрсаткичларига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Табиий-иқлимий ва экологик омиллар меҳнат бозори ис­тиқболига сезиларли таъсир кўрсатиб, унинг натижасида бир қанча муаммолар юзага келиши мумкин. Масалан, қишлоқ хўжалиги, қайта ишлаш саноати, енгил саноат, озиқ-овқат саноати ва шу каби тармоқлар табиий-иқлимий шароитларга юқори таъсирчан бўлиб, уларнинг кескин ўзгариши ва ноқулай келиши туфайли мазкур тармоқларда фаолият юритаётганлар ишсиз аҳолига айланиб қолиши ва меҳнат бозорида ишчи кучи таклифи сифатида намоён бўлиши мумкин.
     Биз томонимиздан амалга оширилган меҳнат бозорининг самарали амал қилишини таъминлаш бўйича прогнозда қуйидаги омиллар ҳисобга олинди:
     ● меҳнат ресурслари сонининг кўпайишига энг жиддий таъсир кўрсатаётган омиллар: бунда аҳолининг ёш-жинс таркиби; меҳнат ресурсларининг тармоққа мансублиги; мақом, мулкчилик шакллари ва ҳоказолар бўйича иш билан бандлик. Шу билан бирга қишлоқ хўжалиги соҳасида хусусийлаштириш ва мулкни давлат тассарруфидан чиқариш, ишлаб чи­қариш ҳолати билан боғлиқ равишда меҳнатдан фойдаланиш ва иш жойларининг қисқариши; хўжаликларнинг касодга учраши оқибатида ходимларнинг ишдан бўшатилиши; меҳ­нат бозорининг шаклланиши; банд­ликка кўмаклашувчи тузилмаларнинг ривожланиши; ишдан бўшаган ходимларни касбий қайта тайёрлаш ва ҳоказолар;
     ● ишчи кучи таклифи, унинг сони ва таркибини белгиловчи омиллар: меҳнат ресурсларининг табиий такрор барпо бўлишини ифодалайдиган кўрсаткичлар; миграцион жараёнларнинг аҳволи; ишчи кучининг ҳудудий жойлашиши ҳамда иқтисо­диёт тармоқлари ва фаолият соҳа­лари бўйича тақсимланиши;
     ● аҳолининг иқтисодий фаоллиги омиллари: иш билан бандлик ва меҳнат бозоридаги вазият;
     ● шахсий омиллар: саломатликнинг аҳволи, оила аъзоларининг сони, даромадлар даражаси, ижтимоий ва иқтисодий мақом, меҳнат стажи ва иш тажрибаси, таълим даражаси ва ҳоказолар.
     Прогноз қилинаётган даврда рес­публикада аҳолиси сони мунтазам ортиб боради ва 2025 йилга бориб аҳоли сони 35952,5 минг кишини ташкил қилиши кутилади. Прогноз даврида Ўзбекистон Республикаси аҳо­лиси ўртача йилига 1,3 фоиздан ўсиши кутилади. Истиқболда аҳоли сонининг ўсиши билан бир бирга меҳ­нат ресурслари сонининг ҳам ортиши кутилади (1-расм).

11_Juraev1_uz

     Кўриб турганингиздек, республикадаги меҳнат ресурслари сони 2015 йилда – 18395,5, 2020 йилда – 19885,4, 2025 йилда эса 21376,1 минг кишини ташкил этиши кутилмоқда. Таҳлиллар кўрсатишича, яқин келажакда ҳам меҳнат ресурслари сонининг ўсиш суръати жами аҳоли сонига (14,0%) нисбатан юқори бўлади.
     Истиқболда аҳоли таркибида меҳ­нат ресурсларининг улуши мунта­зам кўпайиб боради. Агар 2015 йилда меҳнат ресурслари улуши 58,3 фоизни ташкил қилган бўлса, 2025 йил­га бориб бу кўрсаткич 59,4 фоизгача етиши кутилади.
     Бизнинг ҳисоб-китобларга қара­ганда, 2015–2025 йилларда иқтисо­дий фаол аҳоли сони 25,9 фоизга кў­пайиши, аксинча бу даврда иқтисо­дий нофаол аҳоли сони эса 16,6 фоизга камайиши кутилади. Шунга мос ҳолда 2015 йилда республика бўйича аҳо­лининг иқтисодий фаоллик да­ражаси 77,0 фоиздан 2025 йилда 83,4 фоизгача ортиши, меҳнат ресурс­лари таркибида иқтисодий нофаол аҳоли­нинг улуши 23,0 фоиз­дан 16,6 фоизгача етиши кутилади.
     Айтиш жоизки, республикада аҳо­лининг иқтисодий фаоллигининг ортиши давлат томонидан ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган мақсад­ли дас­турлар ишлаб чиқишни тақозо этади. Чунки мақсадли комплекс дастур меҳ­нат бозорининг келажакдаги фаолиятида асосий тадбирларни ишлаб чиқишнинг самарали воситаларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун меҳ­нат бозори фаолиятининг мақсадли комплекс дастурини амалга оширишга алоҳида аҳамият бериш зарур.
     Бизнингча, мақсадли комплекс дастурлар қуйидагиларни назарда тутиши лозим:
     ● саноат, хизмат кўрсатиш ва бошқа тармоқларда жонли меҳнат ва иш жойларига ўсиб бораётган талабларни қаноатлантириш;
     ● ишчи кучига талаб ва таклиф ўртасидаги бозор мувозанатига эришиш;
     ● юқори малакали ходимларни шакллантириш;
     ● меҳнат бозори инфратузилмаси объектларини самарали ривож­лантириш;
     ● иш билан банд бўлмаган шахс­ларнинг ишончли ижтимоий ҳимоя­ланишини таъминлашни назарда ту­тади.
     Бу каби самарали натижаларга эришиш учун учун аввало, дастурни амалга оширишнинг ташкилий, иқ­тисодий ва ҳуқуқий механизмларини, молиялаштириш манбаларини ҳамда ижрочи ва масъулларнинг вазифаларини аниқ белгилаб олиш зарур. Истиқбол дастурларини ишлаб чи­қишда мақсадга йўналтирилганлик, комплекслик, боғланганлик, қамров­лилик, аниқлик, кўп вариантлик, ҳа­қиқийлик, рационаллик, устуворлик, чекланганлик, муддатлилик, бошқа­рувчанлик ва эгасига мўлжалланганлик каби хусусиятларни ҳи­собга олиш лозим.
     Мамлакатнинг ижтимоий-иқти­содий ривожланиши, аҳоли фаровонлиги истиқболини кўзлаб ишлаб чиқилган мақсадли дастурларда қу­йидаги чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган:
     2015–2019 йилларда ишлаб чи­қаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қи­лишни таъминлаш чора-тадбирлари дастурини тайёрлаш доирасида жами қиймати 38 миллиард долларга тенг бўлган 870 та йирик инвестиция лойиҳаси рўйхати шакллантирилди. Ушбу лойиҳаларга биноан 415 та янги корхона барпо этиш ҳамда 455 та ишлаб турган корхонани модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш назарда тутилмоқ­да. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра ­дастурни амалга ошириш қуйидаги ­натижаларга эришиш имконини беради:
     ● машинасозлик, кимё, нефть-­газ-кимё, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати каби юқори қўшимча қий­матга эга бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи тармоқлар жадал ривож­лантирилади. Бунинг натижасида са­ноат маҳсулотларининг 1000 тадан ортиқ янги турини ишлаб чиқариш ўзлаштирилади;
     ● саноат ишлаб чиқаришининг 5 йилда 1,5 баробарга ўсиши, саноатнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши эса 24 фоиздан 2020 йилга бориб 27 фоизгача ортиши мўлжалланмоқда;
     ● юқори технологияли маҳсулот­лар экспортини янада ошириш ва 52 мингтадан ортиқ янги иш ўрни яратиш назарда тутилмоқда [3].
     Маҳаллий хомашё ва материалларни чуқур қайта ишлашни таъминлайдиган ишлаб чиқариш қувватла­рини кенгайтириш ҳисобидан импорт ҳажмини оптималлаштириш мақса­ди­да 2015–2019 йилларда тайёр маҳ­сулотлар, бутловчи буюмлар ва мате­риалларни маҳаллийлаштириш ҳам­да ишлаб чиқариш дастури та­йёр­ланмоқда. Дастур маҳаллий минерал хомашёни чуқур қайта ишлашни ва ­талаб юқори бўлган 1225 та маҳсулот ­турини ишлаб чиқаришни таъминлайдиган 600 та лойиҳани ўз ичига олади. Дастурнинг ижроси ҳар йили 3,5 миллиард доллар миқдо­ридаги импорт ўрнини босадиган маҳсулот­ларни ўзимизда ишлаб чи­қа­риш ва 13 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратиш имконини беради [4];
     2015 йил 6 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2015–2019 йилларда муҳандислик-комму­никация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастури тўғри­сида»ги ПҚ-2313-сонли қарори [5] асосида 2015–2019 йилларда «Ўзбек миллий автомагистрали» таркибига кирувчи республикадаги автомобиль йўллари қисмлари ва умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳам­да йўл ташкилотларининг ишлаб чи­қариш базаларини техник ривожлантириш чора-тадбирларини амалга ошириш минглаб янги иш ўринларини ташкил этишга имкон беради.
     Мазкур дастурий вазифаларнинг бажарилиши ва ижтимоий-иқтисо­дий ҳаётда ўз тасдиғини топиши келажакда аҳоли иш билан бандлигининг ўсишига олиб келиши муқар­рар. 2015–2025 йиллар давомида иш билан банд аҳоли сони 19,9 фоизга кўпайиши кутилиб, уларнинг сони 2025 йилда 17564,7 минг кишига етиши кутилади. Шуни алоҳида қайд қи­лиш лозимки, прогноз қилинаётган давр мобайнида иш билан банд аҳо­ли сони ўртача йилига 1,8 фоиз­дан кўпайиши кузатилади.
     Истиқболда иш билан банд аҳоли сонининг ўсиш суръати республиканинг барча ҳудудларида бир меъёрда кечмайди. Агар прогноз қилина­ётган даврда иш билан банд аҳоли сонининг ўсиш суръати Жиззах (28,5%), Қашқадарё (30,0%), Наманган (33,8%), Самарқанд (33,4%), Сурхондарё (35,8%) ва Хоразм (35,6%) вилоятларида республика ўртача кўрсаткичидан юқори, қолган ҳудудларда эса паст бўлиши кузатилади.
     Иш билан банд аҳоли сонининг ўсиши яратилаётган иш ўринлари сонига ҳам боғлиқ. Бизнинг ҳисоб-китобларга қараганда, мамлакатимизда 2020 йилдан бошлаб ҳар йили 1,0 млн. дан ортиқ янги иш ўрни яратилади.
     Истиқболда иш билан бандлар таркибида расмий секторда иш билан бандлар сони ортиб, аксинча, норасмий секторда иш билан банд­лар ва республикадан ташқарига ишлаш учун кетган фуқаролар сони камаяди.
     Прогноз қилинаётган даврда (2015–2025 йй.) ишчи кучи таклифи 1,9 фоизга ортиши кутилади. Истиқ­болда ишчи кучи таклифининг ортиши асосан меҳнат бозорига илк ки­рувчи шахслар томонидан таъминланади. Яъни бу тоифадаги фуқаролар сони 2015 йилда – 613,7, 2025 йилда эса 658,4 минг кишини ташкил этади.
     Республикада ишга жойлашишга муҳтож, иш билан банд бўлмаган аҳоли сони 2025 йилда 2015 йилга нисбатан 3,2 фоизга камаяди. Прогноз қилинаётган даврда аҳоли ва меҳнат ресурслари сонининг ўсиш суръати юқори бўлган Қашқадарё, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларидан таш­қари республиканинг барча ҳудуд­ларида ишсизлар сони камайиши кутилади. Истиқбол­да ишсизлар сонининг камайиши билан бир қа­торда аҳолининг ишсизлик даражаси ҳам қисқаради. Агар 2015 йилда мамлакатда ишсизлик даражаси 4,7 фоизни ташкил қилса, 2025 йилда эса 3,6 фоизга тенг бўлиши кутилади. Бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон ишсизлик даражаси паст бўлган мамлакатлар қаторидан ўрин олади.
     Прогноз қилинаётган даврда меҳ­нат бозорида ишчи кучига талаб 6,3 фоизга ортиши кузатилади. Бу даврда ишчи кучига бўлган талаб таркибида ходимларнинг табиий иш­дан кетиши сабабли пайдо бўладиган иш ўринлари сони – 1,6, меҳнат муассасаларига иш берувчилар томонидан берилган бўш иш ўринлари сони – 44,8, янги ташкил қилинадиган иш ўринлари сони эса 4,9 фоизга ортади.
     Таҳлиллар кўрсатишича, истиқ­болда меҳнат бозорида ишчи кучи таклифининг унга талабдан ортиқча­лиги қисқариб, 2015 йилдаги 62 минг кишидан 2025 йилда 9,2 минг кишини ташкили қилиши кутилади.
     Хулоса қилиб айтганда, истиқбол­да Ўзбекистонда меҳнат бозорининг ривожланиши учун қулай вазият вужудга келади. Бундан самарали фойдаланиш, биринчидан, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига, иккинчидан, аҳолининг турмуш фаровонлигининг ошишига ёрдам беради.

 
Олимжон Жўраев,
мустақил тадқиқотчи

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • АФИША

  • Реклама

  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    Узбекистан, 100000, г. Ташкент, ул. Матбуотчилар, 32

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.