Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Шаҳноза Алимова – 1997 йили Тошкент Давлат техника университетининг менежмент ва бошқариш факультетини тугатган ва шу йили ўз фаолиятини «Ўзсаноатқурилишбанки»да бошлаган. 2005 йилда «Ипотека-банк»ига пул маблағлари берилиши мониторинг» сектори бошлиғи лавозимида давом эттирган. Бу йўналишдаги билимларини янада ошириш мақсадида 2000–2004 йиллар давомида Тошкент давлат молия институти «Банк иши» факультетида иккинчи мутахассислик бўйича таълим олган. Банк соҳасида 22 йилдан бери фаолият юритади. Ш.Алимова ўз ишининг устаси бўлиб, мазкур соҳа тараққиёти йўлида халқаро молия экспертлари билан хамқорликда янги лойиҳалар устида иш олиб бормоқда.
Мамлакатимиз молия-банк тизимининг муваффақиятли фаолият юритиши кўп жиҳатдан унинг бошқарув жараёнлари самарали ташкил этилишига боғлиқ. Бу ўз навбатида, мазкур соҳанинг инвестицион жозибадорлиги таъминланишида, капиталлашув даражаси ошиши ва ликвидлиги янада мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этади. Банк тизимининг асосий вазифалари ва функцияларидан келиб чиққан ҳолда шуни айтиш жоизки, унинг капиталлашув даражаси, ликвидлиги ошиши ва молиявий барқарорлиги инвестицияга муҳтож субъектларга кредитлар беришида ҳамда мижозларига юқори даражада сифатли хизматлар кўрсатишида ҳал қилувчи омил ҳисобланади.
2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида банк тизимини ислоҳ қилиш, уларнинг молиявий барқарорлиги ва ишончлилигини мустаҳкамлаш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг бу тизимга ишончини кучайтириш, банкларнинг капиталлашув даражаси ва депозит базасини ошириш, истиқболли инвестицион лойиҳалар ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини кредитлаштиришни янада кенгайтириш; «рақамли банклар» ва аҳолига чакана хизмат кўрсатишга ихтисослашган банк бўлинмаларининг фаолият юритиш тартибини қайта кўриб чиқиш; етакчи хорижий тўлов тизимлари билан интеграциялашган замонавий чакана тўлов тизимларининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратиш ва уларнинг фаолият юритиш механизмларини белгилаш каби вазифалар белгиланган. Бугунги кунда банклар юртимиз равнақига хизмат қилувчи хайрли режалар тўлиқ ва сифатли амалга оширилишида, давлат дастурлари беками кўст бажарилишида, ҳудудларни ривожлантиришга оид истиқболли лойиҳаларни амалиётга изчил татбиқ этишда фаол қатнашмоқдалар. Соҳага тегишли асосий кўрсаткичлар изчил ўсаётгани, кредитларнинг фоиз ставкалари камайтирилаётгани, банк назорати самарали олиб борилаётгани, молиявий ҳисоботлар халқаро стандартлар асосида юритилаётгани, инвестициялардан аниқ мақсадларда фойдаланилаётгани тизимда инвестицион муҳит яхшиланишига хизмат қилмоқда.
Тижорат банклари рейтинги хорижий инвесторлар учун жуда муҳим кўрсаткич саналади. Улар муайян қарорга келишда айнан ўша мезонга таянадилар. Бугунги кунда «Ипотека-банк» акциядорлик тижорат ипотека банки (АТИБ)нинг фаолияти, мижозларга кўрсатаётган хизматлари сифати халқаро рейтинг агентликлари томонидан ижобий баҳоланиши хорижий инвестициларни кенг жалб этиш учун ишончли асос вазифасини ўтамоқда.
Банк тизими инвестицион жозибадорликка эгалиги боис жамиятдаги барча молиявий маблағларни ўзида жамлаш, уларни халқ хўжалигининг жамики тармоқларига инвестиция сифатида жойлаштиришдек масъулиятли вазифаларни бажариши мумкин. Умуман олганда, ҳар қандай тармоқ томонидан халқаро инвестициялар жалб қилиниши учун маълум йўналишлар мавжуд. Масалан, пластик карталар йўналиши воситасида асосан интеллектуал инвестиция жалб қилинади. Чунки бу йўналиш банк фаолиятига узвий боғлиқ бўлиб, фуқаролар ва ташкилотлар учун янги замонавий лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалиётга муваффақиятли татбиқ этиш орқали банкнинг ҳамда унинг мижози бўлмиш корхонанинг инвестицион жозибадорлигини ошириш имконини беради. Шунингдек, чет давлатлар билан ҳамкорликдаги қўшма лойиҳалар пластик карталар йўналишидаги ўсиш суръатини кўрсатади ва давлатнинг жаҳон айвонидаги нуфузини оширади.
«Ипотека-банк» АТИБ ўз фаолияти давомида янги технологиялар ва банк хизматларини жорий этиш борасида ҳам салмоқли ишларга қўл урмоқда. Мижозлар талаблари ва таклифларини инобатга олган ҳолда нақдсиз шаклда кўрсатиладиган хизматлар доирасини кенгайтириб ва такомиллаштириб, пластик карталар бозорида пешқадамлар қаторидан ўрин эгаллаб келмоқда.
Айни дамларда «Ипотека-банк» томонидан ойлик иш ҳақи лойиҳаси, корпоратив, тижорат карталари ва бошқа турдаги жами 1 500 312 дона миллий валютадаги пластик карталар мижозларга эмиссия қилинган. У Ўзбекистонда чиқарилган карталар сони бўйича биринчи бешликка кирган. Карталар қолдиғи 2019 йилнинг 1 апрель ҳолатига 302 миллиардга тенг. Шунингдек, «Ипотека-банк» Узкарт тўлов тизимида ишловчи 27 580 та терминал, 104 та инфокиоск ва 80 та банкомат ўрнатган. Уларнинг сони жорий йил охиригача яна кўпаяди.
Ипотека-банкнинг яна бир тайёр лойиҳаси унинг мобил иловасидаги Ipoteka-QR хизматидир. Ушбу хизмат жорий йилнинг биринчи ярмида амалиётга тўлиқ татбиқ этилиши мўлжалланган. У банк мижози ҳисобланган савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида махсус шаклланган ва тегишли тартибда рўйхатга олинган QR кодлари асосида амалга оширилган харидлар учун тўловларни қабул қилиш имконини яратади. Зеро, ҳозир дунё бозорларида кенг тарқалган бўлиб, фойдаланишга ўнғайлиги сабабли маҳаллий аҳоли ва хорижлик сайёҳлар эътиборини тортмоқда.
Картанинг афзалликлари:
● Карта хизматларини яратиш ва бошқариш тизимининг мослашувчанлиги
● Бир вақтнинг ўзида Visa, Master Card ва Union Pay International билан эмитент ҳамда эквайер сифатида уланиш имконияти
● Тўла қувватли мобил банкинг
● Терминаллар, пластик карталар ва процессинг тизимларини халқаро тўлов тизимлари томонидан сертификацияланиши
● Содиқлик тизимлари билан интеграцияланиш
● Ўз эҳтиёжидан келиб чиқиб карта хизматларини танлаш
● Бир қанча карта ва ҳисоб рақамлар учун умумий карта
● Бир ҳисоб рақамга боғлиқ бўлган кўплаб карталарни эмиссия қилиш
● Мижозлар учун транспортда қўллаш, талабаларга, оилавий ва бошқа турли қулайликларга эга бўлган карталар «HumoCard» карталарининг функционали
● Дуал интерфейсли карталар (контактли ва контактсиз)
● ПИН кодсиз кичик суммадаги тўловларни амалга ошириш имконияти
● Ноёб дизайн (эмбосcлаш, текcтура лак билан)
● Картани эмиссия қилишда карта дизайнида код ва расмни жойлаштириш имконияти
● Жаҳон миқёсида маҳсулотлар ва хизматларни олиш имконияти
● Ўз эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда карта маҳсулотларини танлаш имконияти
● Мижозларга турли қулайликларга эга бўлган транспорт, талабалар учун, оилавий ва бошқа турдаги карталар.
Турли тўлов тизимлари учун ягона терминал тармоғи – Савдо-сотиқ эквайринг – Савдо-сервис корхоналарида Товарлар ва хизматлар учун Visa International, MasterCard, UnionPay халқаро тўлов тизимлари ва Humo тўлов тизими орқали тўловни амалга оширишда, турли банк карталарини битта POS-Терминалда қабул қилиш.
Контактсиз технологиялар
Humo тўлов тизими ўзининг барча мижозларига контактсиз технология воситасида тўловларни амалга оширишнинг инновацион технологиясини таклиф этади. Бунда картани терминалнинг ўқиш қурилмасига бир маротаба тегизиш орқали харид амалга оширилган ҳисобланади.
Асосий афзалликлари:
● Тезлик
● Савдо активлигини рағбатлантириш
● Маркетингнинг янги имкониятлари
● Инновацион имидж
● Замонавий сифатли қурилмалар
● Магнит чизиқли, чипли ва контактсиз карталарни қабул қилиш
● Алоҳида терминаллар
● POS – Терминалларни қўллаган ҳолда интеграцион (касса) ечими имконияти
● Операцияларнинг хавфсизлиги.
Humo тўлов тизими ўз мижозларига контактсиз технологиялар ёрдамида тўловларни амалга ошириш инновацион усулини таклиф қилади. Бунинг учуун бизнинг барча карта ва терминалларимиз контактсиз тўлов функционали билан таъминланган. Тўлаш учун картани терминал ридерига яқинлаштиринг ва ўз ПИН кодингизни теринг. Бир уринишда тўлаш оддий ва қулай.
Контактсиз карталарнинг афзалликлари: Сония давомида маълумотларнинг узатилиши ҳисобига ҳисоб-китобларнинг юқори тезликда амалга оширилиши; Картадан фойдаланиш муддатининг давомлилиги, чунки унинг ўқийдиган қурилма билан жисман контакти талаб этилмайди – картани ҳамёндаги махсус бўлимдан чиқариш ва қўлга олиш зарур эмас.
Ташқи магнит майдонларнинг таъсири ва магнитлашнинг йўқолиши сабаблари бўйича ахборотни йўқотиш хавф-хатари мавжуд эмас – картада маълумотлар 10 йилгача сақланиши мумкин. Транзакцияларнинг юқори хавфсизлиги ва ахборот ташувчисини қалбакилашнинг мумкин эмаслиги – тўловни амалга оширишда карта бошқа шахс қўлига тушмайди (берилмайди).
Пластик карталар эгаларига кўп имкониятлар тақдим қилинади. Энг аввало, бу хавфсизлик. Агарда пластик карта эгаси картасини йўқотса, бу унинг ўз пулини йўқотганини билдирмайди. Ҳар бир пластик карта фақатгина карта эгасига маълум бўлган, бошқа шахслар томонидан фойдаланиш имкониятидан сақлайдиган, тўрт хонали шахсий ПИН-коди билан ҳимояланган. Пластик карта йўқотилган тақдирда унинг эгаси ер шарининг ихтиёрий нуқтасидан банк эмитентга қўнғироқ қилиб, картанинг йўқотилганлигини маълум қилади, банк эмитент картани стоп-листга қўяди.
Шунингдек, охирги пайтларда мижозларга янада кенгроқ қулайликлар яратиш, уларнинг қимматбаҳо вақтини тежаш мақсадида корпоратив карталар ҳисобрақамини масофадан туриб, мобил банкинг хизмати орқали тўлдириш имконияти муҳайё этилган. Бунда «Ипотека-банк» мижози корпоратив карта ҳисобрақамини ўзига бириктирилган электрон калит кўмагидаги электрон тўлов топшириқномаси орқали ўтирган жойида тўлдириши мумкин.
«Ипотека-банк» АТИБ CLICK ва PAYME ташкилотлари билан ҳамкорликни яхши йўлга қўйган. Бинобарин, пластик карталар эгалари эндиликда CLICK ва PAYME хизматларига уланиб, улардан бемалол фойдаланмоқдалар. «Ипотека-банк» эса бошқа йирик банклар билан ҳамкорлик асосида P2P амалиётларини бажариш бўйича шартномалар тузмоқда.
Бу муассаса мижозлари мушкулини тубдан осонлаштириш ниятида 2017 йил бошида овердрафт маҳсулотини тўлиқ ишга туширди. У ойлик иш ҳақи лойиҳаси асосида пластик карта қолдиғи минусга кириши ва мижоз картадан овердрафт суммаси миқдоридаги маблағ доирасида фойдаланиши учун имкон туғдиради. Овердрафт суммаси уни олувчи мижознинг бир йиллик маошининг ўртача уч ойлиги асосида белгиланади. Ҳозир бу тизимни янада такомиллаштириш ишлари давом эттирилмоқда. Бугунга қадар берилган овердрафт кредитлари сони 5 274 тага, жами суммаси миқдори эса 22 503 миллион сўмга етди.
Банкнинг 2019 йилги режасига мижозлар учун биринчи босқичда ойлик иш ҳақи лойиҳаси бўйича бирон-бир ҳужжатсиз ва таъминотсиз кредит карталарини жорий этиш киритилган. Мижозлар бу карталардан ўзларига қулай фурсатда фойдалана оладилар, кредит фоизини эса фақат ишлатилган сумма учунгина тўлайдилар.
Маълумки, COBRANDING карталари замонавий банк тизимида анча оммалашган. Унга боғлиқ хизмат турини ишлаб чиқиш ва амалда қўллаш «Ипотека-банк»нинг 2019 йилги навбатдаги эзгу мақсади саналади. Банк бу билан янги мижозлар диққатини ўзига жалб қилишдан ташқари уларнинг брендини кўрсатиш учун ноанъанавий карталар тақдим этади.
Ўз брендига мувофиқ чиқарилган COBRANDING карталарига эга корхонанинг обрў-эътибори чет эллик ҳамкорлари олдида бирмунча баланд бўлади. Боя таъкидлаганимиздек, COBRANDING карталари хорижий йирик ташкилотларнинг ҳам юзи ҳисобланади. Уларнинг олдида Ўзбекистон ташкилотларининг мавқеи ошиши эса ўз-ўзидан юртимизга кириб келаётган хорижий инвестициялар кўпайишига олиб келади. Чунки бренд туфайли ҳар қандай инвестор янгиликларни, янги имижларни ва ўзи инвестиция киритмоқчи бўлган ташкилотнинг ҳудуддаги бошқа ташкилотлардан фарқланувчи томонларини таҳлил қилиб, пировардида муқим хулосага келади. Ҳозир Ўзбекистонда жойлашган, уставида хорижий инвесторлар капитали мавжуд бир нечта корхона ҳам COBRANDING карталари лойиҳасига қизиқиш билан қарамоқда.
2019 йилнинг иккинчи чорагида VISA Classic (NFS) контактсиз карталарини эмиссия қилишни жорий этиш, халқаро карталардан бир-бирига пул ўтказиш, VISA карталар учун 3D Secure функциясини ишга тушириш режалаштирилган. Шунингдек, халқаро пластик карталар бўйича мижозларни банкка жалб қилиш учун янги турдаги халқаро пластик карталар тайёрланмоқда. Ҳозир VISA STANDART, VISA SILVER, VISA GOLD ва VISA PLATINIUM бўйича ишлар ниҳоясига етказилмоқда. Янги ва қўшимча қулайликларга эга бу турдаги маҳсулотлар тез орада мижозларга тақдим этилади.
«Ипотека-банк» 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга доир Давлат дастурида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш асноси ўз мижозларининг талаб-эҳтиёжларини талаблар даражасида қондиришга, улар учун янги-янги имкониятлар ва қулайликлар яратишга интилмоқда. Чунончи, сўнгги вақтларда чет эл валютасидаги Master Card ва UNIONPAY халқаро пластик карталарини амалда қўллаш бўйича шартнома имзолади. Айни кезларда уни ишга тушириш учун тегишли ташкилотлар билан ёзишмалар олиб бормоқда. Шунингдек, VISA, MasterCard ва UPI тўлов тизимларида электрон коммерцияни қўллаш чораларини кўрмоқда.
Шаҳноза АЛИМОВА,
«Ипотека-банк» АТИБ «Кичик бизнес ва чакана хизматлар» блоки раҳбари