Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Ҳозирги глобал ва шиддаткор замонда бозор ислоҳотларининг амалга оширилиши, мамлакатнинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашуви, жаҳон иқтисодий тизимида ахборот ролининг ўсиши, янги технологиялар ва капитал бозор ўртасидаги алоқалар кучайиши мамлакатимиз иқтисодиётининг инновацион ривожланиш йўлига ўтишини тақозо этади. Дунёнинг ривожланган ҳамда ривожланаётган мамлакатлари тажрибасини ўрганиш, шунингдек, Ўзбекистоннинг бой табиий ресурслари, ишлаб чиқариш ва илмий-техник салоҳиятини ҳисобга олиб инновацион ривожланиш йўлини танлаб олиш мумкин. Зеро, мамлакатимиз тараққиёти йўлида инновацион ва илмий-техник салоҳиятдан самарали фойдаланиш, бунинг учун мамалакатда комплекс инновацион сиёсатни шакллантириш учун қонунчилик асосларини яратиб олиш зарур.
Инновацион соҳани ривожлантириш учун бу соҳада стратегик ва тактик чоралар тизимини ишлаб чиқиш лозим. Маълумки, мазкур тизимни ишлаб чиқиш фақатгина илмий асосда амалга оширилади. Шу сабабли мамлакатнинг ҳар бир аҳолиси, у қайси соҳа вакили бўлишидан қатъий назар, инновацион фаолиятни ташкил этиш ва бошқариш амалиётини, яъни инновацион стратегиянинг асосий қоидаларини, инновацион сиёсатни шакллантириш ва амалга ошириш хусусиятларини билиши зарур.
Инновация– янада мукаммалроқ ҳолатга ўтишда янгиликлар, яъни ўйлаб топиш, ишлаб чиқиш ва ихтиро қилиш лозим бўлган янги воситалар, усуллар, маҳсулотлар, технологиялар демакдир. Инновация янги билимларнинг амалга оширилган йиғиндиси сифатида амалий қўлланиши ва мос келувчи соҳаларда самара бериши лозим.
Бугунги кунда инновация ишлаб чиқариш соҳасида, иқтисодий, ҳуқуқий ва ижтимоий муносабатлар, фан, маданият, таълим ва бошқа соҳаларда кенг қўлланиб келинмоқда. Бу эса ҳар бир соҳа ривожи учун янгича ёндашув билан қараш маъносини билдиради.
Ўзбекистон иқтисодиётида миллий саноатнинг роли ва аҳамияти салмоқли бўлиб, давлат мустақиллигига эришилгандан кейин бу соҳада туб хўжалик-иқтисодий, ташкилий-институтционал ва таркибий ислоҳотлар амалга оширилди. Саноат корхоналарини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш, давлат –акциядорлик, корпоротив, жамоа ва хусусий мулк шаклларига айлантириш, саноат тармоқларида таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, кичик ва хусусий корхоналарни ташкил этиш, чет эл капитали билан ҳамкорликда қўшма корхоналар ташкил этиш шулар жумласидан. Миллий саноат ривожланишининг янги даврини макроиқтисодий вазият, бозор муносабатларини шакллантириш, таркибий ўзгаришларнинг тавсифи ва саноатлаштириш стратегиясидан келиб чиқиб бир неча босқичга ажратиш мумкин. Бозор иқтисодиётига ўтишнинг устувор йўналишларидан бири иқтисодиёт тармоқларида инновацион ислоҳотлар, туб янгиланишларнинг модернизация қилиниши ҳисобланиб, у макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, корхоналарни янги технологиялар билан жиҳозлаш, иқтисодиётда нодавлат сектор улушини оширишга асосланади. Ушбу жараён, шубҳасиз мамлакатнинг инновацион, иқтисодий салоҳиятини ошириш билан бир пайтда ундан унумли фойдаланишни назарда тутади. Мамлакатимиз иқтисодиётининг ҳозирги ҳолати миллий иқтисодиётда инновацион ўзгаришларни амалга ошириш суръатларини жадаллаштиришни талаб этмоқда. Таъкидлаш жоизки, иқтисодиёти ривожланган мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, самарали инновацион стратегиянинг амал қилиши мамлакат иқтисодий ва табиий омилларидан оқилона фойдаланиш орқалигина амалга оширилиши мумкин. Мамлакат саноат-инновацион сиёсатида потенциал рақобатбардош, жумладан, иқтисодиётнинг хомашё йўналишидаги секторларида фаолият кўрсатувчи экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришларни яратиш ва ривожлантириш устувор аҳамиятга эга. Инвестицияларни мувофиқлаштириш, ишбилармонлик ҳамкорлигини ривожлантириш, бозорни эгаллаш каби сифатлар давлат саноат сиёсатига ёндашувларни кўрсатади.
Саноат тармоқларига инновацион стратегияларни қўллаш ва татбиқ этиш, саноат тармоқларида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни ташқи бозорга сотиш саноат ишлаб чиқаришини барқарорлаштиришда муҳим омиллардан ҳисобланади.
Фан-техника тараққиётининг энг муҳим йўналишларидан бири-илғор технологияларни кенг кўламда ўзлаштиришдан иборат. Илғор технология бу – технологик жараёнларни бирлаштириш, турли-туман физик-кимёвий усулларни қўллаш, вакуумлаш, нанотехнологиялардан кенг фойдаланиш ва шу каби кўплаб усуллар мажмуидир.
Яна бир йўналиш-ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва механизациялаштириш, электрлаштириш ва компютерлаштиришдан иборат. Ривожланган мамлакатларда барча тармоқлар учун чиқарилаётган жиҳозларни кенг кўламда электорнлаштириш йўлга қўйилган. Эндиликда барча жиҳозлар электронлаштирилган ҳолатда чиқарилади. Шунингдек, автоматлаштиришнинг юксак чўққиси бўлмиш ва юксак унумдорликни таъминлайдиган робот техникасини яратиш ишлаб чиқаришнинг энг олий мақсади бўлиб келмоқда.
Техника фан ютуқлари асосида яратилган инсон куч-қудратини, унинг иш қобилиятини, ижодкорлигини чексиз оширувчи қурол ҳисобланади. Технология эса фан ва техника асосида маълум моддий бойликларни, техника яратишни таъмин этилиши ёки шу моддий бойликларни техника асосида яратишни амалга оширувчи омилдир. Янги технология, инновацион стратегия ва техниканинг бир-бирига боғлиқлиги, бир-бирин тўлдириб туриши, такомиллашиб бориши жамият тарққиётининг илдам қадамлар билан ўсиб боришини таъминлайди. Технологик инновациялар юридик шахс томонидан биринчи маротаба ишлаб чиқилаётган маҳсулотлар, жараёнлар, хизматлар ва усуллар шаклида (агар улар бошқа юридик шахслар томонидан қўлланилаётган бўлса ҳам) бўлиши мумкин. Технологик инновацияларнинг иккита тури мавжуд. Булар: маҳсулотлар бўйича инновациялар ва жараёнлар бўйича инновациялар. Саноат ишлаб чиқаришида маҳсулот бўйича инновациялар технологик янги ва такомиллаштирилган маҳсулотларни тайёрлаш ва жорий этишни ўз ичига олади. Технологик янги маҳсулот – технологик хусусиятлари (функционал белгилари, конструктив йўл билан бажарилиши, қўшимча операциялари, шунингдек, қўлланиладиган таркибий қисмлар ва материаллар таркиби) ёки қўлланилиш мақсади принципиал жиҳатдан янги ёки юридик шахс томонидан илгари ишлаб чиқарилган шунга ўхшаш маҳсулотдан сезиларли даражада фарқ қилувчи маҳсулотдир. Бундай инновациялар принципиал жиҳатдан янги технологияларга ёки мавжуд технологиялардан, тадқиқот ва ишланмалар натижаларидан фойдаланишга асосланган бўлиши мумкин. Технологик жиҳатдан такомиллаштирилган маҳсулот – бу юқорироқ самарали таркибий қисмлар ва материаллардан фойдаланиш, бир ёки ундан ортиқ техник таркибий қисмларини қисман ўзгартириш (комплекс маҳсулотларда) йўли билан ишлаб чиқарилишининг сифат бўйича хусусиятлари яхшиланадиган ва иқтисодий самарадорлиги ошадиган маҳсулотдир.
Мамлакатимизда саноат корхоналарини ривожлантириш учун республика истеъмол бозорини аҳоли ўртасида харидоргир бўлган юқори сифатли енгил саноат маҳсулотлари билан тўлдириш, тармоқнинг экспорт салоҳиятини ошириш, кичик корхоналар томонидан рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш, тармоқда янги техника ва инвестиция сиёсатини ўтказиш, замонавий технологияларни жорий этиш, янги ва сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, тармоқ корхоналарини янги техника билан жиҳозлаш учун хорижий сармояларни кенг жалб этиш назарда тутилади.
Инновацион фаоллик тадбиркорлик фаолиятининг асосидир. Бозор иқтисодиётида фаолият юритаётган ташкилот ёки корхона рақобат курашида муваффақиятга эришиш учун доимий равишда янгиликлар излаш ва қўллашга интилиши зарур.
Раьно СОБИТОВА,
мустақил тадқиқотчи