Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Юртимизда бунёдкорлик ишлари тобора кенг қулоч ёймоқда. Янги-янги бино ва иншоотлар, кўп қаватли турар жойлар, маданий-маиший объектлар қад ростламоқда, текис-равон йўллар, муҳташам ва кўркам кўприклар жадал суръатларда кўпаймоқда. Шунинг баробарида замонавий ишлаб чиқариш корхоналари барпо этилиб, ишга туширилмоқда.
Табиийки, қурилиш қанчалик кўпайса, бинокорлик ашёларига талаб ва эҳтиёж шунчалик ортади. Серқуёш заминимиз эса қурилиш материаллари саноати учун зарур минерал хомашё ресурсларига ниҳоятда бой. Модомики, шундай экан, биз бу имкониятдан оқилона фойдаланишимиз, чунончи, импорт ўрнини босувчи маҳаллий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноатини изчил ривожлантиришимиз лозим. Ана шу боис диёримизда Президентимиз томонидан соҳа мутасаддилари зиммасига юклатилган вазифа-топшириқлар ижросини таъминлашга, саноатнинг кам ресурс ва энергия талаб қиладиган замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш тармоғини янада ривожлантиришга, айни мақсадда янги-янги қувватларни ишга туширишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Натижада, соҳа ҳар томонлама жадал равнақ топмоқда. Бундан пардозбоп гранит ишлаб чиқариш ҳам мустасно эмас. Ушбу маҳсулот асосан ошхона столлари устига, муҳандислик ва ички девор панелларига жило беришда ишлатилади, шунингдек, ҳайкалтарошликда ва безак бериш мақсадларида қўлланилади.
Ўзбекистонда гранит ишлаб чиқариш имконини берувчи 1000 га яқин кон ва хомашё захиралари мавжуд. Шаҳар-қишлоқларимизда амалга ошириладиган турли-туман иншоотлар қурилиши жараёнида эса жуда кўп миқдорда табиий тош материалларидан фойдаланилади. Шунинг учун ҳам, гарчи ҳозир республикамизнинг 10 та ҳудудида гранит ишлаб чиқарилаётган бўлса-да, бунёдкорлик ишларида ишлатилаётганларининг маълум қисми чет эллардан келтирилмоқда. Бу эса, сарф-харажатлар ошишига сабаб бўлмоқда. Демак, иқтисодий тежамкорликка эришиш ва аҳолига қулайлик туғдириш учун гранитни қайта ишлаб, сайқал бериш ва қурилишбоп маҳсулотлар тайёрлаш ишларини кучайтириш керак.
Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидаги гранит кони яқинда очилган. У йилига 300 минг квадрат метр гранит ҳамда ҳайкалтарошликда ва бинокорликда пардоз материали сифатида қўлланиладиган габбро маҳсулотлари етказиб бериш қувватига эга. Энг муҳими, айни кезларда бу корхона кўплаб қурилиш объектларига маҳсулот етказиб бериш билан бир қаторда, талай кишиларни иш билан таъминлашга хизмат қилмоқда. Бинобарин, мамлакатимизнинг қолган тоғли ҳудудларида ҳам гранит ва бошқа қурилиш материаллари тайёрлашни йўлга қўйиш фойдадан холи бўлмайди.