(O´zbek) Harakatlar strategiyasi iqtisodiyotni yangi bosqichga olib chiqishi muqarrar

2/2017

Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Ўзбекистоннинг мустақил­ликдан аввалги на ижтимо­ий, на иқтисодий аҳволини бугун ҳеч ким ҳавас билан эслаётгани йўқ. Агар кимки, аввалги ачинарли сиёсий, иқтисо­дий, ижтимоий аҳволимизни бошқа­ча талқин қилар экан, бундай шахс­ларда миллий ғурур ҳам ўзига яраша! Нега деганда, оддий халқдан сир тутилган барча маълумотлардан бугун ҳамма хабардор. Барча кўрсаткичлар бўйича тоталитар тузумда энг охирги ўринни эгаллаганимиз, аҳоли ўртасидаги тушкунлик, ишончсизлик кайфияти, қўрқув ва ваҳима кенг тар­қал­ганини ким инкор этади? Ана шундай мураккаб, нозик ва таҳликали даврда Биринчи Президентимиз ­Ислом Каримов мамлакат мустақил­ли­гини эълон қилиб, дунё харитасида янги давлатнинг пайдо бўлишига асос ­солди.
     Миллий Раҳнамо сифатида ижти­моий-иқтисодий ривожлантиришнинг ўзига хос ва ўзига мос йўли – маф­­курадан ҳоли иқтисодиётнинг си­ёсатдан устунлиги, барча ислоҳот­ларда давлатнинг бош ислоҳотчи си­фатида намоён бўлиши, қонуннинг устувор аҳамият касб этиши, кучли ижтимоий сиёсат юритиш ҳамда ис­лоҳотларни босқичма-босқич, тадрижий равишда амалга ошириш тамо­йилига асосланган, марказлаштирил­ган режали иқтисодиётдан ижтимоий йўналтирилган эркин бозор иқти­содиётига ўтишни назарда тутган маш­­ҳур «ўзбек модели»ни изчил тат­биқ этди. Ўзбекистон иқтисодиёти бир ёқлама шаклланган, фақат хом­ашё етказиб берувчи қолоқ респуб­ликадан барча соҳалар жадал суръатларда ўсиб бораётган, тараққий эта­ётган давлатга айланди. Мустақил та­раққиёт йилларида мамлакат иқти­содиёти беш баробар, аҳоли жон бо­шига даромадлар эса 8,7 баробарга кўпайди.
     Дастлабки йилларда иқтисодий кўрсаткичлар паст натижаларни қайд этди. Бу ҳол ўтиш даврининг ўзига хос мураккабликлари билан боғлиқ эди. Хусусан, 1991–1995 йилларда аҳо­ли жон бошига ЯИМ ишлаб чи­қа­риш ҳажми пасайиб борди. 1992 йилда 13,2, 1995 йилда эса 24,8 фоизга қадар пасайди. Солиқ-бюджет ва монетар сиёсатдаги муваффақият­ли ислоҳотлар туфайли, иқтисо­диётда таназзул тўхтатилгани ва 1996 йилдан бошлаб иқ­тисодий ўсиш бошлангани, зарурий қонунчилик базаси яратил­гани инвестициялар ҳажми ошишига ва таркиби ижобий тарафга ўзгаришига олиб келди. Агар 1991 йилда мамлакат инвестиция портфели уч манба (бюджет, корхоналар ва аҳоли маблағлари)дан шакллантирилган бўл­са, 1995 йилдан бошлаб капитал маблағлар тузилмасида хорижий инвестиция ва тижорат банклари кредити пайдо бўлди. 1996 йилдан эътиборан ҳар йили Инвестиция дастурини амалга ошириш йўлга қў­йилди. Ислоҳотларни чуқурлаштириш, таш­килий-ҳуқу­қий базанинг такомиллаш­тирилиши натижасида 2004 йилдан барқарор ўсиш даври бошланишига эришилди. 2007 йилга келиб эса, энг юқори натижа – 109,5 фоизлик кўрсаткичга эришилди. Аммо, 2008 йилдан бошланган жаҳон молиявий-иқ­тисодий инқирози Ўзбекистон иқти­содиётига ҳам ўз таъсирини ўтказди. Шу сабабли, 2008 йилги мамлакат ЯИМнинг ўсиш суръати 2007 йилга нис­батан 0,5 фоизга пасайди, 2009 йили бу фарқ янада кат­талашиб, 1,4 фоизни ташкил этди. Ўз вақтида ишлаб чи­қилган чора-тадбирлар натижасида юртимизда барқа­рор ва юқо­ри иқтисодий ўсиш суръатлари сақ­лаб қолин­ди. Яъни, 2010–2011 йил­ларда мос равишда 8,5 ва 8,3 фоизни ташкил этди. 2012 йили ЯИМ ўси­ши 8,2 ва 2013 йилда саккиз фоизга тенг бўлди.
     Мазкур йилларда автомобилсозлик, нефть-газ-кимё, фармацевтика, озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати каби янги тармоқлар ташкил қилинди. Қулай инвестиция муҳити яратилиши ҳамда фаол инвестиция сиёсати юритилиши иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим омилига айланди. Бунинг натижасида Ўзбекистон тайёр маҳсу­лот олиб келинадиган мамлакатдан юқори қўшимча қий­матли экспорт маҳсулоти чиқарадиган давлатга айланди.
     Истиқлол йилларида мамлакатимизда мутлақо янги банк-молия тизими йўлга қўйилди. Кенг кўламли ислоҳот­лар туфайли, 2005 йилдан дефицитсиз давлат бюджетини таъминлашга эришилди. Ўтган давр мобайнида кўплаб солиқ ставкалари 1,5–2 баробарга камайтирилди, давлат бюджети таркибида ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун сарфланадиган харажатлар улуши эса 59 фоизга қадар оширилди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги сал­моқли ўзгаришлар натижасида ғалла мустақиллигига эришилиб, ишлаб чи­қариш ҳажми 1,8 баробарга оширилди. Барқарор пахта етиштириш билан бирга, ғалла ҳажми 3,7, гўшт тайёрлаш 1,9 баробарга ўсди. Ўзбекистон жаҳон бозорида мева-сабзавот маҳ­сулотлари етиштирадиган ва экспорт қиладиган етакчи мамлакатдан бирига айланди. Айни пайтда 5 миллиард АҚШ долларидан зиёд озиқ-ов­қат ва мева-сабзавот экспорт қилин­моқда. Яъни, 80 дан ортиқ давлатга 180 турдан зиёд маҳсулот, шунингдек, қўшимча қийматга эга чуқур қайта иш­ланган қишлоқ хўжалиги маҳсулот­лари экспорт қилиниши натижасида ташқи бозорга чиқариш ҳажми уч баробардан ошди.
     Мустақиллик йилларида жон бошига реал пул даромадлари хусусий мулк ва тадбиркорлик фаолияти ҳи­собига 3,7 баробарга ошди. Айни пайтда, хусусий мулк ва тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромадлар аҳоли умумий даромадининг 47 фоизини ташкил эт­моқда. Даромадларнинг ошиши билан бир қатор­да, аҳо­лининг истеъмол харажатлари таркибида ҳам сифат ўзгаришлари рўй берди, жон бошига ўртача гўшт, сут, сабзавот, картошка, мева каби озиқ-овқат маҳсулотларини ис­теъмол қилиш кўпайди. Сифатли но­озиқ-ов­қат товарларидан фойдаланиш, ай­ниқ­са, мураккаб маиший тех­ника, компьютер, автомобиль, шунингдек, турли хизматлар билан таъ­минланганлик даражаси ҳам сезиларли ўсди. Бунга ўтган йиллар давомида кенг турдаги ис­теъмол товар­ларини ишлаб чиқариш ва маиший хизматларни ташкил этиш, уларни те­гишли равишда 4,7 ва 8,3 баробарга ошириш ҳисобига эришилди.
     2016 йилда экспорт қилиш ҳажми ортиши, миллий маҳсулотларимизни харид қилаётган мамлакатлар гео­графияси узоқ хориж давлатлари ҳи­собига кенгайиши кузатилди. Маҳал­лий маҳсулотларни четга чиқариш географияси 52 та янги бозорга кў­пайди. Хусусан, Бирлашган Араб Амир­ликлари, Ливан, Иордания, Ироқ, Гана, Сенегал, Кот-д’Ивуар, Сомали, Нигерия, Руминия, Япония, Хитой, АҚШ, Исроил, Польша, Туркия, Жанубий Корея, Латвия, Афғонистон, Швеция, Болгария, Беларусь, Озарбайжонга турли хил буюмлар ва маҳсулотлар экс­порт қилинмоқда.
     Кенг кўламли ислоҳотлар туфайли Ўзбекистоннинг жаҳон мамлакатлари ўртасидаги рейтинг кўрсаткичи ҳам йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Ху­сусан, Жаҳон иқтисодий форуми рей­тингида 2014–2015 йиллардаги ривожланиш якунлари ҳамда 2016–2017 йилларда­ги иқтисодий ўсиш прог­нозлари бўйи­ча дунёдаги энг тез ривожланаётган бешта мамлакатдан бири эканлиги қайд этилди. Бундан ташқари, 2015 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)га аъзо давлатларнинг озиқ-овқат хавф­сизлигини таъминлаш соҳасида Минг йиллик ри­вожланиш мақсадла­рига эришгани учун бериладиган мукофотига сазовор бўлган 14 та дав­латдан бири сифатида эътироф этилди.
     Хуллас, эришилаётган ютуқлар, қўл­га киритилган на­тижалар тўғри­сида фикр юритганда узоқ ва яқин истиқ­болга мўлжалланган дастурлар, режалар ва чора-тадбирлар мамлакатимиз келажаги тўғрисида ижобий ба­шоратларни илгари суришга замин яратади. Айни пайт­да, иқтисодиётни диверсификация қилиш, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга кенг урғу бериш, бутунлай янги босқичга олиб чиқиш борасидаги ўзгаришлар янада долзарблик касб этмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ри­вож­ланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қи­лишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғриси­да»ги фар­мони муҳим аҳамият касб этади. Унда кичик бизнес ва ху­сусий тадбиркорликка берилган эркинлик миқёсини кенгайтириш, давлат идоралари аралашувини тубдан қис­қартириш, ҳуқуқбузарликлар олди олинишини таъминлаш, уларнинг про­филактикаси самарадорлигини ошириш ва ноқонуний аралашувларга йўл қўймаслик дав­лат сиёсатининг устувор йўналиши ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси этиб белги­ланди.
     Шу билан бирга, Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2017–2021 йилларда мамлакатимизни ҳар тарафлама ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйи­ча Ҳаракатлар стратегиясида қуйи­дагиларни амалга оширишга алоҳида урғу берилди:
     ● давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш;
     ● қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш;
     ● иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш;
     ● ижтимоий соҳани ривожлантириш;
     ● хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағ­рикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш.
     Қисқача хулоса қилганда, мамлакат иқтисодиётини модернизациялаш, ишлаб чиқариш қувватларини қайта жиҳозлаш, сўнгги русумдаги техника ва технологияларни тўлиқ жорий этиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва импорт ҳажмини камайтириш ҳисобига кичик тадбиркорликни ривожлантиришга жалб этилаётган сармоялар ишлатилишини жиддий назорат қилишга алоҳида эътибор қаратилади.
     Шу жумладан, истиқболли корхоналарга турли ресурсларни самарали жалб этишда молиявий идораларнинг назорат тизими мувофиқ­лаштирилиши ҳам модернизация даврида муҳим аҳамият касб этади, яъни:
     ● мамлакатда банк-молия сиёсатини ислоҳ қилиш, яъни эркин рақо­батни ривожлантиришга қаратилган туб ислоҳотларни амалга ошириш, ху­сусан, талаб ва таклиф асосида ўзи­ни тўлиқ оқлаш имконини берадиган валюталар курсига ўтиш механизмини яратиш;
     ● мамлакатда хуфиёна ва норасмий иқтисодиёт шаклланишига хизмат қилувчи механизмлар ҳамда маъ­мурий тўсиқларни бартараф этиш, қонуний ва эркин иқти­содиётни шакл­лантиришнинг дунё тажрибаси­да қўл­ла­наётган самарали усулларини жорий қилиш;
     ● ижтимоий-иқтисодий ривож­лантириш дастурларида жаҳоннинг йирик молия муассасалари ҳамда хал­қаро ташкилотлари, жамғарма ва трансмиллий корпорациялари иштирокини ошириш, ислоҳотлар режасини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда хорижий экспертлар фаолиятини кенгайтириш;
     ● эркин иқтисодий зоналар билан бир қаторда йирик шаҳарларда махсус халқаро молия марказларини ташкил этиш, чет эл инвестициясини жалб этиш ва ўзлаш­тиришда тўсиқ бўлаётган ортиқча тартиблар, маъмурий тўсиқлар, қоғозбозлик ва расмиятчиликларни халқаро қонунчилик меъёрлари асосида тубдан қисқар­тириш.
     Албатта, ушбу таклифлар ўз нав­батида мамлакатимиз Президентининг Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда кичик бир мурват бўлиши билан бирга, иж­тимоий-иқти­содий фаолиятимизда мавжуд бўлган баъзи бир «тиқин»лардан воз кечишга, халқ билан очиқ му­лоқотдан кутилаётган самарадорликни оширишга хизмат қилади.
 
Асқар САМАДОВ,
иқтисод фанлари номзоди

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Make an Order

    Make an Order
  • AFFICHE

  • Advertising

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Contacts

    32, Matbuotchilar Street, Tashkent 100000 Uzbekistan

  • Subscribe To News

    (Русский) Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Any reproduction or use of excerpts from publications can be made only with the written consent of the publisher; when reprinting materials, a link to the source is required.