АҚШ президенти Дональд Трамп Қўшма Штатлар учун коронавирус пандемияси сабабли киритилган карантин чекловларини олиб ташлаш вақти келганлигини айтди.
«Биз аввалги ҳолатга қайтяпмиз, мамлакатни очяпмиз», — деди Трамп.
Трамп бундан ташқари, АҚШ компаниялари коронавирусга қарши вакцина яратишда улкан ютуқларга эришганини айтди. Унинг сўзларига кўра, 2 млн доза жўнатишга тайёр турибди ва вакцина хавфсизлик текширувидан ўтиши билан жўнатилади.
У чекловларни олиб ташлаган штатлар губернаторларини мисол қилиб кўрсатди ва бошқаларни ҳам улардан ўрнак олишга чақирди. Трамп Жоржия, Жанубий Каролина, Флорида ва бошқа кўплаб жойлар очилганини ҳамда у ердагилар «йирик бизнес» қилишаётганини айтди.
Трампнинг айтишича, барча чекловлар олиб ташланганидан сўнг АҚШни узоқ давом этадиган ўсиш кутмоқда.
Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, АҚШда 1,875 млн киши коронавирус юқтирган, 108 мингдан ортиқ киши вафот этган.
Манба: Kun.uz