Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Инсоният учун ғоятда синовли даврда озиқ-овқат хавфсизлиги ҳар бир давлат ва жамият ҳаётида ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан мамлакатимизда ҳам аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, бунинг учун қулай агробизнес муҳитини яратиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, соҳада инвестициявий жозибадорликни ошириш масалаларига устувор эътибор қаратилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилиши муқаррар, албатта.
«Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси раиси Омонжон МУСАЕВ билан суҳбатимиз айни мавзу атрофида кечди.
– Омонжон Мухаматяминович, биламизки, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда балиқчиликнинг ҳам ўрни катта. Сўнгги йилларда тармоқни ривожлантириш борасида қандай сезиларли ишлар амалга оширилди?
– Ўринли савол бердингиз. Ҳаммамизга яхши маълумки, 2017 йилнинг 1 май куни давлатимиз раҳбари охирги 20 йилда эътибордан четда қолган тармоқ – балиқчиликни тиклаш мақсадида «Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолаган эди. Мазкур тарихий ҳужжатга асосан «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси ва республиканинг ҳар бир ҳудудида балиқчилик соҳасини ривожлантириш ишларини амалга оширувчи ҳудудий «Балиқсаноат» МЧЖлар ташкил этилиб, соҳани равнақ топтиришнинг аниқ вазифа ва мақсадлари белгилаб берилди.
Шунингдек, Президентимиз томонидан ўтган тўрт йил давомида балиқчилик тармоғини изчил такомиллаштириш ва бу жараёнда соҳа вакилларини қўллаб-қувватлашга қаратилган олтита қарор қабул қилинди. Буларнинг ижросини таъминлаш самараси ўлароқ янги инновацион ва интенсив технологиялар кириб келди. Вьетнам, Хитой, Туркия, Россия ва бошқа балиқчилик соҳаси ривожланган давлатлар технологиялари жадал равишда жорий этилмоқда. Балиқчилик тармоғининг ҳар бир йўналишига алоҳида диққат қаратилиб, ушбу йўналишларда салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, балиқ личинкалари ва чавоқларини етиштириш, табиий ва сунъий сув ҳавзаларидан тўғри фойдаланган ҳолда балиқ етиштириш ҳажмини ошириш, балиқларни қайта ишлашга йўналтириш, юқори протеинли омухта ем цехларини ташкил этиш, соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва босқичма-босқич интенсив сув ҳавзаларини барпо этишда сезиларли ўзгаришларга эришиляпти.
Ҳозирда республика миқёсида 4000 дан ортиқ балиқчилик хўжалиги томонидан 53 минг гектар сунъий ҳамда 565 минг гектар табиий сув ҳавзаларида балиқ етиштириш ва овлаш ишлари йўлга қўйилган.
Балиқчиликда энг янги ва самарали усул – бир гектарлик майдонда янги интенсив усулда балиқ етиштиришнинг замонавий технологияси қўлланила бошланди ва бу соҳанинг драйвери бўлди, десак адашмаймиз.
Ҳозирги кунда республиканинг деярли барча ҳудудида ушбу интенсив технология татбиқ қилинган. Мисол учун, Андижон вилоятида «Valley fish» МЧЖ, Навоий вилоятида «Golden lake fish» МЧЖ, Сурхондарё вилоятида «Termiz agro fish eksport agrofirmasi» МЧЖ, Хоразм вилоятида «Xiva qorako’l» фермер хўжалигида интенсив усулда балиқ етиштириш ишлари ижобий натижа бермоқда.
Шу билан бирга интенсив усулнинг ёпиқ сув айланма тизими иншоотларида балиқ етиштириш энг самарали ресурс тежамкор технология бўлиб, ҳозирги кунда Қорақалпоғистон Республикасида «Nukus agro fish» МЧЖ, Бухоро вилоятида «Buxoro baliq» МЧЖ, Навоий вилоятида «Eksport fish produkt» МЧЖ, Тошкент вилоятида «Golden fish group» МЧЖ ва Марғилон шаҳридаги «Mr fish Farg’ona company» МЧЖ қўшма корхоналарида мазкур усулда балиқ етиштирилмоқда.
Шуни қўшимча қилмоқчи эдимки, табиий сув ҳавза ресурсларидан янада самарали фойдаланиш мақсадида қафас (садок) мосламаларини ушбу ҳавзаларга ўрнатиш орқали балиқ етиштириш ишлари ташкил этилмоқда.
Хусусан, Наманган вилоятидаги «Резаксой», Тошкент вилоятидаги «Туябўғиз» ва «Ҳожикент», Фарғона вилоятидаги «Марказий Фарғона» ва Навоий вилоятидаги «Тўдакўл» сув омборларида қафас усулида балиқ етиштиришда яхши тажриба тўпланган. Мазкур интенсив технологияларда маҳаллий балиқ турлари ва хорижий давлатлардан янги балиқ турлари олиб келиниб, кўпайтирилмоқда.
Агар аҳамият берадиган бўлсак, 4 йил аввал республикамизда саноқли йирик балиқчилик хўжаликлари фаолият юритган холос. Бугунги кунга келиб эса Президентимиз томонидан олиб борилаётган сиёсат, тадбиркорлар учун яратиб берилаётган имкониятлар ўз натижасини кўрсатгани ҳолда мазкур хўжаликлар сони кундан-кунга кўпайиб бормоқда.
Ўз навбатида интенсив технологияларни қўллаган ҳолда балиқ етиштиришни жорий этган балиқчилик хўжаликларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими шакллантирилди, яъни интенсив технологиялар асосида балиқ етиштиришни йўлга қўйган ва хориждан наслли она балиқ олиб кирган хўжаликларга давлат томонидан субсидиялар ажратилмоқда.
– Янги балиқ турлари айнан қайси давлатлардан келтирилмоқда? Ушбу балиқларни Ўзбекистон муҳитида кўпайтириш ва етиштиришга доир саъй-ҳаракатлар ҳақида маълумот берсангиз?
– Сўнгги 20-30 йил давомида республикага янги балиқ турлари олиб келинмаслиги, республикада мавжуд карп балиқларининг насли бузилишига ва бунинг оқибатида балиқ етиштириш ҳосилдорлигининг кескин тушиб кетишига сабаб бўлди. Мазкур муаммони бартараф этиш чора-тадбирларига дадиллик билан киришиш эса бугунга келиб ўз натижасини бера бошлади.
Навоий вилояти Қизилтепа туманида жойлашган «Тўдакўл» сув омборида фаолият юритувчи «Golden lake fish» МЧЖ томонидан 2019 йилда Венгрия давлатидан бизнинг маҳаллий карп балиқларининг наслбошиси ҳисобланган венгрия карп она балиқларидан 390 дона олиб келинди. 2019 ва 2020 йиллар давомида ушбу она балиқлар инкубация қилиниб, карп балиғи чавоқлари етиштириш йўлга қўйилди. Худди шундай, Самарқанд вилояти Пахтачи туманида жойлашган «Baliq al-said» МЧЖ томонидан Вьетнам давлатидан карп балиқлари олиб келиниб, парваришланмоқда.
Ҳозирги кунга келиб наслли карп балиқларининг тегишли хўжаликларга етказиб берилиши орқали республикадаги балиқларнинг насли тозаланиб, қони янгиланмоқда.
Натижада, балиқларнинг тез ўсиб, ривожланиши орқали балиқ етиштириш ҳажмининг ошишига эришилмоқда.
Шунингдек, республикага тиляпия, форель, лосось, осётрь балиқ турлари олиб кирилиб, иқлимга мослаштириш ишлари олиб борилмоқда.
– Мамлакатимизда етиштирилаётган балиқ турларининг кўпайиши халқимизда танлаш имкониятининг кенгайишига замин яратади. Айнан совуқ сув балиқларини етиштириш қай даражада уддаланмоқда?