Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Мустақиллик йилларида истиқлол, ислоҳот тушунчалари шунчалар онгу шууримизга сингиб кетдики, ижтимоий фаолиятимизни уларсиз тўлиқ тасаввур қилиб бўлмайди. Чунки, истиқлол туфайли барча жабҳаларда, шу жумладан, қурилиш материаллари саноатида ҳам туб янгиланиш ва ўзгаришлар юз бердики, соҳанинг барқарор ривожланишини иқтисодий ислоҳотларсиз амалга ошириш мумкин эмас эди.
Президентимиз раҳнамолигида шаҳару қишлоқлар инфратузилмасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли лойиҳалар, яъни саноат объектларини қуриш, барча ҳудудларда намунали тураржойлар, таълим ва тиббиёт муассасаларини барпо этишга қаратилган дастурларда ўз ижросини топмоқда. Бу эса, ўз навбатида, «Ислоҳотлар ислоҳот учун эмас, инсон манфаатлари учун», деган эзгу тамойил амалда ўз исботини топаётганидан далолат бериб турибди. Қолаверса, улкан бунёдкорлик майдонига айланаётган юртимизда кундан-кунга сифатли ва импорт ўрнини босувчи қурилиш материалларига бўлган талаб ҳам ортмоқда. Шу боис ҳам, «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик компаниясида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш сифатини тубдан ошириш, мавжуд қувватларни модернизация қилиш, юқори иш унумдорлигини таъминлаш, мазкур йўналишда янги ташкил этилаётган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиш ишлари тизимли равишда амалга оширилмоқда. Натижада эса ишлаб чиқариш ҳажми ўсиб, таклиф этилаётган маҳсулот турлари кўпайишига эришилмоқда. Бу борада компаниянинг эришаётган ютуқлари кўплаб халқаро мутахассислар томонидан ҳам эътироф этилмоқда.
Агар биз, компаниянинг 1991 йилдаги ҳолатига эътибор берсак, ўша даврда бор-йўғи 48 хилдаги 1,3 млрд сўм атрофидаги маҳсулот ишлаб чиқарилар эди. Истиқлол йилларида маҳсулот турлари янгиланиб, дунё андозалари даражасига етказилди. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида эса, 70 турдаги замонавий, энергия тежамкор, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп қурилиш материаллари ўзлаштирилиши натижасида биргина 2015 йилда 2,2 трлн сўмлик (760,1 млн долл.) маҳсулот ишлаб чиқарилди. Чорак аср давомида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ва тармоқдаги ижобий ўзгаришлар сабабли, ишлаб чиқариш ҳажми 20,7 бараварга оширилди. Хўжалик юритиш механизми янгиланиб, шахсий ташаббусга ҳам кенг йўл очилди. Айниқса, мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳити яратилгани ва тадбиркорлар фаолияти ҳар тарафлама қўллаб-қувватлангани боис қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар сони 6000 дан зиёдни ташкил этди. Масалан, биргина «Кварц» АЖда янги линия ишга туширилгач, ойна ишлаб чиқариш ҳажми йилига 10 млн кв/метрга етказилди. Ёки йилига 60 минг тонна қуруқ қурилиш қоришмалари ишлаб чиқарадиган «Бухорогипс» қўшма корхонаси маҳсулотлари ҳам ўз ўрнига эга. «Кнауф гипс Бухоро» ХК МЧЖда йилига 20 млн кв/м гипскартон ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Мамлакатимизда умумий цемент ишлаб чиқариш ҳажми йилига 3,6 млн тоннадан 8,2 млн тоннага етказилди. Шунингдек, 900 дан зиёд деворбоп материаллар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхоналар бунёд этилди. Уларнинг умумий ишлаб чиқариш ҳажми эса йилига 3,6 млрд донани ташкил этади. Ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, маҳаллий хомашёдан рақобатбардош қурилиш материаллари тайёрлаш ҳисобига импорт қилинаётган маҳсулотлар ҳажмини кескин камайтириш, аксинча сифатли тайёр маҳсулотларни экспортга йўналтиришни ташкил этишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаяпти. Қолаверса, тегишли дастурлар асосида бир қатор истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш ҳамда ишлаб чиқарувчи корхоналарни давлат тасарруфидан чиқариш масаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, («Қизилқумцемент» АЖ, «Бекободцемент» АЖ, «Кварц» АЖ, «Оҳангароншифер» АЖлардан ташқари) акциядорлик жамиятлари, масъулияти чекланган жамиятлар, хусусий корхоналар, қўшма корхоналар, хорижий корхона ва яна бошқа хилдаги мулкчилик шакллари яратилди. Энди, улар ўз фаолиятларини бозор талабларига мувофиқ ҳолда қувватларини оширишлари ёки зарур ҳолларда ишлаб чиқариш тузилмасини қайта шакллантиришлари мумкин. Айни пайтда эса, қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналарни давлат тасарруфидан чиқариш ишлари деярли якунланди.
Бугунги кунда компания томонидан замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ҳамда такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани боис, кўплаб турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Шунингдек, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ишлари ўз натижаларини бермоқда. Айниқса, сўнгги 10 йилда янги маҳсулот турларини ўзлаштириш, модернизация қилиш ва мавжуд қувватларни кенгайтириш борасида кўплаб лойиҳалар амалга оширилди. Шу ўринда биз, 2007–2011 йиллар натижаларини таҳлил этадиган бўлсак, айтиш мумкинки, шу даврда 49 та янги лойиҳа билан биргаликда, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш ва реконструкция қилиш ишлари, албатта, сурункали давом этаётган жаҳон иқтисодий инқирозининг республика иқтисодиётига салбий таъсир этишининг олдини олди. Мазкур чора-тадбирларни ўз вақтида амалга оширилгани қурилиш материаллари саноатини янада ривожлантириш имконини берди. Яъни, сўнгги беш йилда 49 та янги лойиҳа ишлаб чиқаришга татбиқ этилди. Бунда замонавий технологиялар чуқур ўрганилиши натижасида янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, янги йўналишлар очилди. Булардан: «сендвич» панеллар, полистирол асосида безакловчи панель ва қисмлар, газобетон, томёпқич материаллар, пластик профиль ишлаб чиқаришни кенгайтириш, намга чидамли гипсокартон, янги турдаги қуруқ қурилиш қоришмалари, қуруқ усулда цемент ва клинкер ишлаб чиқарувчи линиялар, Андижон ва Фарғона вилоятларида янги цемент ҳамда Жиззах вилоятида оқ ва портланд цемент ишлаб чиқариш, сопол плиталар, замонавий йўлак плиталари, «Қизилқумцемент» АЖнинг хомашё тегирмонларида энергия тежайдиган тизим ўрнатилди, кимёвий тиндирилган бўрлар, замонавий безакловчи пишган ғиштлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Шунингдек, Фарғона вилоятида «Moderna Ceramic Industries» ҚКда Марказий Осиёдаги энг замонавий сопол плиталар ишлаб чиқариш, ноанъанавий хомашё сифатида тоғ жинсларини цемент ишлаб чиқаришда қўллаш технологияси, Тошкент вилоятида «Grand Art Ceramics» ҚКда санитар керамикаси тайёрлаш, фаоллаштирилган оҳак, замонавий технологиялар асосида темир-бетон маҳсулотлари в.ҳ.
Айни пайтда замонавий қурилиш материаллари тайёрлашни такомиллаштириш, шу жумладан, тармоқларда истиқболли лойиҳаларни жорий қилиш, корхоналарни техник ҳамда технологик янгилаш иши давр талаби эканлигини назарда тутиб, Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик компанияси ўз фаолиятини жадал тус олиши учун ҳаракат қилмоқда. Бунинг натижасида инвестиция дастурига мувофиқ, жорий йилда олтита лойиҳани амалга ошириш якунланиб, 14,3 млн доллар миқдоридаги маблағ ўзлаштирилади. Амалда эса, инвестиция жалб қилиш мобайнида 30,1 млн долларлик саккизта лойиҳани амалга ошириш кутилмоқда. Шунингдек, таркибий ўзгаришларни таъминлаш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва диверсификациялаш, ҳудудларда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда кенгайтиришга доир дастурлар доирасида ҳам бир қанча истиболли лойиҳалар амалга оширилади. Бундай лойиҳаларни рўёбга чиқаришда эса амалиётга татбиқ этилаётган махсус дастурлар ва ҳуқуқий ҳужжатлар дастуриламал бўлмоқда. Мисол учун, Президентимизнинг 2015 йил 11 февралдаги қарорига асосан, Маҳаллийлаштириш дастурига киритилган «Bo‘ston тekstil» ҳамда «ARM Composite» МЧЖларида шиша пластикли арматура ишлаб чиқариш, «Ўзметкомбинат» АЖда қуввати 10 минг тонна бўлган иссиқликни сақловчи материалларни ишлаб чиқариш линиялари фойдаланишга топширилди.