Бугунги кунда туризм дунё иқтисодиётида ўз ўрнига эга бўлган тармоқлардан бирига айланди. Мамлакатимизнинг қайси шаҳрига ёки диққатга сазовор жойларига борманг, албатта, маҳаллий ёки чет эллик туристларга дуч келасиз. Характерли жиҳати, уларнинг аксарият қисми хорижий туристларга тўғри келади. Туризм иқтисодий жараёнларнинг муҳим қисмига айланмоқда. Чунки, мазкур соҳа ходимлари туристларни кутиб олиш, хизмат кўрсатиш, бўш иш ўринлари яратиш, чет эл валютаси кириб келишини кўпайтириш, туристик хизмат кўрсатувчи тармоқларга даромадлар олиш бўйича бир қанча омилларни ҳаракатга келтиради. Маҳаллий туристик ресурслардан тўғри фойдаланиш ўша ҳудуд иқтисодиётининг ўнгланишига, пировардида турли солиқларни тўлаш орқали маҳаллий ва давлат бюджетини тўлдиришга ижобий таъсир кўрсатади.
Шуни эътиборга олиш лозимки, авваллари туризмга аҳолининг саёҳат қилиши ва дам олишини таъминловчи оддий инфратузилма сифатида қаралган бўлса, айни пайтда у мамлакат иқтисодиётининг муҳим тармоғи сифатида шаклланиб, ривожланишига катта эътибор берилмоқда. Яқин-яқингача мазкур соҳа иқтисодиётга катта даромад келтирувчи тармоқ сифатида ўрганилган эмас эди. Шу туфайли, унинг мамлакат иқтисодиётидаги ҳиссаси нолга тенг, деган тушунча мавжуд эди. Эндиликда туризмга нафақат дам олишни ташкил қилувчи ижтимоий соҳа, балки миллий иқтисодиётнинг катта даромад келтирувчи тармоғи сифатида қарала бошланди. Агар унга тармоқ нуқтаи назаридан қараладиган бўлса, том маънода иқтисодиётнинг ижтимоий-иқтисодий тармоғи, деб ҳисоблаш мақсадга мувофиқ.
Бу ҳолат қуйидагилар билан изоҳланади: биринчидан, аҳоли бандлигини ҳамда дам олишини таъминлайдиган, даволайдиган, маълум маънода малакаси ва тажрибасини оширадиган соҳа бўлса, иккинчидан, тадбиркорларга ҳам, туристик фирмаларга ҳам, маълум ҳудудга ҳамда давлатга ҳам даромад келтирадиган иқтисодиёт тармоғига айланди. Шу жиҳатдан ушбу соҳани ижтимоий-иқтисодий соҳа деб аташ ўринли.
Туризмни ижтимоий-иқтисодий соҳага киритишни асослашда унинг тармоқ сифатида ишлаб чиқаришдаги ўзига хос хусусиятларини, шаклланишидаги асосий омилларни, миллий иқтисодиётга қай даражада дахлдорлигини, асосий фаолияти қай жиҳатдан ўзига хослиги каби жиҳатларни инобатга олиш лозим бўлади. Агар қайд этилганларни ҳисобга оладиган бўлсак, туризм бошқа соҳа ва тармоқларда такрорланмайдиган ўзига хос вазифа ва функцияларни бажаради. Бу эса, унга тармоқ ёки соҳа сифатида қарашга назарий асос бўлади.
Бу борада шуни инобатга олиш жоизки, кўп ҳолларда тармоқ ёки соҳа бир хил маъноларда ишлатилади. Булар бизнинг фикримизча, бир-бири билан ўта яқин бўлиши билан бирга айрим ўзига хос хусусиятларига ҳам эга.
Туризмга миллий иқтисодиёт нуқтаи назаридан қаралганда, унинг тўлиқ соҳа эканлигига гувоҳ бўламиз. Агар уни хизмат кўрсатиш соҳасининг бир йўналиши сифатида ўрганадиган бўлсак, у туризм тармоғини ташкил қилади. Мазкур масалани яхлит соҳа сифатида тадқиқ этадиган бўлсак, унга бир қанча тармоқларни бирлаштирадиган йирик субъект, яъни соҳа сифатида қараш мумкин. Демак, туризм иқтисодиёт нуқтаи назаридан тармоқ, аммо унинг ўзини яхлит ўрганадиган бўлсак соҳа, деб юритиш мақсадга мувофиқ.
Туризмга алоҳида тармоқ сифатида қарайдиган бўлсак, уни ташкил этувчи корхоналар йиғиндиси қуйидаги асосий, ўзига хос хусусиятлар билан тавсифланади:
● туризм бир хил фаолият тури билан шуғулланувчи иқтисодий жиҳатдан мустақил корхоналар йиғиндиси;
● туризмнинг мустақил тармоқлиги миллий иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари билан барқарор иқтисодий алоқаларни ўрнатиши билан характерланиши;
● туризм индустрияси ривожланиши туристларни жойлаштириш, овқатлантириш, уларга хизмат кўрсатувчи таранспорт соҳасини, дам олиш тизимларини яратиш, соғломлаштириш, зиёрат қилиш, спорт соҳаларини кенгайтириш масалаларини ҳал қилишга қаратилиши;
● мазкур соҳада фаолият юритадиган кадрлар малакасининг ўзига хослиги, улар бажарадиган ишларнинг бошқа тармоқларда такрорланмаслиги;
● хўжалик бошқаруви органи мавжудлиги, давлат ва нодавлат уюшмаларига бирлашганлиги.
Мамлакатимизда туризм соҳаси ўзининг барча хусусиятлари билан бошқа соҳалардан ортда қолмаган ҳолда жадал ривожланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг БМТ жаҳон сайёҳлик ташкилоти ижроия кенгаши 99-сессиясининг очилиш маросимидаги нутқида таъкидлаганидек: «2013 йилда дунёнинг 70 дан ортиқ давлатидан сайёҳлар ташриф буюрди ва уларнинг йиллик сони икки миллиондан ошди. Ўтган икки йил мобайнида бу кўрсаткич 43 фоизга ўсди, жорий йилнинг биринчи ярмида эса бир миллиондан ортиқ чет эллик сайёҳ юртимизга ташриф буюрди. 2013 йилда сайёҳлик хизматлари экспорти ҳажми 615 миллион доллардан зиёдни ташкил этди. Бугунги кунда туризм соҳасида 200 мингдан ортиқ киши меҳнат қилмоқда, тармоқнинг мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотидаги улуши икки фоиздан ошди».
Кўриниб турибдики, туризм миллий иқтисодиётдаги ўз ўрнини топишга муваффақ бўлди. Яъни, кечагина туризм умуман ҳисобга олинадиган даражадаги имкониятга эга бўлмаган бир паллада, бугун унинг улуши икки фоиздан зиёдни ташкил этмоқда. Айрим маълумотларга қараганда 2015 йилда туризмнинг ЯИМдаги улуши 2,5 фоиздан ошди.
Туризм ривожланишини таҳлил қилишда унинг иқтисодиёт таркибида қандай функцияларни бажаришини инобатга олиш лозим. Тадқиқотлар кўрсатишича, туризм миллий иқтисодиётда маълум бир функцияларни бажариш билан бирга, унга қуйидагича таъсир этади, булар:
● туристик маҳсулотлар ишлаб чиқаради;
● аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашади;
● миллий даромадни яратишда иштирок этади;
● минтақалар ривожланишига таъсир кўрсатади;
● тўлов балансини барқарорлаштиришга ҳисса қўшади;
● ўрта синф шаклланишида муҳим роль ўйнайди.
Туризмнинг миллий иқтисодиётга таъсир даражасини баҳолашда бажарадиган функциясининг нечоғлиқ самарали эканлиги ва мажуд эҳтиёжларга мослиги масалаларини аниқлашни тақозо қилади. Шу туфайли, уларнинг ҳар бирини қисқача кўриб чиқамиз.
Ишлаб чиқариш функцияси. Туристик ташкилотлар туристик маҳсулот ва хизматларни ишлаб чиқариш ва сотиш орқали мамлакат ЯИМни кўпайтиришга ҳисса қўшади. Туризмнинг ушбу хизмати мамлакат ЯИМда унинг улуши неча фоизни ташкил қилганлиги билан ўлчанади. Бунинг учун қуйидаги формуладан фойдаланиш мумкин: Тяимул = (Тяим * 100) : : ЯИМ;
Бунда: Тяимул – туризмнинг умумий ялпи ички маҳсулотдаги улуши;
Тяим – туризм соҳасида яратилган ялпи ички маҳсулот ҳажми;
ЯИМ – мамлакатда яратилган бир йиллик ялпи ички маҳсулот.
Аҳолини иш билан таъминланишига кўмаклашиш. Туризмни ривожлантириш бевосита аҳолининг иш билан бандлигига боғлиқ. Чунки, ушбу соҳада инсон иштироки муҳим аҳамиятга эга. Соҳада аҳолининг қанча қисми бандлиги ўша давлат иқтисодиётининг қандай ҳолда ривожланганлигига, унинг туристик салоҳиятига ва улардан қай даражада самарали фойдаланилаётганлигига боғлиқ. Ҳозирги пайтда ривожланган давлатларда меҳнатга лаёқатли аҳолининг беш фоизи туризм соҳасида фаолият кўрсатмоқда. Бутунжаҳон туристик ташкилоти маълумотига кўра, 2014 йилда жаҳонда туризм соҳасида 266 миллион киши фаолият кўрсатган. Бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, жаҳондаги ҳар ўн биринчи одам туризм соҳасида банд экан. Аммо, бизда ушбу кўрсаткич даражасига етиш учун бироз вақт бор, у бир қанча ташкилий-иқтисодий тадбирларни амалга оширишни талаб қилади.
Мамлакатимиз туристик салоҳиятини таҳлил қиладиган бўлсак, мазкур соҳада бандлик масаласи йилдан-йилга ошиб бораётгани кузатилади. Туризм соҳасида фаолият кўрсатаётган ходимларни ҳисобга олишда бевосита бандлар билан бирга билвосита бандларни ҳам инобатга олиш лозим. Агар масалага шу жиҳатдан ёндашадиган бўлсак, туризмда банд аҳолини қуйидаги тўртта тоифа бўйича ўрганиш мақсадга мувофиқ. Буларга қуйидагиларни киритиш мумкин:
● туризм соҳасида бевосита бандлик;
● туризм соҳасида билвосита бандлик;
● туризмга ўз иш жойидан туриб хизмат қилувчи соҳаларда фаолият кўрсатувчи ходимлар бандлиги;
● туристик объектлар ва инфратузилмалар қурилишидаги бандлик.
Туризмда банд бўлган ходимлар сони (Хст)ни аниқлаш учун юқоридаги гуруҳлардаги маълумотлар инобатга олинади. Бунда туризмда бевосита банд бўлган ходимлар сони (Хс)га туризм соҳасида билвосита банд бўлган (Хбв), ушбу соҳада ўз жойида туриб хизмат қилувчи соҳаларда фаолият кўрсатувчи ходимлар (Хўж)ни туристик объектлар ва инфратузилмалар қурилишидаги бандлик (Хқб) бўйича тадқиқот натижасида тузатиш коэффициентлари ишлаб чиқилади ва уларни шу соҳалар бўйича банд бўлган ходимларга нисбатан аниқлаб олинади. Бунинг учун қуйидаги формуладан фойдаланишни тавсия қиламиз: Хст = Хс + (Хбв * Кбв) + (Хўж * * Кўж) + (Хкб * Ккб).
Миллий даромад яратиш. Туризм соҳасида фаолият юритиш натижасида банд аҳолига меҳнат ҳақи тўлаш, маҳаллий ҳамда давлат бюджетига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш орқали миллий даромад яратилади. Айрим давлатлар бюджети шаклланишида туризм соҳасидан келиб тушадиган даромадлар салмоқли миқдорни ташкил этади. Бундан ташқари, хорижий туристларга хизмат кўрсатиш эвазига валюта захиралари шакллантирилиб, катта ҳажмдаги ишларга йўл очилади. Туризм келажакда бизда ҳам иқтисодиётга катта фойда келтирадиган соҳага айланиши кўзда тутилмоқда. Бунга қандай асосларимиз бор?
Аввало, туризмнинг миллий даромадга қандай улуш қўшаётганини аниқлаб олиш лозим. Яъни, (Тмд) қўшган ҳиссасини аниқлаш учун туризм соҳасининг тўлаган солиқлари ва бошқа мажбурий тўловлари (Смт)га соҳада банд бўлган ходимлар меҳнат ҳақи (Мҳ)ни қўшиб аниқлаш мумкин бўлади. Меҳнат ҳақи (Мҳ) эса соҳадаги ходимлар сони (Хс)ни ўртача меҳнат ҳақи (Мҳўр)га кўпайтириш йўли билан аниқланади. Буларни аниқлаш учун қуйидаги умумлашган формулани қўллаш мумкин: Тмд = = Смт + (Хс * Мҳўр).
Минтақаларнинг барқарор ривожланишини таъминлаш. Бу функция аҳолиси кам ва саноати ривожланмаган ҳудудларда туризмни шакллантиришга ундайди. Чунки, кўпгина чекка ҳудудлар аҳолиси асосан деҳқончилик, чорвачилик ва боғдорчилик билан шуғулланади. Булар кўпинча тоғ ва тоғолди ҳудудларига тўғри келади. Бу жойларнинг ўзига хос анъана ва қадриятлари сақланиб қолган. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда ҳам ўзига хослик мавжуд. Шу туфайли, бундай жойларда экологик туризмни, агротуризмни, қишлоқ туризмини ривожлантириш мумкин. Туристларга маҳаллий аҳолининг яшаш тарзи, миллий анъаналарини кўриш, табиат қўйнида дам олиш қизиқ, албатта. Бу эса, ўз навбатида, маҳаллий аҳоли турмуш тарзини яхшилашга олиб келади, яъни янги иш ўринлари яратилади, туризм инфратузилмаси ва сервис хизматлари ташкил этилади. Энг муҳими, хизмат соҳасидаги бандлик ҳисобига қишлоқда меҳнатнинг характери ҳам ўзгариб, такомиллашиб боради. Авваллари фақат аграр меҳнатга мослашган қишлоқ аҳолиси энди ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатишнинг илғор усуллари билан шуғулланиш имкониятига эга бўлади.