Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Ҳам алоқа, ҳам телекоммуникация хизматлари, юқорида таъкидланганидек, яхлит мақсадга, яъни фойдаланувчилар (юридик ва жисмоний шахслар)нинг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондиришга қаратилган. Шу боис, алоқа ва телекоммуникация хизматларини биргаликда яхлит ахборотлаштириш хизматлари, деб эътироф этиш ва унга қуйидагича таъриф бериш мумкин.
Ахборотлаштириш хизматлари – бу, алоқа ва телекоммуникация операторлари ёки провайдерларининг ҳақ тўлаш шарти билан ахборот ресурслари, ахборот технологиялари ҳамда ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда юридик ва жисмоний шахсларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжларини қондиришга қаратилган фаолияти.
Алоқа ва ахборотлаштириш хизматларининг ҳар бир туркуми ва уларга кирувчи хизмат турлари алоҳида олинган хўжалик юритувчи субъектларнинг асосий фаолиятини ташкил этади. Республикамизда почта алоқа хизматлари «Ўзбекистон почтаси» АЖ, телефон алоқа хизмати «Beline», «Ucell», «UzMobile», «Perfectum Mobile», «Ўзбектелеком» каби компанияларнинг, телевидение ва радиоэшиттириш хизматлари эса «Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси» тизимига кирувчи корхоналарнинг асосий фаолияти ҳисобланади. Интернет хизматлари барча тармоқ ва соҳа корхоналари фаолиятининг ажралмас қисми, шунингдек, алоҳида хўжалик ҳисобидаги корхоналарнинг махсус даромад келтирувчи фаолият тури сифатида амалга оширилмоқда.
Алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари туркумлари ва бу туркумларга кирувчи хизмат турларидан олинаётган даромадлар мамлакатда яратилаётган ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)нинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Бинобарин, ушбу соҳадан олинаётган даромаднинг республикамизда яратилаётган ЯИМдаги ҳиссаси йилдан йилга ошиб бормоқда. Бу, ўз навбатида, бухгалтерия ҳисоби олдига алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари ҳар бир турига оид даромадларни тўғри ва объектив акс эттиришдек муҳим вазифани қўяди. Алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари ҳар бир туркумига кирувчи хизмат турларининг кўплиги, уларнинг ҳар хил тарифлар асосида турли вақтларда амалга оширилиши ҳамда турли ҳужжатлар билан расмийлаштирилиши бухгалтерия ҳисоби олдида турган ушбу вазифанинг долзарблигидан дарак беради. Жумладан, «Ўзбекистон почтаси» АЖ провайдерлари ўнга яқин турдаги почта хизматларини, мобиль телефон алоқаси субъектлари эса ўндан зиёд режимлардаги ва турли тарифлардаги сўзлашув хизматлари кўрсатади. «Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси» таркибига кирувчи провайдерлар томонидан ҳар куни жуда кўп сонли телерадио хизматлари, яъни телерадио маҳсулотлари эфирга узатилади. Ушбу хизмат турларининг ҳар бири бўйича олинадиган даромаднинг мамлакат ЯИМга бевосита таъсир қилиши, уларни қачон ва қанча миқдорда тан олиш, мос равишда, уларни ҳисоб ва ҳисоботда акс эттириш мақсадга мувофиқлиги давлат аҳамиятига молик масала эканлигини билдиради. Шу боис ҳам, фикримизча, алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари соҳасига кирувчи алоҳида субъектлар гуруҳлари, почта алоқаси, телефон алоқаси, телерадио хизматлари, интернет ва бошқа телекоммуникация хизматларини кўрсатувчи субъектлар учун давлат миқёсида даромадларни тан олиш, ҳисобини юритиш ва уларни ҳисоботга киритишнинг яхлит тартибларини белгилаш мақсадида махсус меъёрий ҳужжатларнинг яратилиши объектив зарурат ҳисобланади.
Алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари соҳасида яратилаётган маҳсулотларнинг характерли хусусиятларига уларнинг моддий кўринишга эга эмаслиги, бу маҳсулотларни яратилиши ва фойдаланувчиларга топширилишининг айрим хизмат турлари бўйича бир муддатда, бошқа хизмат турлари бўйича эса ҳар хил муддатда юз бериши, мос равишда, тўлиқ тугалланганлик ва ушбу ҳолатларни бўлиши, уларнинг ҳар хил харажатларни талаб қилиши, қолаверса, бу харажатларни таркиби бўйича бир хил қолипга солиб бўлмаслиги киради. Ушбу хусусиятлар алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари соҳасида харажатлар ҳисоби ва улар таннархини аниқлаш (калькуляция қилиш) борасида бошқа тармоқлардан фарқ қилувчи хусусиятларнинг мавжудлигидан дарак беради. Таннархнинг корхоналар молиявий-хўжалик фаолияти кўрсаткичлар тизимидаги тутган ўрни, унинг якуний-молиявий натижаларга бевосита таъсир кўрсатиши, табиий равишда, ўзига хос хусусиятларга эга алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари ҳар бир туркумига кирувчи хизмат турларининг яратилиш қийматларини, яъни таннархини тўғри ҳисоб-китоб қилишда ҳам ўзига хос ёндашишни тақозо этади.
Ушбу хусусият ҳам алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари соҳасида харажатларни тан олиш, ҳисобини юритиш ва уларни ҳисоботга киритишнинг яхлит тартибларини белгилаш мақсадида махсус меъёрий ҳужжатлар яратилишини объектив зарурат қилиб қўяди. Ҳозирги пайтда республикамизда амалда бўлган «Маҳсулот (иш, хизмат)ларни ишлаб чиқиш ва сотиш харажатлари таркиби ва молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисида Низом»да алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари соҳасининг юқорида эътироф этилган хусусиятлари тўлиқ қамраб олинмаганлиги мазкур муаммонинг ўта долзарблигидан дарак беради.
Фикримизча, алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари соҳасида бухгалтерия ҳисобининг юқорида қисқача таснифи берилган долзарб муаммоларини ҳал қилиш, уларга оид махсус меъёрий ҳужжатларни қабул қилиш, шунингдек, ушбу соҳада бухгалтерия ҳисоби хусусиятларини дарсликлар ва ўқув қўлланмаларда кенг ёритиш республикамизда иқтисодиётнинг мазкур тармоғини барқарор ривожлантиришга, шунингдек, ушбу тармоқ учун етук малакали кадрларни тайёрлашга имкон беради.
Учқун ШИРИНОВ,
мустақил тадқиқотчи