Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Мамлакатимиз иқтисодиётининг барча тизимлари самарали ислоҳ қилиниши кўп жиҳатдан қишлоқ хўжалигида мавжуд ер ресурсларидан унумли фойдаланиш билан ҳам боғлиқ, чунки ер ресурслари жамият манфаатларига хизмат қилувчи моддий неъматларни яратишда бевосита иштирок этади. Демак, ер ресурсларини талаблар даражасида баҳолаш асосида ҳудудлар имкониятларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш муайян илмий ва амалий аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Республикасида ер давлат мулки ҳисобланади ва у жисмоний, юридик шахсларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, фойдаланиш, ижарага олиш ва мулк ҳуқуқи асосида берилади. Мулк шакллари ва ерга бўлган ҳуқуқларнинг хилма-хиллиги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасида таъкидланишича: «Ер ва бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир». Бироқ, мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотларнинг чуқурлашуви объектив тарзда ер муносабатларини тубдан ислоҳ қилиш заруратини келтириб чиқарди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 24 июлдаги ПФ-3780-сонли фармонига мувофиқ, республикамизда ишлаб чиқариш объектлари ва якка тартибда уй-жой қуриш учун ажратилган ер участкаларининг хусусийлаштирилиши назарда тутилган. Мазкур тадбир ерларни баҳолаш ишлари ўтказилишини ва ушбу тадбирлар материалининг қўлланилишини талаб қилади.
Барчамизга маълумки, жамиятда ер ресурслари кўп мақсадли функцияларни бажаради. Охирги 25 йилда ер ресурсларининг Ўзбекистон Республикаси ер фонди майдонларининг тоифалари ва динамикаси бўйича тақсимланиши ушбу ресурсларнинг кўп функцияли эканлигини яна бир бор намоён этди.
Қайд этилганидек, республикамизда барча турдаги ер майдонларидан фойдаланиш жамият ижтимоий-иқтисодий ривожланишида ўзига хос тарзда объектив сабабларга кўра динамик хусусиятга эга. Хусусан, қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ер майдонлари учдан бир қисмдан кўпга қисқарди. Бунга қорамолларнинг тартибсиз равишда боқилиши ва тупроқ қатламининг бузилиши оқибатида яйловлар сифатининг сезиларли даражада пасайиши туфайли уларнинг кескин равишда қисқаришига асосий сабаб бўлди. Инқирозга учраган қишлоқ хўжалиги ерларининг бир қисми ўрмон фонди ерлари тоифасига, яна бир қисми эса захира ерлар тоифасига ўтказилди. Аҳоли пунктлари ерларининг майдони ушбу даврда анча кенгайди. Бунга 1989 йилда Юртбошимиз томонидан имзоланган «Қишлоқ жойларида томорқа улушларини кўпайтириш тўғрисида»ги фармоннинг амалга оширилиши натижасида қишлоқ аҳоли пунктларида томорқа участкалари ўлчамларининг кенгайтирилиши сабаб бўлди. Бу эса қишлоқ аҳолисининг ижтимоий-иқтисодий аҳволи тубдан яхшиланишида муҳим роль ўйнади.
Айниқса, саноат, транспорт, алоқа ва мудофаа тизимига қарашли ер майдонларининг нисбатан кўпайтирилишига алоҳида эътибор қаратилиши, бу – бозор муносабатларига ўтиш шароитида мунтазам равишда ривожланиб бораётган иқтисодиётимиз эҳтиёжларини таъминлаш билан бевосита боғлиқ. Масалан, ўрмон фонди ерларида катта ўзгаришлар бўлди – инқирозга учраган яйлов ерларининг бир қисми унинг тасарруфига ўтказилиши ҳисобидан ўрмон фондининг ер майдони кўриб чиқилаётган даврда 3,6 мартага ошиб, 8,8 млн гектарга етди. Ушбу даврда сув фонди ерларининг майдони қарийб 30 фоизга ошди. Мазкур ерларнинг майдони бир йилда мос равишда ўртача 1–4 минг гектарга ортган, бу асосан, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш эҳтиёжларининг ошганлиги билан изоҳланади. Ва, ниҳоят, захира ерларининг майдони таҳлил қилинаётган даврда инқирозга учраган яйлов ерларининг қайтарилиши ҳисобидан 90 фоизга кўпайган.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар даврида ерларнинг асосий тоифаларига тегишли майдонлар динамикаси ер муносабатларида юз бераётган чуқур ўзгаришлар, тақсимланишдаги мослашувчан жараёнлар ва жамиятнинг хилма-хил моддий неъматларга, ижтимоий, рекреация, соғломлаштириш ва табиатни муҳофаза қилиш хизматларига бўлган эҳтиёжлари билан боғлиқ ер ресурсларидан фойдаланиш хусусиятидан далолат бериб турибди. Шу билан бирга, у республикада ердан фойдаланиш таркибини мақбуллаштириш жараёнининг натижаси ҳисобланмайди, балки иқтисодий ислоҳотларнинг дастлабки босқичларида жамиятда юз бераётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларнинг акс этишидир. Айниқса, ушбу жиҳат қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерларга тааллуқли.
Қишлоқ хўжалиги мамлакатимиз иқтисодиётининг энг муҳим тармоғи ҳисобланиб, ердан фойдаланиш расмий маълумотларга кўра, 20,8 млн гектарни ташкил қилади, шунинг 4,2 млн гектари жуда қадрланадиган суғориладиган ерлардир. Барча қишлоқ хўжалигида етиштириладиган маҳсулотларнинг 95 фоизи мазкур ерлар улушига тўғри келади. Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги экин майдонлари улушининг бир мунча камайганлигига қарамай, ҳайдаладиган ва кўп йиллик дов-дарахтзорли ерлар катта ўзгаришларга дучор бўлмади, бу ўта ноёб ерлардан фойдаланишдаги ижобий ҳолат ҳисобланади.
Кўриб турганимиздек, ҳайдаладиган ерлар майдони бор-йўғи 1,2 фоизга, пичанзор ва яйловлар эса қарийб икки марта қисқарди. 2014 йилда мамлакатимизда суғорма ҳайдов ерлари таркибида пахта майдони 48 фоизни, ғалла экин майдонлари 38 фоизни, сабзавот ва бошқа экин майдонлари 14 фоизни ташкил қилди. Пахта хомашёси тайёрлаш ва ғалла экинлари етиштириш бўйича тўпланган маълумотлар асосида суғориладиган ерларнинг сифати, улардан фойдаланиш самарадорлиги тўғрисида етарлича хулоса чиқариш мумкин. Республика Давлат статистика қўмитасининг маълумотларини таҳлил қилиш натижасида шу нарса маълум бўлдики, 1991 йилда пахта ҳосилдорлиги 27 ц/ни, 2004 йилда 24,5 ц/ни, 2014 йилда эса 22,4 ц/га.ни ташкил қилган. Пахта ҳосилдорлигининг пасайиши унумдор ерларнинг камайганлигидан далолат беради, буни тупроқ бонитети балли динамикаси ҳам тасдиқлаб турибди. Ерларни баҳолаш натижаси шуни кўрсатдики, 1991 йилда республика бўйича ўртача бонитет 60 баллни, 2001 йилда 56 баллни, 2004 йилда эса 52 баллни ташкил қилди.
Ерлар сифатининг пасайиши биринчи галда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати ёмонлашганлиги билан боғлиқ. 2014 йил ҳолатига кўра, мамлакатимизда турли даражада шўрланган суғориладиган ерлар 58,4 фоизни, шу жумладан, кучли шўрланган ерлар 9,7 фоизни ташкил қилди. Эрозия жараёнлари зарар етказган ерлар майдони икки млн гектарга етди, катта майдонлар ботқоқланган (захкаш) ва сув босиб кетган, шунингдек ифлосланган. Республикамизда сўнгги 40 йилда амалга оширилаётган ерларни баҳолаш ишлари натижалари ҳам ушбу хулосаларни тасдиқлайди. Агар республикада 1980 йилда 1204,6 минг га сифати яхши суғориладиган ерлар (61–100 балл) мавжуд бўлган бўлса, 2010 йилга келиб бундай ерлар улуши қарийб ўн бараварга камайиб кетди. Шу билан бирга, сифати ёмон суғориладиган ерлар майдони ҳам кескин ортди.
Шу боисдан, республикамизда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини тубдан яхшилашга эътибор берила бошланди. Масалан, 2013 йил 19 апрелда Ўзбекистон Президентининг «2013–2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ерларни баҳолаш ишлари мазкур ҳужжатни ҳаётга татбиқ этиш йўналишларидан бири бўлиб, бу суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва ҳудудларда ер ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга хизмат қилувчи тадбирларни белгилаб олиш имконини берди.
Юқорида қайд этилган таҳлил ва қишлоқ хўжалиги ерлари, айниқса, суғориладиган ерлардан фойдаланиш самарадорлиги муаммоларига бағишланган тадқиқотлар ерларни баҳолаш ишларини қишлоқ хўжалиги ерларининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиш ва ердан фойдаланувчилар ҳамда ижарачиларнинг давлат билан ўзаро муносабатларини замонавий усуллар ёрдамида табақалаштириш имконини беради.
Ер муносабатларининг ислоҳ қилиниши ер ресурсларига солиқ солишнинг такомиллаштирилиши билан узвий боғлиқ. Ер учун ҳақ тўлаш ердан пулли фойдаланишнинг бир кўриниши бўлиб, у ерларга эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва ерларни тасарруф этиш жараёнида юзага келадиган ташқи муносабатларни ифодаловчи иқтисодий шаклни ўзида намоён этади. Ўз навбатида, бозор иқтисодиёти шароитида қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишда ерларнинг қийматини баҳолаш ва уларнинг натижаларини жорий этиш катта амалий аҳамиятга эга.
«Иқтисодий назария ва бозор иқтисодиёти амалиётига мувофиқ ернинг нархи ижара тўлови ва ер солиғини аниқлашнинг асосини ташкил қилади; ижара тўлови ҳамда ер солиғининг миқдори ер участкасининг нархи ва жойлашган жойига бевосита боғлиқ». Бундан келиб чиқадики, бозор иқтисодиёти шароитида ер ресурслари ижара тўлови ва ер солиғини белгилаш мақсадида қийматни кадастр бўйича оммавий баҳолаш объектлари ҳисобланади. Таъкидлаш лозимки, қийматни кадастр бўйича баҳолаш, ердан самарали фойдаланувчиларни иқтисодий жиҳатдан рағбатлантириш ва, аксинча, ердан самарасиз фойдаланувчиларга нисбатан жарима санкцияларини қўллаш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Шу билан бирга, ўз навбатида, баҳолаш ишларини тўғри ва сифатли ахборот базаси билан таъминламасдан туриб, ерларни кадастр бўйича баҳолашни мутлақо амалга ошириб бўлмайди. Бундай базани тайёрлаш учун ушбу жиҳат умумий қабул қилинган талабларга мос келиши лозим. Ана шундай талабларда стандартлаштириш, такрорланишларнинг олдини олиш, тайёрлаш даврийлигини мақбуллаштириш, тайёрлаш муддатларини қисқартириш ва тайёрлаш учун қайтариш, шунингдек, фойдаланишдаги қулайлик ва мазкур ахборотнинг сифатини назорат қилиш кабилар муҳим аҳамият касб этади.
Айни пайтда республикамизда амалга оширилаётган қишлоқ хўжалиги ер ресурслари қийматини кадастр бўйича баҳолашнинг ўзига хослиги унинг норматив-ҳисоблаш хусусиятига эгалигидир. Ушбу ҳисоб-китоблар тегишли идоралар (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси, Адлия вазирлиги ва б.) томонидан тасдиқланадиган методика ва нормативлар асосида амалга оширилади. Бунда нормативларнинг ягона шкалалари қўлланади. Одатда, норматив бўйича ҳисоблаб чиқилган қиймат бозор қийматидан сезиларли даражада фарқ қилади. Бироқ, нормативлар даврий равишда янгиланиб туради, бу ҳол ер ресурсларининг бозор қиймати учун базавий асос сифатида уларнинг қийматини кадастр бўйича баҳолашнинг ролини сақлаб қолиш имконини беради.
Қишлоқ хўжалиги ерларини норматив баҳолаш бўйича дастлабки методика Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан 1998 йилда қабул қилиниб, 2015 йилга қадар амал қилди. Ушбу методикада 1 га суғориладиган ҳайдов ерининг норматив қиймати қуйидаги формула бўйича аниқланади:
бу ерда:
Цн – 1 га суғориладиган ҳайдов ерининг норматив қиймати, минг сўм;
ЧДн – 1 га суғориладиган ҳайдов еридан олинадиган норматив соф даромад, минг сўм;
П – банк ссудасининг капиталлашуви, фоиз;
К – хўжалик юритиш ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг интенсивлиги даражаларини ҳисобга олувчи коэффициент.
Бундан ташқари, суғориладиган ерларнинг норматив баҳосини ҳисоблашда базавий баҳога нисбатан ер участкасининг жойлашган ўрни ва маҳаллий шароитларини ҳисобга олувчи жойлашган жой коэффициентларидан фойдаланилди.
Суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларини янада объектив баҳолаш учун 2014 йилда «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси томонидан «Қишлоқ хўжалиги экин майдонларининг норматив қийматини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом» ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинди (2014 йил 18 августдаги 235-сонли қарор). Ушбу низомга мувофиқ, 1 га суғориладиган ҳайдов ерининг норматив қиймати қуйидаги формула бўйича аниқланади:
бу ерда:
Цн – 1 га суғориладиган ҳайдов ерининг норматив қиймати, минг сўм;
ЧДн – 1 га суғориладиган ҳайдов еридан олинадиган норматив соф даромад, минг сўм;
П – банк ссудасининг капиталлашуви, фоиз;
К1 –хўжалик юритиш ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг интенсивлиги даражаларини ҳисобга олувчи коэффициент;
К2 – участканинг сув билан таъминланганлигини ҳисобга олувчи коэффициент;
К3 – ҳосилнинг нобуд бўлиш фоизини ҳисобга олувчи коэффициент.
Мамлакатимизнинг турли минтақалари қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив нархини аниқлаш юзасидан ўтказилган ерларни баҳолаш ишларининг натижалари шуни кўрсатиб турибдики, кадастр бўйича норматив нархни аниқлашга доир янги методика ҳудудларни ер ресурсларидан фойдаланишнинг табиий, ижтимоий-иқтисодий омилларини янада объектив ва тўлиқ ҳисобга олишга ёрдам беради.
Демак, бундай баҳолаш маълумотлари қўлланилиши қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланганлик учун тўловнинг ёки ердан фойдаланишни иқтисодий рағбатлантириш воситаларининг тўғрироқ белгиланишига хизмат қилади, бу пировардида, республикамиз қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш имконини бериши муқаррар.
Зафар АБДУЛЛАЕВ,
физика-матем. ф/ номзоди