Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Мамлакатимизда ахборотлаштиришнинг миллий тизимини шакллантириш, барча соҳаларда замонавий ахборот технологиялари ва инновацияларни жорий этиш, жаҳон ахборот ресурсларидан самарали фойдаланишга катта эътибор берилмоқда. Мазкур жараённинг муваффақиятида ахборот-кутубхоначилик марказларининг ўрни ҳам сезиларли бўлмоқда. Бу борада Бухоро вилояти ахборот-кутубхона маркази фаолиятини эътироф этиш мумкин.
«Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида»ги қонун асосида фаолияти йўлга қўйилган марказнинг асосий вазифаларидан бири – ҳукуматимиз қарорлари ижросини таъминлаш, ахборот-кутубхона фаолиятини такомиллаштириш, фуқароларнинг, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ошириш ҳамда эҳтиёжларини қондириш, маданий, маънавий-ахлоқий қадриятларни асраб-авайлаш, шунингдек, аҳолини янада кенгроқ ва тизимли ахборотлар билан таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратишдир.
Амалга оширилаётган ишлардан яна бири – бу, республикамиздаги йирик ахборот-кутубхона муассасалари учун веб-сайтлар яратиш ва фойдаланувчиларга масофадан туриб сифатли хизмат кўрсатиш. Ахборот-кутубхона муассасалари веб-сайтида фойдаланувчилар учун доимий равишда интерактив хизматлар ва инновацион лойиҳалар тақдим этилмоқда.
Марказнинг 2002 йилда йўлга қўйилган веб-сайти: www.buxorolib.uz вилоятимиз аҳлига ҳар жиҳатдан сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда. Айни пайтда, АКМ веб-сайтидан фойдаланиш даражасини ошириш, китобхонларнинг талаб ва эҳтиёжини ўрганган ҳолда янги саҳифалар яратиш, жумладан, уларнинг китобхонлик маданиятини шакллантиришга кўмаклашиш ҳамда янги инновацион лойиҳалар татбиқ этилишига эътибор беришлари лозим. Бу борада сайтимиздаги «Кутубхоначидан сўранг» саҳифасига фойдаланувчилардан келиб тушадиган саволларга соҳа мутахассислари тезкор жавоб беради. «Мутахассислар учун» саҳифасида эса, ахборот-кутубхона муассасалари мутахассиси учун керакли маълумотлар жойлаштирилади. Шунингдек, мазкур саҳифада «Конференция ва семинарлар», «Мақола ва маърузалар», «Услубий фаолият ва библиографик кўрсаткичлар», «Бухоро вилояти ахборот-кутубхона муассасалари ҳақида маълумот» бўлимларига кенг ўрин берилган.
Масалан, конференция ва семинарлар бўлимида мутахассислар учун мўлжалланган марказнинг ўқув машғулотлари, илмий-амалий конференциялар, семинар-тренинглар ҳақидаги маълумотлар бериб борилса, мақола ва маърузалар бўлимида ахборот-кутубхона маркази фаолиятига доир матбуот саҳифаларида чоп этилаётган мақолалар ва қизиқарли маърузаларнинг электрон нашрлари ёритиб борилади. Шунингдек, услубий фаолият ва библиографик кўрсаткичлар бўлимида марказнинг услубий қўлланмалари мавжуд бўлиб, ахборот-библиография ва фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш бўлимлари тайёрлаган тавсия рўйхатлари, кўрсаткичлар, ахборот варақалари, ахборот бюллетенлари, буклетлар, ахборот-дайжестлар ўрин олган. Шу билан бирга, Бухоро вилояти ахборот-кутубхона муассасалари ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилган.
Веб-сайтимизнинг энг қизиқарли саҳифаларидан бири, бу – «Янги адабиётлар рўйхати», деб аталади. Унда марказ фондига келиб тушадиган янги адабиётларнинг электрон кўргазмаси ташкил этилган. «Газета ва журнал мақолалари» саҳифасида эса, матбуот саҳифаларида чоп этилаётган энг сўнгги мақолаларнинг библиографик тавсифи бериб борилмоқда. «Нашрларга электрон буюртма бериш» саҳифаси ҳам энг оммабоп саҳифаларимиздан. Зеро, унда ҳужжатларни электрон шаклда етказиш xизмати амалга оширилади. Бунда фойдаланувчилар талабига асосан адабиётларнинг электрон нусхаларидан қисман тақдим этиш учун буюртмалар қабул қилинади. Ҳужжатларни электрон шаклда етказиш қисқа муддатларда амалга оширилади.
«Буюк шахслар» саҳифаси ҳам ўқувчилар эътиборини тобора кўпроқ жалб қилмоқда. Чунки, унда бериб борилаётган буюк аждодларимиз, мутафаккирлар, олиму алломалар, ёзувчи, шоир, санъат арбоблари, академик, профессор, рассом, таржимон, ноширларнинг ҳаёти ва ижодига оид маълумотлар ҳеч бир ўқувчини бефарқ қолдираётгани йўқ.
Tashrif.uz лойиҳаси ҳам ўзига хос бўлиб, ушбу лойиҳанинг асосий мақсад ва вазифаси – Ўзбекистоннинг тарихи ва қадимий асори-атиқалари, обидалари, урф-одатлари ҳамда ҳозирги кундаги истиқболлари ҳақида маълумотларни ўзида жамлаб, маданий, маънавий-ахлоқий қадриятларни сақлаб қолиш ва уни келажак авлодларга етказишдан иборат.
Марказимиз йирик лойиҳаларда ҳам иштирок этмоқда. Хусусан, ЮНЕСКОнинг «Сохранность цифровой информации в библиотеках Узбекистана» лойиҳаси бўйича ўлкашуносликка оид нодир босма литография араб ва кирилл ёзувидаги адабиётларнинг электрон нусхалари яратилмоқда. Электрон нусхалари яратилган нодир ва алоҳида қимматга эга бўлган нашрлар ҳақида маълумот берувчи библиографик тавсифлар саҳифага жойлаштирилади. Навбатдаги лойиҳа Bolajon.buxorolib.uz деб аталади. Мазкур веб-сайтни яратишдан мақсад – ёш фойдаланувчилар учун ахборот-кутубхона хизматлари имкониятларини кенг тарғиб қилиш орқали дарсда ва дарсдан ташқари машғулотларда керакли маълумотларга бўлган эҳтиёжларни қондириш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун кўмаклашиш, интеллектуал қобилиятларини ривожлантириш, қизиқиш ва интилишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш. Викторина ўйинлари лойиҳаси эса, фойдаланувчиларга янги, замонавий технологиялар асосида ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш орқали уларнинг мустақил билим олиш эҳтиёжларини кенгайтириш ва уларнинг дунёқарашини ҳамда фан соҳаларига бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилади.
«Buktreyler» лойиҳаси қизиқарли ва истиқболли лойиҳалардан бири. У ахборот-кутубхона марказига келиб тушган янги ҳамда китобхонлар томонидан кам ўқиладиган ёки бир нусхада бўлган адабиётларни тарғиб этиш ва масофадан хизмат кўрсатиш доирасини кенгайтириш мақсадида амалга оширилган инновацион лойиҳа. Қолаверса, марказимиз томонидан ёш китобхонлар учун инглиз тилида овозли ва тасвирли аудиоэртаклар лойиҳаси ҳам амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳадан кўзланган мақсад – ёшларнинг масофадан туриб инглиз тилини мукаммал эгаллашига ёрдам бериш. Www.samarkandcity.uz веб-сайтимиз ҳам янги лойиҳалардан ҳисобланади. У қадим ва навқирон Самарқанднинг бой маданияти ва тарихий обидалари ҳамда ҳозирги кундаги истиқболлари ҳақида маълумотлар бериб бориш учун мўлжалланган.
Хулоса қилиб айтганда, марказда амалга оширилаётган хайрли ишлар вилоятимиз аҳлининг барча қатламлари учун замонавий ахборот технологиялари асосида сифатли хизмат кўрсатиш ҳамда шу йўл билан ҳудудда соғлом ахборот муҳитини яратишга қаратилган.
Нилуфар САИДХЎЖАЕВА,
Нигина АЛИМОВА,
Бухоро вилояти ахборот-кутубхона
маркази бўлим мудирлари