Sorry, this entry is only available in O´zbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Ижтимоий жамият ривожланишида, глобаллашув жараёнлари фаоллашишида ахборотларнинг аниқлиги ва тезкорлиги, уни қисқа фурсатда муомалага киритилиши жуда катта таъсир кучига эга. Айниқса, мазкур ахборотларнинг зарурлиги ёки уларнинг талаб-эҳтиёжлар қондирилиши билан боғлиқлиги, уларга бўлган муносабатни шакллантиради. Шу жумладан, маънавий, маърифий, маданий тадбирларни оммалаштиришдаги ўрни ҳам ниҳоятда катта. Бирон бир жамиятнинг алоқа ва ахборотлаштириш хизматларидан фойдаланмасдан туриб, мустақил равишда ривожланишини тасаввур қилиб бўлмайди. Шу боис, уларнинг ҳуқуқий-ташкилий ва моддий-техник базасини изчил такомиллаштиришга катта эътибор берилмоқда. Демак, алоқа ва ахборотлаштириш хизматларининг тизимли равишда режага асосан йўлга қўйилиши, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий равнақ топишига хизмат қилади.
Хусусан, АКТ тармоқлари сингари мобиль алоқа хизматлари ҳам сифат жиҳатдан такомиллашиб, уларнинг мутлақо янги турлари вужудга келмоқда. Алоқа воситаларининг ҳаётимизга жадал кириб келиши, давлат бошқаруви ва ишлаб чиқаришда кенг жорий қилинаётгани яққол сезилмоқда. Масалан, қўл телефони ихчамгина, қулай ва енгил қурилма. У орқали дунёнинг исталган манзили билан боғланиб, мақсадни тез ва қулай тарзда амалга ошириш мумкин. Айниқса, жаҳон бозорига кириб бораётган ишлаб чиқарувчилар фаолиятида қурилма алоҳида аҳамият касб этмоқда. Алоқа воситаларини такомиллаштиришга қаратилган инновацион ишланмалар натижасида маҳсулот тури кўпайиб, уларнинг хизмат кўрсатиш сифати мунтазам равишда ошиб бормоқда. Бу борада мобиль алоқа ва интернет сифатини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар туфайли, мобиль операторлари таянч станциялари сонини кўпайтириш истиқболлари мунтазам рағбатлантирилмоқда.
Муҳими, алоқа хизматлари яхшиланиши натижасида шаҳар ва қишлоқларда мобиль алоқа базавий станциялари сони ортмоқда. Жаҳон мобиль конгрессининг 2016 йилги анжуманида 2025 йилга қадар дунёдаги интернет тармоғига уланган мобиль қурилмалари сони 100 миллиардга етиши қайд этилди. Бу жиҳат, ўз навбатида, сайёрамиз аҳолисига ўзаро алоқа ўрнатиш, билим олиш ва ахборот алмашиш учун хизмат қилади. Жумладан, мамлакатимизнинг олис ҳудудларида ҳам аҳолининг ахборот-коммуникация технологиялари хизматларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилмоқда. Бу эса, уларнинг турмуш даражаси юксалишига ҳамда юртимиз тараққиёти сезиларли даражада ўзгаришига таъсир этмоқда. Зеро, юртимизда изчиллик билан амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг бош мақсади ҳам шунга қаратилган.
Мамлакатимизда ҳар йили давлат дастурлари ва инвестицион дастурларни жорий этишда аҳоли пунктларида ўрнатилаётган мобиль станцияларининг муҳим роль ўйнаётганини таъкидлаш лозим. Жумладан, 2016 йилда Ўзбекистон ҳудудида 1456 та база станцияси ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 17721 тага етказилди. Натижада, мобиль алоқа абонентлари 21 миллиондан зиёдни ташкил этиб, бу йўналишда хизмат кўрсатиш ҳажми қарийб 26 фоизга ўсди.
Ҳозирги кунда республикамизда бешта мобиль алоқа оператори фаолият юритмоқда. Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган давлат хизматларининг электрон шаклга ўтказилгани, тўловларнинг онлайн тарзда амалга оширилиши, мобиль қурилмалар орқали турли маиший юмушларни бажариш кўламининг кенгайиши интернет хизматлари сифатини янада яхшилашни талаб қилади. Дунё бозорида ахборотнинг энг қиммат маҳсулотга айланишида интернет, яъни, «ўргимчак тўри» катта роль ўйнамоқда. Мобиль алоқа, юқори тезликда ишлайдиган интернет ҳамда кабелли телевизион алоқалар, масофавий банк хизмати, технологик ускуналарни таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш каби замонавий юқори технологиялардан фойдаланиш аҳоли ўртасида тобора оммалашмоқда.
Бугун мобиль алоқа операторлари тўртинчи авлод тармоғи – 4G (LTE)ни жорий қилаяпти. Бу эса, аҳолининг телекоммуникация хизматларидан самарали фойдаланиши, мобиль алоқа абонентлари сони ошиши, натижада интернетдан фойдаланиш қамровининг кенгайишини таъминламоқда. 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида ишлаб чиқилган «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» давлат дастури доирасида 2017 йил мобайнида мамлакатимиз ҳудудларида 1843 та база станцияларини ўрнатиш кўзда тутилган. Бу ўз навбатида, аҳолига кўрсатилаётган мобиль алоқа хизматлари сифатини янада ошириш, қамровини кенгайтиришга замин яратади. Мазкур масала минтақалар даражасида янада муҳим амалий аҳамият касб этади. Сўнгги йилларда кичик бизнес, хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган изчил тадбирлар, кўплаб тармоқларни ривожлантириш бўйича қабул қилинаётган қатор дастурий йўналишлар ҳам АКТнинг янада юқори суръатлар билан ривожланишини талаб этмоқда.
Баъзи ҳолатларда мобиль алоқа операторлари муайян ҳудудда база станциясини ўрнатишда аҳоли қаршилигига дуч келмоқда. Сабаби эса оддий, одамлар ўзлари истиқомат қилаётган ёки фаолият кўрсатаётган бинолар томига ўрнатилган мобиль алоқа антеннаси уларнинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши тўғрисидаги далилларни рўкач қилишмоқда. Хўш, аслида бу алоқа ускуналари чиндан ҳам зарарлими? 2001 йилдан бошлаб, мобиль алоқа тўлқинларининг инсон саломатлигига ва атроф-муҳитга салбий таъсири хусусида илмий-тадқиқот изланишлари олиб борилмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳри давлат экологик экспертиза маркази вакили Тамара Дурованинг сўзларига кўра, айни пайтгача мобиль алоқа операторлари томонидан ўрнатилган алоқа антенналарининг инсон ёки табиатга зарари илмий жиҳатдан исбот қилинмаган. 2011 йилда Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти эълон қилган баёнотда ҳам мобиль алоқа станциялари ва мобиль телефонларидан тарқаётган тўлқинлардан ҳосил бўладиган электромагнит майдони инсон саломатлигига салбий таъсир этиши ўз исботини топмагани қайд этилган.
Санитария-эпидемиология назорат марказининг санитария, гигиена ва касб касалликлари лаборатория бошлиғи М.П.Магайнинг маълум қилишича, мобиль алоқа антенналари фаолияти «Аҳоли пунктларида радиотехника объектларини ўрнатиш ва улардан фойдаланишнинг санитария қоидалари ва меъёрлари», «Радиочастоталарнинг электромагнит майдони манбалари билан ишлашда санитария нормалари ва қоидалари» каби меъёрий ҳужжатлар асосида назорат қилинади. Мутахассис фикрича, радиотехника воситаларидан тарқалаётган нурларнинг санитария зарарлари аниқланмаган.
Мобиль станцияси ўрнатилишидан аввал унинг жойлашган ҳудуди, биноларнинг ҳолати, атроф-муҳит билан электромагнит мувофиқлиги масъул ташкилотлар томонидан яқиндан ўрганиб чиқилади. Мобиль алоқа оператори ва бино эгаси ёки маҳалла кенгаши билан база станциясини ўрнатиш бўйича ўзаро ижара шартномаси тузилади.
Мазкур станциялардан тарқаладиган тўлқинларнинг зарарли жиҳатлари илмий жиҳатдан аниқланмаган бўлса ҳам, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида станциядан фойдаланиш меъёрлари белгилаб берилган. Жумладан, базавий станцияларнинг ишлаш қуввати мамлакатимизда ҳар см2га 2,5 мкВт (микроватт)дан ошмайди. Бу жаҳондаги энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Мисол учун, Исроилда бу кўрсаткич 400 мкВт/см2.гача етади ёки АҚШ, баъзи бир Скандинавия мамлакатларида 100 мкВт/см², Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Белоруссия, Қирғизистонда 10 мкВт/см²ни ташкил этади. Шу сабабли ҳам, уларнинг зарарли тўлқин чиқариши ҳақидаги исботини топмаган илмий қарашлар ҳисобга олиниб, ҳар эҳтимолга қарши республикамизда энг паст қувватда фойдаланиш давлат томонидан белгилаб қўйилган.
«Unitel» МЧЖ бош директори Дмитрий Шуковнинг фикрича, одамлар мобиль алоқа станцияларининг зарар келтиришидан шубҳаланмасликлари зарур. Аксинча, аҳоли бу антенналарнинг маҳалла ва бино томларида, уларга яқин ҳудудда жойлаштирилишидан манфаатдор. Боиси, уларга яқинроқ яшаш алоқа сифатини яхшилайди ва телефондан зарарланиш хавфини камайтиради. Агар мобиль алоқа воситаларининг алоқа сигналини топиши қийинлашса, ўзларидан зарарли нур тарқата бошлайди. Шунинг учун, телефон аппарати сотиб олинаётганда унинг параметрларига алоҳида аҳамият бериш мақсадга мувофиқ.
Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази ўтказган сўровларда иштирок этганлар мобиль алоқа антенналари касаллик тарқатувчи воситалар эканини интернетдан ўқиганликларини маълум қилишган. Айни жиҳатга эътибор қаратган ҳолда, айтиш мумкинки, ҳар бир технологияга кўникиш ва уни ўрганиш учун вақт талаб этилади.
Зеро, ҳеч биримиз ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланмасликни, унинг қулайликларидан воз кечишни ҳатто тасаввур ҳам қила олмаймиз. Шундай экан, давлат идоралари хизматлари бўладими, ўзаро алоқа ёки шахсий ҳисоб-рақамларини бошқариш дейсизми, буларнинг барчасида мобиль алоқаларига эҳтиёж сезамиз. Демак, ривожланиш бор экан, технологик тараққиётга юкланаётган вазифалар салмоғи ҳам ортиб бораверади.
АТКР вазирлиги
матбуот хизмати