(O´zbek) Nodonlikdan kelar ham kulfat, ham aziyat!

5-6/2017

Sorry, this entry is only available in O´zbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида шундай сўзлар бор:
     «Ўзингиз ўйлаб кўринг­лар, азиз дўстлар, мустабид тузум, мустамлакачилик даврида биз ким эдик?
     – Тақдиримиз, эркимиз кимнинг қўлида эди?
     – Каъба деб қаерга сиғинар эдик?
     – Тилимиз, динимиз қай аҳволда эди..?».
     Ана энди, виждонингиз олдида ўзингизга шу саволларнинг тўғри жа­вобини айтинг, буни овоза қилиб, жар солиш шарт эмас. Баракалла, энди бугунги дориламон кунларга шукр қилмасликнинг иложи йўқ. Шў­ро­лар даврида ёмон яшамаганмиз, дегувчилар ҳам оз эмас, бироқ, бу яхши ҳаёт таъна-дашном эшитувчи қул­нинг ҳаётига ўхшамасмиди? Қо­рин ғамидан маълум муддат озод бўл­ганимиз билан диний ва миллий қадриятларимиз қандай аҳволда эди?
     Барча собиқ республикалар ҳу­дуд­ларида ҳокимият большевиклар қўлига ўтган кундан эътиборан пролетариат (йўқсиллар) ҳукумати диний ҳамда миллий қадриятларга қарши курашни қатағон ва қирғин-баротлар шаклида бошлаб юборди. Бу ҳукумат ва ҳукмрон коммунистлар партияси ҳужжатларида тўлиқ акс этган:
     (РКП(б) (Россия коммунистик боль­шевиклар партияси) марказий комитетининг 1920 йил 21 февралдаги шарқ халқлари ўртасида ишлаш тўғрисидаги партия комитетларига ва сиёсий бўлимларига хатида шундай сатрлар бор:
     «Диний хурофотларга қарши динни тўғридан-тўғри инкор қилиш йўли билан эмас, балки илм тарқатиш, мактаб­лар, клублар, қироатхоналар очиш, ер ва инсон тарихига оид билимларни ёйиш воситасида динни заифлаштириш йўли билан кураш олиб бориш, бунда асосан мусулмон руҳонийлари табақаси ташкил этилишининг синфий характерини, бу табақанинг камбағалларга нисбатан эксплуататорлик интилишларини кўр­сатиб ўтиш керак… («Қонун, дин, черков», «Ўзбекистон» нашриёти, 1987 й.)
     Бунга кўра улар Аллоҳ инсонга буюрганларини рад этиб, инсон маймундан тарқаган, деган аҳмоқона ғояни тарғиб қилади, Аллоҳ инсонни инсон қилиб яратгани, Одам ато ва момо Ҳавво зурриёти эканлигини инкор этади. Ўша пайтлари мен мактабда она тили ва адабиёт ўқитувчиси эдим. Тилнинг пайдо бўлиши ҳақидаги коммунистик партия чиқарган дарс­ликдаги «маймунваччалик» фикри билан бир қаторда, Одам ато ҳақида ҳикоя қилувчи Носуриддин Бурҳонуд­дин Рабғузийнинг «Қиссаи Рабғузий» асаридаги Одам ато ва момо Ҳавво тарихини ҳам ўқувчиларга сўзлаб бердим. Дарс сўнггида ўқувчиларга ҳар ким ўз отасини ўзи танласин, дедим. Келгуси дарсимизда туман маориф бўлимидан келган бир ходим пайдо бўлди. Ўқувчилардаги турли хил фикрларни эшитиб жаҳли чиқди. Дарсдан сўнг, у менга ўдағайлаб, нега одам маймундан тарқаган демасдан, Одам атодан тарқаган деганимнинг сабабини суриштирди. Шунда мен унга: «Сизда ҳам танлаш ихтиёри бор. Сиз қайси авлодга мансубсиз?», дедим. Шунда у шаштидан бироз тушиб, хижолат бўлган қиёфада Одам ато авлодидан эканини тан олди, бироқ маймунлар сиёсатини қўл­лади. Ҳа, ўша пайтларда ўзини мусулмон деб, динга қарши курашган, намозхонларни таҳқирлаган «қора­бо­тирлар» кўп бўлган. Ҳозир бу гап­лар ёшларимиз учун гўё бир аф­сона.
     Чарлз Дарвин назариясига кўра, гарчи у ўлимидан анча олдин бу фик­ридан қайтган бўлса-да, инсон маймундан тарқаган, дейилади. Совет даврида бу назария коммунистлар томонидан бизнинг онгимизга синг­дирилган. Аммо Аллоҳ инсонни инсон қилиб яратган. Аксинча маймун инсондан келиб чиққан. Қуръони Каримнинг «Бақара» сураси 65-ояти­да Бани Исроил ҳақида шундай дейилган: «Батаҳқиқ, сизлардан шанба куни тажовузкорлик қилганларни бил­дингиз. Биз уларга: «Қувилган, хор-зор маймунга айланинг», дедик.
     «Моида» сурасининг 60-оятида шундай дейилган: «Сизларга Аллоҳ­нинг ҳузуридаги бундан ҳам кўра ёмонроқ «савоб»нинг хабарини берайми? Ким Аллоҳ лаънатига учраган, ғазабига дучор бўлган, маймун ва чўчқага айлантирилган ва тоғутга ибо­дат қилган бўлса, ана ўшалар ёмон мартабадаги ва тўғри йўлдан бутунлай адашган кимсалардир, – деб айт».
     Аллоҳ ҳукми билан бир гуруҳ Бани Исроил қавми маймунга айланган. Бу ҳақиқат Инжилда ҳам қайд қи­линган. Россиянинг Қозон шаҳри мэри И.Метишин «Аргументы и факты» газетасининг 2014 йил 28 августдаги 35-сонида шундай фикрларни баён этади: «Мактабларда ҳали ҳам Дарвин назарияси ўқитилишини эшитиб, ҳайрон қолдим. Мен шахсан ўзим ўқиганман, одам ва маймун ҳужай­ралари мутлақо бошқа-бошқа эканлигини олимлар аллақачон исбот­лашган. Менинг болаларим ўзларини Аллоҳнинг фазли билан инсон қилиб яратилган эмас, маймундан тар­қаган, деб ўйлашларини истамасдим».
     Шўролар даврида динга хайрихоҳ кишилар компартияга қабул қилин­мас, коммунист бўлмаганлар эса қан­чалик доно ва олим бўлмасин, катта мансабларга тайинланмас эди. Бу ма­сала яна 1921 йил августдаги (РКП(б) программасининг 13-моддаси бузилаётганлиги масалаларига доир ва динга қарши тарғиботнинг қўйилиши тўғрисида (РКП(б) марказий комитети пленумининг қарорида акс этади:
     «Динлардан қайси бири соҳасида бўлмасин, бирон бир диний вазифани – бу, вазифа ҳатто энг арзимас бўлса ҳам – бажараётган кишилар партияга, ҳатто кандидатликка ҳам қабул қилинмасин. Ҳозирги вақтда шундай вазифани ўтаётган партия аъзолари олдига ҳар қандай диннинг черкови билан алоқани узиш қатъий талаб қилиб қўйилсин ва башарти улар бундай алоқани узмасалар, партиядан чиқарилсин…
     …Масъул лавозимларни эгаллаб турган ва актив совет ёки партия ишини олиб бораётган партия аъзолари партиянинг дин соҳасидаги прог­раммасини бузганлик учун, бирон бир дин билан алоқада бўлганлик учун партиядан чиқарилади».
     Бу қарор, ҳатто СССР Конституциясидаги виждон эркинлиги тамо­йилларига ҳам мутлақо зид эди. Бу дахрийлик сиёсатига Туркистон ўлкасининг коммунистик ташкилоти аъзолари ҳам бажонидил қўшилган ва мусулмончиликка қарши курашни авж олдиришган. Улар 1923 йил мартида бўлиб ўтган Туркистон компартиясининг 7-съездида жумладан, шундай дейишади:
     «Динга қарши тарғибот борасида яқин фурсат ичида бажарилиши лозим бўлган энг муҳим, асосий вазифа коммунистик партиянинг туб аҳолидан бўлган аъзолари ўртасида диний анъаналарга, хурофотлар ва диний эътиқодга чек қўйишдан иборатдир. Бу иш шундан иборат бўлсинки, диний эътиқод билан алоқа­сини узмаган партия аъзоларини тар­биялаш ва уларга марксча таълим бериш вазифаси ички партиявий-тарбиявий ишнинг асосий вазифаси қилиб ажратилиши лозим».
     Миллий университетда ўқиб юрган пайтимиз ўта зиёли ва юксак педагогик маҳорат соҳиби бўлган ажо­йиб устозларимиздан бири ўзига яраш­маган баджаҳл ҳолатда дарсга кириб келди. У кишини ҳеч қачон бундай алфозда кўрмаган эдик. Дарс охирида асталик билан у кишини бун­чалар ранжитган нарса ҳақида сўра­дик. Шунда устозимиз ўша жаҳл ва важоҳат билан жавоб берди: «Миллатининг тайини йўқ, ота-боболари кимлигини унутган учинчи секретарь маҳалламизда қайнатила­ётган сумалакни ўз «шайкалари» билан келиб, қозон-позони билан ағда­риб ташлади. Сумалак эскилик сарқи­ти эмиш. Ҳе, ўша сени…».
     1925 йилга келиб, худосизлик сиёсати авжига чиққанлиги натижасида динга қарши кураш очиқчасига ташкил қилина бошлади. Энди, ўзини «миллат ва ватан фидойилари» деб ҳисобловчи коммунист раҳбарлар ўз қарорларини янада кескинлаштирди. 1925 йилда бўлиб ўтган Ўзбекистон компартияси 1-съезди резолюциясида шундай сатрлар бор:
     «…партия съезди шаҳар партия ва комсомол ячейкаларида, шунинг­дек, партия клуби ишларида (тўгаракларида) динга қарши бевосита пропагандани қўйиш вақти келди, деб ҳисоблайди».
     Орадан икки йил ўтиб, бу кураш­лар кескинлиги янада ортди. 1927 йили Ўзбекистон компартиясининг навбатдаги 3-съезди бўлиб ўтди. Унда қабул қилинган резолюциядаги қуйидаги жумлаларни ўқиб «Астоғ­фи­руллоҳ», дейсан. Буни юқорининг қўғирчоқлари бўлмиш ўзимизнинг «қоработирлар» қабул қилган:
     «Динга қарши пропаганданинг конкрет формаларини ишга солиш билан бир қаторда, аввало, актив ичида диний-маиший урф-одатларга, яъни хатна қилиш, диний дафн маросимлари ўтказиш, чўқиниш, ни­коҳ ўқитиш ва ҳоказоларга қарши партия ичида кенг кураш олиб бориш лозим.
…динга қарши пропаганданинг етарли даражада ривожлантирилмаганлигини ҳамда барча руҳонийлар оммага ўзларининг таъсирларини ўт­казиш учун зўр бериб ҳаракат қи­лаётганликларини қайд қилиб, ерлик аҳоли орасида ҳам, шунингдек, европаликлар ичида ҳам динга қарши пропагандани авж олдириш зарур, деб ҳисоблансин…
     …Мактаб, қизил бурчак, қизил чой­хона, клублар, деҳқон уйлари, аг­рономия марказлари ва худосизлар союзининг ячейкалари динга қар­ши пропаганданинг марказига ай­ланиши керак».
     Ана сизга яхши ҳаётнинг маънавий кўринишлари. Ўғлингизни хатна қилдирманг, қизингизни турмушга берсангиз никоҳ ўқитманг, отангиз ўлса жанозасиз кўминг. Бугунги авлодни шунга кўндира оласизми? Энди ҳам шўро даврида яхши яшаганмиз, дейсизми?! Биз бу гапларни ос­мондан олиб, ичимиздан тўқиб чи­қармадик, балки ўша пайтдаги расмий ҳужжатлардан айнан кўчирма келтирдик, холос. Ўша даврларда ота­сига жаноза ўқитмай дафн қил­дирган раҳбарлар, эгаллаб турган лавозимидан кетиб қолмаслик учун қизларини никоҳсиз, комсомолча тўй қилиб узатган ўзбеклар ҳам бўлган. Буларни бугунги ёш авлод асло ақ­лига сиғдира олмайди.
     Шу ўринда яқинда эшитиб қолган бир воқеани келтириб ўтаман. Ўша совет даврида бир амалдорнинг ота­си вафот этади. Унга жаноза ўқиб қўймасликлари учун коммунистлар югурдаклари ҳар томонга елиб югуришади. Ҳатто маййитнинг олдига ви­долашиш учун ҳеч кимни киритиш­майди. Ўғил эса ноилож аҳволда қо­лади. Шунда бир ёш йигитча унинг олдига келиб, шотирларни чалғитиб турса ниятини амалга оширишини айтади. Даҳрийлар ёш йигитдан шуб­ҳаланишмайди, у яширинча кириб маййитга жаноза ўқиб чиқади. Ҳозир ўша йигит юқори диний мартабадаги шахс. Маййитнинг ўғли эса то умрининг охиригача ундан миннатдор эканини изҳор қилади.
     1954 йил 7 июлда КПСС марказий комитети қарор қабул қилиб, унда динга қарши ғоявий курашнинг янада юқори босқичларини эгаллаш ва бу борада адабиёт, матбуот, таълим тизимларидаги худосизликни тарғиб қилиш бўйича камчиликлар танқид қилиниб, қўшимча яна нималар қи­лиши кераклиги бўйича кўрсатмалар белгиланган:
     «Динга қарши адабиётнинг мазмуни жанговар, ҳужумкор характерда эмас, унда материалистик дунё­қараш асослари, илм-фан билан дин­нинг қарама-қарши эканлиги суст ёритилмоқда, диннинг зарари тўғри­сида кишини ишонтиролмай, конкрет фактларсиз ҳикоя қилиб берилмоқда. Бу адабиёт оммабоп тилда ёзилмаган ва одатда билими камроқ ўқувчига тушунарли бўлмаяпти…
     …Иттифоқдош республикалар мао­риф министрликлари ва СССР олий таълим министрлиги зиммасига: ўқув­чи ва студентларга фанларни (тарих, адабиёт, тиббиёт, физика, химия ва ҳоказоларни) ўқитиш атеистик (даҳ­рийлик) мазмун билан бойитилсин, олий ўқув юртларининг диалектик ва тарихий материализмга доир программасига илмий-атеистик масалалар юзасидан мавзулар киритилсин».
     Ўша пайтлари дин соҳасида шайх даражасига етган Алишер Навоийни ҳам риёкор шайхларни танқид қил­гани учун сал бўлмаса коммунистлар сафига киритиб қўйишларига бир баҳя қолган эди. Ана сизга келажак авлод тарбияси кимларнинг қўлига ўтган эди?! Ўша даврда ўқувчи ва талабаларга бериладиган саволлардан бири ҳам «Худо борми, сен унга ишонасанми?», қабилидаги бемаъни иддаолар бўларди. Унинг жавобига қа­раб кимлиги ва қандай оилада тарбия топганлигига аниқлик киритиларди.
     Ҳар қандай миллий анъаналар ёки қадриятларга шўро тузумига қар­ши, душман ғояси сифатида миллатчи тамғаси босиларди. Барча бир миллат – «совет иттифоқи граждани», деган ном билан аталиши керак эди. Вақти келиб, фуқаролик паспортларида ҳам миллати кўрсатилмаслиги назарда тутилган эди.
     Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки, худосизлик юртимизда 70 йил яшади. Аллоҳ ўзи бу иллатни даф қилди. Бу бир ҳикмат эмасми? Минг афсуслар бўлсинки, шу 70 йил ичида қанча-қанча миллий бойликларимиз ер қаърига яширилиб, ўтда ёқилди. Араб алифбосида битилган миллий китобларимизнинг кули кўкка соврилди. Ҳали ҳам фидойи кишилар хизмати билан қанча-қанча китоблар ер остида ёки қабристонларда сақ­ланса ҳам келажак авлодларга етказилди. Менинг шахсий кутубхонамда ҳам ер қаъридан кавлаб олинган бир нечта ноёб қўлёзма бор. Аксариятининг муқоваси ва муаллифлари, номи йўқолиб кетган. Улар ора­сида Бобо­раҳим Машраб қисса­сининг ик­кита қўлёзма нусхаси, Ибн Сино ҳа­қида ривоят ва ҳикоятлар, инсон ах­лоқи ва маънавиятини бойитадиган номаълум, аммо ноёб асарлар бор.
     Мен уларни қайта-қайта ўқир эканман, мустабид тузумга нафратим янада ортаверади. Ахир, шундай ажо­йиб, одоб-ахлоқ учун зарур китоблардан шўролар нима ёмонлик кўрди? Наҳотки, уларни ёш авлоднинг миллий анъаналарини қадр­лаши, одоб-аҳлоқи, маънавияти қи­зиқ­тирмаган бўлса? Ишонч билан айтиш мумкин, қизиқтирмаган. Уларга манқурт авлод керак эди. Бизнинг бахтимизга истиқлол қуёши чиқди ва истибдод зулмати йўқолди. Энди кўзимизни каттароқ очиб, улуғ имкониятларни қўлдан чиқармаслиги­миз лозим.
     Инсоф билан айтганда, тарих учун қисқа фурсатда қанча-қанча ибратомуз ўзгаришлар бўлди? Мустақил­ликнинг дастлабки йиллари билан ҳозирги кундаги орзу-ҳавасларимиз­ни солиштириб кўринг! Илгари ҳар бир оиланинг ўз уйи ёки ҳовли-жойи бўлиши осмондаги қўл етмас орзу эди, энди бу оддий воқеликка айланди. Автомашина-чи, бойлик рамзидан ҳаракатланиш воситаси мақомига тушиб қолди. Бу прогресс – ўсиш бўл­май нима?!
Аммо минг афсус-надоматлар бўл­­синки, ўша 70 йиллик даҳрийлик тузуми ўз ишини қилиб қўйган экан. Тоталитар даврда тарбияланган катта ёшдаги кишилар орасида ҳозир ҳам даҳрий фикрдагилар кўп. Энг ачинарлиси, улар ҳали ҳам дин илми билан бидъатлар фарқини билмайди. Бугун масжидларда нисбатан ёшлар кўпроқлигининг сабаби ҳам – ана шу даҳрий жамият. Буни билиб, кўриб туриб ҳам шўролар даврини қўмса­ётган кишини маънан кўр, ақли-ҳуши жойида эмас, дегим келади!
     Масаланинг яна бир афсусланарли томони шундаки, дунёда турли ди­ний оқимлар кўпайиб, барча қитъа­ларда диний ақидапарастлик авж олмоқда. Ахир, олам аҳли шўролар сиёсатига ўхшаш манқурт оломонни яратишдан қанча азият чекди? Диний эркинликка эга инсон нега ҳаддидан оша бошлади?! Бор овозда жар солгинг келади: ахир, қодир Аллоҳ бу иш­ларимиздан воқиф-ку?! Бу ношукрлик ва кўрнамакликнинг ҳам жавоби бор, ахир! Бу каби хатти-ҳа­ра­катлардан исломнинг обрўйига пу­тур етаётганини, қадр-қиймати оёқ­­ости бўлаётганини, наҳотки, билмасак?!
Афғонистон, Ироқ ва Суриядаги айирмачиликнинг исломга нима ало­қаси бор? Ўзи уларни мусулмон фар­занди, деб бўладими? Қуръонни тан олмаса, суннатни тан олмаса, мусулмон жонига қасд қилса, буларнинг нимаси мусулмон? Уларнинг сохта ид­даоларига ишонган содда, аниқро­ғи, лақма кимсалар учраётгани аф­сусланарли ҳол, албатта!
     Шу сабабли давлат ўз хавфсизлигини, миллат манфаатини таъминлашга интилмоқда. Фитналар гирдобида қолган юрт пароканда бўлишини истаётганлар динни ниқоб қилиб, ўзларининг жирканч манфурликларини турли кўринишларда намоён қилишга уринаяпти. Буни дунёнинг қайноқ нуқталаридаги ички низо ва урушлар мисолида кўриб турибмиз. Шундай экан, Ватан тараққиётига му­носиб улуш қўшиш, ҳақиқий исломни қадр­лаш, фуқаролик позициясида мустаҳ­кам туриш дини-диёнатли кишининг муқаддас бурчи, десак айни ҳа­қиқатни, рост ҳақиқатни айт­ган бў­ламиз!
 
Муҳаммад МАТАЕВ,
журналист

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Make an Order

    Make an Order
  • AFFICHE

  • Advertising

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Contacts

    32, Matbuotchilar Street, Tashkent 100000 Uzbekistan

  • Subscribe To News

    (Русский) Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Any reproduction or use of excerpts from publications can be made only with the written consent of the publisher; when reprinting materials, a link to the source is required.