Sorry, this entry is only available in O´zbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
«Агробанк» АТБ юртимизда биринчи бўлиб, «Сбербанк – Агробанк онлайн пул ўтказмалари» номли янги хизмат турини йўлга қўйди. У Россиядаги йирик «Сбербанк» билан ҳамкорлик доирасида жорий этилган бўлиб, мижозлар учун қатор қулайликлар туғдиради. Эндиликда пул ўтказмаларини амалга оширмоқчи бўлганлар маблағ жўнатиш ёки олиш учун банк филиалларига боришлари шарт эмас. Қолаверса, пулларни Россиядан Ўзбекистонга 24 соат давомида ва дам олиш кунларида ҳам жўнатишлари мумкин.
Ҳолбуки, бугунга қадар Россиядан Ўзбекистонга маблағ юбориш кўп вақт талаб қиладиган жараён ҳисобланарди. Пулни жўнатмоқчи бўлган киши аввал уни картадан олар, сўнгра банкнинг энг яқин жойдаги бўлимига бориб, пул ўтказиш тизимидан фойдаланарди. Ўз навбатида, маблағни қабул қилиб олувчи ҳам ўзига энг яқин банк филиалини топиши ҳамда унга фақат банк ишлайдиган кунларда бориши шарт эди. Эндиликда бу жараёнлар автоматлаштирилгани боис «Сбербанк»нинг Россиядаги барча филиалларида ёки «Сбербанк онлайн» мобил иловаси воситасида амалга оширилади. Маблағлар автоматик тарзда Россия рублини олувчининг «Агробанк»да очилган «Ҳумо» пластик картасига сўмда ўтказиб берилади.
Ҳозир Ўзбекистонга халқаро пул ўтказмалари орқали юборилаётган маблағларнинг асосий қисми Россия Федерацияси улушига тўғри келади. Масалага шу нуқтаи назардан ёндашганда, «Сбербанк»ни ишончли шерик сифатида танлаш ва у билан ўзаро манфаатли ҳамкорликда ишлаш энг мақбул йўлдир. Бу янглиғ саъй-ҳаракатлар, аввало, банк хизматлари оммавийлашишига, сифати яхшиланишига ва кўлами кенгайишига замин ҳозирлайди, шу тариқа аҳоли ва мижозлар банк хизматларидан самарали фойдаланишлари учун бадастир имкониятлар яратади.
«Агробанк» АТБ матбуот хизмати