(O´zbek) Zamonaviy ta’lim tizimi taraqqiyotga xizmat qiladi

5-6/2017

Sorry, this entry is only available in O´zbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳара­катлар стратегияси тўғ­рисида»ги фармонида мамлакатимиз тараққиё­тини янада жадаллаштиришга доир устувор вазифалар белгилаб берилди. Мазкур стратегияда аҳоли фаровонлигини таъминлаш, бандлик, саломатликни муҳофаза қилиш, уй-жой масалалари қаторидан таълим-тарбия тизимини ривожлантириш масаласига ҳам кенг ўрин берилган.
     Фармонга асосан, илм-фан ва таъ­лим соҳаларини янада ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Халқ таълими тизимидаги ислоҳотларни амалга ошириш орқали таълим-тарбия сифатини тубдан яхшилаш, янги мактаб биноларини барпо этиш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, уларни замонавий ўқув-лаборатория ускуналари, ахборот-коммуникация технологиялари ва ўқув-методик қўл­ланмалари билан тўлиқ таъминлаш каби қатор масалалар амалга оширилиши кўзда тутилган.
     Халқ таълими вазирлиги соғ­лом, руҳий ҳамда интеллектуал ривож­ланган, теран фикрлайдиган ҳам­да қатъий ҳаётий нуқтаи назарга эга, Ватанга содиқ ёш авлод вакилларини тарбиялашга, жамиятда уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш учун қуйидаги чора-тадбирларга жид­дий эътибор қаратмоқда.
     Биринчидан, мавжуд меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблар даражасида мукаммал тарзда такомиллаштирилади. Яъни, таълим тизими олдига қўйилаётган талаблардан ке­либ чиқиб, умумий ўрта таълимни ташкил этиш тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қайта кўриб чи­қилди ва «Умумий ўрта таълим тўғ­рисидаги низом» янги таҳрирда қабул қилинди.
     Шу билан биргаликда, Қорақалпо­ғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент ша­ҳар халқ таълими бош бошқармала­рининг ташкилий тузилмаси ва таълим муассасаларига методик хизмат кўрсатиш тизими янада такомиллаш­тирилди.
     Умумий ўрта таълим муассасалари фаолиятига оид амалдаги меъёрий ҳужжатлар таълим-тарбия сифати ҳамда самарадорлигини янада ошириш нуқтаи назаридан қайтадан кў­риб чиқилиб, мазмунан бойитилди.
     Иккинчидан, ўқувчи-ёшларни ва­танпарвар, юрт тақдирига дахлдор ва қонунларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш ҳамда зарарли таъсирлар ва оқимларга қарши маънавий иммунитетини мустаҳкамлаш, қатъий ҳаётий позицияга эга шахс сифатида камол топиши ва шаклланишларини таъминлаш бўйича қатор устувор вазифалар амалга оширилмоқда.
     Шу мақсадда ўқитувчи ва мураббийлар, ҳаётий тажрибага эга оқсо­қоллар, маҳалла фаоллари кўмагида ўқувчилар ва ота-оналар ўртасида китобхонликни, мутолаанинг инсон камолотидаги беқиёс ўрни тарғиб қи­линишига алоҳида эътибор қара­тилди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда таълим му­ассасаларида таниқли ёзувчи, шоирлар билан онлайн мулоқотлар, учрашувлар ташкил этилди. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги билан ҳамкорликда бадиий адабиётларнинг электрон нусхалари кенг миқёсда пор­талларга жойлаштирилмоқда. Умумтаълим мактабларидаги кутуб­хона ва ахборот-ресурс марказларининг китоб фондлари янги бадиий ва энциклопедик адабиётлар билан бойитиб борилмоқда.
     Болаларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш, турли нуфузли мусобақа ва беллашувларда, хусусан, «Умид ниҳол­лари»да қатнашувчи спортчи-ўқув­чилар сафини кенгайтириш, хал­қаро танловларда самарали иштирокини таъминлаш чоралари кўрилди.
     Учинчидан, умумтаълим фанларни ўқитиш мазмуни бойитилиб, ўқув-методик таъминоти такомиллаштирилди. Жумладан, илғор хорижий тажрибаларга таянган ҳолда компетенциявий ёндашувга асосланган Давлат таълим стандартлари ишлаб чиқилди ва босқичма-босқич амалиётга жорий этилмоқда. 2017-2018 ўқув йилида бошланғич таълимнинг 1–4 синфлари, шунингдек, 6-, 7-, 10-синфларда компетенциявий ёндашувга асосланган Давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари асосида фанлар ўқитилмоқда.
     2017–2018 ўқув йилининг 1-ярми бўйича таълим сифати мониторингини ўтказиш жараёнида халқаро ба­ҳолаш дастури (PISA)га асосланган адаптатив тест топшириқлари ишлаб чиқилди ва жорий йилнинг декабрь ойида онлайн тест асосида синовдан ўтказилди.
     Тизимдаги чет тили ўқитувчлари­нинг билим даражаси, савияси, малакаси ва касб маҳоратини оширишга қаратилган Вазирлар Маҳкамаси­нинг 2015 йил 25 мартдаги 67-сонли қарори асосида 2015–2017 йиллар давомида 671 та таянч мактаблар ба­засида 969 нафар тренер ўқитувчи­лар томонидан 20 мингга яқин инглиз тили ўқитувчилари учун хафталик ўқув курслари ташкил этиб келин­моқда.
     Мазкур қадам умумтаълим мактаби ўқувчилари саводхонлиги ва мантиқий фикрлашини халқаро дас­турлар асосида баҳолаш тизимига босқичма-босқич ўтиш имконини беради.
     Тасдиқланган янги мазмундаги ДТСга асосан, таълим умумтаълим фан­ларини ўзлаштиришнинг бош­лан­ғич даражаси – А1 дан то умумтаълим фанларини ўрганишнинг ихтисослаштирилган даражаси – B1+ гача бўлган босқичларида амалга оширилади.
     Таълим-тарбия жараёнида ўқув­чида коммуникатив, ахборот билан ишлаш, ўзини-ўзи ривожлантириш, ижтимоий фаол фуқаролик, миллий ҳамда умуммаданий, математик жи­ҳатдан саводхон бўлиш, фан ва техника янгиликларидан фойдаланиш компетенциялари шакллантириб бо­рилади.
     Ўқитиш жараёнларига халқаро таъ­лим талабларига мос шахсни шакл­лантиришга йўналтирилган таълим методологияси жорий этилади, фанлар йўналиши бўйича ўқитиш муаммоларига бағишланган форумлар мун­тазам ўтказилади.
     Тўртинчидан, етук, маҳоратли ўқи­тувчиларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини ислоҳ қилиш, кадрлар сало­ҳиятини юксалтириш учун раҳбар ва педагог­лар тайёрлаш сифатига қўйи­ладиган давлат талаблари такомиллаштирилди. Ўқув режалари ва дас­турлари маз­мунан қайта кўриб чи­қилиб, замон талабларига мослаштирилди. Педагог кадрлар малакасини ошириш тизимидаги профессор-ўқи­тувчилар сифат таркиби ёш, илмий салоҳиятга эга кадрлар билан тўлди­рилмоқда.
     Бешинчидан, халқ таълими бош­қаруви ва таълим муассасаларида ҳужжатлар билан ишлашни ташкил этиш ва ижро интизомини мустаҳ­камлаш бўйича виртуал қабулхоналар ишга туширилди, жойларда аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказилди. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатига интерактив хизматлар кўрсатиш сифати яхшиланди.
     Олтинчидан, кўплаб ота-оналар, ўқитувчи ва ўқувчилар ҳамда кенг жа­моатчилик томонидан билдирил­ган таклифлар асосида юртимизда Президентимиз ташаббуси билан умумтаълим мактабларида 11 йиллик таълим қайта тикланди. Шунингдек, бу билан боғлиқ моддий техник-база, замонавий синфхона ва устахоналар ташкил этилди, дарслик ва қўлланмалар яратилди, педагог-кадрлар билан тўлиқ таъминланди. Айни вақтда республика бўйича барча умумтаълим мактабларида 300 минг нафарга яқин ўқувчилар 10-синфларда таълим олмоқда. 10–11-синф ўқув­чиларига ҳафтанинг 5 кунида умумтаълим фанлари ўтилса, 1 кун 6 соатдан 2 йил давомида касбий таълим берилади ва ўқувчилар мактабни ту­гатганидан сўнг ўрта маълумот тўғ­рисида аттестат билан бирга касб малакаси бўйича давлат намунасидаги дипломга эга бўлади.
     Бугунги тараққиёт шиддати олдимизга янги-янги вазифаларни қўй­моқда. Бу борада Вазирлар Маҳкама­сининг «Умумий ўрта таълим тўғриси­даги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори тизимда муҳим ўзгаришлар ва янгиланишларга асос бўлди.
     Янги таҳрирдаги низомга 20 га яқин меъёрлар киритилди, амалдагилари эса мазмунан тўлдирилди. Ҳужжатда қайд этилганидек, бу низом «Ўзбекистон Республикасида уму­мий ўрта таълимни ташкил этиш ва умумий ўрта таълим муассасаларининг фаолиятини амалга ошириш тартибини белгилаб беради. Низом талаблари барча умумтаълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилади». Боиси, Халқ таълими вазирлиги тизи­мидан ташқари бошқа вазирлик ва идоралар тасарруфида ҳам умумтаълим ҳамда нодавлат таълим муассасалари фаолият кўрсатмоқда. Низом ушбу муассасалардаги ўқув-тарбия жараёнини ҳам тартибга солади.
     Белгиланган меъёрлар бўйича тегишли майдонга эга бўлган умумтаълим муассасаси синфларида ўқув­чилар сони 35 нафардан ортиб кетмаслиги назоратга олинди.
     «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да таълим муассасалари билан ота-оналарнинг ўзаро ҳамкорлигини янада кучайтириш ҳамда фуқаролар мурожаатлари билан ишлашнинг янги самарали механизмлари ва усулларини жорий этиш, ота-оналар билан таълим тизимига оид муаммоларни ўз жойида ҳал этиш, бу борада аҳоли билан яқиндан доимий мулоқот қилиш мақ­садида ҳисобот йилининг март ойидан бошлаб республикадаги барча умумтаълим мактабларида «Ота-она­лар билан мулоқот хонаси» ташкил этилди.
     Мулоқот хонасида ота-оналарни белгиланган жадвал асосида муассаса раҳбари, директорнинг ўқув-тар­бия ёки маънавий-маърифий иш­лар бўйича ўринбосарлари қабул­лари йўлга қўйилди. Мулоқот жараёнига масаланинг маз­мун-мо­ҳиятидан келиб чиққан ҳолда, малакали ва таж­рибали ўқитувчилар ёки синф раҳ­барлари жалб қилинмоқда.
     Шу билан бирга, ҳар ойда энг камида бир марта умумий ўрта таълим муассасалари ҳузуридаги «Оила-ма­ҳалла-таълим муассасаси» ҳамкор­лигида Жамоат кенгаши аъзолари иштирокида «Ота-оналар билан му­лоқот» кунлари ташкил этилди. Улар истаган вақтда келиб, ўзларини қи­зиқ­тираётган масалалар юзасидан раҳбар-ходимлар билан мулоқот ўрнатмоқдалар. Бу эса, мавжуд муаммоларни жойида тезкорлик билан ҳал қилиш, оила-ма­ҳалла-таълим муассасаси ҳамкорли­гини кучайтириш имконини бер­моқда.
 
 
Кадирбай БЕКТУРДИЕВ,
Халқ таълими вазири биринчи ўринбосари

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Make an Order

    Make an Order
  • AFFICHE

  • Advertising

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Contacts

    32, Matbuotchilar Street, Tashkent 100000 Uzbekistan

  • Subscribe To News

    (Русский) Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Any reproduction or use of excerpts from publications can be made only with the written consent of the publisher; when reprinting materials, a link to the source is required.