Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Fitch Ratings рейтинг агентлиги банк ва суғурта секторларини ислоҳ қилиш бўйича оралиқ натижаларни қандай баҳолайди ва 2026 йилдан нималарни кутмоқда
2025 йил Ўзбекистон учун ижобий воқеалар билан ёдда қолди. 2025 йил июнь ойида Fitch Ratings агентлиги Ўзбекистон Республикасининг суверен рейтингини «BB» даражасигача оширди ва прогнозни «барқарор» деб белгилади. Шундан сўнг агентлик ўзбек банклари учун операцион муҳит прогнозини «барқарор»дан «ижобий»га қайта кўриб чиқди. Худди шу каби қарор суғурта сектори тармоқ муҳити прогнозига нисбатан ҳам қабул қилинди. Мақолада биз ушбу рейтинг қарорларига олиб келган асосий омилларни ёритишга, шунингдек, ҳар икки секторнинг қисқа муддатли истиқболлари бўйича қарашларимизни тақдим этишга ҳаракат қиламиз.
Ислоҳотлар суръат олмоқда
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан 2017 йилдан бошланган иқтисодий муҳитни тубдан ислоҳ қилиш жараёни аллақачон сезиларли ижобий натижалар берди. Ушбу жараённинг энг муҳим таркибий қисмларидан бири – 2020 йилдан амалга оширилаётган банк сектори ислоҳотидир. У давлат банкларининг аксариятини хусусийлаштиришни ҳамда давлатнинг стратегик мулкида қоладиган банклар бизнес моделларини халқаро ривожланиш институтлари кўмагида трансформация қилишни ўз ичига олади.
2023 йилда «Ипотека-банк»нинг назорат пакети Венгриянинг OTP Group компаниясига сотилиши хусусийлаштириш дастури доирасидаги илк муваффақиятли битим бўлди. Сотуви режалаштирилган бошқа банкларда ҳам менежмент сифати ва корпоратив бошқарувни яхшилаш, фаолият шаффофлигини ошириш ҳамда тижоратга йўналтирилган бизнес моделга ўтиш бўйича катта ишлар амалга оширилди ва давом этмоқда. Шунингдек, давлат банклари томонидан юқори рискли имтиёзли кредитлаш ҳажмининг босқичма-босқич қисқариб бораётганини кузатаяпмиз. Бунда бундай кредитлар янада манзилли бўлиб, уларнинг шартлари аввалгига нисбатан бозорга яқинлашмоқда.
Суғурта сектори учун муҳим воқеа 2024 йилда ҳукумат томонидан секторни комплекс трансформация қилиш дастурининг қабул қилиниши бўлди. Ушбу дастур барча суғурта шартномаларини Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали мажбурий рўйхатдан ўтказишни, полисларни фақат қоғоз шаклида расмийлаштиришни бекор қилишни ҳамда давлат органлари тизимлари билан интеграцияни назарда тутади. Бу эса мажбурий суғурта билан қамровни янада оширишга хизмат қилади. Дастур шунингдек, суғурта захираларини шакллантириш ва тўловга қобилиятни аниқлаш методологиясини Solvency II стандартларига мувофиқлаштиришни назарда тутади. Бизнинг фикримизча, бу суғурта компанияларининг капиталлашуви ва тўловга қобилиятни баҳолаш шаффофлигини сезиларли даражада мустаҳкамлайди. Бозорнинг молиявий шаффофлиги очиқ маълумотлар ҳажмининг кенгайиши ва МСФО стандартларининг жорий этилиши ҳисобига босқичма-босқич яхшиланмоқда.
Тартибга солиш сифати янги босқичга чиқди
Банклар учун ижобий операцион муҳит прогнозимизнинг иккинчи асосий омили – банк ислоҳотлари бошланганидан буён Ўзбекистон Марказий банки (ЎМБ) томонидан тартибга солиш ва банк назорати сифати сезиларли даражада яхшиланганидир. Регулятор банк секторини мустаҳкамлаш ва унинг барқарорлигини оширишга қаратилган қатор чора-тадбирларни қабул қилди. Хусусан, банклар учун минимал капитал талаблар оширилди, кредитларни таснифлаш ва резервлаш бўйича талаблар қатъийлаштирилди, шунингдек, муаммоли активларни банк балансларида тан олиш амалиёти кучайтирилди.
ЎМБ яқинда 2025–2028 йилларга мўлжалланган банк тартибга солишни ислоҳ қилиш бўйича Йўл харитасини эълон қилди. Унда пруденциал нормативларни ҳисоблашда «Базель III» стандартларини жорий этиш, муаммоли активларни тан олиш талабларини халқаро амалиёт билан уйғунлаштириш, шунингдек, банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисидаги янги қонунни амалга ошириш учун ҳуқуқий база яратиш каби муҳим чоралар назарда тутилган.
Бундан ташқари ЎМБ чакана кредитлашда шаклланаётган рискларга нисбатан анча проактив ёндашувни намоён этмоқда. 2024–2025 йилларда таъминланмаган истеъмол ва автокредитлар бериш бўйича талабларни қатъийлаштириш олдинги йиллардаги жадал ўсишдан сўнг ушбу сегментларни совишига хизмат қилди. Регулятор, шунингдек, истеъмолчилар учун бўлиб тўлаш (BNPL) бозорини тартибга солиш режалари борлигини маълум қилди.
Leave a Reply