(O´zbek) «Ўзбек-турк саноат кластери» – тадбиркорларга қулайликлар яратувчи лойиҳа

1-2/2025

Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

 
     Бугунги кунда жаҳон иқтисодиёти ривожида саноат кластерларининг ўрни беқиёс. Кластерлар мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти юксалишига, инновацион ғоялар ва янги технологияларни ҳаётга татбиқ қилинишига, қолаверса, аҳолини иш билан таъминлаш, ўз навбатида, моддий фаровонлик ўсишига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
     Юртимизда хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликда қўшма саноат кластерлари фаолияти ҳам йўлга қўйилаётгани эътиборга молик. Мухбиримиз Ўзбекистон – Туркия ҳамкорлиги асосида ташкил этилган «Ўзбек-турк саноат кластери» – «OSTIM GLOBAL» кластери раҳбари Жамшид ҲИДОЯТОВ билан мазкур кластер фаолияти хусусида суҳбатлашди.
 
     – Жамшид ака, «Ўзбек-турк саноат кластери»нинг ташкил этилишидан кўзланган мақсад нималардан иборат эди?
     – Сўнгги йилларда Ўзбекистон – Туркия давлат раҳбарлари томонидан қатор келишувлар, меморандумлар имзоланиб, икки давлат ўртасидаги ўзаро савдо-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий алоқалар янада ривожланмоқда, бизнес ва тадбиркорлик соҳаларида икки томонлама манфаатли битимлар тузилиб, халқ фаровонлиги юксалишига замин яратилмоқда.
     «Ўзбек-турк саноат кластери» ҳам ушбу ҳамкорлик алоқаларининг натижаси, дейиш мумкин. Мазкур кластерни ташкил этишдан асосий мақсад – саноат зоналарини ташкил қилиш ва уларнинг ривожланишига янгича назар билан ёндашиш ҳамда Туркия тажрибасини Ўзбекистонда қўллашдан иборат.
     «Остим» компанияси Туркияда 60 йилдан бери фаолият юритиб кел­моқда. Компания томонидан бошқа­риладиган саноат зонаси Анқара шаҳрида, 500 гектардан зиёд майдонда жойлашган. Таркибида саноатнинг турли соҳаларида фаолият юритувчи 6500 дан зиёд катта-кичик завод ва фаб­рикалар мавжуд. Шунингдек, компания томонидан ташкил этилган кадр­лар тайёрлаш ва қайта ўқитиш тизими, мактаб, коллеж, олий таълим ва шу жумладан, Туркияда ягона бўл­ган саноат зонаси бошқарув компанияси томонидан ташкил этилган университет – «OSTİM Teknik Üniversiteti»­ни ўз ичига олади. Бундан ташқари ташкил этилган турли хил бўлимлар саноат зонасида жойлашган тадбиркорлик субъектларининг кундалик эҳтиёж­лари учун хизмат қилади.
     Бир сўз билан айтганда, компанияда тадбиркорликни ташкил этиш, қурилиш ва лойиҳалаш, ишчи кадрлар билан таъминланиш, маҳсулотни янги бозорларга олиб кириш ва бош­қа бир қанча хизматлар йўлга қў­йилган. Умуман, тадбиркор бошқа ташвишларга чалғимай, ўз фаолиятини амалга ошириши учун барча шароитлар яратилган ва бу хизматлар бошқарув компанияси томонидан ягона маъмурий марказ сифатида ташкил этилган. Бу моделни Ўз­бекистонда ҳам қўллаш мақсадида «Ostim Global» турк кластери дирекцияси ташкил этилган.
     – Айтингчи, «Ўзбек-турк» саноат кластерида қайси компаниялар фаолият юритади?
     – Бугунги кунда Туркиянинг «Хекташ» компанияси билан шартнома имзоланди. Унга кўра минерал ўғит­лар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишга келишилди. Шунингдек, нафақат Туркия, балки Қозо­ғистон ва Россиянинг бир қанча компаниялари билан музокаралар олиб боряпмиз. Бундан ташқари маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳам ҳам­корликка таклиф этяпмиз. Бошқа давлатларнинг ҳам қизиқиши орт­моқда. Ўзбек-турк кластери сифатида ташкил этилгани учун кўпчилик фақат турк компаниялари учун мўлжалланган, деб ўйлаши мумкин. Аммо ундай эмас, бошқарув механизми турк модели бўлганлиги учун «ўзбек-турк кластери» деб аталади. Бизнинг маҳаллий компаниялар ҳам, исталган чет эл компаниялари ҳам бу ерда жойлашиши мумкин.
     – Янги кластерда 400 дан ор­тиқ саноат корхоналари муваф­фақиятли фаолият юрита­ётган, Туркия тажрибасига асос­ланган инновацион экотизим қўллани­лади. Ушбу тизим ҳақида батафсил маълумот берсангиз.
     – Бизнинг саноат зонамиз – бу фақат ишлаб чиқариш заводлари эмас, балки алоҳида фаолият юритувчи бир экотизим. Ишлаб чиқариш билан бирга турли хизмат кўрсатиш, ҳатто кўчаларни ободонлаштириш хизматлари, қўриқлаш, электр энергияси ва бошқа кўплаб инфратузилмалар – яхлит бир тизим жорий қи­линган. «Остим»нинг ўзида корхона ёки корхонага хизмат кўрсатувчи барча ташкилотларнинг кундалик эҳтиёжлари қондирилади. Рухсатнома олиш, экспорт, импортга чиқиш, янги бозорлар топиш, реклама қи­лиш – бу экотизим, деб аталиб, ҳамма соҳа бир ерда жойлашган. Бундан ташқари саноат корхоналарига кадр­лар тайёрлаш, яъни ўқитиш, коллеж ва университетгача бўлган таълим жараёнлари йўлга қўйилган. Ўқиётган талаба эртага ишга жойлашадиган корхонасига бориб, назарий билимларини амалиётда ҳам қўллай олади. «Остим» компаниясида шундай механизм жорий қилинган: талаба ҳаф­та давомида икки кун университетда назарий билим олади, уч кун бевосита ишлаб чиқариш ҳуду­дига чиқиб, лаборатория ёки сотув мажмуасида ўз тажрибасини қўл­лайди.
     Бундан ташқари инновация, стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳам яхши йўлга қўйилган. Яъни янги ғояни қўллаб-қувватлаш, асбоб-ускуналар билан таъминлаш, кейинчалик яратилган стартапни ишлаб чиқариш корхоналарида жорий қилиш мумкин.
     Ўзбек-турк саноат зонасининг бош режасини ишлаб чиқишда ижтимоий соҳа объектларига алоҳида ер ажратилган. «Ostim Global» турк кластери дирекцияси бошқарув компанияси сифатида жойлаштирилган инвесторларга ўзининг кенг миқёсли хизматларини таклиф қилмоқда.
     – Туркиянинг «Остим» саноат зонасининг тажрибаси ва кўлами мамлакатимиз иқтисодий ривожига қай даражада таъсир кўрсатади?
     – Юқорида таъкидлаганимдек, «Остим» – Туркиянинг 60 йилдан зи­ёд тажрибага эга илғор саноат зонаси ҳисобланади. Ўзбекистонда амал­га оширилаётган лойиҳамиз­дан иқтисодий кутилмаларимиз – 20 мингдан зиёд янги иш ўринларини яратиш, қўшимча инвестициялар миқ­дорини ошириш. Бундан ташқа­ри малака ошириш, ўқув инновация­ларни қўллаб-қувватлаш ва бошқа­рув тизимига янгича назар, янги таж­риба бўлгани боис, иқтисодий ва ижтимоий кутилмалар юқори. Бир сўз билан айтганда, корхона бу ерда жойлашгач, рухсатнома олиш, экспорт, импорт, ишчи ёллаш бўйича ҳамма хизматлар бир нуқтада, ягона дарча тизими – марказий офисда ҳал этилади. Бу эса ҳозирги тезкор даврда вақтни ҳам, маблағни ҳам тежаш­га хизмат қилади.
     – Кластер резидентлари учун кўзда тутилган хусусиятлар ва афзалликлар ҳақида ҳам батафсил сўзлаб берсангиз.
     – Биз таклиф қилаётган қулай­ликлар: ягона дарча хизмати остида хизмат кўрсатиш, яъни инвестор бу ерда жойлашгандан кейин фақат ўз иши билан шуғулланади. Қолган бошқа эҳтиёжлар – кадр, инновация, рухсатномалар олиш, электр энергияси, бошқа инфратузилмалар билан таъминланиш бўйича деярли бош қотирмайди. Чунки ҳамма хизматлар марказ томонидан амалга оширилиб, керакли шарт-шароит яра­тиб берилади.
     Айниқса, хориж компаниялари учун бу жуда қулай. Чет элдан келган инвестор биринчи ишини қурилиш­дан бошлайди. Қурилиш тугаши билан кадрлар йиғишни ва ишлаб чи­қариш фаолиятини амалга оширади. Табиийки, маҳаллий қонунчилик ҳуж­жатлари билан танишиш кўп вақт олади. Айримларида эса мослашув масалалари юзага чиқади. Биз йўлга қўйган хизматлар айнан мана шу хорижий инвесторлар учун қулайлик­лар яратиш, яъни фақат ўзининг асосий фаолияти билан шуғулланишини таъминлашдан иборат.
     Масалан, Ўзбекистонда қурилиш­га алоҳида эътибор берилаётган ҳо­зирги даврда меъёрий ҳужжатлар билан танишиш, қурилиш жараёнини амалга ошириш анчагина вақт талаб қилади. Оқибатда тадбиркор жарималар, турли хил санкцияларга дуч келиб қолиши мумкин. Шундай корхоналар борки, жарима тўлаш улар учун улкан йўқотиш бўлади. Бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик учун малакали юристларимиз, қурилиш бўйича бир қанча мутахассисларимиз томонидан юқори сифатли хизматлар таклиф этилади.
     – «Ostim Global» кластер корхоналарида ишлаш учун малакали мутахассисларни тайёрлаш зарурлигини ҳисобга олсак, Ўзбекистонда инсон капиталини ривожлантиришга унинг ҳиссаси қандай?
     – Ушбу саноат кластеримизда янги инновацион технологияларга асосланган юқори қўшилган қиймат­ли маҳсулотлар яратувчи лойиҳа­ларни жойлаштиришни кўзда тутганмиз. Табиийки, замонавий ишлаб чи­қариш лойиҳалари устида ишлаш учун малакали кадрларга талаб вужудга келади. Бу хорижий ёки ма­ҳаллий инвестор бўлишидан қатъий назар чет элдан мутахассис олиб келмайди, яъни ўзимизнинг кадрларни тайёрлашимизга тўғри келади. Шуни англаган ҳолда бизнинг бош режамизда бу ечимлар кўзда тутил­ган. Бугунги кунда мактаб ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари юқори технологиялар ва ахборот технологиялари соҳасида билимларини ошириб, бевосита ишлаб чиқа­риш майдонида ўз тажрибасини қўл­лайди ва малакаси ошади.
     Ўзбекистон жуда кўп табиий минерал ресурсларга эга. Бироқ улардан юқори қўшилган қийматли сифатли маҳсулотлар яратилиши бироз муаммо. Чунки технологиялар эскирган ва у технологияларни олиб келганимизда ҳам уни ишлатадиган, фойдалана оладиган, яъни тинмай инновация қиладиган кадрлар масаласида оқсоқликлар бор. Шунинг учун ҳам бу каби муаммони ечиш мақсадида жаҳон тажрибасини ўрганган ҳолда «Остим» – турк механизмини қўлламоқчимиз.
     Ҳозирда Самарқанд ва Бухорода тақдимотлар ўтказдик. Шунингдек, водий вилоятларида ҳам қўллаш кўзда тутилган. Умуман, Туркиядаги «Остим»га нафақат Ўзбекистон, балки Ўрта Осиё давлатларидан делегациялар ташриф буюриб, тажриба алмашмоқда, ҳамкорликлар йўлга қўйилмоқда. Турк компаниясининг ўзи ҳам Ўзбекистондаги, Марказий Осиёдаги потенциални ҳис этган ҳол­да биринчилардан бўлиб Ўзбекистонда ўз расмий ваколатхонасини очиб, фаолият бошлади. Келажакда бошқа ҳудудларда ҳам ушбу ишларни муваффақиятли амалга ошириш ва қўшни давлатларга ҳам хизмат кўрсатиш кўзда тутилган.
     – Мазмунли суҳбат учун ташаккур.
 

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

  • AFFICHE

  • PR

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Contacts

    1, Alay Street, Tashkent 100000 Uzbekistan

  • Subscribe To News

    (Русский) Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Any reproduction or use of excerpts from publications can be made only with the written consent of the publisher; when reprinting materials, a link to the source is required.