Sorry, this entry is only available in Русский and O´zbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in this site default language. You may click one of the links to switch the site language to another available language.
Тошкент вилоятидаги иқтисодий юксалиб бораётган корхоналар ҳақида гап борганида албатта, Зангиота туманидаги «Bonito kids» савдо белгиси остида фолият кўрсатаётган тикувчилик фабрикаси алоҳида тилга олинади. Сабаби, аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтириш, қишлоққа саноатни олиб кириш ва муқим иш жойлари яратишда ушбу корхонанинг ўрни катта бўлмоқда.
– Соғлом рақобат, тадбиркорлар учун яратилган қулай шарт-шароит ва имтиёзлар натижасида ўз бизнесимизга эга бўлдик, – дейди масъулияти чекланган жамият раҳбари Сайдулло Салиев. Шу кунларда Бирлашган Араб амирликлари, Қозоғистон ва Россия Федерациясига ҳар ойда 350–400 минг АҚШ доллари қийматидаги маҳсулотни экспорт қиляпмиз. Ички бозоримиз ҳақида гап кетганида эса айтишимиз мумкинки, товарларимизни фақат махсус савдо шохобчалари орқали сотишни йўлга қўйганмиз.
Бу йирик корхона ишга туширилганига тўрт йилдан ошди. Айни пайтда, мазкур корхонада аёллар ва касб-ҳунар коллежларини битирган ёшлардан иборат 350 нафар ишчи-ходимлар меҳнат қилишмоқда. Улар учун бир сменали муқим иш ўринлари яратилган.
– Ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича кўрилган чора – тадбирлар туфайли маҳсулот тури, сифати ва ҳажми ортишига эришилди. Бугун бу ерда 12 ёшгача бўлган болалар учун ишлаб чиқарилаётган юқори сифатли маҳсулотларга талаб ва эҳтиёж тобора ортиб бормоқда, – дейди С. Салиев.
– Мен хизмат сафари билан Москва шаҳрида бўлганимда, катта дўконларнинг бирига кириб ўтишни ихтиёр этдим. Ушбу дўконда бизнинг («Bonito kids» made in Uzbekistan) савдо белгиси остидаги маҳсулотимиз сотилаётганидан, албатта қувондим. Шунда сотувчининг олдига харидор сифатида бориб, бу буюмлар тўғрисида батафсил маълумот беришини, уларнинг сифати қай даражада эканлигини ва маҳсулотлар нархини арзонлаштириб беришини сўрадим. Сотувчи менга бир қарадида, ишонч билан (– это же «Bonito kids») деб жавоб қилди. Яна бир гап, веб сайтимизга Россия ва Қозоғистон истеъмолчиларидан ҳар куни миннатдорчилик хатлари келмоқда. Бундай мақтовлар, шубҳасиз корхонамиз жамоасини руҳлантиради ва биз бундан фахрланамиз.
Мамлакатимизда ялпи миллий маҳсулотнинг ўсиши, экспорт имкониятларининг кенгайишида Сайдулло Салиев каби ёш, ташаббускор тадбиркорларнинг хизмати катта.
Корхона биноси ҳашаматли эмас, лекин ораста. Ишчи-хизматчиларга барча қулайликлар яратилган. Корхона ҳовлисида ўрик, гилос, нок каби мевали дарахтлар ҳосилга кирган. Бу ерда малакали муҳандис техник ходимлар, ўз ишининг усталаридан иборат аҳил жамоа жамланганига гувоҳ бўлдик.
Аммо корхонада ҳали ҳануз етакчи тикувчи ҳамда малакали дезайнерларга бўлган талаб юқори. Айниқса, маҳсулот турларини янги технологияларда ишлаб чиқаришга катта эътибор қаратилаётган бир пайтда, малакали мутахассислар сонини ошириш масаласи ишлаб чиқариш кўрсаткичларини янада юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади. Буюртмачиларга маҳсулотларнинг сифати хусусида берилаётган аниқ тавсияларнинг тақдим этилаётгани эса корхона нуфузини янада оширилишига хизмат қилмоқда.
– Барчамиз Ватан тараққиёти, халқ фаровонлигига хизмат қилиш учун истиқлол берган имкониятлардан унумли фойдаланиб, бунёдкорлик йўлида сидқидилдан меҳнат қилмоқдамиз. Шуни ғурур билан таъкидлаш лозимки Ўзбекистон – катта имкониятларга эга мамлакат. Юртимизга бўлган меҳримиз жуда юқори. Фурсатдан фойдаланиб, меҳнат жамоамиз номидан халқимизни улуғ байрамимиз – Мустақиллик куни билан самимий қутлаймиз.
Анвар ҚОБИЛОВ,
«O‘zIA» мухбири