Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Нефть-газ саноати, таъбир жоиз бўлса, миллий иқтисодиётимизнинг муҳим устунларидан бири. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ушбу соҳада қулай сармоявий муҳит яратиш, ички бозорда маҳаллий маҳсулотлар улушини кўпайтириш, корхоналараро кооперация алоқаларини мустаҳкамлашни рағбатлантириш чора-тадбирлари тизимли олиб борилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ бугунги кунда мамлакатимиздаги заводларда нефть қайта ишланмоқда, автобензин, дизель ёқилғиси, мазут, нефть мойлари, битум, авиакеросин ишлаб чиқарилмоқда. Газни қайта ишловчи заводлар эса суюлтирилган газ ва полиэтилен ишлаб чиқаришни янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Бироқ айни пайтда коронавируснинг шитоб билан ва аёвсиз «дунёни эгаллаши» туфайли мазкур қимматли ресурслар бозорида ҳам беқарорлик кузатилаётгани кундай равшан. Дунёда энергоресурслар учун гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона урушлар ҳамон давом этаётган бир шароитда иқтисодиётнинг бу тармоғи ривожини бир лаҳзага-да эътибордан четда қолдириб бўлмайди.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси Меҳриддин АБДУЛЛАЕВ билан суҳбатимизда Ўзбекистоннинг 120 йиллик тарихга эга нефть-газ саноатининг ўтмиши ва бугунига яна бир бор назар ташлаш асносида, табиийки, соҳага пандемиянинг таъсиригаа ҳам тўхталиб ўтдик.
– Меҳриддин Раззоқович, авваламбор, ҳозирги шундай мураккаб пайтда вақт топиб, интервью беришга рози бўлганингиз учун раҳмат. Суҳбатимизни мамлакатимизда нефть саноатига қачон тамал тоши қўйилгани, умуман, унинг ўтмишига оид маълумотлар билан бошласак. Зотан, бу ҳаммамиз учун қизиқ мавзу…
– Нефть саноати тарихи АҚШда нефть қудуқларини механик усулда қазишга ўтилган ўша узоқ 1859 йилларга бориб тақалади. Кўп ўтмай Канада ва Россияда, кейинроқ Эрон ва Венесуэлада ҳам дастлабки нефть қудуқлари пайдо бўлган.
Ўзбекистон нефть-газ саноати ҳам ўзига хос ўтмишга эга. Юртимизда бу табиий бойликларни саноатлашган усулда бурғи қудуғидан қазиб олиш ХIХ асрнинг 80-йиллари ўрталарида ўзлаштирилди. 1904 йилда эса Фарғона водийсидаги Чимён конида 278 метр чуқурликдан суткасига 130 тонна нефть олинадиган бўлди. Басма-басига водийда нефтни қайта ишлаш заводи қад ростлади.
Шу тариқа ўзбек нефть саноатига тамал тоши қўйилди. 1940 йили эса бундай конларимиз сони 11 тага етди. Иккинчи жаҳон уруш авжига чиққан паллаларда Жанубий Оламушук, Полвонтош, Андижон сингари янги конлар очилиб, қисқа фурсатда фойдаланишга топширилди, Олтиариқ заводи кенгайтирилди. Ўша кезлар республикамизда нефть саноати инфратузилмаси яратилди. Натижада қазиб олинган маҳсулот миқдори 196 минг тоннадан 478 минг тоннага етди.
Шунингдек, 1953 йили илк бор Қизилқум чўлидаги Сеталантепа конидан газ олинди. Тўққиз йилдан сўнг ноёб Газли кони фаолияти йўлга қўйилгач, «Бухоро – Урал» ва «Ўрта Осиё – Марказ» трансконтиненталь газ қувури йўллари ўтказилди.
Янги усуллар ва замонавий техникаларни амалиётда қўллаш шарофати билан ўтган асрнинг 60-йиллари арафасида Фарғона водийси ва Сурхондарё вилоятидаги 9 та коннинг ўзидан 1,5 миллион тоннага яқин нефть олинадиган бўлди. Бухоро – Хива ҳудудида топилган ва ишга туширилган янги конлар негизида нефть ва газ қазиб олиш бошқармаси тузилди. Кейинчалик айрим конлар захираси тугагани туфайли истеъмолчиларга нефть ва нефть маҳсулотлари етказиб бериш бирмунча камайди. Шу боис Ворух, Ғумхона, Чуст – Поп ва Мингбулоқда 5200–6006 метрлик ўта чуқур нефть қудуқлари бурғиланди. 1972–1985 йиллар оралиғида Қашқадарёда дунёдаги энг йирик иншоотлардан бири – Муборак газни қайта ишлаш корхонаси барпо этилди. Шўртанда завод қурилди. Бухоро – Хива минтақасида яхши таркибли, нефть-газ конденсатли Кўкдумалоқ кони очилди.
– Ўзбекистон Республикасининг суверен давлат, деб эълон қилиниши, Мустақиллик туфайли бу соҳада қандай ўзгаришлар бўлди?
– Албатта. Бу даврда барча жабҳада туб ислоҳотлар олиб борилди. Чунончи, нефть ва газ саноатини ривожлантиришга ҳам жиддий эътибор қаратилди. 1992 йил 3 майда Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг «Ўзбекнефтгаз» Ўзбекистон нефть ва газ саноати давлат концернини ташкил этиш тўғрисидаги, 23 декабрда уни миллий корпорацияга, 1998 йил 11 декабрда эса миллий холдинг компаниясига айлантириш ҳақидаги фармонлари эълон қилинди.
Ушбу ҳужжатларга асосан нефть-газ саноати ҳамда унга дахлдор барча корхона, ташкилот, муассасалар ягона бошқарувга бирлаштирилиб, ҳозирги «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти тузилди. Мамлакат нефть мустақиллигига эришиши учун нефть ва газ конденсати қазиб чиқариш ҳажмини кескин ошириш, юқори қўшимча қийматли, импорт ўрнини босувчи, шунингдек, экспортбоп маҳсулотлар тайёрлаш, уларнинг сифатини жаҳон андозалари даражасига етказиш мақсадида нефть ва газни технологик қайта ишлаш бўйича технологик жараёнларни янада чуқурлаштириш, геологик қидирув ишларини кучайтириб, соҳанинг узоқ йилларга етадиган ишончли хомашё базасини яратиш учун янги конлар очиш, суюқ углеводородлар захирасини кўпайтириш, соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш асосий вазифа қилиб белгиланди.
Бу топшириқлар ижросини таъминлаш доирасида диққатга молик талай ишлар амалга оширилди. Хусусан, 1993–1999 йилларда Кўкдумалоқ конида компрессор станцияси, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Хўжаобод ер остида газни сақлаш омбори фойдаланишга топширилди. Энг муҳими, Мустақиллигимизнинг тўртинчи йилида нефть ва нефть маҳсулотларига бўлган эҳтиёжимизни ўзимиз тўла қондириш имкониятини қўлга киритдик.
2000 йилга келиб 59 та кондан нефть олинар, яна 17 таси ишлатиш учун ҳозирлаб қўйилган, 13 тасида эса қидирув жараёнлари қизғин тус олган эди. Тўрт баҳору тўрт қиш ўтар-ўтмас, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи реконструкциядан чиқарилиб, Шўртан газ-кимё мажмуаси, шунингдек, ўша конда газни сиқувчи компрессор станцияси шай ҳолга келтирилди.
Бундай ўзгаришлар шарофати билан 2003 йили диёримизда нефть ва газ конденсати олиш 1991 йилгига нисбатан 2,8 мартага ошди. Алқисса, бу борада ҳам мустақилликка эришдик. Шу боис нефть ва нефть маҳсулотларини четдан харид қилишимизга зарурат қолмади.
– Қисқа вақтда бундай салмоқли натижаларга эришишда инвестицияларнинг ўрни ва таъсири қандай бўлди?