(O´zbek) Истиқболли лойиҳалар, мавжуд муаммолар ва режалар

1/2020

Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Бугунги суҳбатдошимиз журналимизнинг қатор сонларида ўзининг қизиқарли интервьюлари билан иштирок этиб, муштарийлар эътиборини тортган тадбиркор – «PARTNER STRATEGY INVEST» савдо корхонаси раҳбари Беҳзод ТУРСУНОВ.
 

     – Беҳзод Салимович, вақтин­гизни аямай ўзингизни қийнаётган, экспорт билан шугулланган тадбиркорлар йўлида учраётган оғ­риқли нуқталар билан фикрлашиш ниятида таҳририятимизга келганингиздан хурсандмиз. Қисқа муддат ичида корхонангизда қандай янгиликлар рўй берди?
     – Корхонамиз шаҳарда ва дунёда ишлаб чиқарилаётган сифатли маҳсу­лотлари билан харидорлар орасида ўз ўрнига эга бўлиб, қарийб 1 млн. долларлик шартнома имзоладик. Йил бошидан то ҳозирги кунгача экспортимиз 220 минг доллардан ошди. Март ойида яна қиймати 100 минг доллардан ортиқ маҳсулот экспорт қиламиз. Асосан трикотаж маҳсулот­лари ва пайпоқ экспорт қилдик. Бундан таш­қари ҳозирда корхонамизга Россия давлатидан 100 минг долларлик сетка учун буюртма пакетимиз мавжуд. Маҳсулотимиз май ойининг ўрталарида экспортга тайёр бўлади. Шунинг билан бирга 600000 погоно­метр бўзни қайта ишлашга буюртма олганмиз. Бу иш ҳажми 300–350 минг доллар атрофида бўлади.
     – Қонунчилигимизда экспорт борасида тадбиркорларга кўплаб қулайликлар белгиланган. Шундайми? Ушбу қулайликлар амалда қандай натижа бермоқда?
     – Шундайку-я, бироқ танганинг иккинчи томони бўлганидек, биз хорижга маҳсулот экспорт қилганимиз учун давлатга тузилган контракт суммасидан 15 фоиз миқдорида ҚҚС тўлашимиз керак. Масалан, дейлик корхона хориж билан 400 минг долларлик битим имзолади, бунинг 15 фоизи, яъни 60 минг долларини давлатга ҚҚС сифатида ўтказишимиз шарт. Қайтариб олиш учун эса кетган вақт оралиғида бу пулни айлантиришимиз, хомашё учун ишлатишимиз, қолаверса вақтида ишчиларга ойлик-маош учун ишлатсак яхши бўларди, назаримда. Яқинда 130.000 долларлик шартноманинг экспортида, ҚҚС – 150 миллион сўмни қайтариш орқа­сида роса югурдик. «Отангга бор – онангга бор» қилиб тумандагилар 10 кундан кейин келинг, Солиқ Қўмита­сидагилар 7 иш кунида ҳал этилиши керак дейди, лекин амалда ундай эмас. Мен жаҳон тажрибасини кўп кузатганман, у ердаги тадбиркорлар фақат маҳсулотни сифатли чиқариш, ишлаб чиқаришга илғор технология­лар киритиш, ҳамкорлик алоқала­рини мустаҳкамлаш йўлида изланишади. Тадбиркорнинг шундоқ ҳам вақти тиғиз, ушбу масалалар қонун­чиликда қайта кўриб чиқилса мақ­садга мувофиқ бўларди.
     Бошқа давлатларда маҳсулот таш­қи бозорга чиқса ҚҚС ҳисобланмас экан. Масалан, Туркияда ҳатто чет эллик фуқаро сув харид қиладиган бўлса ҳам чек ичидаги қўшимча қий­мат солиғини қайтариб беришади. Бу оддий фуқаро учун яратилган рағбат, туризмни ривожлантириш учун қилинган ҳаракат аслида.
     – Тўғри айтасиз, ўзимиз ҳам «TAX FREE»нинг гувоҳи бўлганмиз. Аниқроғи, Францияда бундай ҳо­латга дуч келганмиз.
     – Чет давлатларда оддий тадбиркорга шунчалик имконият берилган, бизнесга эътибор, тадбиркорга кенг қулайликлар яратилган. Мақсад ор­тиқча нарсаларга овора бўлиб қол­масдан, вақтини йўқотмасдан, фақат маҳсулотни сифатли қилиш, маҳсулот экспорти билан шуғуллансин.
     Бизда эса муаммолар ҳали етарли. ҚҚС қайтарилишига кетказган вақтни ишлаб чиқаришга сарфлашимиз керак. Айтайлик, менда ҳозир 400 минг доллар ҳажмидаги маҳсу­лотга буюртмачи бор. Мижоз мато сотиб олмоқчи, мисол учун ўртача 1 мет­рини 50 центдан ҳисобласак ва ҳозирги қонунчиликда кўрсатилганидек устига 15 фоиз ҚҚС қўйсак, маҳсулотимиз 57–58 центга кўтарилади. Мижоз эса бу нархга кўнмаяпти. Нонсенс. Биз маҳсулотимизни мақбул нархда сотишимиз учун имкон тополмаяпмиз. Мижоз эса ушбу маҳсулотни Хитой, Покистон ёки бошқа давлатдан ўзи истаган нархда топа олади. Мана, масала қаерда. Хўп майли ўша ҚҚСниям қўшдим, 7 цент зарарига ҳам сотдим дейлик. Бошқа давлатларда бундай ҳолларда кўрил­ган зарар давлат томонидан қоплаб берилади, негаки, биз республикамиз ривожи учун валюта олиб киряпмиз.
     Аммо ҳозирги ҳолатда экспортни қилолмаяпмиз, cабаби ўша ҚҚС ни тўлолмаймиз. Биз ҳам солиқ билан шуғулланишимиз, бир вақтнинг ўзида маҳсулот экспорти билан шуғулла­нишимиз керак бўлмоқда. Ўйлайманки, тадбиркорга бу борада енгиллик бериш керак.
     – Албатта сиз ўйлашга мабжур қиладиган масалаларни гапирдингиз.Имтиёзлар-чи, яратилган имкониятлар ёрдам бераяптими?
     – Имтиёзларни инкор қилмайман. Бу имтиёзлар асосан ишлаб чиқарувчи тадбиркорларга бериляпти, имтиёзлар натижасида кўплаб маҳсулотлар сифатли ишлаб чиқарилмоқда. Аммо тадбиркор охир-оқибат уни сотиши, чет эл валютасини олиб кириши учун экспорт амалиёти бажарилиши керакми? Экспорт масаласига етганда тадбиркорларимизда юқоридаги ҚҚС муаммоси ғилдиракка тиқилган ёғоч сингари панд бермоқда. Кўплаб ишлаб чиқарувчиларнинг омборда туриб қолган маҳсулотларининг экспорт амалиётини қилиб бердик. Тайёр маҳсулотни сотиб олиш учун ҳам ҚҚС тўлаяпмиз.
     
Қўшни Туркия давлатида масалан, тадбиркорлар учун махсус қўллаб- қувватлаш дастури бор. Бошқа давлатга кўргазмага борадиган бўлса 60% гача бўлган харажатини қоплаб беради. Бу дегани энг катта сумма 500 минг доллар бўлса, шунинг 300 минг долларигача бемалол қоплаб бериш имкониятига эга. Туркия ишбилармонлари ўз корхонасининг шўъбасини мисол учун, Россияда очса шу корхонага 25 минг долларгача лицензиялашга рухсатномалар, ҳар хил харажатларига 1 марта ёрдам пули берилади. Қандайдир тавакаллардан зарар кўрса ҳам давлат томонидан қопланади. Қисқача айтадиган бўлсам, экспорт қиладиган корхоналар учун ва чет элдан хомашё олиб келиб, маҳсулотларини экспорт қиладиган корхоналарга ҚҚСни ҳисобланмайдиган, уни умуман тўланмайдиган қилиш керак. Чунки биз тадбиркорлар ишлаб чиқаришга хомашё топишимиз, қадоқлаб, жўнатишни расмийлаштириш каби ишлар билан бандмиз.
     
ҚҚСни қайтариш орқасида эса олтинга тенг вақтимиз ўтиб кетмоқда. Ҳозир юқори технология асрида яшаяпмиз. Ким билан гаплашсам ҳам фикримни ҳамма қўллаб-қувватлашяпти, лекин шу замон талабини қонунийлаштириб қўйиш керак. Онлайн тизимида ишлашимиз зарур.
     – Гапингиздан тушундимки, текстиль экспортини ривожлантирадиган бўлсак, бу соҳада экспорт билан шуғулланувчи компанияларни қўллаб-қувватлаш керак, шундай демоқчимисиз?
     – Тўғри. Соҳамизда рақобатчилар жуда кўп ва дунё рейтингини ушлаб туриш жуда қийин. Маҳсулотни ишлаб чиқариш, чет элдан унга харидор топиш, маҳсулотни мақбул нархларда сотишнинг ўзи жуда катта жисмоний куч талаб этади. Агар юқоридаги қийинчиликлар бартараф этилиб, тадбиркор бутун диққат-эътиборини ўзи истаган нарсаларга қаратса ўйлайманки, ҳаммаси яхши бўлади.
     Экспорт қилиш ички бозорда маҳсулот сотишдан анча мураккаб.Хориждан топган мижозимизни бизга ўргатиш учун кўп ва арзон нархда маҳсулот беришимиз керак. Ҳозир бизга кўплаб таклифлар асосан чет элдан тушаяпти. Давлат божи ҳисобига маҳсулотларимиз таннархи ошиб, дейлик 100 минг доллар қиммат таклиф берганимиз учун 900 минг долларлик валюта тушимидан қолиб кетяпмиз. Харидор ҳам анойимас, дунё бозоридаги нархларни жуда яхши билади.
     Бу йил муҳтарам Президентимиз томонидан «Илм-фан ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш» йили деб номланди. Агар тизимда туб ўзгаришлар қилмасак, мутасадди раҳбарлар чуқур ўйлаб кўриб адолатли қарор қабул қилишмаса, бизда тадбиркорлик кутганимиздек ривожланмайди, экспортда оқсаш натижасида рақобатбардошлилик камаяди.
     – Ишонамизки, Cизни қийнаётган муаммоларга албатта, ечим топилади ва бизнинг журнал бу борада кўприк вазифасини ўташига ишонамиз. Келгуси ишларингизга муваффақиятлар тилаб қоламиз. Суҳбатингиз учун ташаккур.

RECOMMEND TO FRIENDS

  • Make an Order

    Make an Order
  • AFFICHE

  • Advertising

  • ARCHIVE OF MAGAZINE NUMBERS

  • Contacts

    32, Matbuotchilar Street, Tashkent 100000 Uzbekistan

  • Subscribe To News

    (Русский) Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Any reproduction or use of excerpts from publications can be made only with the written consent of the publisher; when reprinting materials, a link to the source is required.