Sorry, this entry is only available in O´zbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтириш ва фаровонлигини оширишга йўналтирилган ислоҳотлар нафақат халқимизда, балки бутун халқаро ҳамжамиятда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Қуйида журналимиз бош муҳаррири Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиали ректори, академик Қаландар Абдураҳманов билан суҳбатлашди.
– Қаландар Хўжаевич давлат органлари билан аҳоли ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни тубдан ўзгартириб, ҳар бир инсоннинг муаммоларини ҳал этишнинг амалий механизмига айланган фуқаролар билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари орқали тўғридан-тўғри мулоқот қилиш тизимининг жорий этилиши 2017 йилнинг муҳим ютуғи бўлди. Бу йил «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» деб эълон қилинди. Президент Шавкат Мирзиёев кўплаб соҳаларни тубдан ислоҳ қилиш юзасидан комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш борасида ташаббус билан чиқмоқда. Юртбошимиз жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик инвестициявий лойиҳаларнинг амалга оширилиши билан танишиш мақсадида минтақаларга фаол ташриф буюрмоқда. Олий даражадаги учрашувлар ва алоқалар тез-тез бўлиб турибди, ташқи сиёсатимиз янада чуқур ўйланган, ўзаро фойдали ва конструктив хусусиятга эга бўлди, бу минтақамиздаги қўшниларимиз билан узоқ йиллар мобайнида ҳал этилмай келаётган муаммоларни қисқа муддатларда ҳал этиш имконини берди. Айтингчи, сизнингча, мамлакатимиз раҳбариятининг қайси ҳаракатлари халқаро ҳамжамият томонидан Ўзбекистонга нисбатан эътиборнинг ошишига олиб келмоқда ва нималар мамлакатимиз илмий ҳамжамиятида алоҳида қизиқиш уйғотмоқда?
– Энг аввало, шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистондаги барча ҳозирги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий жараёнлар кенг кўламли бўлиб, улар жуда тез ривожланмоқда. Охирги йилларда бошланган ислоҳотлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг кўп йиллик раҳбарлик тажрибаси натижаси ҳисобланиб, мамлакатимиз иқтисодиёти ва ижтимоий ҳаётининг ривожланишига улкан ҳисса қўшмоқда ҳамда фан ва илмий-амалий ёндашув нуқтаи назаридан батафсил тадқиқ этиш объектига айланди. Ислоҳотларнинг бориши ҳозирда мамлакатимизда ва чет элда фаол муҳокама қилинмоқда. Умуман олганда, юз бераётган жараёнлар фан учун пухта ўрганишни талаб қилувчи ғайриоддий ҳолат ҳисобланади, чунки кўзланган устувор мақсадлар ва вазифаларни амалга оширишнинг аниқ ва самарали механизмлари сўзсиз, Ўзбекистонда содир бўлаётган ижобий ўзгаришларга туртки бўлмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар бутун дунё эътиборини ўзига тортмоқда. Биз очиқ ва фаол ташқи сиёсий йўлни танлаганмиз. Бир қатор халқаро институтлар, шу жумладан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки республикамиз билан ҳамкорликни қайта тиклади. Иқтисодиёт ва валюта тизимининг либераллаштирилиши, бизнес учун қулай шароитларнинг яратилиши халқаро ишбилармонлик ҳамжамиятига Ўзбекистонга истиқболли шерик сифатида назар ташлаш имконини берди. Ишончимиз комилки, барча ушбу омиллар, шунингдек, давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва фуқароларнинг ижтимоий таъминотини яхшилаш юзасидан кўрилаётган барча чоралар яқин келажакда янада катта ижобий натижаларни беради.
Давлатимиз муайян муваффақиятларга эришган бўлса-да, лекин ҳали янада кўпроқ ишларни амалга оширишимиз керак бўлади. Юртбошимиз ўтган йилнинг 22 декабрида Сенат аъзоларига ва Олий Мажлис қуйи палатаси депутатларига йўллаган ўзининг тарихий Мурожаатномасида мавжуд кескин муаммоларга эътибор қаратиб, уларни ҳал этиш юзасидан аниқ таклифларни берди. Мурожаатномада чуқур маънони ўзида мужассам этган бош тамойилга алоҳида эътибор қаратди: «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак!». Мамлакатимиз Конституциясида Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир. Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади, деб аниқ кўрсатилган. Охирги бир неча йил мобайнида қонунлар қабул қилишда, фуқаролик жамияти институтларини барпо этишда ушбу конституциявий принциплар тўлиқ ҳажмда амалга оширилмади, шунингдек, халқ билан мулоқот ва маслаҳат қилиш учун муҳим шарт-шароитлар яратилмаган эди. Шавкат Мирзиёев президент этиб сайланган дастлабки кунлардан бошлаб мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг фаоллаштирилиши ҳақида эълон қилди ва энг асосийси, бунинг дастлабки натижалари давлат институтларининг ривожланишида, ижтимоий ташаббускорликнинг ошишида намоён бўлмоқда. Йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар самарали ҳал этилмоқда, инсонлар келажакка умид билан қарашмоқда.
Иккинчидан, Шавкат Миромонович Мирзиёев кўплаб йиллар мобайнида ижро этувчи ҳокимиятга раҳбарлик қилди ва унинг тажрибаси декларатив эмас, балки амалий хусусиятга эга. Айнан шунинг учун бугунги кунда барча соҳаларни ислоҳ қилиш жараёнига нисбатан ишчанлик, конструктив, ўз-ўзиини танқид қилиш ёндашуви қўлланилмоқда. Эътибор ўзининг кўлами ва инвестициялар ҳажми билан лол қолдирувчи улкан лойиҳаларга эмас, балки истиқболда халқимизга ва умуман мамлакатимизга фойда келтирадиган лойиҳаларга қаратилмоқда. Масалан, юртбошимиз жаҳон иқтисодиётининг энг глобал лойиҳаларидан бири ҳисобланган Устюрт газ-кимё комплексининг ишини тўғри танқид қилди. Ушбу комплекс қурилиши учун 4,5 млрд. АҚШ доллари йўналтирилган бўлиб, ҳозиги вақтда у кутилган иқтисодий фойдани келтирмаяпти. Таъкидлаш лозимки, катта ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган бундай корхоналар учун юқори малакали кадрларни топиш қийин. Боз устига, замонавий илмий ютуқлар ва инновациялар даврида асбоб-ускуналар ва технологиялар тезда эскирмоқда. Яъни корхона ўз харажатларини қоплашидан олдин рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш учун уни технологик қайта жиҳозлаш зарур. Гап нафақат янги технологияларни излаб топиш ва хорижий компаниялар билан ҳамкорлик қилиш ҳақида бораяпти. Бундан ташқари мутахассисларни излаб топиш ва янги ходимларни ёллаш лозим. Буларнинг барчасига маблағ зарур. Энг биринчи навбатда, ички ва ташқи бозорларда ўз харидорларини топиш керак. Бу энг мураккаб вазифа. Шунинг учун Давлатимиз Президенти қуйидагича таъкидлайди: «Иқтисодиёт, аавламбор, аниқ ҳисоб-китобга таянади». Бошқача айтганда, биз ривожланишда қайсидир мамлакатдан ўзиб кетдик, минтақада биринчи бўлдик, ялпи ички маҳсулотни бир неча фоизга оширдик, деб асоссиз айтиб бўлмайди.
Иқтисодиётнинг ўз қонунлари мавжуд. Афсуски, бошқарувдаги хато туфайли иқтисодиётимиз бир томонлама йўналишга эга бўлди. Иқтисодиётимизда «нореал рақамлар ортидан қувиш, амалга ошмайдиган хомхаёлларни ҳақиқат сифатида тақдим этишга интилиш» устунлик қилди
Учинчидан, энг муҳими: мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳар қандай ислоҳот ушбу жараённи ташаббус қилган ва унга бош бўлган инсонга, унинг иш тажрибасига, билимларига, тафаккурининг чуқурлигига ва ўзгаришлар қилишга интилишига бевосита боғлиқ. Бугунги кунда Ўзбекистон халқи бизга олийҳиммат, кучли иродага эга бўлган Президент – Шавкат Мирзиёевни бергани учун Яратганга шукурона айтмоқда.
Давлатимиз раҳбари халқ манфаатларини биринчи ўринга қўймоқда: қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият инсонларга хизмат қилиши керак. Шавкат Мирзиёев айтганларидек, ислоҳотларнинг боришини хонада ўтириб назорат қилиб бўлмайди. Ҳеч бўлмаганда ниҳоят даражада ошириб кўрсатилган иқтисодий кўрсаткичлар билан боғлиқ ҳолатларни эсга олайлик. Бунинг сабаби нимада? Бу ўз хоналаридан чиқмасдан, аслида ислоҳотларнинг боришини қоғозда кузатиб борган амалдорлар фаолиятининг натижаси эди. Тасаввур қилинг, уларнинг сўзларига кўра, охирги ўн бир йил ичида Ўзбекистон иқтисодиёти ўртача 8 фоизга ўсди, яъни демак, биз, ҳеч бўлмаганда, жаҳоннинг 50 та энг ривожланган мамлакати рўйхатидан ўрин олганмиз! Ҳаётимизда айтарли муаммолар мавжуд эмас. Лекин аслида ундай эмас-ку! Халқаро валюта фондининг маълумотларига кўра аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот ҳажмига кўра Ўзбекистон жаҳон рейтингида 187 та мамлакат ичида 134-ўринни эгаллаб турибди. Ярим миллиондан ортиқ фуқаро Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига ўз муаммолари юзасидан мурожаат қилишди. Бу тескари ҳолатдан далолат бериб турибди. Бошқача айтганда, раҳбарият ўз хонасида хом хаёлларга берилиб ўтирди, аслида эса халқда умуман бошқача кайфият ҳукмронлик қилди. Президент ўз ишининг биринчи кунидан бошлаб ушбу адолатсизликка барҳам бериш, барча даражалардаги ҳокимиятлар фаолиятининг самарадорлигини муайян инсонлар ва бизнес муаммоларининг ҳал этилиши нуқтаи назаридан баҳолаш ва рақамлар ортидан қувиш амалиётига барҳам бериш зарурлиги ҳақида бонг урди.
– Сизнингча, мамлакатимизнинг ривожланиш суръатларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон жаҳоннинг 50 та энг ривожланган мамлакатлари қаторидан жой олиши учун неча йил керак бўлади?
Ўзбекистон ҳозирги кунда бозор ислоҳотларининг янги босқичига ўтди. Бу босқичнинг муҳим вазифаси эришилган иқтисодий ўсишни мустаҳкамлаш ва уни кучайтиришдир. Бу вазифани ҳал этишда хориж капитали катта ҳисса қўшиши мумкин. Шу боис янги босқичнинг устувор йўналишларидан бири мамлакатда хориж капитали фаолияти учун қулай шароит яратишдир. Ўзбекистон иқтисодиёти очиқ-либерал иқтисод бўлиши керак, яъни унинг ривожи халқаро иқтисодий алоқаларга таянишни талаб қилади. Буни тарихий тажриба аллақачонлар тасдиқлаган. Агар иқтисодиётда ташқи дунё учун берк мамлакатлар орқада қолиб кетса, очиқ иқтисод йўлидан борган мамлакатлар жадал ривожланиб бораверади.
Ҳозирги ривожланган бозор иқтисодиётига глобаллашув хос, унинг ривожини давлатлараро мунтазам алоқасиз тасаввур этиб ҳам бўлмайди. Бу алоқа фақат савдо-сотиқдан иборат эмас, у кўп қиррали бўлиши, яъни капиталнинг мамлакатлараро эркин ҳаракат қилишидир. Капиталнинг мамлакатлараро тақсимланиши ва керакли жойга ётқизилиши тараққиётни таъминлаб келган, бундан кейин ҳам шундай бўлади. Чунки капиталнинг кириб бориши бу илғор технологияни, тежамли материалларни, энергия манбаларини ва ниҳоят, илғор бошқариш услубларининг кириб бориши, демакдир. Умумбашарий тараққиёт миллий алоҳидалашувдан глобаллашув томон борган, яъни мустақил давлатларнинг миллий доирасидаги алоқалар шу чегарадан чиқиб, аввал мамлакатлараро, сўнгра ҳалқаро тус олган, бу эса тараққиётни жадаллаштирувчи омил бўлган.
Жаҳон иқтисодиётининг ҳозирги ривожини глобаллашув натижалари, деса бўлади, чунки бунга турли мамлакатлар ютуқларини ўзаро баҳам кўриш орқали эришилган ва хориж инвестицияларини жойлаштириш бунинг асосий воситаси саналган. Демак, биз глобаллашув жараёнларининг фаол иштирокчиси бўлишимиз ва миллий иқтисодиётни инновацион омиллар ҳисобидан тараққий этишини таъминлаш орқали яқин 20–25 йил ичида ривожланган мамлакатлар қаторидан жой эгаллашимиз мумкин.
– Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланиш учун улкан салоҳиятга, бой табиий ресурсларга ва бошқа имкониятларга эга. Сизнинг назарингизда, инновацион ривожланиш доирасида ушбу неъматлардан халқимиз фаровонлиги, мамлакатимиз келажаги йўлида янада самаралироқ фойдаланишга киришиш истиқболлари мавжудми?
– Юртбошимиз нафақат иқтисодиёт, балки бутун жамият инновацион эволюцияси зарурлигини бир неча бор таъкидлаган. Мустақиллик йилларида турмуш ва ривожланиш кўрсаткичлари ижобий томонга ўзгарди. Шу билан бирга афсуски, ҳамма жойда собиқ СССРнинг эски иқтисодий бошқариш усуллари сақланиб қолган. Яъни иқтисодиётнинг кўплаб соҳаларида маҳсулот ишлаб чиқаришда хомашё ва энергетика ресурсларини истеъмол қилишга нисбатан экстенсив ёндашув қўлланилди. Шундай қилиб, ишлаб чиқарилган маҳсулот олинган фойдага қараганда кам аҳамиятга эга эди. Шунинг учун унинг таннархи жуда юқори эди, чунки маҳсулот сифати унинг нархига мос келмасди, ишлаб чиқаришда эса фан ютуқлари қўлланилмади ва инновациялар жорий этилмади.
Ўзбекистонда энергия ресурслари жаҳоннинг бошқа ривожланган мамлакатларидагига қараганда бир неча марта арзонга тушади. Бироқ энергия ва хомашё ресурсларининг арзонлиги уларни чексиз равишда узоқ вақт мобайнида сарфлаш мумкинлигини англатмайди. Аксинча, борини қадрлашимиз, мажуд ресурслардан оқилона фойдаланишни ва шу билан бирга стратегик, инновацион фикр юритишни ўрганишимиз даркор.
Ҳақиқатдан ҳам ерларимиз қаърида кўплаб фойдали қазилмалар мужассам. Мамлакатимиз олтин, уран, мис, табиий газ, вольфрам, калий тузи, фосфорит, каолин каби минерал ресурслар конлари бўйича етакчи ўринларда туради. Ўзбекистон олтин захиралари бўйича жаҳонда 4-ўринни, уни қазиб олиш бўйича эса 7-ўринни банд этган. Республикамиз табиий газни қазиб чиқариш ва мис конларининг сони бўйича жаҳон рўйхатида 10–11-ўринда, уран заҳиралари бўйича 7-ўринда турибди. Ўзбекистон ер қаърида 2700 тадан ортиқ кон, турли фойдали қазилмаларнинг юзга яқин тури аниқланган бўлиб, уларнинг 60 тадан кўп тури ишлаб чиқаришга жалб этилган. 900 тадан ортиқ кон аниқланган бўлиб, улардаги тасдиқланган заҳиралар 970 млрд. АҚШ доллари қийматида, умумий минерал хомашё салоҳияти эса 3,3 трлн. доллардан кўпга баҳоланмоқда. Ўзингизга маълумки, мамлакатимизда табиий газ асосий энергия манбаи ҳисобланади. Унинг заҳиралари экспертлар томонидан 2 трлн. куб метр, деб баҳоланмоқда.
Ривожланишнинг ҳаракатлантирувчи кучи – бу инсонлардир. Меҳнат салоҳиятидан самарали фойдаланиш учун катта имкониятлар мавжуд, чунки мамлакатимиз аҳолисининг 54 фоизини меҳнатга лаёқатли фуқаролар, 39 фоизини болалар ва 7 фоизинигина пенсионерлар ва қариялар ташкил қилади. Яна бир муҳим жиҳат шундан иборатки, аҳолимиз деярли 100 фоиз маълумотли. Оддий инсонлар ичида 2–3 тилда сўзлашувчилар учрайди.
Биз бой маънавий меросга эгамиз. Лекин буларнинг барчасидан мамлакатимиз равнақи ва инсонлар фаровонлиги йўлида оқилона ва самарали фойдаланиш учун инновацион ғоялар ва технологиялар зарур. Акс ҳолда биз пул тўла қоп устида ўтириб, уни нима қилишни билмайдиган вазиятга тушиб қоламиз.
Президент томонидан 2018 йилнинг «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» деб эълон қилинганлиги барчамиз учун катта аҳамиятга эга. Бу йил биз Ўзбекистоннинг моддий ва маънавий салоҳиятидан фойдаланган ҳолда ривожланишнинг инновацион йўлига ўтдик, янги технологиялар яратишга, илмий ишланмаларни амалиётга жорий этишга уринмоқдамиз. Келажак учун барча режаларимиз янги ғоялар билан боғлиқ. Юртбошимиз 2018 йил мамлакатимиз ривожланишидаги кескин бурилиш босқичи бўлади, деб ҳисоблаши бежиз эмас.
Албатта, ишлаб чиқаришдаги технологик қолоқлик, энергияни тежовчи технологияларнинг мавжуд эмаслиги, муқобил, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш амалиёти қўлланилмаслиги – буларнинг барчаси кўплаб йиллар мобайнида тўпланиб қолган муаммолардир. Албатта, ушбу муаммолар бир лаҳзада, шу йилнинг ўзида ҳал этилмайди. Лекин энг асосийси, биз иқтисодиётнинг жорий ҳолатини баҳолаб ва таҳлил қилиб мақсадларимизни аниқ белгилаб олдик. Биз инновацион ривожланиш келажак учун йўл эканлигини яхши тушунамиз. 2018 йилнинг бошидан бошлаб мазкур йўналишда амалий қадамлар ташланди. Эндиги вазифамиз – дадилликни сақлаб қолиш ва қизғин ишни давом эттиришдан иборат.
– Президентнинг парламентга Мурожаатномасида кўрсатилган ташаббусларининг амалга оширилиши ишчанлик муҳитининг ҳолатига қандай таъсир кўрсатиши ҳақидаги фикрингиз билан ўртоқлашсангиз.
– Авваламбор, шуни таъкидлаш лозимки, юртбошимизнинг ташаббуслари асосли, ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида улар кескин зарурат туфайли юзага келди. Албатта, уларнинг ҳар бири ҳақида алоҳида сўз юритиш мумкин. Масалан, Президент жорий йилнинг Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилиниши муносабати билан барча корхоналарнинг молиявий-хўжалик фаолиятини икки йил мобайнида текширишни тўхтатиб қўйишни таклиф қилди. Бундан ташқари назорат қилувчи органлар раҳбарлари Бош прокурор бошчилигида ҳар ойда фаол тадбиркорлик субъектлари билан учрашувлар ўтказади, уларни ташвишга солувчи муаммоларини тинглашади, уларнинг қонуний фаолиятига ҳалақит берувчи камчиликларни бартараф этиш чораларини кўради. Президент яна бир муҳим жиҳат ҳақида тўхталиб ўтди. Тадбиркорлик ниқоби остида, берилган имкониятлардан фойдаланган ҳолда ўзлари қонунни бузаётганлар ҳам учраб туради. Давлат органлари ва улардаги мансабдор шахсларнинг хатоларини нафақат муҳокама қилиш, балки тадбиркорларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатини, айниқса, жиноятларни танқидий кўриб чиқиш лозим. Қонунларга кўра тадбиркорлар мумкин қадар кўпроқ эркинликка эга бўлишлари керак. Бироқ иқтисодий фаолият доимий мониторинг, таҳлил ва баҳолашни талаб қилади. Акс ҳолда, тақдим этилган имкониятлардан жамиятнинг эмас, ўз фойдасини кўзлаб фойдаланишга уринувчи кишилар ҳамма вақт топилади, бу эса давлатнинг заифлиги омилидир. Шу нуқтаи назаридан бугунги кунда юзага келадиган зиддиятларни ҳисобга олиш, давлат, қонун ва хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги манфаатлар мувозанатини сақлаш зарур.
Жорий йилнинг бошида юртбошимиз маҳаллийлаштириш дастури ва импорт ҳажмини қисқартириш режасининг ижросини чуқур таҳлил қилиб, йўл қўйилган хатоларни кескин танқид остига олди. Масалан, 2017 йилда маҳаллийлаштириш лойиҳаларининг тўртдан бир қисмида ишлаб чиқариш прогнозлари бажарилмади, 176 тасида ишлаб чиқариш умуман йўлга қўйилмади. Шу муносабат билан 2018 йил 1 апрелдан бошлаб маҳаллийлаштириш лойиҳалари бўйича имтиёзларнинг амал қилиши тўхтатилди. Турли ноинсоф корхоналар маҳаллийлаштириш дастурида иштирок этиш орқали солиқларни тўламаслик имкониятидан маҳрум бўлади. Дастурга фақат иқтисодиётга ҳақиқатдан ҳам зарур бўлган лойиҳалар киритилади, уларнинг амалга оширилиши қатъий назорат остига олинади.
Қимматли қоғозлар бозорининг фаолиятини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш марказининг фаолиятидаги ўзгаришлар тўғрисидаги масала ҳамон очиқлигича қолмоқда, лекин у кун тартибига долзарб вазифа сифатида киритилган. Барчага маълумки, тўлақонли фонд бозорисиз, унда тадбиркорлик фаолияти субъектларининг тенг ҳуқуқли иштирокини таъминламасдан туриб ҳақиқий бозор муносабатларини шакллантириб бўлмайди. Ишламай турган давлат мулки объектларини шериклик асосида хусусий секторга топшириш, ер участкаларини электрон савдолар ва кимошди савдолари орқали топшириш ягона тартиботини яратиш ишлари давом этмоқда. Алоҳида солиқ ва божхона режимлари амал қиладиган янги эркин иқтисодий зоналар ташкил этилмоқда. Амалга оширилаётган барча ушбу ислоҳотлар иқтисодиётнинг кескин юксалишига олиб келади.
Бизнеснинг ривожланишини рағбатлантириш учун солиқ юкини камайтириш ва мақбуллаштириш сиёсатига ўтиш борасида катта қадамлар ташланди. Бўшатилган маблағлар корхоналарни модернизация қилиш, уларнинг молиявий барқарорлигини ва келгусидаги барқарорлигини таъминлашга йўналтирилади, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва инновациялар учун янги имкониятлар очади. 2018 йил 18 апрелда қабул қилинган қонунда Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига иқтисодий фаолиятнинг айрим субъектлари учун солиқ юкининг қисқартирилишини назарда тутувчи бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Шунингдек, Солиқ кодексига кўп тармоқли фермер хўжаликлари — ягона ер солиғи тўловчилар, кўп тармоқли фермер хўжаликлари реестрига киритилган кундан бошлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш билан боғлиқ бўлмаган бошқа даромад турлари бўйича ягона солиқ тўловини тўлашдан беш йил муддатга озод этилиши тўғрисида қўшимча киритилди. Амалга оширилаётган солиқ сиёсати, имтиёзлар ва преференциялар тизими кўзланган дастурлар, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун энг қулай шароитларни яратишга йўналтирилган, лекин шу билан бирга тадбиркорлар шуни англаб етишлари лозимки, солиқ имтиёзи – бу нафақат устунлик, балки ундан самарали фойдаланиш учун катта масъулият ҳамдир.
Бюджет тизими ҳақида тўхталадиган бўлсак, бу ерда ҳам ўзгаришлар юз бермоқда. Бюджет даромадлари ва харажатларининг шаффофлигини таъминлаш катта аҳамиятга эга. Ушбу механизмлар ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти шароитида давлат билан инсонлар ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлашда, дунёқарашни, Ватан ҳиссини, мамлакатнинг моддий ва маънавий бойлигини яратишга дахлдорлик ҳиссини шакллантиришда ҳал қилувчи роль ўйнайди. Ислоҳ қилиш жараёнида давлат ва хусусий шерикликка асосланган муносабатлар ўта муҳим ҳисобланади.
Суҳбатимизнинг бошида биз Устюрт газ-кимё комплекси каби йирик саноат объектларининг қурилиши учун сарфланган катта миқдордаги маблағлар ҳақида гапирдик. Ушбу мавзуни мантиқан давом эттириш мумкин: кичик бизнес ёки корхона фаолиятининг бошида ўз ресурсларининг кескин етишмаслиги сезилади, истеъмолчини топиш ва рақобатчиларни ўрганиш мақсадида бозорни тадқиқ қилиш зарур, шундан кейингина, барқарор талаб пайдо бўлганидан сўнг ишлаб чиқаришни кенгайтириш мумкин. Оддий қилиб айтганда, фаолиятнинг бошида корхоналар четдан қўллаб-қувватланишга муҳтожлик сезади. Буни ривожланган мамлакатлар тажрибаси ҳам тасдиқлаб турибди. Агар биз жаҳондаги энг машҳур компаниялар, корпорациялар тарихига назар ташласак шу нарса маълум бўладики, уларнинг барчаси дастлаб икки ёки учта кичик корхона сифатида фаолият кўрсатган. Улар бозордаги талабнинг ўсиши ва ҳукуматнинг рағбатлантириш сиёсати туфайли ҳозирги даражага эришган. Бошқача айтганда, биринчи навбатда, мавжуд талаб ва таклифни ўрганиш, шундан кейингина лойиҳаларга миллиардлаб инвестицияларни киритиш зарур.
– Қаландар Хўжаевич журналимизнинг янги концепцияси олдига қўйилган мақсадлардан бири инновацион жараёнда фан, бизнес ва ҳокимиятнинг ўзаро ҳамкорлигига ҳамда иқтисодиёт турли тармоқларининг рақобатбардошлигини оширишга кўмаклашишдан иборат, Сизнингча, мамлакатимиз ички бозорини технологик ривожлантириш ва модернизация қилиш дастурини амалга оширишда фаннинг роли ва аҳамияти қандай?
– Журналингиз бугунги кундаги долзарб масалалардан бирини илгари сурмоқда. Муҳими, биз мустақил ҳаракат қилишимиз лозим, чунки ҳеч ким четдан келиб ёрдам бермайди. Бундан аввалги саволингизга жавоб бериш учун биздаги мавжуд куч ва имкониятлар қанчалик катта эканлиги ҳақида фикр юритишимга тўғри келди. Бугунги кунда замонавий жаҳон фани ва ривожланган мамлакатлар ютуқлари негизида мавжуд салоҳиятдан фойдаланиш Ўзбекистондаги келгуси технологик ривожланишнинг асоси ҳисобланади.
Энди илмий ҳамжамиятнинг роли ҳақида тўхталадиган бўлсак, биз олимларнинг олдида қилиниши лозим бўлган кўплаб ишлар турибди. Аввалги йилларда фанни ривожлантириш ва Фанлар академиясининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш масалаларига бу қадар эътибор қаратилмаган эди. Жамият ўз эътиборини фақат инновацион ривожланишга қаратаётган экан, олимлар, тадқиқотчилар, илмий доиралар мазкур жараёнда ўн қадам олдинда бориши керак. Ана шунда Фанлар академияси жамиятнинг ривожланишини тезлаштирувчи ҳақиқий локомотивга айланади.
2017 йилнинг охирида Президент: «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларини тасдиқлаш тўғрисида» ва «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари ҳамда собиқ Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг ҳақиқий аъзолари ва мухбир аъзолари фаолиятини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги иккита фармонга имзо чекди. Академияга аъзолик 1995 йилда, яъни бундан 23 йил олдин ўтказилган эди. Охирги бир неча йил мобайнида академиклар сони икки мартадан кўпга қисқарди ва фақат 63 нафар академик ҳақиқий аъзо ҳисобланади. Энг ёмони кўплаб йиллар мобайнида илмий ҳамжамиятнинг нуфузи пасайиб борди, академия аъзолигига сайлаш механизмининг мавжуд эмаслиги фаннинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатди, кўплаб иқтидорли олимлар ва тадқиқотчиларнинг меҳнати ва хизматлари муносиб баҳоланмади. Илмий даражага эга бўлган айрим ёш тадқиқотчилар фаолиятнинг бошқа турлари билан шуғулланишига, бошқа жойдан иш қидиришига тўғри келди, айримлари бутунлай кўчиб кетишди. Натижада мавжуд анъаналар ва тажриба йўқолди, азалий олимлар ўртасидаги ҳуқуқий ворисликдан маҳрум бўлдик.
Қабул қилинган фармонга мувофиқ Академия кенгаши ва унинг ҳақиқий аъзоларининг тавсияларини ҳисобга олган ҳолда Академиянинг 32 нафар янги аъзоси тасдиқланди. Улар ичида менинг ҳам фамилиям бор ва мен бу билан жуда фахрланаман. Бундай юксак унвон елкамизга янада катта масъулият юклайди. Биз ушбу фахрли унвонни оқлашимиз учун барча имкониятларни, бор билим ва салоҳиятимизни ишга солишимиз лозим.
– Қаландар Хўжаевич «O‘zbekiston iqtisodiy axborotnomasi» – «Экономический вестник Узбекистана» журнали таҳририяти сизни академик унвони берилиши муносабати билан чин кўнгилдан табриклайди! Маълумки, Сиз илмий ишларингиз билан мамлакатимиз иқтисодиётига ўз ҳиссангизни кўшиб келмоқдасиз. Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳар бир аъзоси 2018 йил учун ўз «йўл харитаси»ни тақдим этди. Сизнинг бу йилги режаларингиз қандай?
– Менинг «йўл харитам»нинг моҳияти – меҳнат муносабатларини тадқиқ этишдан иборат бўлиб, буни замон талаблари ва мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар принциплари белгилаб берган. Айтингчи, бугунги ҳаётимиз фаннинг барча йўналишлари, шу жумладан, ишлаб чиқариш муносабатларини ўрганиш бўйича бой тадқиқот материалини таъминлаяптими? Турмуш даражасининг ўзгариши, жамиятнинг ривожланиши билан меҳнатга бўлган муносабат ҳам, унинг ишлаб чиқаришдаги роли ҳам ўзгаради. Меҳнат – тафаккур, дунёқараш, руҳий ҳолат ва турмуш тарзи ўзгаришининг энг муҳим кўрсаткичи ҳисобланади. Илгари шўролар режимида меҳнат муносабатлари оғир юк, айрим ҳолатларда эса ҳатто эксплуатация қилиш ва жазолаш шакли ҳам ҳисобланарди. Масалан, пахта майдоларида кечаю-кундуз ишлаган ва мўл ҳосил етиштирган фермерлар пировардида ҳеч нарсасиз қолиб кетарди. Тарихдан «давлат мулкини ўғирлаш», «чайқовчилик» каби ўйлаб топилган, шунингдек «ўзбек иши» ёки «пахта иши» каби тўқиб чиқарилган даҳшатли тушунчаларни ва ушбу туҳмат ортидан қўлланилган жазони яхши эслаймиз. Мана шунинг учун ҳам шўролар даврида инсонлар ҳақиқатдан ҳам ишлашни хоҳламасди. Улар меҳнатининг натижаси ҳар қандай ҳолатда социалистик мулкка айланган бўларди. Шунинг учун меҳнатга нисбатан юзаки муносабат, белги қўйилиши ва мансабда ўсиш учун ишлаш мавжуд эди.
Бугунги кунда меҳнат энг муҳим даромад манбаига, фаровонликни ошириш, демак, уй-жой шароитларини яхшилаш, оилавий бахт, келгуси авлоднинг яхши таълим олиши ва истакларни бажо келтириш манбаига айланди. Бизнинг ҳаётимизда бўш вақт чегараланмаган. Фермерлар, тадбиркорлар, олимлар ва ижодий касб ходимлари мослашувчан иш графигига эга. Ўз фаолияти ва ривожланиш истиқболлари ҳақида ётган ҳолда, ўтириб ва тик туриб фикр юритиш имконияти мавжуд. Замонавий меҳнат бозори тадқиқотчиларга ишлашнинг кўплаб вариантларини ва ўз касбий фаолиятини амалга ошириш мумкин бўлган шароитларни таклиф этмоқда. Яқиндагина сўз заҳирамизда «фриланс» сўзи пайдо бўлди. Бу қандайдир компаниядаги штатдан ташқари ишни англатади. Фрилансер бир вақтнинг ўзида бир неча лойиҳаларда иштирок этиши ёки бир неча ташкилотда ишлаши мумкин.
Сиз халқимиз шоири ва ёзувчиси, академик Ғофур Ғуломнинг «Тирилган мурда» номли юмористик қиссасини ўқиган бўлсангиз керак. Унда Мамажон исмли ўсмир меҳнат туфайли воқеликка, ижтимоий ҳаётга қайтганлиги ҳақида ҳикоя қилинади. Ушбу тарихда дастлаб қаҳрамон дангаса, ҳеч ерда ишламайди, тўшакдан фақат овқатланиш учун туради. Отаси келтирган нонни ейди ва яна ухлашга ётади. Кўплаб йиллар мобайнида ўзининг қоронғи уйида яшаб, у барча учун ҳақиқий мурдага, ҳеч кимга керак бўлмаган кимсага айланди, одамлар унинг борлиги ҳақида унутиб юборишади. Ушбу тарихни мен бир неча маротаба қайта фаҳмладим. У нафақат фикр юритиш учун манба ҳисобланади, балки айримларимиз учун яхшигина ибратли дарс бўлиб ҳам хизмат қилади. Шу тариқа Ғофур Ғулом меҳнатнинг аҳамиятини кўрсатиб берган, тирик одамни мурдага айлантирадиган дангасаликнинг устидан кулган.
Меҳнатнинг жамият ҳаётидаги аҳамияти мана шундай юксак!
Бугунги кунда жамиятимиз бунёдкорлик меҳнатига қайтмоқда. Тадбиркорлик соҳасида яратилган янги имкониятлар, эркин ижтимоий-иқтисодий фаолият туфайли кўпчилик, айниқса, ёшлар ҳаётда ўзининг муносиб ўрнини эгалламоқда. Президентимизнинг фармонига кўра илгари диний экстремизмга алоқадорликда гумон қилинган ва айбланган 17 минг нафар ватандошларимиз оқланиб, нормал ҳаётга қайтарилди. Чунки ҳаётда раҳм-шавқат, ҳалоллик ва меҳнатсеварлик қадрланади. Ғофур Ғуломнинг «Тирилган мурда» номли қиссаси каби асарларнинг асосида илмий асарлар ёзиш, фундаментал тадқиқотлар ўтказиш мумкин.
Шундай қилиб, мамлакатимизда ижтимоий муносабатлар, шу жумладан, меҳнат муносабатлари тубдан ўзгармоқда. Меҳнатнинг кўплаб ижодий, инновацион, интеллектуал, технологик, илмий, ахборот, виртуал ва масофавий турлари пайдо бўлди. Уларнинг барчаси ўз тадқиқотчиларини кутмоқда. Умид қиламанки, биз ҳам ўйлаганларимизни амалга оширишга ва Президентимизнинг ишончини оқлашга муваффақ бўламиз.
– Сизга маълумки, Ўзбекистонда энг нуфузли чет эл олий ўқув юртларининг филиаллари фаолият кўрсатиб турибди. Шулардан бири Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиали. Ушбу ўқув юртининг раҳбари сифатида эришилган муваффақиятларга қандай баҳо берасиз.
– Ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистонда энг нуфузли олий ўқув юртларининг филиаллари мавжуд. Ҳозирги вақтда мамлакатимизда еттита чет эл олий ўқув юртининг филиаллари фаолият кўрсатиб турибди. Шулардан бири – Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг филиали бўлиб, у 23 йилдан буён ишлаб келаяпти. Хорижий филиаллар мутахассисларни янги, энг талаб этилган ва нуфузли йўналишлар бўйича тайёрлайди. Шу билан бирга чет эл олий ўқув юртлари билан тажриба алмашиш ҳам муҳим. Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг филиали ўз фаолиятини 1995 йилда бошлади. Таълим жараёнида ёшларга сифатли, долзарб билимларни бериш, уларда амалий кўникмаларни шакллантириш имконини берувчи инновациялар, замонавий технологиялардан кенг фойдаланилади.
Филиал 3000 нафардан ортиқ бакалавр ва қарийиб 1000 нафар магистрни тайёрлаб берди, бу – халқ хўжалигининг турли тармоқлари учун юқори малакали мутахассислардир. Ушбу олий ўқув юртининг кадрлари таркиби унинг олтин фонди ҳисобланади, ўқитувчилар умумий сонининг 80 фоизи фан докторлари ва номзодлари илмий даражасига эга.
Айтишим мумкинки, университетимизни тугатган деярли барча ёш мутахассислар иқтисодиётнинг турли соҳаларида ишга жойлашган. Битирувчилар уюшмаси ёрдамида университет ҳамма вақт битирувчилар билан ўзаро алоқани сақлаб туради. 2002 йилдан бошлаб фаолият кўрсатиб келаётган ушбу Уюшма «РИУ битирувчилари» маълумотлар базасини шакллантиради, университетда юз бераётган воқеалар ҳақида ҳикоя қилади, турли тадбирларга таклиф этади, курсдошлар ва ўқитувчилар билан учрашувларни ташкил этади.
Бундан ташқари университетда ҳурматли Президентимизнинг ташаббусига кўра ташкил этилган Ёшлар иттифоқи ҳам фаол ишлаб турибди. Олий ўқув юртининг ушбу муҳим бўлинмаси талабалар ҳаётини мувофиқлаштиради. Биз мазкур ҳаракат етакчиларининг иши билан фахрланамиз, ҳамма вақт уларнинг фикр ва истакларини ҳисобга оламиз. Ташкилот зиммасига 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ёшларнинг фаоллигини ошириш бўйича бир қатор муҳим вазифалар юклатилган.
Университетда самарали ўқув жараёнини ташкил этиш учун барча шароитлар яратилган. Замонавий Интернет-синфлар, компьютер, лингафон хоналари, мультимедия асбоб-ускуналари билан жиҳозланган маъруза заллари, нафақат 25 минг нусхадан иборат китоблар, балки электрон кутубхонани ҳам ўзида мужассам этган ахборот-ресурс маркази, – бу талабалар ва ўқитувчиларга хизмат кўрсатишга мунтазир бўлган нарсаларнинг ҳаммаси эмас. Илгариги анъанавий таълим талабаларга фақат ўқитувчилар эга бўлган билимларни берарди, замонавий технологиялар ахборот излашга ёрдам беради, лекин ўқувчилар уни таҳлил қилиб, хулосаларни мустақил равишда чиқаради. Филиалда шахс ўзини ижодий жиҳатдан намоён этиши учун барча шароитлар яратилган.
Таъкидлаш лозимки, ўқув жараёнида талабанинг ўзи муҳим фигурага айланади. Профессор ва ўқитувчиларимиз фақат ўқиш учун қулай шароитлар яратишга интилишади.
Биз ҳамма вақт Россия Федерацияси, Буюк Британия, Германия, Нидерландия, АҚШ, Япония, Хитой, Индонезия, Малайзия, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатларнинг етакчи тадқиқот институтлари ва ўқув марказлари билан шериклик муносабатларини йўлга қўйишга интиламиз. Хорижлик юқори малакали профессор ва олимларни жалб қилиб, талабаларнинг фанга бўлган қизиқишини кучайтирамиз. Биргаликда халқаро конференциялар ва тренинглар ўтказимиз. Шу тариқа университет ёшлар халқаро стандартларга мувфиқ олий маълумотга эга бўлишлари учун қулай шароитлар яратади.
– Қаландар Хўжаевич «O‘zbekiston iqtisodiy axborotnomasi» – «Экономический вестник Узбекистана» журнали таҳририяти Сизга қизиқарли суҳбат учун миннатдорлик билдиради ҳамда ватанимиз фаровонлиги ва мамлакатимиз фанининг равнақи йўлидаги самарали фаолиятингизда муваффақиятлар тилайди.