(O´zbek) Корпоратив мижозлар учун кучли банк

4/2025

Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

 
     Банклар молия бозорининг асосий иштирокчилари сифатида мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда ўз ўрнига эга. Бу борада «Octobank» Акциядорлик жамияти (матн давомида Octobank) 2025 йилни нафақат юқори молиявий натижалар, балки барқарор бошқарув, рақамли инновациялар ва халқаро ишончни мустаҳкамлаш йили сифатида якунлади.
     Octobank Бошқаруви раиси Искандар ТУРСУНОВ билан банкнинг бугунги муваффақияти, барқарор ўсиш омиллари ва стратегик ёндашувлари ҳақида суҳбатлашдик.
 
     – Искандар Бахтинурович, 2025 йилда республикамиз иқтисодий жиҳатдан қандай натижаларга эришди? Молиявий барқарорлик, инвестиция оқими ва реал сектор динамикасининг қайси жиҳатлари йилнинг асосий ютуқлари сифатида эътироф этилиши мумкин?
     – 2025 йил Ўзбекистон иқтисо­диёти учун сўнгги йиллардаги энг му­ваффақиятли даврлардан бири бўл­ди. Жорий йил 2017 йилдан ке­йинги иқтисодий трансформация бос­қичида энг юқори иқтисодий ўсиш – тахминан 7,5 фоиз қайд этилиши ку­тилмоқда. Бу ўсиш аввалги йилларга нисбатан сифат жиҳатидан ҳам анча мустаҳкам бўлди.
     Мамлакатимизда энергетика со­ҳасида амалга оширилган ислоҳотлар фонида инфляциянинг барқарор пасайиши муҳим ижобий натижа сифа­тида намоён бўлди. Марказий банк прогнозларига кўра йил якунида ин­фляция 7,3-7,5 фоиз атрофида шакл­ланмоқда. Бу сўнгги йиллар учун энг паст кўрсаткич ҳисобланади ва ўрта муддатли 5 фоизлик инфляцион мақ­садга яқинлашувни кўрсатади.
     Реал секторда ҳам барқарор ўсиш кузатилди: III чорак якунига кў­ра, саноат ишлаб чиқариши 6,7 фоизга, қурилиш 14,7 фоизга, ташқи савдо айланмаси эса 21,5 фоизга ошди. Экспорт ҳажмининг тез суръатларда ўсиши шунингдек, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқи­мининг кўпайиши иқтисодиётнинг очиқлиги ва инвестицион жозибадорлиги ортиб бораётганини кўр­сатди.
     Шунингдек, хомашё бозорларидаги юқори конъюнктура, хусусан, олтин нархининг ўсиши иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлади. Бу бюджет имкониятларини кенгайтириб, иқтисодий ўсишга қўшимча турт­ки берди.
     – Давлат ва хусусий банклар ўртасидаги рақобат 2025 йилда қандай динамикада кечди? Банк­лар хизмат сифати, инновация ва мижозларни жалб қилиш бўйича қан­дай янги стратегиялар қўл­лади?
     – 2025 йил Ўзбекистон банк тизими учун рақамли трансформация жараёнининг янги босқичи бўлди. Агар 2023 йил бошида банк филиаллари сони 832 та бўлган бўлса, 2025 йил ўртасига келиб, улар 288 тагача қисқарди. Бу банк хизматларининг анъанавий моделдан рақам­ли экотизимларга ўтаётганини кўрсатади.
     Анъанавий филиаллар ўрнини ўз-ўзига хизмат кўрсатиш қурилма­лари ва 24/7 форматдаги рақамли шохобчалар эгаллай бошлади. Бу тенденциянинг шаклланишида хусусий банклар етакчи роль ўйнади.
     Шу билан бирга давлат ва хусусий банклар ўртасидаги муносабатларни тўлиқ рақобат сифатида эмас, балки турли сегментлардаги рақо­батли ҳамжиҳатлик, деб таърифлаш мумкин. Ҳар бир банк тури, ўз мижозлар қатлами ва бизнес моделига эга.
     2025 йилда давлат банкларини трансформация қилиш масаласи кун тартибида қолди. Айрим йирик банк­ларнинг молиявий кўрсаткичлари яхшиланиб, уларнинг инвестицион жозибадорлиги ошди. Бу эса келгусида капитал бозорлари орқали қў­шимча маблағ жалб қилиш учун замин яратмоқда.
     Мижозлар учун рақобатда янги маҳсулот ва хизматлар муҳим аҳа­мият касб этди. Жамоат транспортида банк карталари орқали тўловда чегирмалар бериш, микромолия ва чакана кредитлашда рақамли ечимлар жорий этилиши, кенг қамровли маркетинг стратегиялари банклар ўртасида фарқ яратиш воситасига айланди.
     Умуман олганда, 2025 йил банк сектори учун рақамлаштириш, маъ­лумотлар таҳлили ва сунъий интеллектдан фойдаланишни чуқурлаш­тиришга қаратилган йил бўлди.
     – Дунё бўйича олтин нархи 2025 йилда нега кескин кўтарилди? Гео­сиёсий хавфлар, халқаро молия бо­зорларидаги беқарорлик ёки бошқа омиллар қандай ҳал қилувчи роль ўйнади?
     – 2025 йил жаҳон молия бозорларида олтин учун ўта фаол йил бўлди. Йил бошидан буён олтин нархи 60 фоиздан ортиқ ўсиб, унцияси 4 350 доллар атрофида шаклланди. Бу ўсиш бир неча иқтисодий омиллар билан изоҳланади. Глобал молия бозорларида ноаниқлик сақланиб қолаётган шароитда инвесторлар юқори ликвидли ва хавфи паст активларга бўлган қизиқишни оширди. Олтин ана шундай классик ҳимоя активи сифатида янада оммалашди.
     Марказий банклар томонидан захиралар диверсификация қилини­ши ва олтин улушининг оширилиши ҳам нарх ўсишига қўшимча босим берди. Шу билан бирга инфляцион хавфлар ва фоиз ставкалари бўйича кутилмалар инвесторларни узоқ муддатли қиймат сақловчи активларга йўналтирди.
     Ўзбекистонда ҳам олтин жисмоний шахслар учун жозибадор инвес­тиция воситасига айланди. Қуйма олтин нархининг сезиларли ўсиши аҳоли томонидан унга бўлган талабни кучайтирди.
     Кўплаб таҳлилчилар келгуси йилларда олтин нархи нисбатан барқа­рор траекторияга ўтишини истисно этмайди. Бироқ, глобал иқтисодий ноаниқлик сақланиб қолаётган шароитда олтинга бўлган қизиқиш юқо­ри даражада қолиши мумкин.
     – 2025 йил Octobank учун қайси жиҳатдан самарали йил бўлди? Банк эришган энг муҳим молиявий ва стратегик ютуқлар хақида нима дея оласиз?
     – 2025 йил Octobank учун муҳим ривожланиш йили бўлди. Йил охирига келиб, бу даврни банк самарадорликка эришган, стратегик ва молиявий ўзгаришларга бой йил сифатида баҳолаш мумкин.
     IV чорак якунлари бўйича банк барча асосий кўрсаткичлар бўйича сезиларли ўсишни намоён этди. Жумладан:
     ● банк активлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 286% га ўсиб, 12,2 трлн. сўмга етди;
     ● умумий капитал 35% га кўпа­йиб, 1 трлн. сўмдан ошди;
     ● соф фойда 70% га ўсиб, қарийб 256 млрд. сўмни ташкил қилди.
     Бу натижалар Octobankнинг Ўз­бекистон молия бозоридаги мавқе­ини мустаҳкамлаётганини кўрсатади. 2025 йил мобайнида кредит портфели 160% га, депозит портфели эса 473% га ўсди. Ҳозирда банкимизни 3,6 миллиондан ортиқ жисмоний шахс ва 3000 га яқин корпоратив мижоз танлаган.
     2025 йил фақат молиявий кўрсаткичлар билан чекланмай, стратегик ютуқлар йили ҳам бўлди. Бизнесни диверсификация қилиш мақсадида янги йўналишлар жорий этилди, бу эса банкнинг барқарор ривожланишида муҳим омилга айланди. Мижозлар ишончининг ортиши ва улар сонининг ҳамда сифатининг сезиларли ўсиши ҳам йилнинг энг муҳим на­тижаларидан биридир.
     Шунингдек, халқаро молиявий ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кенгайтиришга эришдик. Бу нафақат банкнинг институционал са­лоҳиятини оширди, балки глобал мо­лия бозоридаги интеграция даражасини ҳам кучайтирди.
     – Кучли рақобат муҳитига қарамай Octobank барқарор ўсишни таъминлади. Сизнинг фикрингизча, банкнинг бу барқарор ўсиши қайси асосий омиллар ва стратегик ёндашувлар ҳисобига амалга ошди?
     – Айтиш мумкинки, бугунги кунда банк хизматлари бозорида ра­қобат кундан-кунга кучайиб бормоқ­да. Нафақат анъанавий банклар, бал­ки финтех компанияларининг ҳам фаол кириб келаётгани мижозлар учун таклиф этилаётган ечимларни янада тезкор, қулай ва рақамлашган бўлишини талаб қилмоқда.
     Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2026–2030 йилларда молиявий технологиялар соҳасини ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичларини белгилаб берди. Унга кўра 2026 йил сентябргача «опен банкинг» тизими жорий қи­линиши кўзда тутилган. Бу банклар ва тўлов тизимлари орасида хавфсиз маълумотлар алмашунивини таъминлашга ёрдам беради. Натижада фақат мижоз ютади. Бундан ташқари стартапларга 1 млрд. доллар хорижий инвестиция жалб қилиш мақсад қилинган. Финтех бозори иштирокчилари сони камида 200 тага етиши кутилмоқда.
 
 
Сиз интервьюнинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

  • AFFICHE

  • PR

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Contacts

    1, Alay Street, Tashkent 100000 Uzbekistan

  • Subscribe To News

    (Русский) Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Any reproduction or use of excerpts from publications can be made only with the written consent of the publisher; when reprinting materials, a link to the source is required.