Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Сўнгги йилларда ишсизлик масаласи геосиёсий вазиятга бевосита боғлиқлигини кўрсатмоқда. Бутун дунё иқтисодий инқирози мамлакатлар иқтисодиётига, миллий меҳнат бозори ҳолатига ҳам бевосита таъсир этмоқда. Бундай вазиятда мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш шароитига мос ҳолатда иш билан бандликнинг мослашувчан шаклларини жорий этиш муҳим ҳисобланади. Жумладан, бандликнинг мослашувчан, эгилувчан шаклларини ривожлантириш иш билан бандлик муаммосини юмшатишга, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини иш ўринлари билан таъминлаш, даромад манбаини яратиш ва малакасини ошириб боришга имкон беради. Иқтисодий субъектлар учун эса, иш билан бандликнинг ностандарт турларини ташкил этиш ва хизмат кўрсатиш, корхона харажатларини оптималлаштиришга ёрдам беради. Қайд этилган жиҳатлар, ўз навбатида эгилувчан иш билан бандликнинг ривожланиш тенденциялари ва муаммолари бўйича илмий изланишлар олиб бориш муҳимлигидан далолат беради.
Бугунги кунда корхоналар самарадорлиги ва рақобатбардошлигини оширишда ходимларнинг иш вақтидан унумли фойдаланиш, иш билан бандликнинг эгилувчан шаклларини жорий этиш ва самарали бошқарув усулларини қўллашни талаб этади. Дунёдаги етакчи корхоналар тажрибасини ўрганадиган бўлсак, технологик жараёнлар, иқтисодий тараққиёт туфайли корхонанинг фаолият самарадорлиги меҳнат бозори талабларига ҳамда ходимлар бошқаруви ва меҳнат муносабатларида рўй бераёган ўзгаришларга тезкор мослашишни талаб этади. Инновацион ўзгаришлар шароитида фақатгина ижодкор ва мослашувчан кадрлар иш ўринларини ташкил этишнинг эгилувчан шаклларини яратиши ва замонавий бошқарув тузилмаларига мослашиши мумкин. Замонавий бошқарув усуллари ва иш ўринларининг хусусиятлари ходимлардан нафақат аниқ бир йўналишдаги янги билим ва малакани эгаллашни, балки шахсий ва психологик жиҳатдан янгиликларга тайёр бўлишни тақозо этмоқда.
Эгилувчан меҳнат муносабатлари маълум бир иқтисодий тенденциялар ҳамда меҳнат бозоридаги ўзгаришлар туфайли пайдо бўлган. Шу сабабли, меҳнат фаолиятини ҳамда меҳнат муносабатларининг эгилувчан шаклларини татбиқ этиш, корхоналарни бошқаришда қайси вазифа ва муаммоларни ижобий ҳал этишни ўрганиш муҳим. Иккинчи томондан, меҳнатни ташкил этишнинг ушбу шакллари ходимлар учун қандай қулайликлар яратиши, қай даражада хоҳиш ва истакларга мос келишини таҳлил қилиш ҳам муҳим. Албатта, корхоналарда қулай меҳнат шароитлари яратилган тақдирдагина ўз олдига қўйган мақсадларга тўлиқ эришиш имконияти пайдо бўлади.
Тадқиқотларда меҳнат ресурслари сифат даражаси иш билан бандлик даражаси ва аҳоли фаровонлигига бевосита таъсир этувчи омил сифатида ўрганилган. Шу билан бирга, дунё ҳамжамиятида инновацион технологияларнинг ривожланиши ноанъанавий иш билан бандликнинг эгилувчан шаклларига бўлган эътиборни оширмоқда. Иш билан бандлик эгилувчанлигининг иқтисодий ривожланишдаги ўрни, ноанъанавий шакллари ривожланиши, уларни миллий меҳнат бозорига мослаштириш ва иқтисодий субъектлар фаолиятини тадқиқот объекти сифатида ўрганишга эътибор қаратилди.
Меҳнат ресурслари ва тузилмавий ўзгаришлар технологик инновацияларнинг ривожланиши ва иқтисодиётдаги тузилмавий ўзгаришларга мослашиб бориши зарур. Ривожланаётган давлатларнинг меҳнат бозоридаги вазиятга эътибор қаратадиган бўлсак, мавжуд ишсизликнинг асосий сабаби, бу – ишсизларнинг малакаси ва мавжуд иш ўринларининг малака талабларига мос келмаслигидир. Ушбу ҳолат ишсизлардан мослашувчанликни ва ўзгаришларга мойил бўлишни талаб этади.
Дунёда рўй бераётган глобаллашув жараёни туфайли, дунё бўйича ягона бозор шаклланаётганининг гувоҳи бўлишимиз мумкин. Миллий корхоналарнинг фаолиятига бошқа давлатдаги корхонанинг таъсири, маҳсулот бозорлари кўлами кенгайиб бориши, ишлаб чиқаришнинг замонавий технологиялари ривожланиши, товарларнинг ҳаётий даврийлиги қисқариши ишлаб чиқарувчиларга бўлган тазйиқни кучайтирмоқда. Ишлаб чиқаришнинг замонавий усуллари, инновацион технологиялар қисқа ва узоқ муддатга ортиқча бандликни юзага келтирмоқда. Бу, ўз навбатида, корхоналарда ишлаб чиқариш, меҳнатни ташкил этиш усулларида қўлланиладиган технологияларни ўзгартиришни, кадрлар сиёсати ва ходимлар сонини ислоҳ қилишни талаб этади. Юқори рақобатчилик шароитида бозордаги мавқеи, ишлаб чиқариш маромини сақлаш, мослашувчанлигини таъминлаш ишлаб чиқариш харажатлари ва ишчи кучини камайтиришни талаб этади. Бандликнинг эгилувчан шакллари қўлланилиши корхоналар фаолиятида танглик юзага келган даврда ходимлардан воз кечмасдан уларнинг меҳнатидан самарали фойдаланиш имкониятини беради.
Ўзбекистон ва МДҲда эгилувчан иш билан бандликнинг ривожланиш ҳолатини таҳлил қилишда, энг аввало меҳнат бозори самарадорлигини ўрганиш мақсадга мувофиқ. Меҳнат бозори ҳолатини мамлакатдаги демографик вазият белгилаб беради. Агар, 2015 йил бошида МДҲда 282 млн киши истиқомат қилганини ҳисобга олсак, бу кўрсаткич дунё аҳолисининг тўрт фоизини ташкил этади.
МДҲ мамлакатлари миқёсида 2011–2014 йиллар мобайнида умумий аҳоли сони ўсиш тенденциясига эга бўлса ҳам, иқтисодий фаол аҳоли сони 0,5 фоизга қисқарган. Шу билан бирга, ишсизликнинг ўртача даражаси 6,2 фоиз, ва энг юқори кўрсаткич 2011 йилда 6,7 фоизни ва энг қуйи кўрсаткич 2014 йилда 6,1 фоизни ташкил этди. 2013 йилга қадар МДҲ бўйича ишсизлик даражаси пасайиб келган, фақатгина 2014 йилда ўсиш кузатилган. Ишсизликнинг энг юқори даражаси Арманистонда – 18,1 фоизни ва энг қуйи даражаси Молдовада тўрт фоизни ташкил этган. Иш билан бандлик даражаси 2012–2014 йиллар мобайнида 0,2 фоизга пасайган.
Умуман олганда, МДҲ мамлакатлари бўйича иш билан бандлик даражаси 2015 йилда 65,2 фоизни, ушбу кўрсаткич Европа мамлакатларида 64,9 фоизни ташкил этган.
МДҲ бўйича иш билан банд аҳолининг асосий қисми хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритади. Ушбу соҳада иш билан бандларнинг улуши 2000 йилда 53 фоиздан 2014 йилга келиб 61 фоизга ўсган бўлишига қарамай, Европа ҳамжамияти (73 %) ҳамда АҚШ (81 %)га нисбатан анча паст. Қишлоқ хўжалиги, овчилик ва ўрмон хўжалиги ҳамда балиқчилик соҳасида 2000 йилдаги 20 фоизга нисбатан 2014 йилда 15 фоизга пасайишига қарамай, ривожланган давлатлардаги кўрсаткичларга нисбатан юқори.
Ривожланган мамлакатлар тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, иқтисодий тараққий этиш аҳолининг хизмат кўрсатиш соҳасидаги бандлик даражасини ошириб боради. Аҳолининг иш билан бандлигида хизмат кўрсатиш улушининг ортиб бориши ўз-ўзидан иш билан бандликнинг эгилувчан шакллари кенгроқ қўлланилишига ва такомиллашиб боришига олиб келади.
Меҳнат бозоридаги таркибий ўзгаришлар билан бирга, МДҲ мамлакатларида иш билан бандликнинг эгилувчан шаклларига ҳам эътибор ошиб бормоқда. Бандликнинг эгилувчан шаклларининг бир тури сифатида аҳолининг мустақил иш билан бандлиги кўрсаткичи ҳисобланади. Статистик маълумотларга кўра, МДҲ мамлакатларида 2008-2014 йилларда Арманистон, Молдова, Украина ҳамда Ўзбекистонда аҳоли ўзини-ўзи мустақил иш билан таъминлаш кўрсаткичи ўсиш тенденциясига эга бўлди. Ушбу маълумотларга кўра, Арманистон, Молдова, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистонда жами иш билан банд аҳоли сонида мустақил иш билан бандлик айрим ривожланган мамлакатларга нисбатан юқори ҳисобланади.
Иш билан бандликнинг эгилувчанлик кўрсаткичларидан бири, бу – касаначилик. Бунга МДҲ мисолида қарайдиган бўлсак, тадқиқот йиллари давомида ушбу кўрсаткич ўсиш тенденциясига эга бўлди, аммо дунёнинг бошқа ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларига нисбатан ушбу кўрсаткич паст даражада. 2015 йил 1 январь ҳолатига ушбу кўрсаткич иқтисодий фаол аҳоли таркибида 7,4 фоизни ташкил этган, холос.
Касаначиликнинг афзаллиги шундаки, чекка ҳудудларда яшовчиларга қўшимча даромадларга эга бўлиш, мослашувчанлик ҳамда кенг ҳудудда фаолият юритиш имконини беришдир. Мамлакатимизда, МДҲ давлатларида касаначилик – уй меҳнати, оилавий бизнесга юқори эътибор қаратилиши ўз самарасини бермоқда.
Бу борада ривожланган давлатлар тарихига эътибор қаратсак, 1970 йиллар бошидан иш билан бандликнинг эгилувчан шакллари қўлланиб келинган. Инқироз давридан сўнг корхоналар учун ўз мавқеини сақлаб қолиш, янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш, янги технологияларни қўллаш, янги маркетинг сиёсатини қўллаш, ишлаб чиқаришни ташкил этишдаги ислоҳотларни жорий этиш учун меҳнат муносабатларида такомиллашган усулларга эҳтиёж кучли бўлган. Биргина Европа Иттифоқида 1975 йилдан 1991 йилгача эгилувчан меҳнат муносабатларининг қўлланилиши уч фоиздан 26 фоизгача ўсган. 1991 йилга келиб Голландия, Англия, Данияда бешта корхонадан бирида қисқартирилган иш соати қўлланилган.