Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Ўзбекистонда макроиқтисодий ўсиш суръатларининг барқарорлигини таъминлаш учун ишлаб чиқаришни такомиллаштириш, иқтисодиётни модернизациялаш ва диверсификация қилишга йўналтирилган давлат дастурлари қабул қилинганлиги, «Навоий», «Ангрен», «Жиззах» эркин иқтисодий-индустриал ҳудудлар ташкил этилганлиги муҳим аҳамият касб этди. Айни пайтда, иқтисодиётнинг саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида туб таркибий ўзгаришлар давом эттирилганлиги, хусусий мулк, тадбиркорлик ва кичик бизнесни жадал ривожлантириш мақсадида соҳа вакиллари манфаатларини ҳимоя қилиш 2016 йилнинг энг устувор йўналиши сифатида белгиланди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг ижобий самарасини бераётганини жаҳон ҳамжамияти эътироф этаётгани, бу Ўзбекистоннинг ўзига хос ва ўзига мос тараққиёт йўли – «ўзбек модели»да акс эттирилган стратегик йўлнинг нақадар тўғри танлангани билан боғлиқ эканлигини ижтимоий-иқтисодий жараённи таҳлил қилаётган экспертлар ҳам қайд этмоқда.
2015 йилда амалга оширилган кенг кўламли, узоқни кўзлаган ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилиши эркин тадбиркорлик учун турли имтиёз ва преференциялар берилиши, инвестициялар, аввало, чет эл инвестициялари ҳажмини ошириш ва жорий этиш иқтисодиётимизнинг барқарор ўсиш суръатлари ва макроиқтисодий мутаносиблигини таъминламоқда. Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози ҳамон давом этаётганлигига қарамасдан, 2015 йилда ялпи ички маҳсулот ҳамда саноат ишлаб чиқариш ҳажми саккиз фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қарийб етти фоиз, қурилиш-монтаж ишлари ҳажми салкам 18 фоизга ошди.
Мамлакатимиз мустақилликка эришган пайтда айрим халқаро молиявий ташкилотлар республикамизда ривожланган давлатларда қўлланилган бозор механизмларини татбиқ этишни тавсия этган эдилар. Аммо, Ўзбекистон улардан тўғридан-тўғри нусха кўчирмади. Дунёда тан олинган моделларнинг энг яхши жиҳатларини ўрганиб, ўзимизга мос ва хос тараққиёт йўлини танландик. Бу йўл улуғ Юртбошимизнинг фидойилиги ва қатъий саъй-ҳаракатлари билан республикамизнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти, халқимизнинг давлатчилик тарихи, миллий-диний қадриятлари ҳамда жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилди.
Машҳур беш тамойилда иқтисодиётнинг сиёсатдан устуворлиги, давлат – бош ислоҳотчи, қонун устуворлиги, кучли ижтимоий сиёсат юритилиши, бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтишга асосланган мазкур модель бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий демократик давлат қуриш стратегияси сифатида барча амалий ишларимизнинг мустаҳкам пойдевори, тараққиётимизнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланди.
Ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки, бу стратегия бозор иқтисодиёти назарияларини янада бойитди, ўтиш даврини бошидан кечираётган давлатлар учун яна бир намунага айланди.
Бу моделнинг барча синовлардан муваффақиятли ўтишига сабаб бўлган омиллари кўп. Уларнинг энг асосийлари – иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга оширишда турли хил сакрашларсиз, яъни инқилобий йўлдан эмас, балки тадрижий (эволюцион) ривожланиш йўлидан бориш тамойили қўлланилгани муҳим роль ўйнади.
Ислоҳотларни амалга оширишда давлат бош масъулиятни ўз зиммасига олиши ана шундай тадрижийликнинг муҳим жиҳатини ташкил этди. Халқаро ташкилотлар ҳам бугун ўтиш даври иқтисодиётида, чуқур ислоҳотларни амалга оширишда давлатнинг роли ҳақиқатан ҳам катта эканини, буни Ўзбекистон тажрибаси амалда исботлаганини тан олди. Ҳали-бери охири кўринмаётган молиявий-иқтисодий инқироз шароитида ҳатто ривожланган мамлакатларда ҳам иқтисодиётни тартибга солишда давлатнинг роли ошаётгани, бу борада Ўзбекистоннинг йўли нақадар тўғри эканини кўрсатмоқда.
Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти томонидан маъмурий – буйруқбозлик тизимига асосланган ночор иқтисодиётни тиклаш учун ислоҳотларнинг қуйидаги асосий йўналишлари белгилаб берилди:
Биринчидан, иқтисодиётни бошқаришда давлатнинг ролини кескин чеклаш, давлатнинг бошқарув тузилмалари ва уларнинг вазифаларини қисқартириш, давлат бошқарув органларини сақлаб туришга сарфланаётган харажатларни камайтириш, давлат вазифалари ва ваколатларини тобора кўпроқ жамоат, нодавлат ташкилотларига, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларига ўтказиш тамойили қўлланилди.
Иккинчидан, бошқарувни марказлаштирмаслик, айрим вазифаларни эса ҳудудий бошқарув бўғинларига кенг кўламда топшириш, ортиқча маъмурий вертикал тузилмаларни тугатишга эътибор бериш. Барча даражадаги ҳокимликларнинг ислоҳотларни амалга ошириш, жойлардаги ишларнинг аҳволи, иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, бандлик муаммоларини ечиш ҳамда аҳоли турмушини фаровонлаштириш борасидаги масъулиятини кучайтириш.
Учинчидан, бозор иқтисодиёти талабларидан келиб чиққан ҳолда, айрим тармоқ ва ҳудудий бошқарув тузилмаларини қайта тузиш, бирлаштириш, қисқартириш ва тугатиш асосида иқтисодиётни бошқариш тузилмалари самарадорлигини таъминлаш. Бугунги кунда нафақат айрим бўғинларни, балки қилинаётган сарф-харажатларни деярли оқламаётган айрим идораларни ҳам сақлаб қолиш қай даражада мақсадга мувофиқ, деган масалани қайта кўриб чиқиш.
Тўртинчидан, бошқарув тизимининг самарадорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш. Қарорларни тайёрлаш ва қабул қилиш сифатини сезиларли даражада ошириш, уларнинг ижроси устидан таъсирчан назорат механизмини жорий этиш. Вазирлик ва хўжалик бирлашмаларининг мавжуд бошқарув шакли, усул ва методларини маъмурий-буйруқбозликдан халос қилиш, уларнинг корхоналар хўжалик фаолиятига аралашиб, хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий мустақиллигини чеклашига йўл қўймаслик учун тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш.
Бешинчидан, замонавий ахборот ва коммуникация технологияларини жорий этиш, кераксиз ҳисоботларни ва қоғозбозликни қисқартириш асосида давлат бошқаруви тизимини босқичма-босқич модернизация қилиш ҳисобидан унинг самарадорлигини ошириш.
Ўзбекистонда макроиқтисодий барқарорликка эришиш сиёсати амалга оширилиши натижасида ислоҳотларнинг биринчи босқичида 1991 йилга нисбатан иқтисодий пасайиш бошқа МДҲ мамлакатларидек оғир кечмади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти қайд этганидек, «Барқарорлаштириш сиёсати – энг аввало, бу макроиқтисодиётда мувозанатни сақлаш, ишлаб чиқаришнинг кескин пасайишига ва оммавий ишсизликка йўл қўймасликдир. Шунингдек, у пул қадрсизланишининг, пул эмиссиясининг бошқарилишини таъминлаш, тўлов балансини бир меъёрда сақлаш соҳасида аниқ мақсадни кўзлаб олиб бориладиган давлат сиёсатидир. Барқарорлаштириш сиёсатининг мақсади бошқариб бўлмайдиган, иқтисодий пасайишга олиб келиши мумкин бўлган ички, ҳам ташқи мувозанатсизликни четлаб ўтишдан, зарур бўлган тақдирда эса, уни тўғрилашдан иборат».
Айни пайтда мамлакатимизда амалга оширилаётгaн oқилoнa сиёсaт тaдбиркoрликкa кeнг йўл oчиб бeрмoқдa. Бугунги кунга келиб, сoлиқ ҳисoбoтлaрини тaдбиркoрлик субъeктлaрининг 98 фoизи қoғoз тўлдириш билaн эмaс, бaлки бeвoситa элeктрoн шaклдa тaқдим этмoқдaлaр. Ишлaб чиқaрувчи кoрxoнaлaр юқoри сифaтгa эгa бўлгaн тexнолoгиялaр билaн жиҳoзлaнмoқдa. Айниқса, бу борада Ўзбeкистoн Caвдo-сaнoaт пaлaтaси кичик бизнeс вa xусусий тaдбиркoрликни ривoжлaнтиришгa муносиб ҳиссa қўшмoқдa. Xусусaн, Тaшқи иқтисoдий фaoлият миллий бaнки ҳузуридa Кичик бизнeс вa xусусий тaдбиркoрлик субъeктлaрининг экспoрт фaoлиятини қўллaб-қувaтлaш жaмғaрмaси тaшкил этилгaни муҳим қaдaм бўлди. Мазкур жaмғaрмa юздaн oртиқ xoрижий тaшкилoтлар билaн ҳaмкoрлик ўрнaтгaнлиги боис, Ўзбeкистoндa ишлaб чиқaрилгaн ёрлиғи остидаги мaҳсулoтлaрни жaҳoн бoзoридa янaдa кeнг тaрғиб этиш, ўз маҳсулотларини экспoрт қилувчи кoрxoнaлaр сaфи тобора кeнгaйиб бориши учун xизмaт қилмоқда.
Бу эса, ўз навбатида, мамлакатнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичи бўлган ЯИМнинг йиллик ўсишига сабаб бўлмоқда. Республикамизда 1996 йилдан бошлаб иқтисодий ўсиш давом этмоқда. Яъни, ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсиши 2008 йилда 9 фоизга, 2009 йилда 8,1 фоизга, 2010 йилда 8,5 фоизга, 2014 йилда 8,1 фоизга, 2015 йилда 8 фоизга ўсди.
Бундай иқтисодий ўсишга эришишда, авваламбор, кенг кўламли бозор ислоҳотларини жорий этиш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш, иқтисодиётда чуқур таркибий ўзгаришларни амалга ошириш ва экспортга ихтисослашган янги тармоқ ва корхоналар барпо этиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришга қаратилган, ҳар томонлама пухта ўйланган сиёсатнинг амалга оширилаётгани принципиал аҳамиятга эга бўлди.
Энг муҳими, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик одамларга ўз билим ва малакасидан, тадбиркорлик қобилиятидан келиб чиққан ҳолда эркин меҳнат қилиш, унинг маҳсулидан ўзи ва жамият аъзоларини баҳраманд этиш, мулкка эгалик қилиш, барқарор даромад манбаларини яратишнинг энг муҳим омилига айланди. Тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар улуши 2010 йилда 47,1 фоизни ташкил қилган бўлса, 2015 йилда бу кўрсаткич 52 фоизни ташкил қилди.
Халқаро миқёсда катта нуфузга эга бўлган Жаҳон иқтисодий форуми рейтингига кўра, Ўзбекистон 2014–2015 йиллардаги ривожланиш якунлари ва 2016–2017 йилларда иқтисодий ўсиш прогнозлари бўйича дунёдаги энг тез ривожланаётган бешта мамлакат қаторидан жой олгани, албатта, барчамизни мамнун этади.
Мамлакатимизда жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий таъсирини бартараф этиш ҳамда инқироздан сўнг барқарор ва мутаносиб иқтисодий ривожланишни таъминлаш мақсадида 2009–2014 йилларга мўлжалланган ишлаб чиқаришни узлуксиз модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, иқтисодиёт рақобатбардошлигини доимий равишда ошириш, экспорт салоҳиятини ўстириш мақсадида инновацияларни жорий этиш асосида чуқур таркибий ўзгартиришлар учун энг муҳим инвестициявий лойиҳалар дастури амалга оширилди. Шунингдек, меҳнат сиғими юқори ва рақобат устуворлигига эга бўлган, аҳоли бандлигини юқори даражада таъминлашга қодир бўлган тўқимачилик, пойабзал, озиқ-овқат саноати тармоқлари ҳам жадал ривожлана бошлади. Бунинг натижасида мамлакат экспорт салоҳияти ривожланади ва мустаҳкамланади, экспорт таркиби диверсификацияланади.
Бугунги кунда иқтисодиётнинг юқори суръатлар билан ўсиб боришини таъминлаш, бунинг учун мавжуд барча захира ва имкониятларни сафарбар этиш борасида қабул қилинган стратегия давом эттирилмоқда.
Абдиманнон ХАЙИТОВ,
иқтисод фанлари номзоди;
Хуршид ЭГАМОВ,
мустақил тадқиқотчи