Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 15 июлдаги «Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида меъёрий ҳужжатлар қабул қилингандан кейин ҳар йили Тошкентдаги «Ўзэкспомарказ»да «Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар Республика ярмаркаси» ўтказиб келинмоқда. 2012–2014 йилларда Республика ярмаркалари доирасида умумий қиймати 86,7 млрд сўмлик 11 та шартнома тузилган бўлиб, олтита шартнома ижроси тугалланган, иккитаси давом эттирилмоқда.
Жумладан, Наманган шаҳридаги «ЎзЧАСИС» МЧЖ корхонасида «Спарк, Кобальт ва бошқа автомобилларнинг туманга қарши ёритгичлари учун электр энергия сарфини ҳисоблаш» ишланмаси бўйича Андижон машинасозлик институти ўртасида шартнома имзоланган бўлиб, мазкур инновацион ишланма корхона томонидан молиялаштирилиб, ишлаб чиқаришга татбиқ этилди. Наманган муҳандислик технология институтининг «Альтернатив энергия ёрдамида пахта қуритиш ускунаси» инновацион ишланмаси бўйича «Косонсой пахта толаси» АЖ ҳамда «Наманганпахтасаноат» ҳудудий акциядорлик бирлашмаси ўртасида тузилган шартномага кўра, уни молиялаштириш ва ишлаб чиқаришга татбиқ этиш кўзда тутилган. Шунингдек, мазкур институтнинг иккита ишланмаси – «Ўсимлик томиридан шарбат олиш технологияси» бўйича Тўрақўрғон туманидаги «Юнусали, Муҳаммадали, Маҳбуба» ф/х билан ҳамда кичик ҳажмдаги сомон ўтларини майдаловчи ускуна ишланмаси бўйича «Илҳом, Икром Бозоров» ф/х билан шартнома имзоланган. Бугунги кунда мазкур фермер хўжаликлари молиявий имкониятлари йўқлиги ҳисобига ўзаро келишув шартномаларини амалга ошириш кечиктирилган.
Бундан ташқари, давлат грантлари асосида 2015–2017 йилларга мўлжалланган умумий қиймати 623,9 млн сўмлик тўртта фундаментал, олтита амалий ва иккита инновацион лойиҳани амалга ошириш бўйича иш олиб борилмоқда. Жорий йилнинг 19–21 май кунлари Тошкентдаги «Ўзэкспомарказ»да ташкил этилган «VIII Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар Республика ярмаркаси»да Наманган вилояти тақдимоти бўйича жами 17 та ишланмага хўжалик юритувчи субъектлар томонидан умумий қиймати 1,5 млрд сўмлик 49 та шартнома имзоланди. Шундан, вилоят ташкилотлари билан 636,7 млн сўмлик 45 та шартнома тузилишига эришилди.
Саноат-инновацион (махсус индустриал-иқтисодий минтақалар МИИМ) тузилмаларини, технопарк тизимлари, юқори технологик минтақаларни шакллантириш ҳам бу соҳадаги муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади.
Технопарклар ҳозирги замон жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувда муҳим калитдир. Айни пайтда республикамизда турли харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган технопарклар лойиҳасини амалга ошириш бошлаб юборилди. Мазкур технопарклар илмий ишланма ва тадқиқотлар ўтказиш, соҳалар бўйича инновацион маҳсулот намуналарини тажрибавий-индустриал текширув ва ўзлаштиришга ихтисослаштирилади.
Давлатимиз раҳбари юқори технологик ва инновацион ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун етарли даражадаги салоҳият ва имкониятларга эга бўлган хорижий стратегик ҳамкорларни жалб этиш хусусида топшириқ берди. Бунинг учун, технопарк иширокчиларига кенг миқёсдаги имтиёз ва енгилликлар тақдим этилади.
Шунингдек, республикамизда АҚШдаги «Силикон водийси» деб номланган инновацион маконга ўхшаш инновацион марказ лойиҳасини шакллантириш бўйича ҳаракат бошлаб юборилди. Ушбу марказнинг дастлабки лойиҳаси Тошкентдаги Инҳа университети билан боғланган. Кейинчалик, тадрижий равишда ушбу лойиҳа мамлакатимиз IT-компаниялари юқори технологик маҳсулотлари жойлаштириладиган эркин иқтисодий зонага айлантирилиши назарда тутилган. Инновацион марказ ташкил этилиши мамлакатимиздаги мураккаб дастурий маҳсулотлар, шу жумладан, экспортга мўлжалланган маҳсулотларни ишлаб чиқаришга асос бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 майдаги «Нукус-фарм», «Зомин-фарм», «Косонсой-фарм», «Сирдарё-фарм», «Бойсун-фарм», «Бўстонлиқ-фарм» ҳамда «Паркент-фарм» эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш ҳақидаги фармойиши, хорижий ва маҳаллий инвестициялар учун имтиёзлар берилиши, коммуникацион-муҳандислик, транспорт-ташиш ва ишлаб чиқариш тузилмаларини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар мамлакатимиз фармацевтика соҳаси ривожига ўзига хос тарзда ҳисса қўшишга қаратилган. Ушбу масалалар ечимига йўналтирилган Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди.
2015 йилда Наманган вилояти иқтисодиёт тармоқларида ўнта корхонада инновацион маҳсулот, хизмат ва ишлар ҳажми 27 млрд сўмни ташкил этган. 2016 йилда эса 13 та корхонада 34,7 млрд сўмлик турли хил маҳсулотлар, хизматлар ва ишлар бажарилган. Ёки, ўтган йилга нисбатан корхоналар сони учтага, ишлаб чиқариш ҳажми 1,5 мартага кўпайган. Корхоналарда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ва хизматларнинг деярли тўлиқ сотилишига эришилган. 2015 йилда сотилган маҳсулотларнинг 28,7 фоизи ва 2016 йилда сотилган маҳсулотнинг 40,9 фоизи республикадан ташқарига чиқарилган.
Инновацион ривожланишни таъминловчи инвестициялар манбаи нималардан иборат, деган табиий савол туғилиши шубҳасиз. Яъни, Наманган муҳандислик-технология институти профессор-ўқитувчилари «Текстиль кластери»ни ташкил этиш бўйича ўн йил давомида илмий-тадқиқот ишлари олиб бормоқда. Тадқиқот натижалари бўйича тўққизта патент олиниб, ишлаб чиқаришга татбиқ этилган, ўнта дарслик, ўқув қўлланмалари ва монографиялар, 50 дан ортиқ илмий мақолалар нашр этилган.
Наманган вилоятидаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига ишлаб чиқараётган маҳсулотлари сифатини яхшилаш ва рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида техник-технологик, инжиниринг, дизайн-мода, реклама ва консалтинг хизматлари кўрсатишни тубдан яхшилаш бўйича вилоят ҳокимининг махсус қарори қабул қилинган. Мазкур қарорга асосан, «Наманган текстиль» кластерини шакллантириш схемаси доирасида «Инжиниринг» ва «Дизайн-модалар» марказларини ташкил этиш кўзда тутилган. Яъни, Наманган муҳандислик-технология институтида Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг «Текстиль кластери инновацион моделини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш» лойиҳаси бўйича 2015–2017 йилларга мўлжалланган Давлат гранти амалга оширилмоқда. Бугунги кунда фаолият юритаётган 50 дан ортиқ пахта тозалаш, тўқимачилик ва енгил саноат корхоналари билан «Текстиль кластери»ни ташкил этиш бўйича шартномалар имзоланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 3 июлдаги «Давлат тасарруфидаги мулкларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига бериш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 192-сонли қарорлари асосида Наманган шаҳри, Тўрақўрғон, Поп туманларида бўш турган ер майдонлари негизида кичик саноат зоналарини ташкил этиш белгиланган, хусусан:
Наманган шаҳрида ташкил этилиши режалаштирилган учта кичик саноат зонасига тадбиркорлик субъектлари жойлаштирилган. Жумладан, «Натурал инвест» МЧЖда 20 та, «Шифо ЛТД» МЧЖда учта ҳамда «Наманганагромаш» АЖда учта тадбиркорлик субъекти жойлаштирилган. Тўрақўрғон туманидаги собиқ «148-ХМКК» МЧЖ ўрнида 4 та тадбиркорлик субъекти жойлаштирилиб, учтасида ташаббускорлар ишлаб чиқариш жараёнини йўлга қўйиш учун ускуна ва жиҳозлар ўрнатмоқда, биттасида қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Шунингдек, Тўрақўрғон туманидаги собиқ «Деҳқонмаштаъминот» АЖда саккизта тадбиркорлик субъекти жойлаштирилган бўлиб, ҳозирда улардан биттасида маҳсулот ишлаб чиқариш жараёни йўлга қўйилди ҳамда еттита корхонада ишлаб чиқариш биноларини қуриш ишлари якунига етказилмоқда.
Поп туманидаги «Ўзрубероид» АЖ ҳудудидаги бўш турган ер майдони негизида ташкил этилиши белгиланган саноат ҳудудига ўнта тадбиркорлик субъекти жойлаштирилган. Айни пайтда ишлаб чиқариш биноларини қуриш ҳамда коммуникация тизимларини тортиш ишлари амалга оширилмоқда. Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар IX – Республика ярмаркаси якуний натижаларига кўра вилоятдан 83 та 1,333 млн сўмлик шартнома имзоланган.
Илм-фан, таълим, ишлаб чиқаришнинг самарали интеграциясини таъминлаш ва саноатнинг инновацион ривожланишида технопарк ва технокомплекслар катта аҳамиятга эга. Ўз навбатида, институтда амалга оширилаётган «Текстиль кластери» инновация моделини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш доирасида қуйидаги мақсадлар кўзда тутилган. Юқорида қайд этилган чора-тадбирлар ишлаб чиқариш жараёнларига мос ва мувофиқ тайёрланишига хизмат қилади.
Республикада ташкил этилган барча Бизнес-инкубаторларга 120–350 кв/м.дан иборат офис бинолари ажратилган, материал базалари мустаҳкамланиб, замонавий оргтехникалар билан таъминланган. Янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари бизнес-инкубаторда мустақил фаолият олиб бориши учун кўмаклашиш мақсадида инкубация жараёнига жалб этилмоқда. Бунда ҳар йили ўртача 600–850 нафар тадбиркорга тадбиркорлик асослари, бухгалтерия ҳисоби, инглиз, рус тиллари ва компьютер саводхонлиги, инновация ишланмаларини ишлаб чиқаришга татбиқ этиш бўйича қисқа курслар ташкил этилмоқда.
Бугунги кунда Наманган вилоятида 300 нафардан ортиқ илмий даражага эга профессор-ўқитувчилар фаолият юритмоқда. Улардан 17 нафари фан доктори, профессор, 248 нафари фан номзодлари бўлиб, педагогика фанлари бўйича 45, психология фанлари бўйича бир, тарих 20, филология 11, фалсафа фанлари олти, социология фанлари уч, физика-математика фанлари 39, география фани ўн, биология фанлари 15, тиббиёт фанлари бир, санъатшунослик фанлари уч, техника фанлари 94, қишлоқ хўжалиги фанлари етти, иқтисод фанлари 41, ҳуқуқшунослик фанлари бўйича икки нафар олим мавжуд. Ушбу статистик маълумотлар, ўз навбатида, муайян маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ инновацион фаолиятга табиий ҳамда техник жиҳатдан таъсир этиши шубҳасиз. Мавжуд илмий салоҳият вилоятнинг илмий-амалий муаммоларини аниқлаш ва ечимини топиш учун етарли бўлишига қарамай, айни пайтда ушбу салоҳият назарий ва экспериментал соҳаларга йўналтирилганлигини ҳам унутмаслигимиз лозим.
Сўнгги йилларда олимларимиз томонидан маҳаллий саноат учун керак бўлган металлни қайта ишлаш соҳасида қўлланиладиган импорт ўрнини босувчи қуруқ сурков композитлари ишлаб чиқилди. Ушбу ишланма «Ўзэкспомарказ»да ўтказилган VIII Республика «Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар» ярмаркасида намойиш этилди.
Жорий йилда мустақил изланувчилик институти орқали бешта ихтисослик бўйича саккиз нафар илмий-педагогик кадрлар тайёрланмоқда. Икки нафар мустақил изланувчи докторлик диссертациясини якунлаб, ҳужжатларини илмий кенгашга топширган. НамМТИ ўқитувчиси докторлик диссертациясини Италиянинг Болонья университетида муваффақиятли ҳимоя қилди. Шунингдек, яна бир ўқитувчи докторлик диссертациясини Швеция давлатида ҳимоя қилишни режалаштирган.
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси томонидан эълон қилинган 2012–2014 йилларга мўлжалланган тўртта амалий ва битта инновацион тадқиқотлар дастурлари доирасидаги лойиҳалар амалга оширилди. Лойиҳа ва ишланмалар бўйича 113 та илмий мақола ва тезислар чоп этилиб, 14 та лойиҳа ва ишланмаларга патентлар олинди, жумладан:
● пахта тозалаш заводларида тола сифатини яхшилаш ва миқдорини ошириш;
● пахта хомашёсини янги усулда тозалаш ва толали чигитни ажратиб олиш;
● пишитилган иплар тайёрлаш технологиясини яратиш;
● қуёш энергиясидан фойдаланиб чигитли пахтани қуритиш;
● маҳаллий хомашёлар асосида болалар овқатланиши учун биоқўшимча ишлаб чиқариш технологияси каби йўналишларда ишланмалар яратилди.
Ўзбекистон Фанлар Академиясининг тармоқ институтлари ва олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда катта илмий ходим-изланувчилар ва магистрлар иштирокида илмий-тадқиқот ишлари бўйича тақдимотлар ўтказиш кўламини кенгайтиришга эътибор берилмоқда, яъни:
● инновацион ҳамкорликни амалга оширишда ишлаб чиқариш корхоналарининг самарали иштирокини таъминлаш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш;
● чет элда соҳалар бўйича малака ошириш, тажриба алмашиниш, шунингдек, илмий-тадқиқот ишлари бажарилишини жадаллаштириш масалаларини ҳал қилиш учун грантлар олишга эътиборни янада кучайтириш;
● бизнес-инкубаторларни етарли миқдордаги замонавий жиҳозлар, бино ва оргтехника билан таъминлаш;
● инвестицион фаолиятни рағбатлантиришда маълумот ошкоралиги ҳамда муҳимлигига эътибор бериш.
Инвесторлар ва аҳолининг кенг қатламларига фонд бозорига кириш ҳуқуқини тақдим этиш, омонатларни шакллантириш ҳамда уларга иқтисодиётнинг реал секторига инвестиция киритишнинг муқобил имкониятларини яратиш ҳам муҳим талаблардан бири ҳисобланади.
Транспорт ва телекоммунуникация тузилмаларини инновацион технологиялар ҳамда инвестицияларни ўзлаштириш ҳисобига ривожланишини тезлаштириш, кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, чет элларда амалиёт ўташларига эришиш, бу йўлдаги самарали натижалар гаровидир.
Бу борада инновацион ва ижодий фаолиятга фаол жалб этилаётган ёш олимлар ишланмалари ҳам эътирофга сазовор бўлмоқда. Бизнес-инкубаторлар бўйича бир қатор ҳамкор ташкилотлар билан иш олиб борилмоқда, жумладан: Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Наманган филиали, «Ёшлар иттифоқи» ва бошқа нодавлат ташкилотлари шулар жумласидандир.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар Агентлиги томонидан 2018–2020 йилларга мўлжалланган давлат илмий-техникавий дастурлари доирасида 35 ёшгача бўлган ёш олимлар танлови эълон қилинди. Шу жумладан, танловда илмий даражага эга бўлмаган ёш изланувчилар, иқтидорли ёшлар ҳам иштирок этишлари мумкин. Ушбу танловда кўплаб ёшлар ўз ғоялари билан иштирок этишлари учун турли лойиҳалар устида иш олиб бормоқдалар.
Акбаржон ҲАКИМОВ,
«O‘zIA» мухбири