Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Йигирма беш йил тарих учун киприк қоқгулик лаҳза. Бироқ, Истиқлол аталмиш тотли неъмат таъмидан баҳраманд бўлган халқимиз учун унинг қадри асрларга татийди. Боиси, ана шу шонли даврда ўз йўлимизни танлаб олдик. Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган тараққиётнинг ўзига хос модели асосида ривожланиб, Ўзбекистоннинг улкан имкониятлар мамлакати эканлигини бутун жаҳонга намоён эта олдик.
Озод ва обод ватанимизда ҳукм сураётган тинчлик, фаровонлик, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий юксалтириш каби эзгу мақсадлар халқимизни – ана шундай муваффақиятлар сари илҳомлантирмоқда. Бугун юртимизнинг исталган ҳудудида бўлгани каби Наманган вилоятида ҳам кенг миқёсли бунёдкорлик, яратувчанлик ишларига алоҳида аҳамият берилмоқда. Кундан-кунга авж олаётган улкан ўзгаришларни кўрган киши қалбида чексиз қувонч ва келажакка ишонч руҳи янада ортиши табиий ҳол, албатта.
Гўзал ва бетакрор Фарғона водийсининг гавҳари ҳисобланган Наманган вилоятида бугунги кунда 2603,2 минг киши истиқомат қилади. Улар мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳаётбахш ислоҳотларда фаол иштирок этмоқда. Наманган қулай географик жойлашувга эга бўлиб, унинг замини хилма-хил фойдали қазилмалар, хусусан нефть, олтин ва кумуш каби нодир рудаларга, қурилиш материаллари учун зарур бўлган хомашёга, ғоят шифобахш минерал сувларга бойлиги билан ажралиб туради. Норин дарёси эса йирик гидроэнергетик ресурслари бўйича Марказий Осиёда Вахш дарёсидан кейинги иккинчи ўринда туради. Туризм, сайру-саёҳатни ривожлантириш ва курорт соҳасининг муҳим омили бўлган рекриацион ҳамда больнеологик ресурслар вилоят иқтисодиётининг истиқболдаги тараққиётини белгилаб берувчи муҳим омиллардан ҳисобланади. Бу имкониятларнинг катта қисми истиқлол шарофати билан халқимиз манфаатлари учун хизмат қила бошлади.
Вилоят ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги ўзгаришлар энг аввало фаровон турмуш асоси бўлган ишлаб чиқариш соҳасининг барқарор ўсиш суръатларида намоён бўлмоқда. Хусусан, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизациялаш, мавжуд корхоналарни техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, замонавий технологияларга асосланган янги қувватларни ишга тушириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлаш юзасидан муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди. Натижада, бугунга келиб вилоятда машинасозлик ва металлни қайта ишлаш, енгил ва озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари тайёрлаш ва хизмат кўрсатиш соҳасида беқиёс имкониятлар юзага келтирилди. Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, қулай инвестициявий муҳит яратилганлиги, ишлаб чиқариш инфратузилмаси ривожланишига устувор аҳамият берилаётгани, бандлик дастури ижроси изчиллик билан таъминланаётгани энг муҳим омиллар сифатида барча жабҳаларнинг параллел тараққий этишига йўл очиб бермоқда.
Масалан, вилоят саноат салоҳиятини юксалтириш бўйича уч йил аввал қабул қилинган махсус дастурнинг якунловчи босқичи бўлмиш 2015 йилда 314 та лойиҳани амалга ошириш учун 226,1 млрд сўмлик инвестиция жалб этилди. Бу эса, жойлардаги ишламай турган ёки паст қувватда ишлаётган, маънавий ва жисмоний жиҳатдан эскирган технологик воситаларда маҳсулот чиқараётган корхоналар қувватини тиклаш имконини берди. Кичик бизнес субъектлари томонидан ишлаб чиқаришга хорижнинг илғор технологиялари жорий этилди. Яъни, 2015 йилда қарийб 2,7 трлн сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ўтган йилга нисбатан 114 фоиз ўсишга эришилди.
Барча минтақаларда бўлгани каби Наманганда ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка иқтисодиётнинг мустаҳкам таянчи сифатида жиддий эътибор қаратилмоқда. Унинг ҳар тарафлама ривожланиши учун барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Айни пайтда ушбу йўналишда 15700 дан зиёд субъектлар фаолият кўрсатаётгани, ўтган йили ЯҲМдаги улуши 80,2 фоизни ташкил этганини мамнуният билан тилга олиш мумкин. Аҳоли бандлигида бу кўрсаткич 83,4 фоизни ташкил этмоқда. Мазкур корхоналарда илғор технологияларни жорий этиш ҳисобига вилоят учун янгилик бўлган автомобилларга мўлжалланган сиқилган газ баллонлари ҳамда аккумуляторлар, болалар ва катталар велосипедлари, тиббиёт воситалари, дори-дармонлар, мармар плиталар, цемент ва шиферлар, ўлчов асбоблари сингари маҳсулотларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Шу ўринда кичик бизнесда фаолият кўрсатаётган тадбиркорларнинг истиқболли режалари ижроси йўлидаги имтиёз ва имкониятлар хорижликларнинг ҳам қизиқишини орттираётганини таъкидлаб ўтишимиз лозим. Бу борадаги ишлар тўғридан-тўғри инвестиция киритиш билан боғлиқ ҳамкорлик алоқалари ривожига кенг йўл очмоқда. Қўшма лойиҳалар нафақат вилоят ва туман марказлари, балки, олис қишлоқларда амалга оширилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Масалан, Поп туманидаги «Асадбек Чоркесар» фермер хўжалиги негизида ташкил этилган «Абдумалик Лазиз импекс» қўшма корхонасида фермер Абдумалик Йўлдошев ва унинг хорижий ҳамкори томонидан тенг равишда киритилган 150 минг АҚШ доллари миқдоридаги сармоя ҳисобига йилига 30 минг дона трикотаж маҳсулотлари тайёрлаш қувватига эга бўлган линия ишга туширилди. Айни пайтда бу ерда ўрнатилган хорижий дастгоҳларни 70 нафардан зиёд қишлоқ ёшлари моҳирлик билан бошқариб, 20 турдаги экспортбоп кийим-кечаклар тайёрлашяпти.
Иқтисодиётнинг реал секторини ривожлантиришга йўналтирилган бундай лойиҳалар ижроси ишлаб чиқариш салоҳиятини муттасил ўстириш, пировардида, истеъмол бозорини рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдириш, аҳоли ва ёшлар учун иш ўринлари яратиш, экспорт имкониятларини кенгайтириш истиқболини очмоқда. Масалан, наманганликларнинг ташқи иқтисодий фаолиятдаги иштирокини кўздан кечирадиган бўлсак, 2000 йилда жаҳон бозорига 75,3 млн АҚШ долларига тенг маҳсулот чиқарилган бўлса, 2010 йилга келиб бу кўрсаткич 119,5 млн долларни ташкил этди. Ўтган йили эса, ташқи бозорга 165,5 млн долларлик маҳсулот ва хизматлар сотилди. Муҳими, экспорт таркиби сифат жиҳатдан яхшиланиши натижасида ташқи савдода хомашё улуши камайиб, тайёр маҳсулотлар ҳажми ортмоқда. Масалан, 1991 йилда 96,8 фоиз маҳсулот вилоят ҳудудидан оддий хомашё сифатида четга сотилган бўлса, қайта ишлаб чиқаришни ривожлантириш эвазига бу кўрсаткич 2015 йилда 91,8 фоизга пасайди. Айни пайтда вилоят экспортчилари томонидан жаҳон бозорига биотармоқ маҳсулотлари, эркаклар костюм шими, момиқ сочиқ, мебель ватаси, асал, ҳатто тўтиқуш сингари паррандалар чиқарилмоқда. Бу эса, корхоналарнинг экспорт географияси кенгайишига, 70 дан ортиқ мамлакатлар билан иқтисодий алоқалар ўрнатишга имкон бермоқда.
Ўтган йили ноябрь ойида Халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлди. Унда Юртбошимиз вилоят аҳли олдида турган муҳим вазифалар ҳақида сўзлаб, Наманганнинг саноат салоҳияти ва инфратузилмасини кескин ривожлантиришга мўлжалланган махсус дастур ишлаб чиқилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтган эдилар. Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти ташаббуси билан қабул қилинган «2016–2019 йилларда Наманган вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида»ги қарор ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётида янги босқични бошлаб беради. Унда умумий қиймати қарийб 5 млрд долларга тенг 254 та лойиҳани амалга ошириш натижасида 16 мингдан зиёд иш ўринлари яратиш кўзда тутилган. Дастур доирасидаги лойиҳаларда муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва инфратузилмаларни ривожлантириш, ер ости қазилма бойликларидан самарали фойдаланиш, саноат корхоналарини хомашё ресурслари билан таъминлаш, янги корхоналар ташкил этиш, ишлаб чиқариш жараёнини техник ва технологик жиҳатдан модернизация қилиш, кенгайтириш ва диверсификациялаш тадбирлари амалга оширилади. Ушбу вазифалар ижроси натижасида 2019 йилга бориб, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 4,6 трлн сўмга, вилоятнинг республика умумий саноат ишлаб чиқаришидаги улуши 2,7 фоиздан 4,2 фоизга етказилади.
Айни пайтда босқичма-босқич амалга оширилаётган дастурдан кўплаб йирик лойиҳалар ўрин олган. Улар орасида «Аср қурилиши», деб ном олган «Ангрен-Поп» электрлаштирилган темир йўли қурилишини олайлик. Фарғона водийсини республиканинг бошқа ҳудудлари билан боғловчи темир йўли ишга туширилиши Қамчиқ довонида транспорт ва юк ташиш оқими зўриқишини камайтиради. Шу билан бирга, вилоят корхоналари ишлаб чиқараётган маҳсулотлар экспортида сарф-харажатларни сезиларли даражада қисқартиради. Энг муҳими, йилига 611,7 минг нафар йўловчи ва 2067,1 млн тонна юк ташиш имкони туғилади. Яъни, узунлиги 123,1 километр бўлган мазкур йўлни қуриш жараёнида 19,1 километрли туннель бунёд қилинди. Бу дегани, темир йўлда мингга яқин киши меҳнат қилади, бу иш ўринларининг 660 таси вилоят ҳисобига тўғри келади. Айтиш лозимки, буларнинг барчаси вилоятимиз аҳли учун улкан истиқбол, чексиз имкониятдир.
Минтақада электр энергияси таъминотини яхшилашга хизмат қилувчи «Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси» қурилиши ҳам истиқболли лойиҳалардан ҳисобланади. Тўрақўрғон туманининг Шохидон қишлоғида барпо этилаётган ушбу йирик объектнинг қурилиш лойиҳаси ҳамда технологик жиҳозлари Япониянинг «Жайка» Халқаро ҳамкорлик агентлиги томонидан тақдим қилинмоқда. Техник ва иқтисодий асослар лойиҳаси ва қурилишнинг умумий қиймати қарийб 1,2 млрд долларга тенг бўлиб, у ўзлаштирилиши давомида биринчи босқичда, яъни, 2017 йилда 450 мегаватт қувватга эга дастлабки буғ газ турбинаси ишга туширилиши кўзда тутилган. Кейинги босқичларда яна учта шундай турбина фойдаланишга топширилади. Ўта замонавий техникалар билан жиҳозланадиган бу улкан иншоот шубҳасиз халқимиз фаровонлиги учун хизмат қилади.
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида юз бераётган туб ўзгаришлар Наманган вилоятида ҳам ўз аксини топмоқда. Ҳукуматимизнинг фермерчиликка қаратаётган эътибори ва соҳибкорларимиз учун яратаётган имкониятлари уларни янги-янги марраларни эгаллаш учун сафарбар этмоқда. Натижада, бугунга келиб ушбу соҳа иқтисодиётнинг устунига айланди. Бунда ер эгаларининг фаолиятини янада такомиллаштириш, соҳада илғор технология ва иш усулларини муваффақиятли жорий этиш, фермер хўжаликлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Пировард натижада, вилоятда етиштирилаётган пахта, ғалла ва чорвачилик маҳсулотлари ҳажми йилдан-йилга кўпаймоқда. Муҳими, фермер чинакам ишлаб чиқариш соҳиби сифатида шаклланди. Боиси, қишлоқ мулкдорларининг аксарияти кўп тармоқли хўжалик юритишни йўлга қўйган бўлиб, нафақат пахта, ғалла ёки мева-сабзавот етиштириш билан чекланиб қолмоқда, балки қайта ишлаш, саноат маҳсулоти тайёрлаш, ҳунармандчилик, қурилиш соҳаси билан ҳам мунтазам шуғуллана бошлашди.