Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Ҳар бир мамлакатнинг жаҳон иқтисодиётидаги мавқеи нафақат ушбу мамлакат ҳудудининг ҳажми ва минерал хомашё ресурсларига бой эканлиги, балки рақобатбардошлик даражаси билан ҳам ўлчанади. Яъни, юқори технологияларга асосланиб турли хилдаги сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг ривожланганлик даражаси эътиборга олинади.
Жаҳон хўжалик тизимида глобаллашув жараёнлари чуқурлашиб, бозор муносабатлари такомиллашиб бораётган айни пайтда иқтисодий таълим тизимини ривожлантириш алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, у тобора кучайиб бораётган замон талабларига жавоб берадиган иқтисодчи кадрларни тайёрлашни тақозо этади.
Аммо, замонавий иқтисодий жараёнлар ва тенденциялар шундан далолат берадики, иқтисодий таълим доимий, узлуксиз такомиллаштирилиши, жаҳон хўжалигида, жумладан, турли давлат ва минтақаларда юз бераётган мураккаб ўзгаришларнинг тезкор таҳлили, жаҳон бозори конъюнктурасидаги динамик ҳолатлар тегишли равишда тизимли тадқиқ этилиши лозим. Ушбу иқтисодий таълим тизимидаги масалалар тезкор ҳал этилиши учун чуқур ислоҳотларни давом эттириш талаб этилади.
Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов жаҳон иқтисодиётининг бундан кейинги ривожланиш тенденцияларига, мамлакатимизда иқтисодий ҳаётни модернизациялаш масалаларига муносабат билдириб, молиявий-иқтисодий инқироз оқибатларини бартараф этиш мураккаб кечиши ва иқтисодиётни соғломлаштириш жараёни узоқ давомли ва ўта мураккаб бўлиши мумкинлигини кўрсатиб ўтган.
Таълим соҳасига устувор эътибор қаратиш замонавий ривожланишнинг объектив қонунияти ва асосий шарти ҳисобланади. Демак, иқтисодий таълим тизими, ўз навбатида, таълим жараёнининг таркибий қисми сифатида, инсон ривожланишининг асосий мақсадини рўёбга чиқариш – кишиларнинг турмуш фаровонлигини ҳамда маърифий соҳанинг динамик тараққиётини таъминлашга хизмат қилади. Иқтисодий таълимнинг илгари кузатилмаган устувор йўналишлари, унинг иқтисодий парадигмалари ўзгараётган бир шароитда жамият ҳаётидаги ролининг ортиб бориши, таълимнинг асосий иқтисодий ресурслардан бирига айланганлиги ва касбий малака, ижодий ва тадбиркорлик қобилиятида юзага чиқиши, инсон иқтисодий фаолиятининг бевосита бошқа омилларга боғланиб қолаётганлиги, мотивациянинг моддий рағбатлантиришга эмас, балки ахборотлар кўламига, уларни қайта ишлаш имкониятларига тўғридан-тўғри алоқадорлиги кучайиши кабиларда намоён бўлмоқда.
Бозор иқтисодиёти шароитида ресурсларни оптимал жойлаштириш, иқтисодий омилларнинг реал ликвидли иқтисодий ресурсларга айлантириш тезлигини оширишда иқтисодий моделлаштириш, иқтисодий масалаларнинг оптимал ечимларини топиш, тадбиркорлик доираларига иқтисодий тафаккур қилиш тарзини киритиш ва такомиллаштириш ҳал қилувчи роль ўйнайди.
Иқтисодий таълимнинг тизим сифатида намоён бўлишида мазкур таълим йўналишининг шаклланган таълим ва маърифий қадриятлар, давлатнинг таълим концепцияси ва стратегияси мақсадлари, таълим сиёсатини амалга оширишнинг ташкилий, ҳуқуқий ва иқтисодий асослари нақадар бир бирига мослиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Иқтисодий таълим тизимини иқтисодиётни ривожлантиришдаги ўрни, унинг моҳияти тўғрисида иқтисодчи олимлар томонидан ҳали ягона илмий назарий асосланган фикр йўқ, десак хато қилмаган бўламиз.
Таниқли иқтисодчи олимлар таълим, хусусан, иқтисодий таълимни инсон ривожланиши концепциясида асосий ва марказий ўринлардан жой олишини, мазкур йўналишда таълим ва илм-фанни юқори даражада ривожлантириш ижтимоий, техник ҳамда иқтисодий тараққиётнинг муҳим интеллектуал омилларидан бири сифатида қайд этишади. Ҳатто, статистик маълумотлар ва таҳлилий материаллар ҳам, камбағаллик ва қашшоқлик ҳам муайян даражада таълим даражасига, кишиларнинг иқтисодий билим соҳасидаги саводхонлик даражасига боғлиқ эканлигини тасдиқлайди.
Глобал миқёсда инсон тараққиёти омиллари ҳамда инсон ресурсларини ривожлантириш, инсон капиталига инвестициялар киритиш каби атама ва тушунчаларнинг кенг кўламда тарғиб қилинаётганлиги бежиз эмас. Чунки, уларнинг «иқтисодий организм»га айланиб улгургани иқтисодий тафаккур такомиллаштирилишига урғу бериш зарурлигини билдиради. Иқтисодчи олим Н. Тўхлиев фикрича, жамиятнинг ялпи иқтисодий салоҳияти таркибига ресурслар салоҳияти (минерал хомашё, ер ва сув, меҳнат ресурслари каби), илмий, илмий-техника, инновацион салоҳият, ишлаб чиқариш кучлари, ишлаб чиқариш муносабатлари, миллий бойлик, асосий фондлар билан бир қаторда замонавий иқтисодий билимларни ўзлаштириш ва уни кенгайтирилган тарзда қайта ишлаш ҳамда иқтисодий самарадорликни таъминлашга хизмат қилдириш имкониятлари ҳам киради. Ёки иқтисодий таълимга шахснинг илк ва туб ижтимоий эҳтиёжларидан бири деб қаралса, у ҳолда иқтисодий таълим шахс шаклланишининг дастлабки давридан бошлаб татбиқ этилиши зарур.
Иқтисодий таълимга давлат даражасида эътибор қаратилган ҳолатдагина, аҳолининг ақлий салоҳиятини оширишга, имкониятлардан самарали ва тўла фойдаланишга муваффақ бўлинади. Иқтисодиёт фанларини тарғиб этишда зарур билимга эга бўлиш, мамлакатни ривожлантириш ва миллий бойликни тўплаш ва кўпайтиришнинг муҳим таркибий қисмига айланиши лозим. Шу билан бирга, давлат ижтимоий-иқтисодий соҳа ва тармоқлардан бирига устуворлик бермасдан, балки реал иқтисодий фаолиятга қанчалик эътибор қаратса, иқтисодий таълим тизими шунчалик тез ўз натижасини намоён қилади.
Иқтисодий таълимга жамият нуқтаи назаридан қараладиган бўлса, таълим жамиятни ривожлантиришда глобал моддий-маънавий қадриятлар, ўзига хос ижтимоий менталитет ва дунёқарашни шакллантиришга хизмат қилади. Ривожланган мамлакатлар ички турмуш тарзида шу нарса намоён бўладики, яъни, жамият аъзолари ёки алоҳида олинган ижтимоий қатламлар одатда, муаммоларни қонун доирасида, хўжалик юритиш ва мулкчиликка эгалик қилиш ва бошқа шунга ўхшаш қонун ва қонун ости меъёрий ҳужжатлари доирасида ҳал қилади. Бунга албатта туб иқтисодий манфаатларнинг оптимал ечимига олиб келадиган механизмларни шакллантириш орқали эришилади.
МДҲ мамлакатларида бозор ислоҳотларини амалга ошириш жараёнида маълум қийинчиликлар юзага келишига асосий сабаб – иқтисодий билимлар талабларидан хабарсиз, ижтимоий-иқтисодий таназзулнинг туб моҳиятини чуқур билмаслик оқибатида бозор трансформацияси жараёнларига мослаша олмаслик, нотўғри қарорлар қабул қилиш ҳоллари тез-тез учраб тургани бўлди.
Бозор иқтисодиётига ўтиш йўлини танлашда «500 кун», «шок терапияси» каби қарашларнинг келиб чиқиши ҳам шундай ёндашувларнинг натижаси, дейиш мумкин. Иқтисодий тараққиёт тадрижий мазмунда эканлиги ҳисобга олинса, ислоҳотларга инқилобий йўллар орқали эришиб бўлмаслиги аён бўлади. Мазкур мулоҳазалар иқтисодий билимлар такомиллашуви ва жамият ривожланиши тадрижийлиги ўртасида мантиқий боғлиқлик мавжудлигини кўрсатади.
Иқтисодий таълим жамият аъзоларининг иқтисодий тафаккур тарзини шакллантириш ва кенгайтириб боришни, иқтисодий-хўжалик фаолияти кўникмаларини ҳосил қилиш ва мустаҳкамлашни, иқтисодий ҳаётнинг тез ўзгарувчан соҳаларига мослашиш тажрибасини орттиришни, иқтисодий воқеа-ҳодисаларга уларнинг онгли муносабатини шакллантиришни назарда тутади.