Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Мустақиллик туфайли мамлакатимизда аҳолини моддий, ижтимоий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларга манзилли хизмат кўрсатиш каби эзгу ишлар давлат ва жамоат ташкилотлари зиммасидаги асосий вазифалардан бирига айлантирилди. Иқтисодиётни ривожлантириш бўйича мавжуд салоҳиятни ишга солишга қаратилган саъй-ҳаракатлар меҳнат аҳлига муносиб яшаш шароитини яратиб бермоқда. Бунинг натижасида халқимиз турмуш тарзи юксалиб, ютуқлар салмоғи ошиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, аҳолининг тинч-тотув яшашини таъминлашда, оилаларни мустаҳкамлашда ва ёшлар тарбиясида муҳим омил бўлмоқда.
Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари дадил қадам қўяётган, тараққиётнинг «ўзбек модели» асосида юксак марраларни забт этаётган, жадал суръатда ривожланаётган мамлакатимизда Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши фаолияти ҳам кенгайиб бормоқда. Айни пайтда уюшманинг жойлардаги бўлинмалари томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда «Соғлом она ва бола йили» давлат дастури доирасида кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Жумладан, ушбу дастур асосида меҳнат жамоаларида дастурнинг мақсад ва моҳиятини тарғиб этувчи «Маънавият соатлари», давра суҳбатлари, семинарлар ўтказилди. Шунингдек, оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёллар манфаатини ҳимоя қилиш, соғлом болани тарбиялаш, оила институтини мустаҳкамлашга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштиришда касаба уюшмаларининг фаол иштироки таъминланди.
Масалан, Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 46-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси тайёрланишида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорлик қилинди. Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган 138, 182, 100, 103 ҳамда 111-Конвенцияларига иш берувчилар томонидан риоя этиш талаби корхона, ташкилот ва муассасаларда тузилган 90276 та жамоа шартномасига киритилган бўлиб, уларга амал қилиниши юзасидан касаба уюшмалари томонидан жамоатчилик назорати олиб борилмоқда.
«Ишонч телефонлари» орқали 856 нафар аёлга ҳуқуқий маслаҳат берилди, 602 та мурожаат бўйича талаблар қаноатлантирилди, 552 нафар аёлнинг қонуний ҳуқуқи тикланди. Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, ҳомиладор аёллар соғлиғини сақлаш, ёш оналар ва болаларни парвариш қилиш ишларини кучайтириш йўналишларида ҳам тизимли ишлар амалга оширилди. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган 416 нафар аёл, 406 нафар таълим ҳамда тиббиёт ходимлари касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда бепул даволанди. «Умид гулшани» санаторийсига ёш оилаларнинг 209 нафар аъзоси учун йўлланма берилди. Шунингдек, санаторийлар атрофида жойлашган маҳаллалардаги 1145 нафар она ва бола тиббий ташхисдан ўтказилиб, амбулатор шароитда соғломлаштирилди. Мустақиллик байрами арафасида эҳтиёжманд оилаларнинг 4060 нафар аёли Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан мамлакатимизда ишлаб чиқарилган электр-маиший техника жиҳозлари билан таъминланди. Жойларда «Соғлом она – соғлом бола» шиори остида «Аёли қадрланган диёр», «Аёл борки олам мунаввар», «Аёл оила қўрғони ва чароғбони» каби мавзуларда маданий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ва учрашувлар ўтказилди. Иқтисодиётнинг турли тармоқларида, хусусан, ишлаб чиқариш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимида самарали фаолият юритаётган, фермерлик ва тадбиркорлик, касаначилик ва уй меҳнати билан юртимиз равнақига ҳисса қўшаётган илғор ва фаол хотин-қизлар, фахрий аёллар рағбатлантирилди. Меҳнат муҳофазаси масалалари йўналишларида 468 та корхонада тушунтириш ишлари, 315 та корхонада «Аёл оиланинг, жамиятнинг ишончи ва таянчи» мавзуида тренинг ўтказилди. Корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган хотин-қизларнинг тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаш бўйича олиб борилган мониторинг натижаларига кўра, қарийб 2,4 млн нафар хотин-қизнинг тиббий кўрикдан ўтказилганлиги аниқланди.
Тиббиёт муассасалари, перинатал ва скрининг марказларининг моддий-техника базасини ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларининг иш самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирлар доирасида касаба уюшмалари фаол иштирок этганини ҳам алоҳида эътироф этиш лозим. Масалан, Фарғона вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган ва турли ҳудудларда яшаётган 19 нафар жисмоний имконияти чекланган болаларга Қува ва Бешариқ туманларидаги она-бола тиббий сиҳатгоҳларида даволаниш учун ҳомийлик ёрдами кўрсатилди. Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан ҳудудлардаги тиббий ёрдамга муҳтож, қандли диабет касаллигига чалинган, эшитиш қобилияти туғма паст бўлган 280 нафар репродуктив ёшдаги аёллар ва 14 ёшгача бўлган болалар эшитиш аппаратлари ҳамда глюкометрлар (тест полоскаси) билан таъминланди.
Қишлоқларда қизларни спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, янги спорт объектлари қуриш, фаолият юритаётганларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, замонавий спорт ускуналари ва анжомлари билан жиҳозлаш йўналишларида ҳам самарали ишлар олиб борилди. Жумладан, республикамиздаги давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда қатор спорт мусобақалари ўтказилди. Шунингдек, Федерация кенгаши томонидан ташкил этилаётган «Соғлом оила» оилавий спорт мусобақаларининг корхона, ташкилот босқичларида 100329 та, туман босқичларида 2961 та, ҳудудий босқичда 372 та, республика босқичида 28 та оилавий жамоалар иштирок этди. «Кaсaбa-тур» веломарафонининг қуйи босқичларида 23,7 мингта корхона, ташкилот ва муассасалардан 3,2 млн.дан зиёд, ҳудудий босқичларда эса етти минг нафардан ортиқ ҳаваскор велоспортчилар қатнашди.
«Касаба уюшмалари – болаларга» акцияси доирасида республикамизнинг турли ҳудудларидаги 17 та таянч мактаб-интернатга ҳомийлик ёрдами кўрсатилди. 12 минг нафар биринчи синф ўқувчиларига тозалик ва саранжом-саришталик тартиб қоидаларини сингдириш мақсадида махсус қўлланмалар ва санитария-гигиена воситалари тўпламидан иборат совғалар берилди. Хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ички ишлар ходимлари оилалари Ватан ҳимоячилари куни, Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Мустақиллик байрамлари муносабати билан моддий-маънавий қўллаб-қувватланди.
Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, иқтидорли ўқувчилар ва эҳтиёжманд оилаларнинг 14 минг нафарга яқин фарзандлари музейлар, маданият ва истироҳат боғлари, театрларга олиб борилди. 1228 нафар болажонларнинг «Биз – Мустақиллик фарзандларимиз» шиори остида тарихий шаҳарларга саёҳатлари ташкил этилди. Ҳар бир ҳудуддан 10 нафардан, жами 140 нафар кўзи ожиз талаба ва ўқувчилар махсус мактаб анжомлари билан таъминланди. «Турон», «Умид гулшани», «Термиз марвариди», «Оқтош» санаторийларида кенг кўламдаги қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, санаторийлардаги мавжуд «Она ва бола» бўлимларида оилавий дам олиш ва болалар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилди.
Мамлакатимизда тинчлик, осойишталик ва фаровонликни янада мустаҳкамлашнинг муҳим шарти сифатида оилаларда соғлом маънавий муҳитни, хусусан, ўзаро ҳурмат-эҳтиром, эр-хотин, ота-оналар билан фарзандлар, қайнона-келин, қўни-қўшнилар ўртасида меҳр-оқибат руҳини яратиш йўналишида ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, меҳнат жамоаларида мазкур мавзуларга бағишланган «Маънавият соатлари», учрашувлар ва давра суҳбатлари ўтказилиб, уларда бой ҳаётий тажрибага эга бўлган отахон ва онахонлар, олимлар, маҳалла фаоллари, уруш ва меҳнат фахрийлари иштироки таъминланди.
Жамоа шартномалари ва келишувлари орқали иш берувчилар ва касаба уюшмалари ижтимоий шериклигида боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оилаларнинг қарийб 50 минг нафар фарзандлари ўқув анжомлари билан таъминланиб, корхоналар ходимларининг 5114 нафар фарзанди учун спорт тўгаракларига қатнаш харажатлари қопланди. Шунингдек, етти минг нафарга яқин аёлнинг ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари куни узайтирилди. Икки ёшдан уч ёшгача фарзанди бўлган 20 минг нафар аёлга моддий ёрдам кўрсатилди. Нодавлат мулк шаклидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган 8051 нафар ёш болали аёлларнинг ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақти ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланди. Республикамизнинг турли ҳудудларидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган 1000 нафарга яқин аёлнинг Хива, Тошкент, Самарқанд, Бухоро каби тарихий шаҳарларга саёҳатлари уюштирилди. Қолаверса, Олий ва ўрта махсус ўқув юртларида таҳсил олаётган 300 нафар эҳтиёжманд, иқтидорли талаба қизларга касаба уюшмаларининг стипендияси берилди. 2016 йилги Манзилли дастурга асосан Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Сурхондарё вилоятидаги «Амударё соҳили», «Бешбулоқ Сурхон-Шеробод», Хоразмдаги «Автомобилчи» оромгоҳларида кенг кўламдаги қурилиш, реконструкция ишлари амалга оширилиб, болажонларнинг етарли даражада соғломлаштирилиши учун барча шарт-шароитлар яратилди.
Ёз мавсумида 1214 та оромгоҳда 303 минг 74 нафар бола, улардан стационар оромгоҳларда 163 минг 828 нафар, кундузги оромгоҳларда 139 минг 246 нафар ўғил-қизнинг дам олишига эришилди. Шу жумладан, 4560 нафар Оролбўйи ҳудуди болалари, 500 нафар иқтидорли болалар, «Ангрен-Поп» электрлаштирилган темир йўли қурилишида иштирок этган ходимларнинг 20 нафар фарзанди, «Меҳрибонлик» уйларининг 2 минг 807 нафар тарбияланувчиси, турли соҳа ходимларининг 45 минг нафарга яқин фарзанди, республика маҳаллаларида истиқомат қилувчи эҳтиёжманд оилаларнинг 4 минг 73 нафар ўғил-қизлари давлат бюджети, касаба уюшмалари, «Маҳалла» жамоат фонди ҳамда корхона, ташкилот ва муассасалар маблағлари ҳисобидан бепул соғломлаштирилди.
Республика бўйича 242 та ихтисослаштирилган оромгоҳлар ташкил этилиб, уларга 26 минг 483 нафар, 140 та меҳнат ва дам олиш оромгоҳига 5 минг 930 нафар болажонлар ҳамда ўсмирлар жалб этилди. Барча болалар соғломлаштириш оромгоҳларида мавсум давомида «Ўзбекистон – бахтиёр болалар мамлакати», «Касаба уюшмалари – болаларга» акциялари, «Соғлом бола – юрт келажаги» шиори остида «Соғломжон-полвонжон», «Спорт – бу саломатлик», «Ёш қутқарувчилар» каби 11,5 мингдан ортиқ маънавий-маърифий, маданий ва спорт тадбирлари ўтказилди. Шунингдек, ҳудудлардаги корхона, ташкилотлар балансида бўлган маданият саройлари ҳамда туман, шаҳарлардаги маданият ва аҳоли дам олиш марказларида фаолият юритувчи болалар бадиий жамоалари иштирокчилари ўртасида «Истиқлол ғунчалари» Республика кўрик-танлови ўтказилиб, санъатга иқтидори баланд бўлган ўғил-қизлар рағбатлантирилди.
Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини, аввало, қизларни ишга жойлаштириш, ўз бизнесини йўлга қўйиш иштиёқидаги ёшларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш ва имтиёзли кредитлар ажратиш, ёш оилаларга уй-жой сотиб олиш ва қуриш учун, шунингдек, узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар харид қилиш учун кредитлар ажратиш борасида ҳам самарали ишлар амалга оширилди. Жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 1175 та корхонада 3500дан зиёд ёш оилага узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар харид қилиш, уй-жой қуришга фоизсиз cсудалар ажратилди. 21262 та корхонада ёш оилалардан қарийб 61 минг нафарига моддий ёрдам кўрсатилди. Аҳолига сервис ва пулли хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиш ҳисобига коллеж битирувчилари ва хотин-қизлар учун республика бўйича жами 4882 та янги иш ўринлари яратилди.
Хулоса ўрнида айтиш лозимки, Ўзбекистон касаба уюшмалари иқтисодиётимиз турли тармоқларида меҳнат қилаётган ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш баробарида халқимиз турмуш сифати ва даражасини оширишда муҳим омил бўлган ижтимоий йўналтирилган давлат дастурларини татбиқ этишга муносиб ҳисса қўшади.
Муҳаббат ЎРМОНБЕКОВА,
Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерацияси Кенгаши матбуот котиби