Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Бугунги кунда туризм дунё иқтисодиётида энг даромадли ва энг жадал ривожланиб бораётган соҳалардан бирига айланди. Тадқиқотлардан маълум бўлишича, туризм инфратузилмаси даромад келтириш бўйича учинчи ўринни эгаллаганидан ташқари, ушбу соҳанинг такомиллаштирилиши транспорт, савдо-сотиқ, озиқ-овқат, қурилиш, ҳунармандчилик ва бошқа кўплаб хизмат турлари ривожланишига ҳам сезиларли даражада ижобий таъсир кўрсатади. Шу жумладан, мамлакат ташқи қиёфасини замонавийлаштириш, меҳмонхона индустриясини ривожлантириш, ресторан бизнесида юқори хизматни ташкил этиш ҳамда транспорт-коммуникация тизимлари каби кўплаб тармоқларнинг ўзаро бир-бирига боғланувчи механизмлари шаклланишига хизмат қилади.
Туризм соҳасидаги глобал ўзгаришлар дунё мамлакатлари ўртасидаги масофани яқинлаштириб, уларнинг турли даражадаги ўзаро муносабатларини фаоллаштириш, имконият эшиклари кенгроқ очилишини таъминлаш бўйича энг ишончли, энг мустаҳкам тизим ролини бажармоқда. Яъни, қисқа фурсатга саёҳат қилиш ва дам олиш шарт-шароитларини яратиш билан боғлиқ бўлган ишлаб чиқариш комплексларининг иқтисодий нафлилик кўрсаткичи ортиб бормоқда. Ушбу нуқтаи-назарнинг илмий-амалий тарафига жиддий эътибор қаратадиган ва мулоҳаза қиладиган бўлсак, қуйидаги кўринишдаги манзара намоён бўлади: туристик маҳсулотлар ва хизматларнинг яратилиши ва сотилиши – энг арзон нархларда таклиф қилаётган мамлакатлар ҳудудига кўчаётганини кузатиш мумкин. Масалан, саёҳат ва дам олиш, хизмат кўрсатиш қанчалик қулай ҳамда арзон бўлса, узоқ масофа бўлишига қарамай мазкур мамлакатга ташриф буюрувчилар сони ортиб бормоқда.
Туризм ижтимоий-иқтисодий ривожланишга сезиларли даражада таъсир кўрсатиши сабабли ҳам, соҳага жалб қилинаётган инвестициялар ва капитал қўйилмалар ҳажми йилдан-йилга ортиб бораётгани кузатилмоқда. Шу билан бирга, мазкур қўйилмалар қисқа фурсатда ўзини оқлаши халқаро туристик компаниялар имкониятлари кенгайишини таъминлаётгани, иккинчидан, соҳа рақобатбардошлигини оширишда табиий ресурслардан максимал даражада фойдаланаётган тузилмалар кўпайишига ҳам сабаб бўлмоқда. Айни пайтда ижтимоий ва табиий ресурслардан самарали фойдаланаётган мамлакатлар туристик салоҳиятини кучайтиришга кўплаб ички ва ташқи инвестицияларни жалб этмоқда. Турли даражадаги хизматларни таклиф этаётган компаниялар эса, энг аввало, сайёҳлар қизиқишини, ёшини инобатга олишаётгани, ҳордиқ чиқариш вақтларини самарали ўтказишлари учун барча шарт-шароитларни талабларга монанд ташкил этаётганлари ҳам яхши самара бермоқда. Албатта, сайру саёҳат қилишдан кўзланган асосий мақсад – мароқли дам олиш, ҳордиқ чиқариб соғлиқни тиклаш, табиий ландшафт гўзаллигидан баҳраманд бўлиш, бошқа халқларнинг урф-одатлари, анъана ҳамда қадриятлари билан яқиндан танишишдан иборат.
Туризм инфратузилмаси ривожланаётган мамлакатларнинг иқтисодиёти динамик тарзда ўсаётгани, деярли барча соҳаларга у ёки бу тарзда ижобий таъсир кўрсатаётгани, чет эл валюталари кириб келишининг муҳим манбаига ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш воситасига айланаётгани кузатилмоқда.
Айни пайтда туризм ривожланишига таъсир кўрсатувчи асосий омиллар сифатида қуйидагиларни эътироф этиш мумкин:
● иқтисодий ўсиш ва ижтимоий ривожланишнинг сайёҳлик соҳасига жалб қилинаётган молиявий маблағлар билан бевосита боғлиқлиги;
● барча транспорт турлари такомиллаштирилиши туфайли йўл ҳақининг арзонлашиши;
● ривожланган мамлакатларда ёлланма ишчилар сонининг кўпайиши ҳамда хизматлар сифатининг яхшиланиб бориши;
● меҳнат қилиш жараёнининг интенсивлашуви, ишчи-хизматчиларнинг узоқ муддатли таътилга чиқишлари учун имкониятлар яратилиши;
● давлатлараро ва ҳудудларнинг ўзаро алоқалари, мамлакатлар ўртасида маданий муносабатларнинг ривожланиши;
● хизмат кўрсатиш ҳамда юк ташиш жараёнида максимал ривожланиш, телекоммуникация фаолиятининг рағбатлантирилиши;
● валютани олиб чиқишдаги чекловлар камайиши, чегарадан ўтишдаги расмиятчиликлар соддалаштирилиши.
Туризм ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатига мультипликатив таъсир кўрсатиш бўйича бошқа соҳаларга қараганда етакчи ҳисобланади.
Мамлакатимизда талаблар даражасидаги туризм хизматларини ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари яратилганлиги сабабли, туристик йўналишлар тобора кенгайиб бормоқда. Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб, халқаро туристик бозордаги интеграцияни мустаҳкамлаш, тарихий-маданий меросни бутунжаҳон ҳамжамиятига таништириш ҳамда туристларга хизмат кўрсатиш сифатини жаҳон стандартлари даражасига етказиш ишлари тизимли равишда босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Туризм устувор йўналишлардан бири экан, унинг салоҳиятини оширишга эътибор қаратиш, жадал ривожлантириш учун қулай иқтисодий ва ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш бўйича ягона давлат сиёсати юритилишига йўналтирилган яхлит концепциянинг шакллантирилиши ҳамда амалга оширилишини таъминлаш лозим.
Бежизга жаннатмакон юртимизни ҳам саёҳат, ҳам зиёрат қилиш учун қулай минтақа, дейишмайди. Буюк тарихи, шонли ўтмиши билан бутун дунё аҳлини ўзига оҳанрабодек жалб этаётган мамлакатимизнинг ижтимоий ва табиий ресурсларидан оқилона фойдаланиш туризмни ривожлантиришнинг устувор вазифаларидан бири саналади. Шу жумладан, замонавий иншоотлар қурилиши, муқаддас зиёратгоҳларни ободонлаштириш ва теварак-атрофини кўкаламзорлаштириш, транспорт ва коммуникация тизимлари фаолиятини йўлга қўйиш – республикамизда жаҳон стандартлари даражасидаги туризмни ривожлантириш имконини беради.
Гулбаҳор ЭРКАЕВА,
иқтисод фанлари номзоди;
Амина ТОИРОВА,
мустақил тадқиқотчи