Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Ўзбекистон мустақилликка эришган дастлабки йиллардан бошлаб кичик бизнесни ривожлантиришга республикамиз иқтисодий салоҳиятини юксалтирувчи муҳим соҳалардан бири сифатида алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов мустақил тараққиёт даврининг бошиданоқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш биз учун муҳим вазифа бўлиб қолиши хусусида алоҳида тўхталиб ўтганлар. Бунда иқтисодиётнинг мазкур соҳаси уч асосий масалани ҳал этишига алоҳида урғу берилган. Биринчидан, яқин 5–10 йил ичида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 50–60 фоизга яқинини ишлаб чиқариши керак. Иккинчидан, улар аҳоли бандлиги ва даромадлари ўсишининг энг муҳим манбаи бўлмоғи зарур. Учинчи масала – мулкдорлар синфини мамлакатдаги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий барқарорликни таъминлайдиган асосий куч сифатида шакллантириш зарур.
Кичик бизнес капитал тақчиллиги шароитида кўп маблағ талаб этмайдиган хўжалик фаолияти сифатида ресурслар айланмасининг юқори суръатларини таъминлайди, иқтисодиётни қайта қуриш, иқтисодий нобарқарорлик ва ресурслар чекланганлиги шароитида истеъмол бозорини шакллантириш ва уни тўлдириш муаммосини тез ҳамда тежамли тарзда ҳал этади. Кичик корхоналар истеъмол талаби ўзгаришига дарҳол мослашади ва шу йўл билан истеъмол бозоридаги зарурий мувозанатни таъминлайди. Ҳозирги пайтда ушбу соҳа нафақат иқтисодиётнинг ўсиш суръатларини жадаллаштиришда, балки мамлакатимиз учун ниҳоятда муҳим бўлган бандлик ва аҳоли даромадларини ошириш масалаларини ҳал этишда ҳам етакчи ўрин тутмоқда. Охирги йилларда республикамизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик билан шуғулланувчи корхоналар сони йил сайин ортиб бораётгани соҳанинг изчил ривожланаётганлигидан далолат беради.
Кичик бизнес соҳасининг иқтисодиётдаги аҳамияти – унинг рақобат муҳитини таъминлаш, йирик корхоналар учун маҳсулот ва хизматлар етказиб бериш, янги иш ўринларини яратиш ва иккиламчи бандликни таъминлаш, бозор тизимининг мослашувчанлигини ошириш, илмий-техникавий инқилобни жадаллаштириш, ресурсларни ишлаб чиқаришга сафарбар этиш; солиқ тушумлари ҳажмининг ўсишини таъминлаш, аҳоли даромадлари даражасини барқарорлаштириш каби омиллар билан белгиланади.
Мустақиллик йиллари давомида кичик бизнес субъектларининг мамлакатимизда янги иш ўринларини ташкил этиш, аҳолининг даромадлари ва фаровонлигини оширишнинг муҳим омили сифатидаги натижалари салмоқли бўлиб бормоқда. Айниқса, кичик бизнес ривожланиши учун алоҳида шарт-шароитлар яратилаётгани, солиқ, божхона ва бошқа тўлов имтиёзларининг белгиланиши, нисбатан арзон кредит ресурсларининг тақдим этилиши натижасида қисқа давр ичида кичик бизнес корхоналарининг сони сезиларли даражада ошиб борди. Ҳозирги пайтда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида жами саноат маҳсулотларининг учдан бир қисми, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 98 фоизи ишлаб чиқарилмоқда. Иш билан банд жами аҳолининг 77 фоиздан зиёди мазкур тармоқда меҳнат қилмоқда. Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида кичик бизнeс субъектларининг ялпи ички маҳсулoтдаги улуши 2015 йилда 56,7 фoизга етди. Ҳoлбуки, ушбу кўрсаткич мустақилликнинг дастлабки йилларида 1,5 фоизни, 2000 йилда эса 31 фoизни ташкил этган эди, холос.
Бундан ташқари, бошқа соҳаларда ҳам йилдан-йилга кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши ортиб бормоқда. Масалан, биргина саноат соҳасини оладиган бўлсак, 2000 йилда ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотларининг атиги 12,9 фоизи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган бўлса, 2015 йилга келиб бу кўрсаткич 40,6 фоизга етди. Бошқа соҳаларда ҳам шундай тенденцияни кузатиш мумкин.
Сўнгги йилларда ҳукуматимиз томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни молиявий қўллаб- қувватлаш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар натижасида мазкур соҳага тижорат банклари томонидан берилаётган кредитлар ва кўрсатилаётган микромолиявий хизматлар ҳажми йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Бунда асосий эътибор кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари бошланғич капиталини шакллантириш, уларнинг инвестиция лойиҳалари учун узоқ муддатли кредитлар ажратиш ҳажмларини кенгайтириш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес-режасини молиялаштириш, айниқса, қишлоқ жойларида иш ўринларини ташкил этишга мўлжалланган микромолиявий хизматлар ҳажмини сезиларли даражада оширишга қаратилмоқда.
Шу билан бирга, мамлакатда янада қулай тадбиркорлик муҳитини яратиш доирасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш узлуксизлигини давом эттириш мақсадида ушбу сектор иштирокчилари учун молия-кредит ресурсларидан кенг кўламда фойдаланишни таъминловчи бозор воситалари, механизмлари ва амалиёти такомиллаштириб борилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ривожланиши бўйича қуйидаги хулоса ва таклифлар бериш мақсадга мувофиқ:
● жойлардаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг самарали фаолиятига халал бераётган, тўсқинлик қилаётган ёки қилиши мумкин бўлган муаммоларни мунтазам равишда ўрганиб бориш ва ўз вақтида бартараф этиш чора-тадбирларини кўриш;
● ҳудуддаги бўш ёки самарали фойдаланилмаётган бино ва иншоотлар тўғрисидаги аниқ маълумотларнинг қисқа муддатларда олиниши ҳамда уларнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига тақдим этилиши жараёнларини самарали ташкил этиш;
● кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолияти учун янада қулай муҳит яратиш борасида ҳар бир ҳудуддаги ўзига хос хусусиятларни аниқлаш ва улардан келиб чиққан ҳолда мавжуд барча имкониятларни сафарбар этиш;
● кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш йўлидаги ҳар қандай бюрократик тўсиқларни бартараф этиш;
● ҳудуддаги кичик бизнес субъектларининг электр энергия, газ, сув ва канализация, иссиқлик таъминоти ва бошқа шу каби муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиши жараёнларига эътибор қаратиш ҳамда бу борадаги илғор тажрибаларни қўллаш;
● маҳаллаларда оилавий бизнесни ривожлантириш бўйича мавжуд имкониятлар ва уларни рўёбга чиқариш йўлларини аниқлаш, шу асосда оилавий бизнесни ташкил этишнинг намунавий шаклларини тавсия этиш ва қўллаб-қувватлаш;
● ҳудудда фаолият юритаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини фаолият йўналишлари бўйича таркибини такомиллаштириш чора-тадбирларини қўллаш, саноат соҳасида, юқори теxнологияларни талаб этадиган замонавий ишлаб чиқариш тармоқларини ташкил этишда, илғор илм-фан ютуқларига асосланган кичик бизнес ва xусусий тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантиришнинг турли йўл ва чораларини излаб топиш;
● ҳудуддаги экспортга маҳсулот чиқарувчи кичик бизнес ва xусусий тадбиркорлик субъектларига ёрдам кўрсатиш ва рағбатлантириш орқали уларнинг ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги иштирокини кенгайтириш;
● кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни ички ва ташқи бозорда рақобатлаша оладиган, сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишини изчил йўлга қўйиш;
● кичик бизнес субъектларига кредит беришда олдинги кредитларнинг қайтарилиш тўғрисидаги маълумотларини синчиклаб ўрганиш ва ўз вақтида кредитларни тўлиқ қайтарган тадбиркорлик субъектларига маълум бир имтиёзлар бериш (масалан, кредитнинг фоиз ставкасини камайтириш, кредит миқдорини ошириш, кредит тўлов муддатини узайтириш, солиқ тўловлари ставкасини камайтириш ва ҳ.к.).
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ривожлантириш миллий иқтисодиётнинг барқарор суръатларда ўсишига замин яратиб, аҳоли бандлигини таъминлаш ва унинг турмуш фаровонлиги даражасини юксалтиришда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Жўрабек УМЕДОВ,
мустақил тадқиқотчи