Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, улар учун янги бозорлар топиш ва экспортни ошириш, мавжуд салоҳиятдан унумли фойдаланиш мамлакатимизни барқарор иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим шартларидан ҳисобланади. Хусусан, чарм хомашёсини чуқур қайта ишлаш асосида жаҳон бозорига йўналтирилган тайёр маҳсулотлар ҳажми ва турларини кенгайтириш, шунинг баробарида халқимизни сифатли, пишиқ, бежирим ва арзон пойабзал ҳамда чарм-атторлик маҳсулотлари билан таъминлаш бугун ҳар қачонгидан-да долзарб аҳамият касб этаётир. Бинобарин, ҳамиша харидоргир ушбу турдаги маҳсулотларга маҳаллий ва ташқи бозордаги юқори талаб мазкур йўналишда ишлаб чиқаришни даврга мос равишда такомиллаштириб боришни тақозо қилмоқда.
Айтиш керакки, давлатимиз раҳбарининг шу йил 8 февралдаги «Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида бу борада аниқ ва самарали вазифалар белгилаб берилди. Уларнинг ҳаётга татбиқ қилиниши эса шубҳасиз, чарм-пойабзал маҳсулотларининг сифати, дизайни ва уларни сотиш тизимини янги босқичга олиб чиқади.
Таҳлилларга кўра, бугунги кунда юртимизда эркакларнинг 95 фоизи маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилаётган оёқ кийимларни киймоқда. Бироқ болалар ва аёллар учун сифатли пойабзаллар ишлаб чиқариш тенденциясида бунақа юқори кайфиятни ҳар доим ҳам кўравермаймиз. Чунки ҳали-ҳамон аҳолининг салмоқли қисми харид қиладиган кийим-кечак бозорларида четдан арзон-гаровга келтирилган, бир мавсумга етар-етмайдиган пойабзаллар савдо расталарини эгаллагани, замонавий пойабзал дўконларидаги маҳсулотларни эса ҳамма ҳам сотиб ололмаслиги кундай равшан. Кўриниб турибдики, соҳада амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар анчагина. Лекин юқорида келтирилган қарор ва у асосидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳамда ташкилий базанинг такомиллаштирилиши, янги инвестицион ғоялар, ташаббуслар ва лойиҳаларнинг амалга оширилиши чарм-пойабзал саноатининг истиқболини кафолатлайди.
Дарвоқе, мутахассислар чарм-пойабзал санотида 2017 йилдан бошлаб ўсиш динамикаси кузатилаётганини қайд этмоқдалар. Худди шу йилдан эътиборан барча ишлар соҳани ривожантиришнинг аниқ манзилли стратегияси асосида йўлга қўйилганини унутмаслик керак.
Истиқболли инвестициявий лойиҳалар – амалиётда
Чиндан ҳам рақамлар қарийб сўнгги беш йилда тайёр чарм-пойабзал, чарм-атторлик маҳсулотлари, мўйна ва қоракўл териси, маҳаллий корхоналар хомашёси асосида жундан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли даражада кўпайганини тасдиқлайди. Шу билан бирга миллий товарларимизнинг сифати, янги маҳсулот турларини ўзлаштириш кўрсаткичлари ошгани қувонарли, албатта. Мисол учун, жорий йилда мамлакатимизда 115 миллион жуфтдан ортиқ ҳажмда пойабзал ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Ваҳолангки, 2016 йилда бу рақам 10,2 миллион жуфтни ташкил қилган. Яна бир жиҳат шуки, маҳаллийлаштириш дастурлари доирасида сунъий чарм ва полиуретан ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлса, пойабзал таглиги тайёрлаш – 92 фоизга, спорт товарлари – 84 фоизга, спорт сумкалари ва чамадонлари тайёрлаш – 68 фоизга етказилди.
Иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари қаторида чарм-пойабзал саноатида ҳам табиийки, инновацион технологиялар, ишлаб чиқаришни бошқариш ва сифат менежменти, мутахассислар салоҳиятини юксалтиришда хорижий ҳамкорлар билан тенг ва ишончли алоқаларни ўрнатиш, уларнинг тажрибасини ўрганиш ва татбиқ этиш мақсадга мувофиқдир. Ҳозирга келиб Ўзбекистон бу соҳада дунёда етакчи ҳисобланган Италия, Германия, Туркия, Хитой каби давлатлар компаниялари билан ҳамкорлик қилиб келаётгани ўнлаб инвестициявий лойиҳаларнинг амалий исботини топишига замин яратмоқда. Агар 2016 йилда соҳага атиги 15,7 миллион долларлик хорижий инвестиция жалб этилган бўлса, бу кўрсаткич 2020 йилда коронавирус пандемияси бўлишига қарамай, 187,6 миллион долларга етди, жорий йилда эса 202 миллион доллардан ошиши кутиляпти.
«Made in Uzbekistan» ёрлиғи остида чарм-пойабзал ва мўйнали маҳсулотлар дунёнинг 25 дан ортиқ мамлакати бозорида ўз харидорини топиб улгурди. Яқин 3-5 йил ичида улар қаторига Европа ва Жануби-Шарқий Осиё минтақаларидаги яна 15 та янги экспорт бозори келиб қўшилади. 2021 йил охирига келиб тармоқдаги экспорт кўрсаткичи 2016 йилга нисбатан 4,1 баробарга ортади. Йил якуни билан экспорт ҳажми 420 миллион долларга тенг бўлиши кутилмоқда.
Бундай натижаларга эришишда соҳанинг давлат томонидан ҳар тарафлама қўллаб-қувватланаётгани эътирофга лойиқ.
Италия тажрибаси – қулай, самарали, ишончли
Чарм-пойабзал саноатини жадал суръатда ривожлантириш бўйича давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида ишлаб чиқилган стратегиянинг «Ўзчармсаноат» уюшмаси томонидан тизимли тарзда рўёбга чиқарилаётгани тайёр чарм-пойабзал, чарм-атторлик, мўйнали ва қоракўл териси маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистонни минтақада саноат марказига айлантиришда ҳал қилувчи ўрин тутмоқда. Айниқса, уюшманинг ушбу устувор мақсад йўлида илғор хорижий тажрибаларга диққат қаратаётгани, етакчи давлатлар корхоналари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаётгани аллақачон ўз натижасини бера бошлади.
Гап шу ҳақида кетар экан, халқаро ҳамкорлар орасида Италиянинг алоҳида ўрни борлигини таъкидламасликнинг иложи йўқ. Зотан, «Ўзчармсаноат» уюшмаси Италия корхоналари билан самарали, ўзаро манфаатли ва қулай алоқаларни ривожлантириб келаётгани айни ҳақиқат.
Ана шундай ҳамкорликдаги лойиҳа – «Orient Technology» масъулияти чекланган жамияти кластери қиймати 14 миллион доллар бўлиб, у Қорақалпоғистонда италиялик мутахассислар билан биргаликда амалга оширилмоқда. Технологик линия Италияда ишлаб чиқарилган. У мавжуд қувватларни модернизация қилиш ва техник қайта жиҳозлаш, янгиларини яратиш бўйича йирик дастур доирасида мамлакатимизга келтирилди. Кластер тўлиқ ишга туширилгач, йилига 180 млн. кв.дм тайёр чарм ва Италия технологияси асосида 500 минг жуфт пойабзал тайёрлаш имконияти пайдо бўлади ҳамда унинг 70 фоизи ташқи бозорга чиқарилади.
«Premium leather» масъулияти чекланган жамияти кластери эса Фарғона вилоятида беш босқичда ташкил қилинади. Корхонанинг йиллик қуввати 80 миллион квадрат дециметр тайёр чарм ва 400 минг жуфт турли пойабзал ишлаб чиқаришга тенг. Қиймати 12 миллион долларлик яна бир лойиҳа Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида ишга туширилиши мўлжалланган. Унинг ишлаб чиқариш қуввати 50 миллион квадрат дециметр тайёр чарм ва 300 минг жуфт пойабзалга тенг. Шунингдек, италияликлар билан бирга Сурхондарё вилояти Ангор туманида умумий қиймати 23,4 млн. долларлик «Top Quality Brand» сармоявий лойиҳа ҳам ишга туширилган. Бу ерда тайёр чарм, пойабзал, мебель ва автомобиль учун зарур тайёр чарм қопламалар ишлаб чиқарилади.
Навоий вилояти эркин иқтисодий зонасида эса «Camellia Group» МЧЖ томонидан терини қайта ишлашни ташкил этиш лойиҳаси амалиётга йўналтирилган бўлиб, «Italprogetti Spa» (Италия) компанияси билан биргаликда жами қиймати 1,9 млн. долларлик асбоб-ускуна ва дастгоҳлар ўрнатилди. Наманган вилоятида Италиянинг ўттиз йиллик тажрибага эга «Planet Industry» компанияси билан ҳамкорликда Италия компаниялари бренди остида чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи қўшма корхона тузиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Шунингдек, Тошкент вилоятида «Angren Charm Invest» МЧЖ ҳамда Италиянинг салоҳиятли компанияларидан бири – «ANTONIO COUTURE» ўртасида кенг қамровли савдо-иқтисодий алоқалар мунтазамлик касб этган.
Айтгандай, Италиянинг чарм-пойабзал саноатида дунёга машҳур бўлган «Assopellettieri» уюшмаси франчайзинг асосида чарм-пойабзал маҳсулотларини ишлаб чиқариш масаласига қизиқиш билдираётгани ҳам янада янги ва яхши ўзгаришлардан дарак беради.
Маълумот ўрнида эслатиш керакки, Италиянинг «Assopellettieri» уюшмаси 1966 йилда ташкил этилган бўлиб, унга чарм-пойабзал ва акссесуарлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган 4500 ортиқ кичик ва ўрта бизнес компаниялари аъзо саналади. Аҳамиятлиси, уларнинг барчаси дунёга машҳур брендлар ва уюшмага аъзо корхоналар томонидан ҳар йили 9 млрд. еврога тенг маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
«Assopellettieri» дунё бозорини ўрганиш ва Европа стандартларини ишлаб чиқишда ўз ўрнига эга йирик ташкилот ҳисобланади. Шу боисдан барча брендлар бу ташкилот аъзолигига ҳаракат қилади. Хомашёни ҳам айнан мазкур уюшма таклиф қилган мамлакатлардан харид қилади. Айнан шу уюшманинг Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган чарм маҳсулотларига ўз қизиқишини билдираётгани эса маҳаллий корхоналаримиз учун Европа бозорига чиқиш ва дунё брендлари билан ҳамкорликни кенгайтиришига янги имкониятлар эшигини очади.
Экспорт географияси янада кенгаяди
Агар 2016 йилда хорижий давлатларга сотилган тайёр чармнинг фақат бир фоизи иккинчи ва учинчи марта қайта ишланган чарм, қолгани яримтайёр маҳсулот ҳисобланган бўлса, жорий йилда юқори қўшилган қийматга эга чарм маҳсулотлари экспорти 420 миллион долларга тенглашиши мўлжалланяпти. Тармоқдаги экспорт кўрсаткичи бундан беш йил олдинга нисбатан 4,1 баробарга ортади. Ва бу қуруқ рақамлар эмас, балки аниқ ҳисоб-китобларга, тизимли ёндашувга таянган прогноз экани айни ҳақиқат.
Экспорт кўрсаткичларининг ортишида халқаро кўргазмаларнинг аҳамиятини алоҳида келтириш жоиз. «Made in Uzbekistan» ёрлиғи остида чарм-пойабзал, чарм-атторлик, мўйнали ва қоракўл тери маҳсулотлари, жундан тайёр маҳсулотларни экспортга йўналтириш бўйича тизимли ишлар юқори даражада ташкил этилган. Шу маънода маҳаллий корхо-наларимизнинг халқаро кўргазма ва ярмаркалардаги иштироки ҳам экспорт географиясини кенгайтириш, маҳаллий товарларимизни четга танитишда кўмаклашмоқда. Соҳада фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари Хавфсизлик ва меҳнат муҳофазаси (БиОТ), Пойабзал, сумка, аксессуарлар, чарм ва бутловчи материаллар халқаро ихтисослаштирилган кўргазмаси – «Mosshoes» (Россия), Халқаро пойабзал кўргазмаси – International Footwear Fashion Fair (AYMOD)» ва Пойабзал саноати етказиб берувчиларининг халқаро кўргазмаси – «Aysaf» (Туркия), Пойабзал ва аксессуарлар халқаро кўргазмаси – «SHOESSTAR-Азия» (Қозоғистон) каби нуфузли кўргазмаларда мунтазам равишда қатнашиб келишяпти.
Европа бозорларига эса Италиянинг «Lineapelle» кўргазмаси орқали чиқилади. Бинобарин, у 1981 йилдан буён энг муҳим халқаро кўргазмалардан ҳисобланади. Чарм маҳсулоти, аксессуарлар, компонентлар, пойабзал учун зарур синтетик материаллар ва моделлар, чарм буюмлар, кийим-кечак ҳамда мебелга бағишланган ушбу экспозиция асосан, чарм саноатига мўлжалланган. Йилига икки марта Болоньяда ўтказиладиган кўргазма марказида 12 та зал мавжуд. У ҳар сафар дунёнинг юздан ортиқ мамлакатларидан келувчи 1 300 нафар иштирокчи ва 20 минг нафар меҳмонни қабул қилади.
Иқтисодиётда шундай тармоқлар борки, уларга «тикилган» капитал албатта, даромад келтирмай қолмайди. Чарм-пойабзал саноати ана шундай тармоқлардан биридир. Чунки инсонларнинг замонавий урф ва анъаналарга ҳамоҳанг кийинишга эҳтиёжи бўлгани каби сифатли, чиройли ва мақбул нархдаги чарм буюмларга, инчунун, оёққа қолипдай тушадиган пойабзалларга интилиши ҳар доим устувор бўлиб келади.
Эндиликда бозорларимизда маҳаллий корхоналаримизда ишлаб чиқарилаётган ушбу турдаги маҳсулотларнинг таклиф этилаётгани, Ўзбекистон чарм-пойабзал товарларига хорижда ҳам қизиқиш ортаётгани соҳани ривожлантириш стратегиясининг ҳаётбахшлигидан далолат бермоқда. Бу жараёнда халқаро ҳамкорлик уфқлари тобора кенгайиб бораётгани эса кишига янада мамнуният ҳиссини улашади.
Фахриддин БОБОЕВ,
«Ўзчармсаноат» Уюшмасининг раиси