Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Навоий кон-металлургия комбинатини ривожлантириш стратегияси олтин ва уран маъданларини қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича янги қувватларни барпо этиш билан бир қаторда амалдаги кон ҳамда гидрометаллургия мажмуаларини кенгайтириш, реконструкция қилиш ва техник қайта жиҳозлаш билан боғлиқ йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга асосланган. Зотан, инвестиция ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсишини таъминлашга имкон беради.
Инвестиция дастури бўйича гидрометаллургия заводларини қуриш, қимматбаҳо металларнинг янги конларини очиш, ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва техник қайта жиҳозлаш, шунингдек, инновацион ва илм-фан, техника ютуқларининг илғор тажрибаларидан фойдаланган ҳолда жисмонан эскирган технологик ускуналарни алмаштиришга йўналтирилган лойиҳалар кўзда тутилган. Мазкур лойиҳалар доирасида сўнгги ўн йилда фойдаланишга топширилган объектларнинг умумий сони 65 тани ташкил этди.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, 2015-2017 йилларда инвестиция маблағларининг 59 фоиздан 68 фоизгача бўлган қисми корхонанинг мавжуд қувватларини модернизациялаш ва реконструкция қилишга сарф этилган. 2026 йилгача қимматбаҳо металларни ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича Дастурни амалга оширишга киришилгани боис 2018 йилдан бошлаб комбинатнинг инвестиция сиёсатини молиялаштириш йўналишларида сезиларли ўзгаришлар юз бермоқда. Инвестиция маблағларининг умумий миқдорида янги қурилиш учун ажратилган маблағлар улуши устунлик қилмоқда. Бу шуни англатадики, комбинат қимматбаҳо металларнинг янги конларини ўзлаштириш, қазиб олиш ва ишлаб чиқариш бўйича янги қувватларни барпо этишни фаол равишда бошлади.
Марказий кон бошқармасида «Мурунтов» конини ўзлаштиришнинг V навбати комбинатнинг муҳим инвестиция лойиҳаларидан биридир. Ҳозирги вақтда коннинг шимолий қисмида (ён тарафида) захираларни очиш ва ишлов бериш ишлари олиб борилмоқда. 2021 йилда «Бесапантов», «Чуқурқудуқ», «Балпантов» ва «Томдибулоқ» конларининг захиралари билан ишлаш, маъдан қазиб чиқариш ҳажмини ошириш ва 2-гидрометаллургия заводига йилига 50 млн. тоннагача маъдан етказиш режалаштирилган. Бугунги кунда «Мурунтов» конининг узунлиги 4,3 км, кенглиги 3,2 км, чуқурлиги 600 м ни ташкил этади. Конни ўзлаштиришнинг V навбати доирасида қўлланилаётган кон-геологик ва кон-техник ечимлар келажакда кон чуқурлигини 1000 метргача етказиш имконини беради. Шу билан бирга қазиб олинаётган захиралар 50 йил давомида хомашё базасини таъминлаш учун етарли бўлади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида 2021 йилда Навоий кон-металлургия комбинати томонидан 2 та янги гидрометаллургия заводини фойдаланишга топшириш режалаштирилаётганлиги таъкидлаб ўтилди.
Мазкур заводларни барпо этиш асослари давлатимиз раҳбари томонидан 2017 йилда тасдиқланган комбинатни 2026 йилгача ривожлантириш дастури билан белгилаб берилган эди. Ўтган тўрт йилда мазкур ҳужжатга мувофиқ 1,7 млрд. АҚШ доллари ўзлаштирилиб, 10 та иншоот барпо этилди. Бунинг натижасида комбинатда олтин ишлаб чиқариш ҳажми 10 фоизга, кумуш ишлаб чиқариш эса 45 фоизга ошди.
Корхона фаолиятида муҳим аҳамиятга эга бўлган истиқболли лойиҳалардан бири – бу қиймати 247,6 млн. АҚШ доллари бўлган 7-гидрометаллургия заводидир. Ўтган йилда мазкур лойиҳанинг биринчи ва иккинчи босқичи доирасида маъданни қайта ишлашга ихтисослашган тўртта тегирмон блоки муддатидан олдин ишга туширилди. Завод қурилишида қўлланилаётган асосий технологик ускуналар чет элдан сотиб олинмасдан, Навоий машинасозлик заводида ишлаб чиқарилиши эвазига 56 млн. долларга яқин маблағ тежалишига эришилди.
Ушбу заводнинг ажралиб турадиган устунлиги шундаки, бу ерда таркибида олтин кам бўлган, олдин ишланган ва захирага олинган маъданни энг мураккаб жараёнлар орқали, яъни кислотали ишқорда яна қайта ишлаб, маҳсулот олинади. Қайта ишлаш жараёнида фақат маҳаллий кимё маҳсулотлари ишлатилади, бу эса маҳсулот таннархини янада арзонлаштиради. Завод тўла қувват билан ишга туширилганидан сўнг йилига 15 млн. тонна техноген чиқиндиларни қайта ишлаш ва 7,5 тонна қўшимча олтин ишлаб чиқариш имконини беради. Бундан ташқари мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.
Фарҳод БАҲРОНОВ,
Навоий кон-металлургия комбинати Бош директори ўринбосари