Sorry, this entry is only available in O´zbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Ўзбекистонга илк бор 2000 йилда келганман. Бу юртда туғилмаган бўлсам-да, шу ерда ўсиб-улғайганман. Шу сабаб ҳам ўзимни ҳеч ҳам бегона ҳис қилмаганман. Ўзбек халқининг самимийлиги ва меҳмондўстлиги мени кучли ҳиссий ришталар билан боғлади. Ўзбекистон мен учун ҳам Ватан бўлди. Биз Туркиядан барча талабгорларни ажойиб инсонлар билан танишиш, баъзан биз унутиб қўядиган гўзал урф-одатлар ва анъаналарни бошдан кечириш учун Ўзбекистонга таклиф этамиз.
Туркиялик ишбилармонлар узоқ йиллардан бери Ўзбекистон иқтисодиётининг кўплаб тармоқларига катта сармоя киритиб келади ва бундан кейин ҳам жараён шундай давом этишига шубҳам йўқ. Туркия компаниялари Ўзбекистонда маҳсулот ишлаб чиқаришга ўз ҳиссасини қўшмоқчи. Бунинг учун улардан миннатдорман. Нега? Масалан, Туркиядаги қурилиш компаниялари мамлакат мустақиллиги эълон қилинган вақтдан бошлаб жиддий лойиҳалар устида иш бошлади. Туркия компаниялари ушбу секторга юқори малакали ва талаб этилган мутахассисларни, демак, уларнинг чуқур билим ва кўп йиллик тажрибасини жалб қилишди. Энди Ўзбекистон қурилиш компаниялари нафақат ўз Ватанида, балки Россия ва бошқа давлатларда ҳам замонавий ва, энг асосийси, юқори сифатли лойиҳаларни амалга оширишлари мумкин.
Шуни таъкидлашни истардимки, бугунги кунда маҳаллий компаниялар барча соҳа ва тармоқларда ғоят самарали иш олиб бормоқда. Ўзбек тадбиркорлари ўз она юртининг ялпи ички маҳсулотига фаол ҳисса қўшмоқда. Уларнинг кўпчилиги улкан корхона ва фабрикалар қурди. Нима учун мен бу ҳақида гапиряпман? Чунки икки давлат ўртасидаги муносабатларда самимий шерикчилик доимо биринчи даражали аҳамият касб этиб келмоқда.
Мен саноатлаштириш ва замонавий инфратузилмани ривожлантириш, халқаро стандартлар жорий этиш, махсус иқтисодий зоналарни самарали ташкил этиш борасида малака ва илғор тажрибаларини қизғанмай баҳам кўраётган барча турк тадбиркорларига чин қалбимдан миннатдорчилик билдираман. Турк ишбилармонларини Ўзбекистон билан яқиндан таништириш ва мамлакатга инвестицияларни жалб қилиш борасидаги ишларимиз бундан кейин ҳам давом этади. Ушбу масалалар юзасидан Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси Алишер Аъзамхўжаев, тижорат атташеси Азиз Салоҳиддинов, консул Отабек Тўраев ўзларининг шижоати ва аниқ бир мақсадга эришишга интилувчанлиги билан туркиялик мутахассис ва ишбилармонларни мафтун этмоқда.
Бизнинг асосий вазифамиз – Ўзбекистон раҳбарияти томонидан тақдим этилаётган қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш шарт-шароитларини Туркия бизнеси ва инвесторларга тушунтириш ҳамда тақдим этишдан иборат. Ҳаммани Ўзбекистонга таклиф қиламиз.
Фахрий консуллик лавозими ҳақиқатан ҳам мен учун ғурур манбаига айланди. Албатта, юксак ишонч ва лавозимга яраша масъулият ҳам ошди. Мен ва жамоамга ишлаш учун Анталиядаги заводда офис ажратишди. Жамоам айни дамда Туркиянинг 60 дан ортиқ шаҳар ва провинцияларидаги савдо-саноат палаталари ва саноат зоналари билан музокаралар олиб бормоқда. Туркия вакиллари сифатида биз бундай ишларнинг икки давлатнинг равнақи ва тараққиёти учун муҳимлигини яхши англаймиз ҳамда саноат ва ишлаб чиқаришнинг муносиб ўсиши учун қўлдан келган барча ишни қилмоқдамиз.
Биз ўз мавқеимизни бой бермасликка ва мазкур йўналишдаги ишларнинг ҳозирги суръатларини пасайтирмасликка астойдил ҳаракат қиламиз. Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг 2019 йилда Ўзбекистонга ташрифи, шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил февралида Анқарада қилган нутқи кўп йилларга мўлжалланган дўстона ҳамкорлик стратегияси бўлди.
Айниқса, давлатларимиз раҳбарларига турк ишбилармонлари номидан ғайратимизга ғайрат, илҳом ва шижоат бағишлаганлари учун миннатдорчилик билдираман. Етакчиларимизнинг мамлакат истиқболини аниқ кўриши ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга бўлган руҳий ва амалий қизиқишимизнинг негизи ҳамда қўлланмасидир.
Бариш ГОКЧЕ,
Ўзбекистон фахрий консули, “Demeter Sera” бошқаруви раиси