(O´zbek) Мақсадимиз – турк ишбилармонларини Ўзбекистонга жалб этиш

5/2020

Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Ўзбекистонга илк бор 2000 йилда келганман. Бу юртда туғилмаган бўлсам-да, шу ерда ўсиб-улғай­ганман. Шу сабаб ҳам ўзимни ҳеч ҳам бегона ҳис қилмаганман. Ўзбек хал­қининг самимийлиги ва меҳмон­дўстлиги мени кучли ҳиссий ришталар билан боғлади. Ўзбекистон мен учун ҳам Ватан бўлди. Биз Туркия­дан барча талабгорларни ажойиб инсонлар билан танишиш, баъзан биз унутиб қўядиган гўзал урф-одатлар ва анъаналарни бошдан кечириш учун Ўзбекистонга таклиф ­этамиз.
     Туркиялик ишбилармонлар узоқ йиллардан бери Ўзбекистон иқтисо­диётининг кўплаб тармоқларига катта сармоя киритиб келади ва бундан кейин ҳам жараён шундай давом этишига шубҳам йўқ. Туркия компаниялари Ўзбекистонда маҳсулот ишлаб чиқаришга ўз ҳиссасини қўшмоқ­чи. Бунинг учун улардан миннатдорман. Нега? Масалан, Туркиядаги қу­рилиш компаниялари мамлакат мус­тақиллиги эълон қилинган вақтдан бошлаб жиддий лойиҳалар устида иш бошлади. Туркия компаниялари ушбу секторга юқори малакали ва талаб этилган мутахассисларни, демак, уларнинг чуқур билим ва кўп йиллик тажрибасини жалб қилишди. Энди Ўзбекистон қурилиш компания­лари нафақат ўз Ватанида, балки Россия ва бошқа давлатларда ҳам замонавий ва, энг асосийси, юқори сифатли лойиҳаларни амалга оширишлари мумкин.
     Шуни таъкидлашни истардимки, бугунги кунда маҳаллий компаниялар барча соҳа ва тармоқларда ғоят самарали иш олиб бормоқда. Ўзбек тадбиркорлари ўз она юртининг ялпи ички маҳсулотига фаол ҳисса қўшмоқда. Уларнинг кўпчилиги улкан корхона ва фабрикалар қурди. Нима учун мен бу ҳақида гапиряпман? Чунки икки давлат ўртасидаги муносабатларда самимий шерикчилик дои­мо биринчи даражали аҳамият касб этиб келмоқда.
     Мен саноатлаштириш ва замонавий инфратузилмани ривожлантириш, халқаро стандартлар жорий этиш, махсус иқтисодий зоналарни самарали ташкил этиш борасида малака ва илғор тажрибаларини қиз­ғанмай баҳам кўраётган барча турк тадбиркорларига чин қалбимдан миннатдорчилик билдираман. Турк ишбилармонларини Ўзбекистон билан яқиндан таништириш ва мамлакатга инвестицияларни жалб қилиш борасидаги ишларимиз бундан ке­йин ҳам давом этади. Ушбу масалалар юзасидан Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси Алишер Аъзамхўжаев, тижорат атташеси Азиз Салоҳиддинов, консул Отабек Тўраев ўзларининг шижоати ва аниқ бир мақсадга эришишга интилувчанлиги билан туркиялик мутахассис ва ишбилармонларни мафтун этмоқда.
     Бизнинг асосий вазифамиз – Ўз­бекистон раҳбарияти томонидан тақдим этилаётган қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш шарт-шароитларини Туркия бизнеси ва инвесторларга тушунтириш ҳамда тақдим этишдан иборат. Ҳаммани Ўзбекистонга таклиф қиламиз.
     Фахрий консуллик лавозими ҳа­қиқатан ҳам мен учун ғурур манбаи­га айланди. Албатта, юксак ишонч ва лавозимга яраша масъулият ҳам ошди. Мен ва жамоамга ишлаш учун Анталиядаги заводда офис ажратишди. Жамоам айни дамда Туркиянинг 60 дан ортиқ шаҳар ва провинцияларидаги савдо-саноат палаталари ва саноат зоналари билан музокаралар олиб бормоқда. Туркия вакиллари сифатида биз бундай ишларнинг икки давлатнинг равнақи ва тарақ­қиёти учун муҳимлигини яхши англаймиз ҳамда саноат ва ишлаб чиқа­ришнинг муносиб ўсиши учун қўлдан келган барча ишни қилмоқдамиз.
     Биз ўз мавқеимизни бой бермас­ликка ва мазкур йўналишдаги ишларнинг ҳозирги суръатларини пасайтирмасликка астойдил ҳаракат қиламиз. Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг 2019 йилда Ўзбекистонга ташрифи, шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил февралида Ан­қарада қилган нутқи кўп йилларга мўлжалланган дўстона ҳамкорлик стратегияси ­бўлди.
     Айниқса, давлатларимиз раҳбар­ларига турк ишбилармонлари номидан ғайратимизга ғайрат, илҳом ва шижоат бағишлаганлари учун миннатдорчилик билдираман. Етакчиларимизнинг мамлакат истиқболини аниқ кўриши ўзаро манфаатли ҳам­корликни мустаҳкамлашга бўлган руҳий ва амалий қизиқишимизнинг негизи ҳамда қўлланмасидир.
 
 
Бариш ГОКЧЕ,
Ўзбекистон фахрий консули, “Demeter Sera” бошқаруви раиси

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • АФИША

  • Реклама

  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    Узбекистан, 100000, г. Ташкент, ул. Матбуотчилар, 32

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.